loader
Foto

Тарихда Рамазон (1-кун)

Испания фатҳининг бошланиши

Ҳижрий 91-йил Рамазон ойининг бошида (710 йил июл), юзга яқин мусулмон отлиқ ва тўрт юз пиёда Африка ноиби Мусо ибн Нусайрнинг озод қилинган қули, барбарлардан бўлган Абу Зар Тариф ибн Молик қўмондонлигида, Гибралтар бўғозидаги Кичик Яшил оролга қадам қўяди. Кейинчалик бу ер унга биринчи бўлиб оёқ қўйган атоқли Ислом саркардаси шарафига қайта номланиб, "Тариф ороли" деб номланади. Бу экспедиция буюк даврнинг бошланиши — Испанияни фатҳқилишни белгилаб берди.

Ҳарбий экспедициянинг қисқача тарихи

Ҳижрий 78-йил (милодий 697 йил) халифа Абдул-Малик ибн Марван томонидан Мусо ибн Нусайрни Ифрикия (Шимолий Африканинг бир қисми) ҳумдори этиб тайинланади. Янги ҳоким Миср ҳукмдорларидан мустақил бўлган Ифрикиянинг биринчи мустақил ҳокими бўлди. 87-90 ҳижрий (706-709) йилда бир қатор кампаниялардан сўнг Ифриқия ва Мағрибдаги бербер қабилаларининг кўпчилигини халифа ҳокимиятига бўйсундириб, забт этилган ерлардаги халифалик ҳокимиятини мустаҳкамлашга муваффақ бўлди. Бербер қабилаларига нисбатан дипломатик сиёсатига қарамай, Мусо ибн Нусайр улар орасида Исломни ёйишга фаол интилди. Унинг саъй-ҳаракатлари натижасида кўплаб берберлар Исломни қабул қилиб, мусулмон қўшинига қўшилдилар. Энг истеъдодли ва жасур берберлар мусулмон отрядларининг етакчиларига айландилар. Улар орасида икки таниқли берберлар бўлиб, улардан бутун Ислом Уммати қиёматгача фахрланади – Тариф ибн Молик ва Ториқ ибн Зиёд – Испаниянинг илк фотиҳлари. Уларнинг номлари нафақат мусулмонлар қалбида сақланиб қолган, балки географик номлар билан ҳам абадийлаштирилган (Тариф шаҳри ва ороли Тариф ибн Молик шарафига, Гибралтар бўғози эса Ториқ ибн Зиёд шарафига шундай аталади).

Муса ибн Нусайр Мағрибда зарур тайёргарликларни тугатгач, Халифа Ал-Валидга хабар юбориб, Андалус фатҳини бошлашга изн сўради. Халифадан қуйидаги мазмунда жавоб келади:

«Мамлакатни биринчи бўлиб енгил отлиқ отрядлар текшириб чиқсин! Уни ўрганиш ва унда нималар борлиги ҳақида маълумот топиш керак! Оқил бўл ва мусулмонлар ҳавф-ҳатар ва балолар уммонида адашишларига йўл қўйма!» Бунга Муса жавоб берди: «Бу уммон эмас, қирғоқларини оддий кўз билан ҳам кўриш мумкин бўлган тор бир каналдир». «Лекин шунга қарамай,  - дейди унга ал Валид, - ҳатто шундай бўлса ҳам, мамлакат аввал разведка қилиниши керак».

Шу сабабли Муса ибн Нусайр иқтидорли саркардаси Тарифни тўрт юз пиёда ва юзта отлиқ билан Андалусда мусулмонлар десант тушириши мумкин бўлган жойларни разведка қилишга юборади.

Ҳарбий экспедиция

Тариф ва унинг кичик қўшини тўртта кемага минди ва Андалусия яқинидаги Яшил Орол деб номланувчи оролга тушди. Ҳозир Тариф ороли деб ном олган бу оролда унинг қўним топгани хотирасига берберлар етакчиси кун бўйи, ҳамма одамлари унга разведка маълумотлари билан қайтиб келгунларича қолаверди. Кейин у ҳаракатни давом эттириб, материкка бир неча марта муваффақиятли ҳужум қилди. Мусулмонлар бир қанча маҳбуслар ва бой ўлжа қўлга олишга муваффақ бўлишди, шундан сўнг улар бемалол ортга қайтишди. Муса ибн Нусайр Ислом жангчиларини хавфсиз ва соғлом кўргач, қулларига берилган ғалаба учун Аллоҳга миннатдорчилик билдирди, олиб келган асирлар унга ўз ерларининг унумдорлиги ва бойлиги ҳақида сўзлаб берганида, у Испанияни фатҳ қилиш фикрида янада қатъийлашди. Шундай қилиб, у армиядаги муҳим лавозимларга ишонган озод қилинган қулини чақириб, Андалусияга қарши бошқа экспедицияга қўмондонлик қилишни тайинлади. Унинг исми Ториқ ибн Зиёд эди. Тайёргарликлар ишлари бир йил давом этиб, 92-ҳижрий йил Рамазон ойида Ториқ ибн Зиёд Испания қирғоғига етти минг аскар билан тушди. Яна бир йилдан кейин (яна Рамазон ойида!) мусулмонларнинг асосий кучлари билан Мусо ибн Нусайрнинг ўзи Андалусга кириб келди.

91-ҳижрий йили Рамазон ойининг иссиқ ёз кунида бошланган Испания фатҳининг буюк даври бошланиб кетди...