Қутайба, Бухоро вилоятидан Рамитон қавми билан сулҳ қилганидан сўнг у ердан Балх шаҳри йўлига йўл олди. Фарёбга етиб борди. Ўша пайтда Ҳажжождан мактуб келди. Мактубда шундай амр бор эдики:
— Бухорода бўлган ва Бухоро малики бўлган Сардан Жизотнинг устига юр, у билан жанг қил.
Қутайба бу амрни олгач, шундай қилди. 89-йилда Суғд аскари ва Кеш ва Нахшаб қавми билан бир даштда тўқнашиб, жанг қилди. Улар устида ғалаба қозонди. Ўша ердан йўлга чиқиб, Бухорога келди. Лекин у ерда ҳеч қандай зафар қўлга кирита олмади. У ердан орқага қайтди. Марв шаҳрига келди ва ўша йил ичида Валидад ибн Абдулмалик Холид ибн Абдуллоҳни Маккада амир қилди. Ва ўша йили Маслама ибн Абдулмалик Озарбайжон томонда туркларга қарши ғазога борди. Дарбандгача борди. Кўп қасрлар ва шаҳарларни қўлга киритди. Ва юқорида зикр этганимиздек, Ҳажжождан Қутайбага бир амрнома келган эдики, у Бухоро малики Сардан Жизотни қамраб олсин, дерди. У ҳам ўша йил у ерга бориб, у билан жанг қилди. Лекин бирор ғалаба қўлга кирита олмади.
Шундан кейин ҳижрий 90-йил кирди. Қутайба яна Бухоро устига юрди. Серден Жизот бу хабарни эшитгач, ўзининг шаҳар ва вилоятларига мактуб юборди, ёрдам сўради. Ҳар томондан унга ёрдам қўшинлари кела бошлади. Уларнинг мақсади унга ёрдам бериш эди. Лекин уларнинг аскарлари йиғилиб улгурмасдан, Қутайба Бухорога етиб келди. Серден Жизотни муҳосара қилди. Вақти келиб, турк аскарлари Серден Жизотга ёрдамга келишди. Қалъадан ташқари чиқишди. Саф тузиб, араблар билан жангга киришишди. Мусулмонлар Қутайбага:
— Бизга рухсат бер, шунда биз улар билан жанг қилайлик, дейишди.
Қутайба ҳам рухсат берди. Араблар ҳам олдинга юриб, турклар билан бир соат жанг қилдилар. Турклар ғолиб чиқиб, зафар қўлга киритишди. Араб аскарларини Қутайбанинг устига ташлашди ва Қутайбанинг синдирилишига оз қолган эди. Шундай бўлдики, араб аёллари фарёд қилдилар, юзларини тирнадилар. Ниҳоят мусулмон қўшини ғайрат кўрсатиб, қочаётганида қайта ҳужум қилди. Ва туркларни орқага суриб, яна ўз ўринларига қайтаришди. Қутайба, аскарлари ичида бақириб:
— Ғайрат қилинг! Балки бу туркларни жойларидан суғуриб ташлармиз! деди. Араб қабилаларининг ҳаммаси у ерда ҳозир эди, ҳеч бири жавоб бермади.
Шундан кейин Қутайба, Темим қабиласига келди, уларни ҳам худди шу тарзда жангга чақирди. Темим қабиласидан Вакил ибн Абу Асвад, Қутайбанинг ҳузурига келди. Бу ишда ғайрат кўрсатди. Ва Ҳусайн ибн Абу Толҳа ал-Мажаший Темим қабиласига қўмондон эди. Вакил байроқни унга топширди ва:
— Қўшинингни ол, туркларга қарши чиқ! деди. У шимолга юрди. Турклар билан араблар орасида бир дарё бор эди. Ҳусайн қўшини билан ўша дарёгача борди, у ерда тўхтади. Вакил:
— Эй Ҳусайн! Қўшинингни у ёққа ўтказ, деди.
Ҳусайн: — Дарёнинг у томонига ўтиш жуда нотўғри ҳаракатдир. Қўшин ҳалок бўлади. Мен ўта олмайман, деди. Вакил эса унга:
— Валлоҳи, сен аҳмоқ одамсан ва менга қарши ҳаракат қиласан, деб уни сўкди ва қўлидаги калтак билан унга урди. Ҳусайн ҳам отини чўчитиб, дарёнинг у томонига ўтди. Унинг қўшини ҳам сувни кесиб ўтишди. Вакил ҳам дарё устига келди. Дарҳол дарахтлар келтириб, бир кўприк қурди. Ва:
— Кимки яраланган бўлса ва ўлиш арафасида бўлса, шу кўприкдан ўтсин. Акс ҳолда тўхтасин. Жанг қилсин, деди. Ўша пайтда 70 киши пиёда ҳолда ўша кўприкдан ўтиб кетишди.
Вакил, Ҳусайнга:
— Мен бу пиёдалар билан бир томондан юрай. Сен ҳам отлилар билан бошқа томондан юр. Уларга ҳужум қилайлик, деди.
Шу тариқа Вакил ўша пиёдалар билан турклар устига ҳужум қилди. Уларга етганлар билан аралашди. Ҳусайн ҳам бошқа томондан ҳужум қилди. Жуда катта жанг бўлди. Мусулмон қўшинлари туркларни турган жойидан орқага суриб ташлашди ва кўприкдан яна бу тарафга ўтиш учун қайтишди. Қутайба уларга бақириб:
— Эй мусулмонлар, қаерга қайтмоқдасизлар?! Душманнинг пароканда бўлганини кўрмаяпсизларми? Бир соатгина сабр қилинг! деди.
Сўнг шундай амр берди:
— Кимки турклардан бир бош олиб келса, унга юз дирҳам акча бераман.
Шу тариқа араблар туркларнинг бошини олиб келиш учун уларнинг бошини кесиб келиб, 100 дирҳам акча олдилар. Туркларни пароканда қилиб юборишди. Ҳисобсиз ўлдиришди ва бе ҳисоб мол ва ғанимат олиб, яна қайтишди. Марвга келишди.
Ва шу 90-йилда Қутайба, Турк малики Тарҳун билан сулҳ қилди. Бу сулҳ шундан бўлдики, Бухоро туркларининг бошига келган аҳволни кўриб, ундан қўрқишди...
Муҳаммад ибн Сулайм ўша вақтда:
– Ё Абу Ҳаййаж! деди. Мен сага насиҳат бергай. Сенинг қабиланг жуда қийналдилар. Агар иш чўзилса, қўрқаманки, улар сени бериб қўядилар. Тиллари ишончга етади! деди. Энди сен тур, мен билан Қутайбанинг ҳузурига бор – ишларинг осон бўлсин! деди.
Найзак:
– У менга амон бермагунча мен унга бормайман! деди. Муҳаммад ибн Сулайм:
– У менинг ишончли эканимга суяниб юборган. Энди сен эса мени айбламоқдасан, деди.
Найзакнинг яранлари:
– Ибн Сулаймнинг сўзини тингла, чунки у тўғри гапиради. Ва менга маслаҳат қилмоқда, дедилар.
Шундан кейин Найзак от сўради. Ўзининг кўп одамларини ҳам ўзи билан олди. Ва қалъадан тушиб чиқди. Ибн Сулайм билан Найзак ўша дарадан чиқишди.
Лекин Ибн Сулайм ўзини ҳимоя қилишлари учун дара оғзида қолдирган отлилар, Найзак билан кетмоқчи бўлган туркларни юборишни исташмади. Улар қайтдилар.
Найзак:
– Бу илк ёмонлик, деди. Ибн Сулайм:
– Сен “шарр” деб атайдиган нарса эҳтимол бундай эмасдир. Ва эҳтимол, уларнинг қайтарилиши сен учун яхшидир, деди.
Қутайбанинг қўриқчиларига яқинлашган пайтда:
– Найзакни бир чодирга олиб киринглар, деб амр қилди. Уни бир чодирга олиб боришди. Чодир атрофига ҳандоқ қазилди ва тўрт тарафидан қўриқчилар қўйилди. Сўнгра Найзакка:
– Мол-мулкингни ва яқин кишиларингни ҳам келтир, дейишди. У ҳаммасига буюрди ва уларни келтиришди. Қутайба амр қилди. Уларга занжир солишди.
Қутайба шундан кейин Ҳажжожга мактуб ёзди. Бу хабарни етказди. 20 кундан кейин Ҳажжождан жавоб келди, унинг амри шундай эди:
– Найзакка фурсат берма. Ўлдир. Чунки у мусулмонларнинг душманидир. Ва неча бор мусулмон бўлиб, сўнг муртад бўлган.
Бу амр устига Қутайба Найзакни чақирди. Унга:
– Яқинда мен сенга ҳеч амон берганмидим? деди. У эса:
– Йўқ, аммо сенинг номингдан Сулайм ўғли Муҳаммад берган, деди. Қутайба:
– Эй Аллоҳнинг душмани, сен ёлғон гапиряпсан! деб бақирди. Ва Найзакни зиндонга ташлашни амр қилди. Қутайба сўнгра 3 кун уйидан чиқмади. Ва ҳеч кимга кўринмади. Тўртинчи куни дивонга чиқди. Ва халқ атрофига тўпланди. Уларга:
– Найзакни ўлдириш ҳақида нима дейсизлар? деди. Баъзилар:
– Амон берган экансиз, ўлдириш мумкин эмас! дейишди. Ўша пайт Дирор ибн Нуъсайн ичкарига кирди. Қутайба унга:
– Сен нима дейсан? деб сўради. У эса:
– Мен шуни айтаман, деди. Мен сендан шундай сўз эшитганман: “Мен Аллоҳ таолога ният қилганманки, агар Найзак қўлимга тушса, унга фурсат бермай ўлдираман, деганман. Агар бу сафар ҳам ўлдирмасанг, Аллоҳ таоло бу дуо устида менга ёрдам қилмас”.
Қутайба бу сўзларни эшитгач:
– Валлоҳий, агар менинг умримдан фақат учта сўз айтишга улгуришича вақт қолса, мен шундай дер эдим: “Ўлдиринглар уни! Ўлдиринглар уни! Ўлдиринглар уни!” деди.
Шунда Найзакни Қутайбанинг икки акаси ўғиллари ва у билан зиндонда бўлганлар ўлдиришди. Уларнинг сони 700 киши эди. Ва амр қилинди. Улар бошлари кесилди. Ҳажжожга юборилди.
Кейин, Қутайба яна Марвга келди. Қирқан подшоҳи Ҳурхон қочган эди. Чунки у Найзак билан иттифоқда эди. Қутайбага одам юборди. Амон сўради. Қутайба унга амон берди. Аммо Қутайба бундай шартлар қўйди:
1– Ҳурхон ўзи Қутайбанинг ҳузурига келади.
2– Унинг яқин одамлари ҳам келади, Қутайбанинг ҳузурида бўладилар.
Ҳурхон эса Қутайбадан, ўзини қайтгунича ўз ҳузурида бўлиб туриш учун одамларини гаров сифатида қолдиришни сўради. Қутайба бу шартга кўра Ҳабиб ибн Абдуллоҳ ибн Амр ал-Баҳилийни юборди. Ҳурхон эса ўз аҳлидан бир кишини юбориб, келган Ҳабибни ўзининг қалъаларидан бирида қўйди. Ўзи эса туриб Қутайбанинг ҳузурига борди. Ва сулҳ қилиб қайтди. Талқон шаҳрига келганида Керкан аҳли унга заҳар ичиришди. Ўлдиришди. Ҳабибнинг ҳам бошини кесишди. Қутайба эса жавобан ўз ҳузурида бўлган унинг яқинларини ўлдирди.
Қачонки ҳижрий 91-йил бўлди, Қутайба Шумон, Кеш ва Нахшаб ғазотига чиқди. Сабаби шундай эдики, Шумон подшоҳи Ғилшод Қутайбанинг хараж йиғувчи одамини ўз ҳудудидан ҳайдаб юборган эди. У хараж эса ҳар йили берилар эди. У эса бермади. Қутайба шу йили Авнийни Хуросондан бир тўда одам билан Ғилшоднинг ҳузурига юборди. Улар ўша харажни талаб қилардилар. Ва нималар дейишини эшитишарди, кўришарди.
Қачонки улар шаҳар дарвозасига етиб келишди. Шаҳар аҳлидан бир зот чиқиб, уларни шаҳарга киритмади. Тақиқ қилди. Аёш:
– Уларнинг ўзлари билан жанг қиламан! деди. Отни илгарилатди. Улар билан жангга кирди. Ҳаммасини пароканда қилди. Муҳаллиб деган киши яширинча Аёшнинг орқасидан келди. Уни ўлдирди.
Ривоят қилишадики, Аёшнинг баданидан 60 та жароҳат топилган эди. Ўша қабила:
– Бундай мард йигитга зиён етди, деб қайғуришди.
Бу хабарни Қутайба эшитгач, ғазаб қилди. Дарҳол у ердан кўчди. Шумон шаҳрига юриш қилди. Шумон подшоҳи қалъа ичида эди. Қутайба амр берди. Манжаниқ ўрнатилди. Қалъа тошборан қилинди. Катта жанг бўлди. Шумон подшоҳи қалъа ичида тинчимаганини кўриб, бутун молу дунёсини, жавоҳирларини ер остига кўмди ва эшикларни очиб чиқди. Бир муддат жанг қилди. Охирида ўлдирилди. Қутайба ўша қалъани қилич билан эгаллади. Шаҳарда жуда кўп ганимат топилди. У ердан чиқиб, Кеш ва Нахшабга етиб келди. Улар ҳам фатҳ қилинди. Ўзининг акаси Сиғд подшоҳи Абдурраҳмон Тарғун билан маълум мол эвазига сулҳ қилди. Кейин қайтиб, Бухорода Қутайбанинг ҳузурига келди. У ердан ҳам яна Марвга келишди. Энг охирида, сиғд аҳли йиғилишди. Тарғуннинг ҳузурига келишди:
– Сен бу хор ва зиллат ичидаги ҳаётга розимисан? Энди сен қарибсан, қўлингдан иш келмайди. Бундан кейин сен бизга муносиб эмасан! дедилар.
Тарғун ҳам:
– “Сиз бир кишини танланг”, деди. Ўша халқ эса Гурек исмли бир бизни подшоҳ қилиб танлашди. Ва Тарғунни подшоҳликдан туширишди. Тарғун:
– “Энг охири менинг ҳукмронлигим қўлимдан кетар экан, ҳеч бўлмаса ҳукмронлигим қўлимда турган пайтда ўлай”, деб, қиличнинг дастасини ерга қўйди. Қиличнинг учини кўкрагига таяниб, унинг устига ўзини ташлади. Қилич кўкрагидан кириб орқасидан чиқди. Ўша пайтда жонини топширди.
Яна шу йили Валид ибн Абдулмалик Макка валилигини Холид ибн Абдуллоҳга берди. Холид Валид вафот этгунича ўша ерда вали бўлиб қолди.
Яна шу йили Валид ибн Абдулмалик Ҳажга борди. Мадинага етгач, Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг масжидида қурилаётган бинолар қай ҳолатда эканини кўришни истади. Ҳалқ ўша пайт масжиддан ташқарига чиқишди. Уни кутиб олишди. Ҳазрати Саид ибн Мусаййаб, ки фақиҳларнинг буюк зоти эди, масжиддан ҳеч чиқмас эди. Фақат ҳожат учун чиқар эди. Унга бир неча марта:
– Амирул мўъминин келди. Салом беринг! дейишди. У эса:
– Валлоҳий, мен унинг ҳузурига бормайман! деди. Аммо унга бир оғиз ҳам сўз айтмади.
Қачонки Валид масжидга кириб, ҳар тарафда юриб айланар экан, қибла томонга қараса, у ерда Ҳазрати Саидни кўрди.
– Бу киши ким? деб сўради. Умар ибн Абдулазиз:
– “Бу ҳазрати Саид ибн Мусаййабдир. Жуда қариб қолган. Ва кўзлари ҳам ожиз бўлган. Агар амирул мўъминин келганини билса эди, келиб салом берган бўларди”, деди. Ва уни бироз мақтади. Халифа Валид:
– Демак, биз уни танидик ва унга яқинлашдик. Бориб, ўзимиз салом берайлик! деди. Ҳазрати Саид ибн Мусаййабнинг ҳузурига келди ва:
– Қандайсан, аҳволинг яхши эканми, эй шайх? деб сўради. Ҳазрати Саид ҳеч ҳаракат қилмасдан:
– “Аллоҳга ҳамд бўлсин, яхшиман”, деб жавоб берди. Валид орқага қайтди. Умар ибн Абдулазизга:
– “Одамлардан фақат шу қолган экан”, деди. Мадина аҳлига кўп мол тарқатди.
Жума куни Пайғамбарнинг минбарига чиқди, хутба ўқиди. Хутбадан сўнг минбардан тушди. Мусулмонлар билан бирга намоз ўқиди.
Қачонки ҳижрий 92-йил кирди. Маслама ибн Абдулмалик ва Умар ибн Валид Бизансга бориб ғазо қилдилар. Кофирлардан 3 қалъа олдилар.
Яна шу йилда Ториқ ибн Зиёд 12.000 киши билан Андалус ғазотига борди. Бу Андалус подшоҳини Зайнук дер эдилар. У Исфаҳон подшоҳлари авлодидан эди. Шаҳардан ташқари чиқди. Бир тахт қуришди. Ўша тахтга ўтирди. Икки тараф жанг қилди, мусулмонлар зафар топишди. Зайнукни ўлдиришди. Андалусда ҳисобсиз ганимат қўлга киритилди.
Ҳижрий 93-йил киргач, Аббос ибн Валид Рум заминида Саматияни фатҳ қилди.
Маслама ибн Абдулмалик Малатия атрофида Ҳисн ал-Ҳадид, Газзала ва Барҳамани фатҳ қилди.
Қутайба ҳам ҳижрий 93-йил ичида Хоразм подшоҳи билан сулҳ қилди.
"Тарихи Табарий" китобидан
Профессор Абу Муслим таржимаси