Куняси Абул-Қосимдир. Яминуд-Давла Аминул-Милла лақабини олган. Ғазнанинг ва унга тобе минтақаларнинг ҳукмдори эди. Аскарларига Сомонийлар дейилар эди. Чунки отаси уларга ҳукмдорлик қилган эди. Ҳижратнинг 337-санасида отаси вафот этганидан сўнг Маҳмуд Сомонийларнинг бошига ўтди. Аскарларига ва бошқа халқ табақаларига гўзал, адолатли муомалада бўлди. Исломнинг зафари учун катта саъй-ҳаракатлар қилди. Ҳиндистонда ва бошқа кўп жойларда буюк фатҳлар қилди. Шом юксалди. Юрти кенгайди. Раиятлари кўпайди. Адолати ва жиҳод қилиши сабабли ҳукмронлик муддати узайди. Табиийки, бунга Аллоҳнинг лутфи ҳам қўшилган эди. Юртининг бошқа минтақаларида Қодир Биллоҳ номидан хутба ўқилар эди. Мисрдан Фотимий элчилари унга мактублар ва ҳадялар келтирар эдиларки, уни ўз тарафдорлари қилиб олсинлар. Аммо у келтирилган мактублар ва ҳадяларни ёқиб юборди. На ўзидан олдин ва на ўзидан кейин ҳеч бир ҳукмдорга насиб бўлмаган даражада Ҳиндистонда кофир шаҳарларидан кўпчилигини фатҳ этди. Саноғи ва ўлчови бўлмаган даражада олтин, дур ва жавоҳиротларни ғанимат олди. Яна кўп миқдорда асир олди. Кўп бутларни синдирди. Бутлардаги зийнатларни ғанимат олди. Буларнинг барчаси аввалги йиллар воқеалари баён қилинганда батафсил айтиб ўтилган. У синдирган ҳиндларнинг бутларидан машҳури бор эдики, унга Сомнан дейилар эди. Бу бутнинг устида 20 000 000 динор қийматидаги олтин зийнат бор эди. Ҳиндистоннинг Сайнал деган энг катта ҳукмдорини ҳам мағлуб этган эди. Мусулмон бўлмаган туркларнинг Илик Хон деган буюк хоқонини ҳам мағлубиятга учратган, Сомонийлар ҳукмронлигини йиқитган эди. Сомонийлар Самарқанд ва унинг атрофида оламга ҳукмронлик қилганлар, сўнгра ҳалок бўлган эдилар.
Жайҳун дарёси устида бир кўприк қурдирдики, бошқа ҳукмдорлар ва халифалар буни қилишга қодир эмас эдилар. Бу кўприк қурилишига 2 000 000 динор сарфлади. Буни бошқалар қила олмаган эдилар.
Маҳмуд ибн Сабуктегиннинг қўшинида 400 та жангчи фил бор эди. Бу ҳақиқатан ҳам улкан ва даҳшатли нарсадир. У ерда узоқ давом этадиган фаолиятлар олиб борган эди. Шу билан бирга у ниҳоятда диндор, покдомон киши эди, гуноҳлардан ва гуноҳ қилувчилардан мутлақо хушламас, улар билан дўстлашмас, ҳатто овозларини ҳам эшитишни истамас эди. Унинг юртида ҳеч ким гуноҳ қилишга, ичкилик ичишга ва бошқа ёмонликларни содир этишга журъат қила олмас эди. Ўйин-кулгилардан ва бу ишлар билан шуғулланувчилардан мутлақо хушламас эди. Олимларни, муҳаддисларни яхши кўрар, уларга икром қилар, улар билан бирга ўтириб турар эди. Хайр қилувчи диндор ва солиҳ кишиларни ҳам яхши кўрар, уларга эҳсон қилар эди. Аввалига ҳанафий эди. Сўнгра Имомул-Ҳарамайн ва бошқаларнинг ривоятларига кўра Абу Бакр ал-Қаффол ас-Сағир воситасида шофиъийликка ўтган эди. Эътиқодда Каромийа мазҳабига мансуб эди. Мажлисига қатнашувчилар орасида Муҳаммад ибн Ҳайсам ҳам бор эди. Муҳаммад ибн Ҳайсам билан Абу Бакр ибн Фурак ўртасида арш масаласи юзасидан Султон Маҳмуд ҳузурида мунозаралар бўлиб ўтган эди. Буни Ибнул-Ҳайсам ўз асарида баён қилган. Бу мунозаралар натижасида Султон Маҳмуд Ибн Ҳайсамнинг фикрига тарафдор бўлган, Ибн Фуракни ёқтирмаган, сўзлари сабабли унга душман бўлган, юртдан сургун қилинишини буюрган эди. Чунки Ибн Фурак Жаҳмийанинг фикрига мувофиқ эди.
Султон Маҳмуд ибн Сабуктегин одил ва қатъиятли киши эди. Бир киши келиб унга шундай шикоят қилди: Султон Маҳмуд ибн Сабуктегиннинг синглисининг ўғли келиб унинг уйига ва оиласига доимо ҳужум қилади, уни уйдан чиқариб юборади, хотини билан ёлғиз қолади. Киши нима қилишни билмас эди. Бу ҳолатни масъуллардан кимга шикоят қилса, шикоят қилган масъул ҳукмдордан қўрққани учун ҳолатни ҳукмдорга айтишга журъат қила олмас эди.
Султон Маҳмуд ибн Сабуктегин бу масалани эшитгач, жуда ғазабланди. Кишига дедики: «Вой бўлсин сенга, аммо бундан кейин жияним сенинг уйингга келса, сен дарҳол югуриб менга кел, ҳолатни менга билдир. Аммо ёнимга келишинга тўсқинлик қиладиган масъулларга бу ҳолатни асло айтма. Жияним кечаси бўлса ҳам уйингга келса, албатта ёнимга кел ва ҳолатни менга билдир».
Сўнгра Султон Маҳмуд сарой аъёнларини чақириб, уларга: «Бу одам кечаси ёки кундузи қачон ёнимга келмоқчи бўлса, унга асло тўсқинлик қилманглар», деди. Киши ҳам султонга дуо қилиб, хурсанд ҳолда саройдан чиқиб кетди. Бир ёки икки кеча ўтмасдан султоннинг ёш жияни яна ўша кишининг уйига ҳужум қилди, кишини уйдан қувиб чиқарди. Хотини билан ёлғиз қолди. Киши йиғлаб саройга келди. Унга ҳукмдорнинг ухлаётганини айтишгач, киши: «Ҳукмдор кечаси ёки кундузи қачон ёнига келсам, у билан учрашишимга тўсқинлик қилмаслигингизни сизларга айтган эди», деганида, ҳукмдорни уйғотдилар. Ҳукмдор ўша киши билан бирга жияни турган жойга борди. Ёнига ҳеч кимни олмади. Ичкарига кирганларида жиянининг ўша кишининг хотини билан бир тўшакда ётганини кўрди. Тўшакнинг ёнида ёниб турган шам бор эди. Ҳукмдор шамъни ўчирди. Сўнгра келиб жиянининг бошини кесди ва кишига: «Юр, менга озгина сув келтир», деди. Киши сувни келтирди. Ҳукмдор ичди. Сўнгра кетмоқчи бўлди. Киши унга шундай деди:
- Аллоҳ ҳаққи айт-чи, шамъни нега ўчирдинг?
- Вой бўлсин сенга, ўлдирган одамим синглимнинг ўғлидир. Уни бўғизлаётганда шамъ ёруғида бўлса ҳам кўришни истамадим.
- Хўш, нега шошилиб сув келтиришимни сўрадинг?
- Сен бу ҳолатни менга айтганингдан бери ҳаққингни бермасдан ва сенга ёрдам бермасдан овқат емасликка ва сув ичмасликка қасам ичган эдим. Ҳолатни менга айтганингдан буён чанқаган эдим. Мана бу қилганимни кўрдинг. Ундан кейин сув сўрадим.
Киши унга дуо қилди. Султон Маҳмуд ҳам саройига қайтди. Ҳеч ким бундан хабар топмади.
Маҳмуд ибн Сабуктегин кайфият бузилиши касаллигига чалинди. Шу билан бирга икки йил давомида ич кетиши бўлди. Бу муддат давомида тўшакка чўзилмади. Бирор нарсага суянмади. Жуда кучли эди. Қолаверса, касаллиги қаттиқ ва кайфияти бузилганлиги сабабли тўшакка чўзила олмас эди. Ёнига қўйилган ёстиққа суянар эди. Шундай қилиб, ҳукмдорлик мажлисида ўтирар, одатдагидек халқ орасида ҳукм қилар эди. Ниҳоят, бу сананинг рабиъул-охир ойи тугашига етти кун қолганда, пайшанба куни олтмиш уч ёшида вафот этди. Умрининг ўттиз уч йилини ҳукмдорликда ўтказди. Кўп миқдорда бойлик қолдирди. Мероси орасида етмиш ритл (тахминан 32 кило 200 гр.) жавоҳирот бор эдики, унинг қиймати катта эди. Аллоҳ камчиликларини афв этсин ва уни мағфират қилсин. Ундан кейин ўрнига ўғли Муҳаммад ўтди, ундан кейин эса ҳокимият бошқа ўғли Масъуднинг қўлига ўтди. Масъуд отасига ўхшар эди.
Баъзи олимлар Султон Маҳмуднинг ҳаёти, ҳукмдорлиги, фатҳлари хусусида асарлар тасниф этганлар. [76]
Ибни Касир, "Ал-Бидоя ва-н-Ниҳоя" китобидан, 12-жилдидан
Профессор Абу Муслим таржимаси