loader
Foto

Тарихда Рамазон (2-кун)

Марж ас-Саффар жанги (1-қисм)

702-ҳижрий йил рамазон ойининг 2-санасида (1303 йил 20 апрель) Марж ас-Саффарда мўғулларнинг Ғазанхон қўшини ва Мир султони Носир Муҳаммад ибн Калавуннинг мамлуклар қўшини ўртасида уч кунлик жанг (Шахаб текислиги жанги деб ҳам аталади) бошланди. Бу машҳур жангда мусулмонларнинг ёрқин ғалабаси олтмиш йил давом этган мўғул қўшинларининг Шомга ҳалокатли босқинларига чек қўйди ва уларнинг Мисрни босиб олиш хавфини бартарф қилди. Аммо мусулмонларнинг энг муҳим ғалабасидан ташқари, бу жанг яна бир сабаб билан тарихга кирди. Муҳим жанг арафасида қўшин билан бирга душманга қарши чиққан атоқли ислом уламоси ибн Таймийя роҳимаҳуллоҳ ўзининг машҳур фатвосини чиқариб, унда Ислом аскарларини Рамазон рўзасини қазо қилишга фатво берди. Бироқ, ҳаммасини ҳақида бир четидан сўзлаб берамиз…

Муқаддима

1299 йил мўғул қўшинларининг Шомга 1244 йилдан бошлаб ҳар ўн йилликда такрорланган бешинчи йирик бостириб кириши рўй берди. Эслатиб ўтамизки, мўғуллар томонидан Бағдод вайрон қилингандан сўнг (1258) Аббосийлар халифалиги тугатилди, бу эса Ислом Олтин асри поёнига етганини англатарди. Халифалик пойтахтининг қулаши мусулмонларга шундай тушкун таъсир кўрсатдики, орадан икки йил ўтиб мўғуллар Ҳалаб ва Дамашқни осонгина қўлга олдилар. Фақат мусулмонларнинг Айн Жалут жангидаги ғалабаси (1260) ҳамма нарсани ўтга ва қиличга солиб, Шомга қайта-қайта бостириб кирган босқинчиларнинг ҳужумларини вақтинча тўхтата олди. Шундай қилиб, 1299-йилда Ғазанхоннинг 60 минг кишилик кучли мўғул қўшини Евфратни кесиб ўтди ва Ҳалабни қўлга олди, сўнгра арман подшоси Хетум II ва грузин князлари қўшинлари буларга келиб қўшилди. Миср султони Ғазанхон қўшинини Ҳомснинг шимоли-шарқидаги Вади Ал-Хазнадар ҳудудида учратиб, 1299 йил 22 декабрда асосий жанг бўлиб ўтди. Тахминан 25 минг кишидан иборат бўлган мусулмонлар қўшини 100 минг кишилик бирлашган мўғул-христиан қўшинидан қақшатқич мағлубиятга учради. Мусулмонларнинг йўқотишлари армиянинг деярли ярмини ташкил етди, уларнинг кўпчилиги маронит ва друзларнинг энг яхши камончилари томонидан ўлдирилди. Шундан сўнг мўғуллар ва уларнинг иттифоқчилари ҳимоясиз Дамашққа юриш қилдилар. Бундай мушкул вазиятда шайхул-ислом ибн Таймийя роҳимаҳуллоҳ Ғазанхоннинг Набақдаги (Дамашқ яқинидаги) қароргоҳида музокара олиб бориш учун олим ва зодагонлар делегациясига раҳбарлик қилди. Шаҳарнинг таслим бўлиш шартларини назарда тутиб, ибн Таймийя роҳимаҳуллоҳ энг асосийси: мусулмонлар ҳаёти дахлсизлигининг кафолатларини олишга муваффақ бўлди.

Шу йили Керман ва Фарсга Чиғатой ҳужумлари туфайли мўғул хони асосий қўшин билан Эронга қайтиб, мамлуклар Дамашқни қайта эгалладидилар. Чиғатойларни бир ёқли қииб, 1303 йилда Ғазанхон Сурияга қайтишга, ниҳоят Шомни забт етишга ва Мисрни босиб олиш учун трамплин тайёрлашга қарор қилди. Бу вазифани Қутлуғ бошчилигидаги 80 минг кишилик мўғул қўшини бажариши лозим эди. Мўғуллар ҳужумининг хабари Ҳама ва Ҳалаб аҳлига етгач, ўз ҳукмдорлари билан Шомга қочиб кетдилар. Султоннинг муовини Байбарс ал-Жашнакир қўмондонлигидаги отряд шаҳарни ҳимоя қилиш учун Мисрдан келди.

Ибн Таймийя роҳимаҳуллоҳнинг мўғулларга қарши жиҳодга даъватдаги роли

Қочқинлар билан тўлган Дамашқдаги вазият тобора кескинлашарди: шаҳар ёлғиз ўзи мўғулларга қарши тура олмасди. Дамашқда ваҳима кучайган ва аҳоли ундан қочмоқчи бўлган, бироқ уларга ўлим ва мол-мулкни мусодара қилиш таҳдиди остида шаҳарни тарк этиш қатъиян ман этилган.

Вазиятнинг оғирлигини англаган Байбарс дарҳол Мисрнинг 18 ёшли султони Носир Муҳаммад Қалавунга ёрдам сўраб хабар юборди. Ўша пайтда Ислом дунёсининг сўнгги қўрғонининг раҳбарини юришни бошлашга ишонтириш керак эди. Бу миссия учун Шом аҳли шайхулислом ибн Таймийяни танлади.

Султон саройига келиб, Шайх унга хабарни узатди. Бироқ уч йил аввалги оғир мағлубиятни эслаб Носир Муҳаммад иккиланди. Сусткашлик ўлимга ўхшар эди, шунинг учун ибн Таймия султоннинг иккиланишини пайқагач, унга ўзининг машҳур сўзларини айтди: "Агар Шомга орқа ўгирсанг, у ерга аҳолини ҳимоя қила оладиган ва тинч кунларда ҳукмронлик қила оладиган ўз султонимизни тайинлаймиз". Шайхнинг бу сўзлари Носир Муҳаммадни дарҳол юришга ундади.

Шу йил муқаддас Рамазон ойи кириб келиши жума кунига тўғри келди. Дамашқнинг барча аҳолиси таровиҳ намозини ўтказиш ва Аллоҳга ёрдам сўраб дуолар қилиш учун масжид ва унинг атрофига тўпландилар. Барча нарсани эшитгувчи Аллоҳ уларнинг дуосини ижобат қилди.

Шанба, рамазон ойинниг 2-куни мамлуклар қўшини Дамашққа етиб келди. Шаҳар аҳли қувонди, ҳукмдори эса султонни қаршилишга шошилди. Лекин улар учрашига улгурмадилар, чунки Миср ҳукуматига шаҳардан атиги 40 чақирим узоқликда бўлган мўғуллар яқинлашаётгани ҳақида шошилинч хабар келтирилади. Султон бошқа саркардалар билан биргаликда мўғуллар Дамашқ деворларигача етиб келишини кутиб ўтирмасдан, уларга қарши чиқишга қарор қилади. Сермашаққат юришдан сўнг дам олишга ҳам улгурмай, рўзадор жангчилар дарҳол яна зирҳларини кийдилар. Бу ерда муҳим бир воқеа рўй берди. Агар Ислом қўшини жанг пайтида рўза тутса, у заифлашиб қоилиши ва мўғулларнинг лашкарларига қаршилик кўрсата олмай қолишидан қўрқиб, шайхулислом фатво бериб, рўзани бузиш лозимлигини билдирган. У ўз фатвосида саҳобаларига 630-йилда Маккани мушриклардан озод қилиш ғазотида рўзаларини бузишни буюрган Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам мисолига мурожаат қилган. Мусулмон қўшини орасида ибн Таймийянинг нуфузи жуда юқори бўлиб, уларнинг барчаси Султон бошчилигида бу фатвони сўзсиз қабул қилдилар.

Жангчиларни жиҳодга руҳлантирган қорилар ва олимлар ҳамроҳлигида Султон йўлга тушди. Шу пайт Султон ёнидаги аскарлар ўртасида бўлган Аббосийлар халифаси Ал-Мустақфи би-ллоҳ хитоб қилди: "Эй, иймон учун курашувчилар! Султонга нима бўлиши мумкинлигига эътибор берманг! Хотинларингиз учун ва Пайғамбарингиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг динлари учун курашинг!" Бу ерда шуни таъкидлаш керакки, Мамлуклар билан бирга Дамашқнинг қўлида қурол ушлаб тура оладиган барча аҳолиси, жумладан, аёллар ва ўсмирлар жангга кетган. Марж ал-Саффар текислигида ҳал қилувчи жанг бўлиши керак эди. Бутун Ислом олами бу жангнинг натижасини бамисоли нафас олмай кутарди.