Антиохиянинг қулаши (1268 й.)
«Салиб юришлари қатнашчиларининг ворислари учун энг катта мусибат Антиохиянинг қулаши бўлди». Жозеф-Франсуа Мишо «Салиб юришлари тарихи»
666-ҳижрий йилнинг рамазон ойи 4-санасида (1268 йил 18 май) Миср султони Бейбарснинг қўшини Антиохияни қўлга олиб, шаҳарни 170 йиллик насронийлар хукмронлигидан озод қилди. Бу тадбирнинг аҳамияти нафақат Антиохия Шом ва Туркия ҳудудида 1-салиб юриши даврида салибчилар асос солган насроний давлатлардан иккинчисининг пойтахти эканлиги, балки Яқин Шарқдаги насронийларнинг энг муҳим (Қуддусдан кейин) диний маркази эканлигида ҳам эди. Жумладан, 1100 йилда салибчилар бу ерда 168 йил давом этган Антиохия патриархатини туздилар. "Шарқ пойтахти" деб аталган Антиохиянинг қулаши салибчилар ворисларининг мусулмон ерларидан якуний чиқариб юборилишига дебоча бўлди: 1287 йилда улар Триполини йўқотдилар, 1291 йилда эса кўп жафо тортган Акра - салибчиларнинг сўнгги Фаластиндаги таянчи қулади.
Антиохияни озод қилиш тарихи
Антиохия салибчилар томонидан 1098 йилда босиб олинганидан сўнг Боэмунд I Тарентский Антиохия князлигига асос солади. XII аср бошида князлик Византиянинг вассали эди, 119 йилдан бошлаб эса – Қуддус қироллигига вассал бўлди. Князлик таркибига замонавий Суриянинг Ўрта ер денгизи соҳили билан Евфрат дарёси оралиғида жойлашган ҳудуд кирган, XII аср бошларида унинг таркибига Киликия (замонавий Туркиянинг жанубий-шарқий қисми) ва Суриянинг шимолий-ғарбий қисми ҳам кирарди. Князликнинг асосий аҳолисини православ греклар, арманлар ва Антиохияда қўним топган, келиб чиқиши Нормандия ва жанубий Италиядан бўлган салибчилар ташкил қиларди.
Яқин Шарқда ўз мустамлакаларини йўқотишнинг олдини олиш мақсадида насронийлар мусулмонларга душман бўлган турли кучлар билан иттифоқ қилиш имкониятини қўлдан бой бермадилар. XIII асрда уларнинг қудратли иттифоқчиси - мўғуллар бор эди. Аббосийлар халифалиги билан мўғуллар ўртасида бошланган тўқнашувда Антиохия мўғуллар тарафида эди, ҳатто мўғуллар билан вассаллик иттифоқи ҳам тузган. Бундан ташқари, 1254 йил арман маликаси Сибиллага уйланиб, Антиохия шаҳзодаси Боэмунд VI арманларни ўз томонига тортди.
Бироқ Боэмунд VI ўз ҳисоб-китобларида хато қилганди. 1258 йил Бағдоднинг мўғуллар томонидан босиб олиниши ва аббосийлар халифалиги қулагандан кейин, мамлук султонлар томонидан бошқарилган Миср ислом дунёсининг таянчига айланади.
Мамлуклар ажойиб жангчилар эди ва Мисрни ташқи душмандан муваффақиятли ҳимоя қиларди. Улар мўғулларнинг Миср чегараларига чиқишига йўл қўймадилар ва Қоҳирани Ҳулагу қўшинлари томонидан қақшатилган Сурия шаҳарлари тақдиридан қутқардилар.
Бундан ташқари, айнан Миср султони Кутуз ва амир Бейбарс икки йил ўтиб, машҳур Айн Жалут (1260) жангида Хон Ҳулагу аскарларини тўхтатиб, мўғулларга биринчи мағлубиятни етказишга муваффақ бўлган. Ҳулагу мағлубияти натижасида мўғулларнинг вассали бўлган Антиохия янги сайланган Мамлуклар султони - Байбарс томонидан хавф остига қўйилди.
Султон аз-Захир Рукн ад-дин Бейбарс I ал-Бундукдарий (1260–1277) Сурия ва Мисрни бирлаштира олди. У қатъий давлат бошқарув тизимини йўлга қўйди, бир қатор истеҳкомларни қайта қурди, омборларни қурол-яроғ ва ўқ-дори билан тўлдирди, катта флот ташкил қилди, мунтазам почта алоқасини йўлга қўйди. Шундан кейин у бор кучини салибчиларга қарши қаратди. Дастлаб улардан Кесарияни (1265), сўнгра Яффани (1268) озод қилди. Бироқ унинг аоссий мақсади мўғуллар иттифоқчиси – Антиохия князлигини тор-мор қилиш эди.
Антиохиянинг қулаши
1268 йил 7 март куни Бейбарс Яффани салибчилардан тозалади, сўнгра ўн кунлик қамалдан кейин тамплиерларнин Бофор қалъасини олди. Май ойининг бошларида Миср қўшинлари Триполи атрофини вайрон қилиб, Хомсга ва ундан кейин Хамга йўл олди. Бейбарс ўзининг асл режаларини ҳаттоки мамлук қўмондоналари олдида ҳам очмасди. Хамда у салибчилар навбатдаги зарба йўналишини олдиндан топа олмаслиги учун қўшинни уч қисмга бўлди. Бир қисмини Суваййдияга, Антиохияда салибиларнинг денгизга чиқиш йўлларини ёпиш учун Оронта дарёсининг қуйилиш жойига юборди. Қўшиннинг иккинчи қисми Киликия ва Шом ўртасидаги ўтиш йўлларини ёпиш ва арманларнинг салибчиларга ёрдамга келишига йўл қўймаслик учун шимолга юборди. Асосий кучларни эса Бейбарс ўзи бошқарди ва дарҳол Антиохияга йўл олди. Шу йил Рамазон ойининг арафасида у Антиохия деворлари остида эди, 1-санадан эса қамални бошлади. Князь Боэмунд VI уларга ёрдамга келишига ишончи комил бўлган ҳимоячилар шаҳарни топширишни рад қилишди. Лекин бу пайт князь Триполида бўлиб, унинг пойтахти қамал қилинганидан бехабар эди. Бейбарснинг режаси иш берди: у ўз режалари ҳақида душманни зулматда қолдириб, уни алдашга муваффақ бўлди.
Кейинги воқеалар ҳақида Бейбрснинг ўзи энг яхши гапириб бериши мумкин. Антиохия қўлга олиниши билан Миср султони Боэмунд VI га ёзган ноёб хат ҳозиргача сақланиб қолган (қисқартмалар билан келтирилади).
Бейбарснинг Триполи графи Боэмундга мактуби (ибн Абд аз-Захир тарихий асаридан парча)
“Граф, насронийлар раҳбари, эндиликда у фақат оддий граф унвони билан қаноатланишига тўғри келади – Худо уни тўғри йўлга ҳидоят қилсин, унга яхшиликка амал қилиб, яхши маслаҳат хазинасига ишониб топширишни ўргатсин – у Триполига қарши қандай ҳаракат қилганимизни ва унинг ҳукмронлигининг қалбини вайрон қилганини аллақачон билади…
Қандай қилиб биз чекингандан кейин бирдан шаҳрингиз Антиохия олдида пайдо бўлиб қолганимизни биласан, бу пайтда сен бизни кетганимиз ҳақида ўйлашга хам журъат этолмасдинг; лекин агар биз кетган бўлсак, шубҳасиз, биз бир марта оёқ қўйган жойга қайтамиз!
Энди эса, сени тўлиқ мағлуб бўлганинг ҳақида хабардор қилиш учун рўй берган воқеалар ҳақида: биз шаббон ойининг 24-санасида сендан узоқлашдик ва муқаддас рамазон ойининг 1-санасидан Антиохияни қамал қила бошладик. Биз шаҳар олдини эгаллаб турганимизда сенинг қўшинларинг биз билан жнга куч синашиб кўриш учун ташқарига чиқди; улар бир-бирига ёрдам берса-да, ғалаба қозонолмади: асирлар орасида коннетабль ҳам бор эди (ўрта асрларда Француз қироллигида энг олий ҳарбий лавозим). У сенинг эркакларинг билан гаплашиш учун рухсат сўради, шаҳарга кирди, роҳиблар ва олий фуқаро гуруҳи билан қайтиб келди, улар биз билан гаплашди. Бироқ биз улар сенинг маслаҳатинг таъсири остида эканлигини, эзгуликда бирлашмагани, лекин ёвузликда фикрдош эканлигини, ҳалокатли режаларга касддан интилишини кўрдик. Уларнинг тақдири узил-кесил белгилангани ва Худо томонидан белгилаб қўйилган ўлимни кўриб, биз уларни қуйидаги сўзлар билан қўйиб юбордик: "Биз ҳозироқ сизни қамал қилишга киришамиз - бу биз сизга берадиган биринчи ва охирги огоҳлантириш ҳисобланади." Улар ортга қайтиб, сен ўз отлиқларинг ва пиёдаларинг билан уларга ёрдамга келишингга ишончи комил бўлгандай ҳаракат қилишди. Бироқ қисқа вақт ичида маршал умидсизликка тушиб, роҳибларни ваҳима қамраб олди, кастеллан ғам-андуҳдан хушсиз йиқилди ва уларга ҳар томондан ўлим тушди. Биз муқаддас рамазон ойининг 4-санаси, якшанба куни соат тўртда шаҳарни ҳужум қилиб олдик ва сен уни [шаҳарни] ҳимоя қилиш ва мудофаа қилиш учун танлаган кишиларни даҳшатга солдик. Уларнинг орасида айрим бойликларга эгалик қилмайдиган ҳеч ким йўқ еди: бугун орамизда улардан ва уларнинг бойликларидан бирига эгалик қилмайдиган ҳеч ким йўқ. Сен отларнинг туёқлари остида чўзилиб ётган рицарларингни, қароқчилар бостириб кирган ва талончилар томонидан вайрон қилинган уйларни; икки юз килолаб ўлчанадиган хазиналарингни; тўртталаб сотиладиган ва сенинг пулларингга бир динорга сотиб олинадиган хонимларни кўришинг керак эди!
Хочлари суғуриб ташланган черковларингни, варақалари йиртиб олинган нотўғри Инжилни, патриархларнинг кавлаб ташланган қабрларини кўрганингда эди! Ўз душманингни, ибодат жойини оёқ ости қилиб тепкилаётган мусулмонни, роҳиблар, руҳонийлар ва дьяконлар меҳробда жон берганини, патриархлар кутилмаган бебахтликдан ҳайратда қолгани ва шаҳзодалар қулликка олиб кетилганини кўрганингда эди. Саройларинг олов ичида қолганини, нариги дунё оловининг олдида ўликларинг бу дунёнинг оловида ёнганини, саройларинг қанчалик таниб бўлмас даражага келиб қолгани, авлиё Павел ва Кусьян черковлари вайрон қилинганини кўрганингда эди! Агар сен буларнинг барини ўз кўзларинг билан кўрганингда эди, «Бундай мазмундаги хабар битилган мактуб олгандан кўра хок бўлганим яхши эди» деган бўлардинг. Жонинг ғамдан озод бўлар, [ва] у ердаги ёнғинларни кўз ёшинг билан ўчирар эдинг. Агар сен барча бойликларингдан маҳру бўлган қароргоҳларингни, Сувайдияга етказилган арава ва кемаларингдан маҳрум бўлганингникўп эшкакли кемаларинг (душманларинг қўлида) сенга душман бўлиб қолганини кўрганингда эди, у ҳолда сенга Антиохияни берган Худо уни қайтариб олгани, қалъаларингни берган Раббий сендан тортиб олиб, уларни ер юзидан йўқ қилганига амин бўлардингиз. Энди эса биласанки – Худога шукур – сен олган Ислом қалъалари, Даркуш, Шакиф, Кафар, Дуббин ва Антиохия ҳудудидаги барча мол-мулкларинг сендан олинади; биз ҳамма жойда халқингизни қасрлардан тушишга мажбур қилганмиз, [ва] вазиятдан фойдаланиб, уларни ҳамма жойга тарқатиб юбордик…
Бу мактуб сен учун хушхабарга эга, сен соғломсан ва Худо сенга узоқ умр берган, чунки мана шу пайт сен Антиохияда эмас, бошқа жойда бўлдинг. Агар бунда бўлмаганида эди, ҳозир сен ҳалок бўлган, асир олинган, яраланган ёки бошқа бир муносабатга лойиқ кўрилган бўлардинг. Омон қолиш, ҳаётини сақлаб қолиш – ўлим олдида ҳар кимса унга рози бўлади. Ким билади, Аллоҳ сени Унга итоат қилишда ва хизматларингни бажаришда етишмаётган нарсаларни тўлдириш учун қолдиргандир? Тирик қолганлардан ҳеч бири сени хабардор қилиш учун келмагани боис, биз сени хабардор қиламиз ва ҳеч ким бошқа ҳамма нарсани йўқотган ҳолда ҳаётингни қутқарганинг ҳақида хушхабарни келтира олмагани боис, сен воқеа ҳақида, қандай содир бўлганлиги ҳақида аниқ маълумотга эга бўлишинг учун биз буни сенга ушбу хабар билан етказдик. Ушбу мактубдан сўнг сенга биз томонимиздан нотўғри хабар берилгани ҳақида шикоят қилиш учун ҳеч қандай сабаб бўлмайди ва бу мактуб юборилганидан сўнг, бошқа бировга [нима содир бўлгани ҳақида] айтиб беришни сўраш керак эмас."
Жавоб хатида Боэмунд сулҳ ҳақида сўрайди ва Триполи шаҳрида сулҳ тузилади, бунда Бейбарс ўз элчиси ниқобида шаҳарга кириб келади ва у ердаги мудофаа иншоотларини кўзда кечиради. Кейинроқ Дамашққа Бейбарс ҳузурига Акрадан келган элчи билан ўн йилга тинчли битими имзоланади. Тамплиерлар, Антиохиядан шимолда Антиохия шимолидаги Баграс қалъасини ҳимоя қила олмай, уни бузиб ташлашди. Шундай қилиб, Шимолий Сурия насронийлар учун абадий йўқотилди.
Абу Муслим таржимаси