Бабек таянчи – Базз қалъасининг қўлга олиниши
222-ҳижрий йил Рамазон ойининг 9-куни (837 йил 15 август) машҳур аббосий саркарда, Византияга қарши урушларнинг қаҳрамони Афшин ўз қўшини билан Базз қалъасига, хуррамийлар мазҳаби етакчиси Бабекнинг сўнгги таянчига киради. Бу муҳим воқеа маздакийлик худосиз ғояларининг тарқалишига чек қўйиш, мусулмонларнинг ўлдирилишини тўхтатиш ва бу оқимнинг иттифоқчиси бўлган Византияга зарба бериш имконини берди.
Бабек хуррамийлар томонидан тангрининг тимсоли деб тан олинган ва 816 йилда уларнинг жамоатини бошқара бошлаган пайтдан бошлаб у жиддий чоралар кўради: шартли белги бўйича Бабек тарафдорлари исёнчилар маркази бўлган Базз яқинида барча араблар ва уларнинг тарафдорларини қиличдан ўтказади. Шундан сўнг қўзғолон қўшни вилоятларга тарқалади. Тез орада бутун Озарбайжон хуррамийлар қўлига ўтади. Бу ердан қўзғолон қўшни Эрон вилоятлари – Жабил ва Хуросонга ўтади. 820-йиллар бошларида Бабек арман қўшнилари билан бирга мусулмонларга қарши иттифоқ тузади. Масалан, у Сюник ҳукмдори Васак билан иттифоқ тузиб, барча арабларни қувиб чиқаришга ёрдам берган. Бабек ҳамма жойда бир хил сценарийга амал қиларди - барча қўлга олинган истеҳкомлар бузиб ташланиб, гарнизон ва мусулмон аҳоли уларга хайрихоҳ бўлган кишилар билан бирга ваҳшийларча қирғин қилинарди. Тарихий манбаларга кўра, 20 йил давомида Бабек тарафдорлари 200 мингдан ортиқ мусулмонни қириб ташлайди. Бабекка карши кураш йўлида халифа Маъмун бешта ҳарбий юриш ташкил қилади, лекин унинг қўмондонлари мағлуб бўлади. Бабек халифанинг қўшинлари билан тўғридан-тўғри жанг килишдан қочиб, партизанча ҳаракатларни афзал кўрар эди.
Бабек энг қудрат чўққисига чиққан пайт у нафақат бутун Озарбайжонни, балки Хуросоннинг бир қисмини ҳам назорат остига олади. Унинг тарафдорлари сони 300 минг кишига етади. Мусулмонларнинг Византия билан урушга ва Мисрдаги қўзғолонга чалғиши (830-833) Бабекка ўз позицияларини мустаҳкамлаш в ички ишлар билан шуғулланишга имкон беради. Замондошларининг солномаларда ёзишича, хуррамийлар ўз вақтларини шайтоний ўйин-кулгуларда ўтказган. Масалан, Абу-Музаффар Исфараини ёзишича: «Ҳар икки жинсдаги бабекийлар йилнинг бир кечасини мусиқа ва шароб билан ҳар хил ёмон ишларни бажариш учун ўша тоғда тўпланадилар. Кейин чироқларни ўчирадилар ва уларнинг ҳар бири аёллардан бирига ўтади». Бунда зинодан ташқари хуррамийллар қадимги зардўштийлар каби яқин қариношлари билан ҳам никоҳ қуриш амалиётини кенг қўллаган.
833 йилда халифа Маъмун вафот этиб, укаси Мутасимни тахтга ворис қилиб қолдирди. Бабек исёнини кучайтириш мақсадида янги халифа Византия билан сулҳ тузишга мажбур бўлди. Хуррамийлар ҳаракатига чек қўйиш учун Мутасим қўшинни қайта ташкил қилиб, асосан турклардан иборат бўлган ёлланма қўшин тузади. Мутасимнинг Бабек устидан ғалаба қозонишида жиддий ҳаёт тарзига кўникиб қолган ажойиб турк жангчилари катта рол ўйнадилар. Мутасим атрофидаги турклар билан пойтахтни Бағдоддан Самаррага кўчирган.
Хамадон жангида Бабек қақшатқич зарба ейди ва мағлуб бўлади. Бабек қўшинининг катта қисми ҳалок бўлади, қолга қисми Византияга қочиб кетади ва у ерда насронийликни қабул қилади. Бабек ҳам қочади ва Баззга етиб бориб, янги қўшин тўплашга киришади. Бироқ Хамадон яқинидаги мағлубият Бабекнинг обрусига путур етказади – кўплаб деҳқонлар унинг «илоҳий» келиб чиқишига ишонмади ва уй-уйга тарқалади.
Ҳарбий кампанияни якунлаш учун халифа Мутасим янги қўшин тўплашини эълон қилди ва қўмондонликни энг истеъдодли саркардалардан бири Хайдар ибн Кавус ал-Афшинга топширди. У Византия билан урушда машҳур бўлган халифанинг энг ғайратли саркардаларидан бири эди. Бошиданоқ янги қўмондон Бабекнинг партизан ҳаракатига қарши тўғри тактика танлади – Базз атрофидаги сиртмоқни аста-секинлик тортиб борди.
836 йилнинг баҳорида Афшин Озарбайжонга қадам қўйди. Афшиннинг Бабек билан биринчи жанги Ардабил шаҳрига яқин жойда бўлиб ўтди. Бабек тор-мор қилинди ва қочди. Кейинги икки йил давомида Афшин Бабек билан жанг қилишни давом эттирди. У урушда қатъият кўрсатди ва Бабекни ал-Баззга сиқиб чиқаришга эришди.
Юриш қийин бўлган тоғ сўқмоқлари бўйлаб ҳаракатланар экан, Афшин Баззга олиб борадиган дарага чикди. Бабек очиқ майдонда жанг килишга журъат қилолмади. Забт этиб бўлмайдиган қалъага муваффақиятли юриш қилиш имкониятига ишончи комил бўлмаган Афшин қандай қилиб бўлса ҳам Бабекни қалъадан алдаб чиқариш умидида кутишга мажбур бўлади.
Қиш охирига келиб, Мутасим тўққиз минг турк жангчисини Афшинга ёрдам бериш учун жўнатади. Худосизлар бошлиғи Византия императори Феофилдан ёрдам сўрайди. Феофил мактубни олгач, халифаликка қарши ҳарбий ҳаракатлар бошлади, қатор шаҳарларда, жумладан Запетрада мусулмонларни қирғин қилди. Бироқ Мутасим Византия билан урушдаги вақтинчалик муваффақиятсизликларга қарамай, Озарбайжондан бирорта ҳам аскарни чакирмасдан, Афшиннинг ўзига юклатилган вазифани бажаришини талаб қилди.
Афшиннинг қўшини қалъага ҳужум бошлайади. Вақтдан ютиш мақсадида Бабек халифанинг ўзидан хавфсизлик ёзма кафолатлар талаб қилди. Мусулмон аскарларининг ҳаётини сақлаб қолишни истаган Афшин бунга рози бўлди ва халифалик пойтахтига элчилар юборди. Бабек урушга кучи қолмаганини кўргач, шаҳарини тарк етиб, 20 кишиси билан қочиб кетди. У ўз иттифоқчиси - Византия ҳудудида паноҳ топиш ниятида таниб қолмасликлари учун кийимини ўзгартириб олиб, Казаж шаҳрига етиб борди.
Бабекнинг қочганидан хабар топган Афшин 222-ҳижрий йил рамазон ойининг 9-санасида Базз қалъасига кирди ва уни бутунлай вайрон қилишга буюрди. Қалъада 20 йиллик қўзғолон даврида Бабек томонидан талон-тарож қилинган сон-саноқсиз бойликлар топилди.
Бироқ, Аллоҳга ҳамдлар бўлсинким, Бабек Константинополга етиб бора олмади. Арман шаҳзодаси Саҳл Смбатян билан Арцахда қолган Бабек амалда Афшинга топширилди: у Саҳл уюштирган ов пайтида Афшин томонидан юборилган отряд томонидан қўлга олинди. Афшин Бабек билан бирга Мутасим ҳузурига борди, у эса Бабекни тўртга бўлиб қатл қилишга буюрди. Халифаликнинг ички кучларини қорасон каби ичдан емираётган бу нотинчликка чек қўйган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин.
Бироқ, афсуски, Озарбайжонда айримлар ҳанузгача Бабекни миллий қаҳрамон – озарбайжонларнинг миллий мустақиллиги учун курашчи деб ҳисоблайди, ваҳоланки, бу худосиз на этник жиҳатдан (у форслардан бўлган), на диний жиҳатдан (зардўштий-маздакий бўлган) озарбайжонларга умуман алоқадор бўлмаган. Бир худосиз образининг Озарбайжон халқи онгига бошқа атеистлар томонидан тизимли равишда сингдирилганига ажабланмаса ҳам бўлади: Совет армияси томонидан Эрон Озарбайжони босиб олинганидан кўп ўтмай, Улуғ Ватан уруши даврида коммунистлар Бабек атрофида қаҳрамонлик ореоли шакллантиришга киришдилар.
Коммунистик тарғибот урушдан кейинги даврда ҳам миллий мустақиллик учун курашчи сифатида Бабек образидан зўр бериб фойдаланди: ўн йилликлар давомида юз минглаб мусулмонлар қотили ҳақида китоблар ёзилди, ҳакаллар қўйилди, у ҳақида кинофильмлар олинди, туман марказлари ва шаҳар кўчалари унинг номи билан аталди. Шуниси эътиборлики, Бабекнинг исломга қарши фаолияти нафақат коммунисталар орасида, балки рафидийлар томонидан ҳам эътироф этилган. Хусусан, форс тарихчиси С.Нафисий «Озарбайжон қаҳрамони - Бабек Хоррамдин» китобида Бабекни «Эрон заминининг энг буюк шахсларидан бири» ва «унинг боқийлигини таъминлаган Эрон миллий қаҳрамонларидан бири» деб атаган. Изоҳга ҳожат йўқ.
Абу Муслим таржимаси