ал-Бувейб жанги (2-қисм)
Уч карра айтилган «Аллоҳу акбар!» такбири жангга сигнал бўлиши, сўнгра тўртинчи такбир билан умумий ҳужум бошланиши керак эди. Лекин Мусанна биринчи такбирни айтиши билан ўз кучларига ишончи комил бўлган форс аскарлари ҳужумга ташланади. Мусулмонларнинг биринчи сафлари душманнинг босими остида яксон қилинди. Уларнинг аҳволларини кўрган Мусанна дарҳол раҳбарлардан бирини чақириб, аскарларга қуйидаги хабар етказишни буюрди: «Амир сизга салом йўллаб, бу кунда мусулмонларни шарманда қилмаслигингизни айтади». Улар: «Йўқ, биз сизни шарманда қилмаймиз!» деб жавоб берди. Кейин форсларнинг биринчи даҳшатли зарбасини олган, тарқалган ва сийраклашган сафлар яна ёпилди.
Жанг узоқ давом этади. Мусанна ўзининг чопқир отида мусулмонлар қаторлари орасида чопиб, уларни «Мусулмонларни шарманда қилманг! Аллоҳга ёрдам беринг ва у сизларга ёрдам беради!» сўзлари билан қувватлаб туради. Форсларнинг сон бўйича устунлиги сабабли жангни узоқ давом эттириш мусулмонлар учун фойдали эмаслигини тушуниб, Мусанна араб қабилаларининг айрим етакчиларини чақиради. Уларга бир нечта довюрак жангчиларни танлаш, форслар саркардаси Михраннинг олдига етиб бориш ва уни ўлдириш вазифасини қўйишни буюради. Тарихчиларнинг ҳикоя қилишларича, бу ишни Жарир ибн Абдуллоҳ уддалай олган (бошқа манбаларга кўра, ал-Мунзир ибн Хассан).
Бу хабарни олгач, Мусанна барча жангчиларга душманга ҳал қилувчи зарба беришни буюрди. Мусулмонмалар ўз босимини оширди ва қаттиқ ҳужум остида форслар маркази ларзага келди. Чанг тингач, унгача душман томонидан четга сурилган мусулмонларнинг қанот кучлари ўзига келиб, олдинга боради. Форс жангчилари кўприкка ташланади. Бироқ Мусанна кўприкка биринчи бўлиб етиб келади ва душманнинг қочиш йўлини кесиб қўяди. Ноиложликдан форслар ўз таъқибчиларига ташланади. Лекин Мусанна бошчилигидаги мусулмонларнинг кичик гуруҳи қаттиқ қарши ҳужумларни даф қилади. Бу жанг қатнашчиларидан бири кейинроқ ҳикоя қилишича: «Биз қуваётган душман дарёга дуч келиб тўхтаб қолди ва чекиниш учун йўл тополмасдан, ортга қайрилди ва бизга ташланди. Кимдир бизнинг саркардага байроқни ортга қаратишни айтиб қичқирди. «Менинг ишим, - дейди саркардамиз, - байроқни олға олиб бориш, ортга эмас. Шундай қилиб биз олдинга ташландик ва душманни қиличдан ўтказдик, улардан биронтаси дарёгача етиб боролмади».
Юқорида айтиб ўтилганидек, форслар жанг майдонида юз мингдан ортиқ қурбон қолдирди. Узоқ йиллар давомида уларнинг суяклари шу жойларда чириб ётди ва бўлғуси Куфа аҳолиси бир неча йиллардан кейин ҳам бу жанг изларига дуч келди. Мусулмонлар ҳам катта йўқотишларга учради. Тўрт мингга яқин киши шаҳид бўлди.
Улар орасида Мусаннанинг укаси ҳам бор эди. Уни жанг майдонидан оғир яраланган ҳолда олиб келишади. Мусанна укасига қарар экан, унинг бундай деганини эшитди: «Бану Бакрнинг байроқларини кўтаринглар, Тангри сизларни кўтаради! Мен вафотим сизни ғам-ғуссага қўймасин!» У вафот этгач, Мусанна уни қолган шаҳидлар билан дафн қилди. Дафн этилгач, Мусанна шавкатли жангчиларнинг тартибли сафлари олдида туриб деди: «Менинг ғам-ғуссам уларнинг саботли бўлгани билан юмшайди! Улар орқага бир қадам ташламадилар! Мана улар – ал-Бувейб жафокашлари, олдимизда ётибди!»
Ал-Бувейбдаги буюк ғалабадан бир неча ой ўтиб, Мусаннанинг ўзи вафот этди. У «кўприк жанги»да олган оғир жароҳатларининг асоратларидан ҳеч қачон қутулмаган. Аллоҳ уни ва Аллоҳ дини учун жонини берган барча мусулмонларни раҳматига олсин!
Абу Муслим таржимаси