Сафед қалъасининг қулаши
584-ҳижрий йил Рамазон ойининг 15-санасида (1188 йил 7 ноябрь) қадимий Сафед (Цфат) қалъаси – салибчиларнинг Қуддус қироллигидаги энг муҳим таянчи қулади. Қалъа-шаҳарни 86 йиллик босқиндан машҳур мусулмон саркарда, салибчиларга қарши кураш қаҳрамони Салоҳиддин Аюбий озод қилган. У шаҳар ҳимоячиларининг жасоратига юқори баҳо бериб, уларни Тир шаҳрига қўйиб юборади.
Салибчилар даврида Сафед муҳим стратегик рол ўйнаган: денгиз сатҳидан 900 метр баландликдан Дамашққа йўл кўриниб турарди. 1140 йил салибчилар кўлга олинган эски қалъа ўрнига яхши мустаҳкамланган янги қалъа барпо этдилар. Тамплиерлар икки деворли катта қалъа қурдилар, унинг баландлиги 28 метргача етди, ташқи деворда 7 минораси бор эди.
XIII аср ўрталарида шартномага кўра, шаҳар йигирма йилдан ортиқ муддатга яна салибчиларга ўтади. Улар яна шаҳарни қайта қуришга қарор қиладилар. Икки юз нафар тамплиер назорати остида икки мингдан ортиқ мусулмон асирлар тиклаш ишларини амалга оширди. Асир мусулмонлар шаҳарни ва қалъани қўлга киритса, Дамашқ учун катта хизмат қилиши мумкинлигини тушуниб етадилар. Улар Дамашққа ўз режалари ҳақида хабар қиладилар, лекин маҳаллий ҳукуматга салибчилар билан яхши муносабатларни сақлаш муҳимроқ эди ва келиб тушган хабар тамплиерларга етказилади. Исёнга тайёргарлик кўраётганлар қатл қилинади.
Ниҳоят, қалъа 1266 йилда салибчилардан Миср султони Бейбарс томонидан узил-кесил тозаланди. Бу салибчилар мўғуллар билан иттифоқчилик муносабатларига киришгандан кейин содир бўлди. Мусулмонлар қалъани қайта қуришиб, уни шимолдаги Литани дарёсидан жанубдаги Самарин тоғлари этакларигача чўзилган Сефадия подшолигининг пойтахти қилиб олдилар. Сефадда мусулмон ҳукмдорларининг қароргоҳи ва қўшин гарнизони жойлашганди.
Вақт ўтиши билан қалъа усмоний туркларга ўтади. 1492 йил Испания қироли ва қироличаси насронийликни қабул қилишдан бош тортган яҳудийларни мамлакатдан қувиб чиқариш ҳақида фармон имзолагач, уларнинг кўпчилиги Сефадга келади, чунки ўша пайт ҳукмронлик қилган турклар яҳудийларнинг бу шаҳарда яшашларига рухсат беради. Орадан беш йил ўтгач, сионистлар меҳмондўстлик учун «миннатдорчилик» олдилар: тарихий шаҳар-қалъа босиб олинди ва мусулмон аҳоли бутунлай қириб ташланди.
Абу Муслим таржимаси