Шомдаги ғалаба
553-ҳижрий йил Рамазон ойининг 22-санасида (1158 йил 17 октябрь) Миср отлиқ аскарлар қўшини салибчилар флотини енгиб, кўплаб франкларни асир олган ва бой ўлжаларни қўлга киритиган ҳолда Шом соҳилларига юришдан қайтиб келди. Бу қўшин Мисрнинг буюк вазири ёш султон ал-Файз Абулқосим Исо ибн Исмоил регенти бўлган Талайа ибн Руззиқнинг маблағларига қуроллантирилган эди. Бу ҳарбий юриш мусулмонлар XII асрда салибчиларга қарши амалга оширган жиҳоднинг бир қисми бўлган. Салибчилар Мисрни босиб олиш билан таҳдид солган, шу сабабли Талайа ибн Руззиқ зангийар сулоласидан Дамашқ амири, мусулмонлар ерларини озод қилиш учун муросасиз курашчи Нуриддин Маҳмуд Зангий билан иттифоқ тузишни лозим топган. Мусулмон тарихчиларининг гувоҳлик беришича, 553-ҳижрий йилнинг Рамазон ойида франклар устидан қозонилган ғалаба илҳомлантирувчи бўлиб, буюк муваффақият сифатида баҳоланган. Шуниси диққатга сазоворки, бу шиалар сулоласи (фотимийлар) суннийлар (зангийлар) билан иттифоқ тузган камдан-кам ҳолатлардан саналади. Бироқ исмоилийларнинг мотиви аниқ эди: улар суннийлардан кўра кўпроқ салибчилар таҳдид солиб турган ҳокимият тепасида сақланиб қолиш ниятида эди.
Абу Муслим таржимаси