loader
Foto

Тарихда Рамазон (29-кун)

Гвадалете жанги (2-қисм)

Ториқ ибн Зиёд бошчилигидаги мусулмонлар қўшини билан Родерих бошчилигидаги вестготлар қўшини 92-хижрий йил Рамазон ойининг 28-санасида Гвадалете дарёси бўйида учрашди. Қуйиди ҳикоя қилинадиган ҳал қилувчи жанг айнан шу ерда рўй берди.

Ториқ ибн Зиёднинг қўшинга мурожаати

Жанг арафасида, Родерихнинг 100 минг кишилик қўшини 12 минг кишидан иборат мусулмонлар қаршисида лагер бўлиб жойлашгач, Ториқ ибн Зиёд ўзининг шавкатли жангчиларини қаҳрамонликларга руҳлантириш, уларни жасоратга ундаш ва Аллоҳнинг йўлида шижоатини кучайтириш учун таъсирли нутқ билан мурожаат қилди. У буюк ва қудратли Аллоҳга ҳамду сано айтиб, унинг ёрдамига шукр қилиб, янада ёрдам бериш учун қодир Зотга мурожаат қилиб, ўз сўзини бошлади. Шунда мусулмонларнинг бош қўмондони деди (нутқ кичик қисқартмалар билан берилади):

“Қаерга яширинишингиз мумкин?! Ахир олдинда душман, ортда эса денгиз! Аллоҳ номи билан! Сиз учун жасорат ва кучдан бошқа нажот йўқ. Вазиятни баҳоланг – бу ерда сиз дунё тарк этган оролдаги етим кабисиз! Тез орада сиз бўронли денгизнинг бўронли тўлқинлари каби сизни ҳар томондан ўраб олган ва сизга қарши юборилган кучли душманни учратасиз! Уларга қарши нима қила оласиз?! Сизнинг қиличларингиздан бошқа қуролингиз йўқ, душманларингизнинг қўлидан ушлаганларингиздан бошқа захирангиз йўқ! Шунинг учун сиз дарҳол уларга ҳужум қилишингиз керак, акс ҳолда, эҳтиёжларингиз ортади, ғалаба шамоллари энди сизнинг йўналишингизда эсмайди ва душманларингизнинг қалбида ҳукмронлик қиладиган қўрқув катта жасорат билан алмаштирилиши мумкин. Қалбингиздан барча қўрқувни ҳайдаб чиқаринг, бизнинг ғалабамизга ва барбарлар қироли бизнинг қуролларимизга қарши дош бера олмаслигига ишонинг!… Сизга ўзим қўрқадиган вазифани қўяётганимни ёки бу кампаниянинг хавф-хатарларини сиздан яширишга ҳаракат қилаётганимни ўйламанг. Йўқ, сиз катта синовга дуч келасиз, лекин шуни билингки, омон қолсангиз, мўл ҳосил йиғиб оласиз!..

Биласиз, агар Унинг амрига риоя қилиб, бу оролда Унга эътиқодни ёйишга тайёр бўлсангиз, Аллоҳнинг мукофоти сизни кутмоқда. Ёдингизда бўлсин, қодир Аллоҳ бу ваъдасига биноан сизлардан энг муносибларингизни танлаб олади ва бу дунёда ҳам, келажакда ҳам уларни мукофотлайди! Ва шуни ҳам билингки, мен биринчи бўлиб ўрнак бўламан ва сизга маслаҳат берганларимни амалга ошираман, чунки икки қўшин жангда учрашиши биланоқ, Аллоҳ рухсат берса, насроний золим Родерихга ҳужум қилиб, ўз қўлим билан енгишни ният қилдим! Агар мен уни қувлаб кетаётганимни кўрсангиз, менга эргашинг! Уни ўлдирсам, ғалаба бизники бўлади! Агар мен унга етгунимча ҳалок бўлсам, мендан хавотир олманг, балки худди мен тирикдай ва орангизда бўлганимдай жанг қилинг! Менинг режамга риоя қилинг, чунки варварлар қиролининг ҳалок бўлганини кўрсалар, улар, албатта, тарқалиб кетади. Хўш, агар мен уларнинг қиролини ўлдирганимдан кейин ўлдирилсам, орангизда жасорат ва тажрибага эга бўлган одамни танланг, у сизни бошқарсин ва сизни муваффақиятга олиб келсин! Маслаҳатимга амал қилсангиз, албатта, ғалаба қозонамиз!”

Ториқ гапирар экан, уни астойдил тинглаётган жангчиларининг жасур юзларига тикилиб қарарди. Сўзларини тугатгач, жангчиларнинг юзлари ёришиб, унга якдиллик билан жавоб бердилар: "Биз сенга эргашишга тайёрмиз, эй Ториқ! Ҳаммамиз бир бўлиб, ортингда туриб жанг қиламиз! Ғалаба ёки ўлим!”

Жангдан бир кеча олдин мусулмонлар бедор ўтказишди: суворийлар кутилмаганда ҳужумдан қўрқиб душманни доимо кузатиб туришди. Тонг отиши билан мусулмонлар жамоа намозини адо этиб, жангга тайёрландилар.

Гвадалете жанги

Пиёдалар ва отлиқлар сафга туриши биланоқ жанг учун сигнал янгради. Икки қўшин бир-бирига қараб юра бошлади. Насронийлар бошдан оёқ байроқлар билан безалган ялтироқ пўлат билан қопланган эди. Мусулмонлар эса уларнинг кўксини ҳимоя қиладиган совут ва бошларига оқ салла кийиб олганди. Улар елкасига араб камонларини илиб олган, камарида қилич, қўлларида узун найзаларни маҳкам ушланган эди. Родерих икки хачир орасидаги соябонда ўтирарди, соябони марварид, ёқут ва зумрадлар билан бой безатилганди.

У биринчи сафда келаётган мусулмон жангчиларини кўргач, уни ваҳима босади ва «Тангрим! Ахир бу мен Толедо қўрғонида топган номали қутичада тасвирланган одамлар-ку!» деган овози эшитилади. Гап шундаки, у тахтга ўтиргач, Родерих Толедо саройининг деворли хоналаридан бирида кўп асрлар давомида сақланган мармар қутичани очишга буйруқ берган. Қутича очилганда у тасвирларни ва пергамент ўрамини кўрди. Суратларда араб арғумоқларида чопиб кетаётган бир неча араб қиёфасидаги отлиқлар тасвирланган бўлиб, ён томонида қилич осилган ва ўнг қўлида найза ушлаб олган эди. Пергаментни очар екан, Родерих қуйидаги ёзувни кўрди: "Бу бошпана бузилиб, қутича очилгач, бу ерда тасвирланган халқ Андалусияни босиб олади, қиролларни тахтдан ағдаради ва бутун мамлакатни бўйсундиради".

Бироқ Родерих учун чекинадиган жой йўқ эди ва жанг қилишга қарор қилди. Икки қўшин шиддатли жангда учрашдилар. Қирол жойлашган насронийларнинг маркази энг узоқ чидам берди. Ториқ Родерихнинг аъёнлар орасида ўтирганини кўргач, ҳамроҳларига: "Бу насронийларнинг қироли-ку!" деди ва ўз одамлари билан ҳужумга ташланди. Родерих атрофидаги насроний жангчилар тарқоқ эди. Буни кўрган Ториқ қиролга етгунча душман сафини ёриб ўтди. Аввал унинг бошини яралаб, сўнг шундоқ тахтнинг ўзида чопиб ташлади. Родерихнинг атрофидагилар қиролнинг ўлганини ва унинг тансоқчилари сочилиб ётганини кўргач, ваҳимага тушишди ва бутун қўшинга ваҳима тарқалди. Насронийлар жанг майдонидан қочиб, мусулмонлар тарқалган отрядларни таъқиб қила бошладилар. Ҳалок бўлган вестготлар шу қадар кўп эдики, жангдан кейин узоқ вақт давомида уларнинг суяклари жанг майдонини қоплаб ётган.

Қиролнинг мағлуб бўлганидан хабар топгач, мусулмонлар йўл олган шаҳар ва қалъалар аҳолиси дарвозаларни очиб, қаршиликсиз таслим бўла бошладилар. Испаниянинг Иберо-Рим аҳолиси вестгот-германларининг уч асрлик зулмидан қутилганидан хурсанд эди. Мусулмонларнинг юксак маънавияти, бенуқсон ахлоқий фазилатлари ва тақводорлигини кўриб, уларнинг кўпчилиги исломга кирдилар. Испания тарихида қоронғи Европа Ўрта асрларини ўз нури билан ёритган олтин давр бошланди.

Абу Муслим таржимаси