loader
Foto

БИР ДАРЁНИНГ ИРМОҚЛАРИ

Ҳофиз Таниш Бухорийнинг “Абдулланома” (“Шарафномаи шоҳий”) асари Марказий Осиё халқларининг ўн олтинчи асрдаги ижтимои-иқтисодий ҳаётини ўрганишда катта ўрин тутади ва далилларга бойлиги, тарихий воқеаларни атрофлича ёритиши билан бошқа тарихий асарлардан тубдан фарқланади. Шайбонийхон вафотидан сўнг парчаланиб кетган Мовароуннаҳрни қайта бирлаштиришда катта ишлар қилган Абдуллахоннинг қирқ йиллик ҳукмронлигига, ўша пайтдаги уруш-низоларга бағишланган бу шоҳ асар ҳанузгача Шарқу Ғарб олимлари эътиборини жалб қилиб келяпти. Қуйида мазкур асардан айрим ўзбек уруғлари тарихи ҳақида қимматли маълумотлар берилган бир парча эътиборингизга ҳавола этилмоқда.

Қорахоннинг Ўғизхоннинг мусулмон эканидан хабар топгани ва улар ўртасида содир бўлган низолар Ўғиз шикор сайрига кетгач, Қорахон бир мажлис тузди. (Бу мажлисда) Ўғиз ҳали муносабатда бўлмаган иккала келинини бир ерга тўплаб, уларнинг кўнгилларини беҳад кўтариб, уларга ҳисобсиз карамлар кўрсатди. Суҳбат вақтида улардан сўрадики: “Не сабабдан Ўғиз сизлардан четлашиб, Ўзхоннинг қизи билан бирга бўлди, ҳолбуки, унинг ҳусни сизларнинг офтоб жамолингизнинг (фақат) бир шуъласича, ҳуснингиз хирманининг бир арпасича ҳам эмас-ку. Агар бу воқеа борасида сизларда бирор гап бўлса, сўзланглар”. Келинлар  сўзлашга мажол топиб, хотирлари(нинг) садоғида бўлган гапларни чиқариб дедиларки: “Ўғиз илгариги дин(имиз)ни қўлдан бериб, янгидан бир дин чиқарди. Шу (дин)ни ўтган оталаримиздан эшитган эмасмиз. (У) бизларни ўз динига (ўтишга) ҳар қанча ундаса ҳам, унинг амру фармонига бўйсунмадик; ота-боболаримиз динидан бошқа динга майл қилмадик”.

“Албатта бизлар  ота-боболаримизни бир миллат-дин устида топганмиз ва албатта бизлар уларнинг изларидан борамиз” (Зухруф, 23).

Бу сўзни эшитиши билан Қорахоннинг жаҳли қўзғаб, жони ҳалқумига келди. Тамом ҳаяжонга келиб, зўр даҳшат билан боргоҳининг яқинлари ва мудаббирларига дедики: “Ўғиз болалигида умид боғининг гули ва абадий давлат базмининг шамъи бўлиб қолиши кўринар эди. Ҳозирда ҳақиқатан (ҳам) ўт ёқиб, жаҳонни ёндирувчи оташ бўлибди. Энди (унинг) савдойи бошини танасидан жудо қилинмаса, мамлакатга бундан (ҳам) кўп ташвишлар келади. Агар унинг умид қўли умр этагидан калта қилинмаса, мурод ипи ихтиёр қўлидан чиғиб кетади. Қўрқаманки, агар бу балони  даф қилишда ва бу можарони йўқотишда озгина бепарволик  содир бўлса, (тез орада) чумоли илонга, илон (эса) одамни дамига тортувчи аждаҳога айланади”.

Келинлар (ҳам) шамол қўзғатувчи сўзлар ва оташомиз ҳикоялар айтдиларки, (Қорахон) дар-ҳол офтоб зарраларидан (ҳам) ортиқ, булут ёмғирлари қатраларидан (ҳам) кўп лашкар тўплади. Ҳаётдек фитна қўзҚатувчи, ўқ ва шамширдек қон тўкувчи сипоҳлари билан (ўғлига қарши) урушга отланди.

Ўғизхоннинг қизи бу воқеани эшитгандан ке-йин, оташ нишон, шамолдек елувчи хабарчи юбориб, Ўғизни бу ҳол ва кайфиятдан, қўрқинчли мушкул ишдан огоҳ қилди. У (Ўғиз) ҳам кўп сонли қўшин тўплаб, (уруш) асбобларини ҳозирлади.

Икки тарафнинг лашкари бир-бирининг муқобилига келганидан сўнг дастлаб Ўғизхоннинг аскарлари кофирлар билан урушиш ва мушрикларнинг илдизидан қўпориш учун олов сочувчи тиғларини қинидан чиқариб, фитна нишон найзаларининг учини отларининг қулоқларига тўғрилаб, уруш майдонида осмондаги юлдузлар сингари саф тортдилар.

Қорахон ҳам (ҳатто) мунажжимлар аҳли (унинг) ҳисобини шарҳ қилишдан ожиз бўлган саноқсиз лашкар ва ҳеч (бир) доно ва ҳисобчининг ақл ва фикри тасарруфига сиғмайдиган миқдорда кўп суворийлар ва хизматкорлар тўплади. Уларнинг ҳаммаси ханжар ва найза билан эмишган, от ва эгар билан туғишган эдилар (ва) уруш майдонида нарднинг доналаридек саф безаган эдилар. (Шундай қилиб) ўша бўкирувчи икки арслон ва икки йиртқич қоплон шикоргоҳда бир-бири билан тўқнашдилар ва ов жангини урушга айлантирдилар. Овдаги ҳайвонларнинг фарёди ноғора(нинг) ғулғуласи, қушларнинг чуғурлашлари тасбеҳ ҳамда такбирга айланди. Шамшир хавфидан шер юзини ўз ўрмонига  ўгирадиган, тез учадиган ўқнинг қўрқинчидан бургут ҳаво авжидан пар ташлайдиган чоғда Ўғизхон давлат ёрдамчиларидан бир нечаси билан кофирларнинг сафига от қўйиб, ер юзидан чангни осмон қуббасига етказиб, қуёш булоғини чанг билан тўлдирди.

Ислом лашкари ва кофир(лар)нинг гуруҳлари уруш майдонини марказ қилиб, ўраб олдилар; мусулмон  ва кофирлар(нинг) тўдалари дарё тўлқинлари сингари бир-бирининг устига чиғиб кетдилар.

Жанг олови (ниҳоятда) кучайган бир пайтда Қорахоннинг вужуд хирмани куйиб кетди; ялтироқ тиғ оташидан унинг умид офтобини хароб қилувчи булут қоплади. Кимки саркашлик қиличини қинидан чиқарса, ўша қиличи билан ўлдирилади. Нима (ёмонлик)ни ўйласанг, ўшанга ўзинг гирифтор бўласан. (Қорахон ҳам) ўз бошига ўзи етди. Нифоқ тухмини эккан эди. Умидсизлик ҳосилини (йиғиб) олди. “Агар чиройли амаллар қилсангизлар, ўзларингизга яхшилик қилган бўлурсизлар. Агар ёмон — гуноҳ амаллар қилсангизлар ҳам, ўзларингиз учундир” (Ал-Исро, 7).

Қорахон(нинг) лашкари, юлдузлар офтобдан қочганидек, бахтиёр Ўғиздан қочдилар ва шабнам сингари ўзларидан тўкилдилар. Ўғизнинг кўпчилик қавмлари ва амакиваччалари у билан иттифоқ бўлиб, давлатининг зоҳир бўлишига ишонганликларидан, қарийб етмиш беш йил давомида уларнинг ўртасида бўлган уруш-талаш, қирғин ва қон тўкиш тамом бўлди. Оғибатда ҳаёт Ўғизга насиб бўлиб, (уруш) унинг фойдасига ҳал бўлди. Уруш-талаш бўлган ердан то Бухорога қадар (мамлакатлар) унинг фармонига  ўтиб, жаҳон майдони отига жавлонгоҳ бўлиб қолди.

Ўғиз билан ёвлашган ва ёрдам бериш одатидан узоқ бўлган бошқа авом ва қавмлар (Ўғизхон давлатининг) шарқ томонида жойлашдилар. Турклар наздида муқаррар ва муайяндирки, мўғуллар ўша наслдан тарқалганлар. Ўша замонда ҳамма кофир ва диёнатсиз бўлган. Унинг (Ўғизнинг) замонида ҳамма Тангрини танийдиган ва унга шукур қилиб, уни мақтайдиган бўлди. “Аллоҳ Ўзи хоҳлаган зотларни Тўғри Йўлга ҳидоят қилур” (Юнус, 25).

Ўғиз феруза тусли гумбазнинг айланишидан бахтли бўлиб, унинг давлат муҳри фалакнинг  ёқут муҳридай (яъни, қуёшдай) оламни ёритгач, фалакнинг сабзаранг чодири (фақат) бир парча бўлиб, оламтоб қуёш (унга нисбатан) бир қубба бўлиб кўринадиган олтинранг бир чодирда амирларга ва баҳодирларга, (уларнинг) мартабаларига лойиқ ташрифотлар (кўрсатди) ва (уларга) қимматбаҳо саруполар совға қилди. Уруш кишиларини ва кўпгина паҳлавонларнинг бошини силади ва уларнинг аҳволи саҳифаларига тарбият рақамини  нақшлади. Ўша вақтда унга  қўшилган ва унинг давлат фитрокига ўз бошини боғлаган жами қавмлар ва амакиларига “уйғур” деб ном берди. Бунинг маъниси — қўшилиш ва мадад қилишдир. Қонгли, қипчоқ, халаж ва оҚожири (қабилаларидан бўлган) халқлар уларнинг фарзандларидан бўлиб, ана шу низолар ва жанжалларда ҳамда (юз берган) бошқа воқеаларда, шароитга қараб, уларнинг айримларига, яхши феълларига (ҳам) қараб, исм ва ном берди. Баъзиларига нисбатан (бўлса) бирор гуноҳ (ёки) нуқсонида ҳажв қилишни (ўз) ичига оладиган бир сўзни уларнинг аҳволи саҳифасига битар эди, токи булардан бирига ғурурланиш сабаби иккинчисининг огоҳлик воситаси бўлсин. Ўша фирқаларнинг исмлари ва тафсиллари будир:

Уйғур (қавми). Ўғиз отаси ва амакилари билан тангрипарастликда низолашиб юрганида Ўғизга  қўшилган ва унга тобелик камарини белларига боғлаган қавмдир. Уйғур (сўзи)нинг маъноси  юқорида айтилди. Бу жамоа Ўғиздан ҳеч вақт ажралмас ва хилофлик қилмас эди. Унинг (Ўғизхоннинг) давлат оти жаҳонни кезишда фалакнинг сабзаранг отидек тез бўлиб, офтоб(нинг) тиғи унинг мамлакат очувчилик  урушлари тиғи жозбидан ўтмас бўлиб қолган бир замонда уларни Дарбант чегараларидан қайтариб келган, токи  улар шоҳона байроқлар ўрнига келгунча мамлакатни муҳофаза қилишда ниҳоят тиришсинлар. Уйғур қавмлари тўлиғича ўша боғнинг меваси ва ўша чироғнинг учқунидир.

Қонгли (қавми). Ўғиз ва унинг амакиваччалари ўртасида низо кучайиб (улар бир-бири билан) тиҚ ва ўқ тили билан сўзлашиб юрган вақт- ларда (қонгли қавми) уларнинг мулкини, хирожини, тахту тожини талон-тарож қилди ва ҳад-ҳисобдан ташқари қимматбаҳо тошлари, нақдиналари, турли мато ва кийимлари (қонглилар) қўлига тушди. Бу (нарсалар)ни ўша томондан олиб келиш мушкул ва қийин кўринди. (Шу вақтда) бу жамоа назар ва фикрнинг нозиклиги билан аравалар ясардилар; қўлларидаги юкнинг ҳаммасини араваларга ортардилар. Ва шу мақбул ишлари туфайли “қонгли” лақабини олганларки, (қонгли) араванинг номи бўлган. Қонглиларнинг барчаси ўша номнинг қатралари ва ўша дарёнинг томчиларидир. Султон Жалолиддин (Хоразмшоҳ) нинг онаси Туркан хотин (ҳам) шу қабиладан (бўлиб), шу пилигнинг шуъласидир.

Қипчоқ (қавми). Ўғизхон итбороқ (қавми билан) жангда шикаст еб, икки дарё оралиғида қолиб, унда макон қилган (вақт)да ўша жангда эри шер шамширининг чангалига тушган (яъни, ўлдирилган) бир ҳомиладор хотин замоннинг ажиб вазияти туфайли ҳомиладорликдан бўшаниш учун чириган катта бир дарахтнинг кавагига кириб, бир ўғил туғди. Бу ҳол кайфияти Ўғизхоннинг шарафли қулоғига етгач, марҳамат ва карам юзасидан амр қилдики: “Бу боланинг отаси йўғлиги учун менга фарзанд ўрнида бўлсин ва менинг тарбиямдан баҳраманд бўлсин”. (Ўғизхон унинг исмини Қипчоқ қўйди ва унинг тарбиясида (зўр) ҳиммат кўрсатди; уни фарзанд ўрнида тутди. Мазкур исм “қабақ” сўзидан олинган бўлиб, туркчада кавакли дарахтни шундай атайдилар. (Орадан) ўн етти йил ўтгач, Ўғизхон итбороқ қавмини енгди ва Эронзаминни (ўзининг) осмондаги юлдузлар каби камол(га етган) маҳрамлари безаги билан тўлдирди. (Бутун) дунё мамлакатларини тақдир ёрдами билан бўйсундирди, жаҳонни тиғ ва найза зарби билан ўзига қаратди. (Бундан) бир қанча вақт ўтгач, (Ўғизхон) ўз юртига ва қароргоҳига қайт-ган эди (ҳам) ки, яна хабар келдики, итбороқлар (унга қарши) яна исён бошлабдилар ва душманчилик шамширини туғён суви билан суғорибдилар. (Ўғизхон) уларнинг зарар(ли ҳаракат)ларининг олдини олиш ва ёмонлик (ният)ларини даф этиш учун Қипчоққа яйловда ўлтиришни ва уларнинг (исёнчиларнинг) йўлини тўсишни буюрди. Ўша замондан бери у қавмнинг яйлов ва қишлоқлари ўша манзилдадир ва ҳамма қипчоқлар ўша зотнинг қатралари ва ўша оташнинг учқунларидир.

Қорлиқ (қавми). Қачонки Ўғизхон Ғур ва Гаржистондан ўзининг асл юртига қайтар экан, баланд тоққа етдики, осмон баландликда унинг камарбастаси эди ва (ўша вақт) ер атрофи, ҳаво этаги қор билан тўлган тоғдай мушк ва кофур билан тўлган эди. Совуқнинг шиддат ва савлатидан бир фирқа (Ўғизхоннинг) муборак узангисига мулозим бўлишдан ортда қолди. (Мавжуд) ясоқ ва қоида кишини ундан ортда қолишга йўл қўядиган эмас эди. Ўғизхон ўша ҳаракат улардан содир бўлганини билди, танбеҳ ва тобелик юзасидан у халққа “қорлик” деб лақаб берди; яъни (қорлиқ) “қор эгаси” демакдир. Улар ўша жойда туриб қолдилар ва уларнинг юртларидан баъзилари Сова (вилояти)нинг атрофларидадир.

Халаж (қавми). Ўғизхон Исфахонни олиб қайтаётганида, бир ҳомиладор хотин туққан эди. Тангрининг сахийлиги унга (ўз) насибасидан баҳра олишда очиққўллик кўрсатганида, (онасининг) кўкрак булоғида нам қолмаган эди. Заҳмат кечасининг узунлигидан шакар қамишдонда (сутдан) асар қолмаган эди. Бола (очликдан) қуруқ лаб ва нам кўзлари билан йиғларди; очлик интизорлигида кўзини очиб ҳар томонга (қараб) жавдирарди. Шу ҳолатда ўша аёл эрининг кўзи тустовуқни тутиб олган бир шағалга тушди (ва шағалга) калтак отиб, унинг қўл ва оғзидан ўша луқмани (тустовуқни) тортиб олди. Тустовуқни худди шағал юрагидек (қилиб қовуриб) кабоб қилди (ва) уни хотинига берди. Она ва фарзанд ўша таомдан баҳра ва ҳаёт дарсидан сабоғ топдилар. Фармоннинг даҳшатидан ва ясоқнинг қаттиқлигидан кишининг (бир жойда) тўхташга мажоли йўқ эди. Бир неча кундан сўнг бу бечора лашкарга етиб олди. Ўғизхон унинг ҳол-аҳволига тушунгач, унга: “қол оч”, яъни, “оч қол”, деди. Халажларнинг ҳаммаси шу ёруғсиз уруғдан ва ис босган кулбадандир.

Оғожири (қавми). Бу ном қадимдан бўлмай, (балки) Ўғизхон(нинг) қавмлари Эрон мамлакатига (бостириб) кирганларида ўрмон четларини (ўзларига) юрт ва қароргоҳ қилиб олган бир тоифани “оғоч эри”, яъни “ўрмон кишиси” деб атадилар. Оғожириларнинг барчаси шу тоифа наслидандир. Ўғизхонга итоат қилиб, жон бағишловчилик ёзувини диллари ва хотирларининг саҳифаларига нақш қилган туркманлар (ҳам) мазкур қавмдандир.

Ўғизхон ҳокимлик мансабига эришиб, мақсадига етиб, (мамлакатда) тинчлик (ва осойишталик) ўрнатганидан сўнг, “уйғур” номини ўзи билан ҳамжиҳат бўлган туркларнинг барчасига берган бўлса ҳам, (лекин) улар орасидан баъзилари юқорида баён қилинган сабаб билан ўзларига хос исм ва махсус лақаб олдилар. “Уйғур” сўзи қолганларга исм бўлиб қолди.

(Ҳофиз Таниш ибн Мир Муҳаммад Бухорий. “Абдулланома, Шарафномаи шоҳий”, 1-жилд, таржимон Содиқ Мирзаев, Тошкент. “Фан” нашриёти, 1966 йил, 66-74-бетлар, қисқартириб олинди).