1920-йилларнинг ўрталарида кейинчалик Рас Тафари номи билан императорлик тахтига чиққан Эфиопиянинг ёш зодагонларидан Хайле Селассие мамлакатни бирлаштириш ва тахтни эгаллашда рақибларидан ўзиб кетади. Кўпчилик уни мамлакат йўлбошчиси сифатида тан олади. Рақиблар бир нарсага ҳайрон эдилар: юмшоқ, беозор, ҳатто овозини кўтариб гапирмайдиган Селассие қандай қилиб ҳаммани ўз иродасига бўйсундириб, тахтни эгаллашда кучли қўмондонлардан ўзиб кетди?
1927 йил Селассие ҳарбий қўмондонларни Аддис-Абебага даъват этади, ўзини мамлакат раҳбари деб эълон қилиб, улардан ҳокимиятини тан олиш ва бўйсунишларини талаб қилади. Баъзилар саросимага тушиб, айримлар иккиланиб қолишади-ю, лекин охир-оқибат кўпчилик уни тан олади. Фақат Сидамолик Дежазмах Балча қатъият билан Селассиега бўйсунишдан бош тортади.
Балча ўзини салоҳиятли лашкарбоши, Селассиени эса ношуд ва тахтга номуносиб деб биладиган такаббур ва тажанг одам эди. У Селассиенинг буйруғини менсимасдан, пойтахтга келмайди ҳам. Бироқ Селассие ўзининг характерига хос юмшоқлик, лекин қатъий оҳангда Балчага пойтахтга етиб келишни буюради. Балча тахт соҳибига ўзининг кимлигини ва куч-қудратини кўрсатиб қўйиш, керак бўлса, пойтахтни эгаллаб фуқаролар урушини бошлаб юбориш мақсадида катта қўшин билан келади. Балча ўз қўшинларини пойтахтдан уч мил узоқликдаги Яшил водийга жойлаштириб, қароргоҳида худди қирол каби Селассие ташрифини кута бошлайди.
Селассие эса чопарлар орқали Балчани саройдаги базм-зиёфатга таклиф қилади. Балча ахмоқ эмасди. Эфиопиянинг аввалги қироллари базм-зиёфатлардан қопқон сифатида фойдаланганини у яхши биларди. Шу боис базмга тиш-тирноғигача қуролланган 600 нафар тан қўриқчиси билан боришини маълум қилади. Балчани ҳайрон қолдириб Селассие бу таклифни ҳеч қандай эътирозсиз қабул қилади.
Сарой томон боришаркан, Балча аскарларига кўп шароб ичмасликлари ва доимо сергак туришларини қайта-қайта уқтиради. Саройда уларни Селассиенинг ўзи зўр илтифот билан қарши олади. Селассие ўзини тахтни узил-кесил эгаллаши учун ҳаммадан кўра Балчанинг қўллаб-қувватлашига муҳтож одамдек тутади. Лекин Балча ҳушёрликни йўқотмайди ва қуёш ботгунга қадар ўз қароргоҳимга қайтмасам, қўшиним пойтахтга ҳужум бошлайди деб, тахт соҳибини огоҳлантиради. Селассие ўзини Балчанинг шубҳаларини оғир олгандек қилиб кўрсатади.
Тушлик пайти сардорларни улуғлаб қўшиқлар куйлаш анъанаси бор эди. Селассие фақат Балчани улуғлаб қўшиқ айтишни буюради. Балча ўзидай машҳур ҳарбий қўмондон олдида Селассие қўрқиб, титраб-қақшаб турибди ва у ҳар томонлама тушкунликка тушган, деб ўйлайди. Селассиенинг беозор руҳий аҳволи, кўрсатилаётган ҳурмат ва мулозаматларни кўриб, Балча ўзини мамлакатнинг хўжайинидек тута бошлайди.
Кечга яқин Балча ва унинг 600 нафёр аскарини мушакбозлик ва олқишлар билан шаҳардан кузатиб қўйишади. Балча орқасига ўгирилиб пойтахтга назар ташлар экан, яқин кунлар ичида қўшинлари шаҳарни забт этиб, Селассиени қамоққа ташлаб ёки ўлдириб, мамлакат раҳбарлигини ўз қўлига олишни режалаштириб бормоқда эди. Бироқ қўшини турган лагерга қайтган Балча атрофдаги манзарадан ҳангу-манг бўлиб қолади. Эрталаб минглаб ранго-ранг чодирлар турган лагерда ҳали буткул сўниб улгурмаган уч-тўртта гулханнинг чўғидан бошқа ҳеч вақо йўқ эди ва ҳеч зоғ кўринмасди. Қўшинларни гўё ер ютгандек эди.
Бир гувоҳ бўлган воқеани гапириб беради. Саройда базм-зиёфат давом этаётганда, Селассиенинг қўшини ҳеч ким назорат қилмаган йўл орқали билдирмасдан бостириб келиб, Балчанинг армиясини ўраб олади. Лекин жанг бошламайдилар. Чунки ўқлар овозини эшитиб, Балча қўшинларига ёрдамга етиб келиши мумкин эди. Селассие ўз қўшинини сават-сават олтин-жавоҳирлар билан қуроллантирган эди. Улар Балча аскарларининг қуролларини сотиб ола бошлайдилар. Шу тариқа қуролсизлантирилган армия аскарлари чўнтакларига олтину кумушни жойлаб бошлари оққан томонга тарқаб кетишади.
Балча қандай мушкул ва таҳликали аҳволга тушиб қолганни сезиб, куч тўплаш учун 600 аскари билан жануб томонга йўл олиши билан унинг йўлини Селассие қўшинлари тўсиб чиқади. Бу ўша - Балча армиясини қуролсизлантирган қўшин эди. Балча орқага - пойтахтга қайтай деса,
у ерда Селассиенинг асосий қўшини кутиб турарди. Селассие моҳир шахматчи сингари Балчанинг ҳамма йўлларини ҳисоб-китоб қилиб, уни мот қилганди. Ўзини юксак истеъдодли лашкарбоши ҳисоблаб юрган Балча умрида
биринчи марта қопқонга тушганди. У қолган умрини қилган гуноҳлари ва такаббурлиги учун тавба-тазарру қилиб, ибодатхонада ўтказади.
Узоқ ҳукмдорлик даврида Селассиени ҳеч ким охиригача тушуниб етмайди. Эфиопияликлар қаттиққўл ва ҳатто бироз ваҳшийроқ раҳбарни ёқтиришарди. Лекин Селассие беозор табиати билан мамлакатга ҳаммадан кўп раҳбарлик қилди. У ҳеч қачон ғазабига эрк бермас ва жаҳлдан ўзини йўқотиб қўймасди. У рақибларига ҳамла қилишдан олдин ширин табассум, мафтун этувчи мулозамат билан уларни ром этарди.
Балча билан бўлган воқеада Селассие рақибининг ожиз томонларини аввал яхшилаб ўрганиб чиққанди. Яъни Балчанинг ўта шубҳага берилган, ҳарбий қўмондон сифатида ўзини баланд олиб, босар-тусарини билмай қолганини яхши биларди. Балча шубҳакорлиги туфайли зиёфатни тузоқ деб билиб, ўзи билан 600 нафар аскарини бирга олиб келади. Ҳа, ҳақиқатан ҳам тузоқ бор эди, аммо бу тузоқ Балча кутган жойда эмас, мутлақо бошқа ерга қўйилганди. Балчага Г зиёфатга 600 аскарини ўзи билан олиб келишга розилик бериши, зиёфат маҳали Селассие ўзини ожиз ва нотавон қилиб кўрсатиши, Балчани эса кўкларга кўтариб мақтаб, унинг шарафига қўшиқлар янграб, шаҳардан катта тантана билан кузатиши - барча-барчаси қалин туман пардаси эди. Бу парда пойтахтдан бор-йўғи уч мил нарида, Балча қўшинлари лагерида бўлаётган воқеаларни тўсиб қўйганди.
Доимо ҳаммадан шубҳаланиб юрувчи, тез ғазабланадиган ва уришқоқ одамни алдаш жуда осон эканини эсда тутинг.
Аниқ, тўғри ва зарур жойларнинг туман пардаси билан тўсилиши - жуда кучли қуролдир. Бундан Селассие душманларини бирорта ҳам ўқ узмай таг-томири билан маҳв этишда оқилона фойдаланган.
“Селассие ҳокимиятини менсимасликдан қўрқинг. У худди сичқондек билдирмасдан келса-да, ҳамласи худди шерникидек!” (Балчанинг ибодатхонага кета туриб айтган охирги гапи)
"Ҳокимиятнинг 48 қонуни" китобидан