Шўролар даври тарихшунослигида «Ўзбекистон» атамаси 1924 йилда коммунистлар томонидан ўтказилган «миллий-ҳудудий чегараланиш»гача мавжуд бўлмаган деган хато фикр ҳукмрон эди. Ҳозирги кунда конструктивизм» жамиятшунослик назарияси тарафдорлари ҳам «Ўзбекистон» атамаси 1924 йилда янги ўзбек миллатини «ясаш» мақсадида муомалага киритилган, унга қадар бу атама мавжуд бўлмаган деган фикрни илгари сурадилар.
Менинг тадқиқотларим шуни кўрсатадики, «Ўзбекистон» атамаси тарихий илдизларга эга бўлиб, бутун Ўрта Осиё минтақасининг тарихий номларидан бири бўлган. «Ўзбекистон» атамаси манбаларда илк бор ХIV асрда, тарихий хариталарда эса ХVI асрда муомалага кирган. ХIV асрда бу атама Олтин Ўрда, ХV асрда Дашти Қипчоқдаги Ўзбек улуси, ХVI–ХIХ асрларда эса Ўрта Осиёга нисбатан қўлланилган.
«Ўзбекистон» атамасининг келиб чиқиши «Ўзбек» исми билан боғлиқ бўлиб, бу исм оғуз/ғуз/уз ва бек сўзларидан ташкил топган ва «ўғузлар беги» маъносини англатади. «Ўзбек» исми манбаларда илк бор ХII асрда қайд этилган – Ҳамадон шаҳри ҳукмдори Сурсуқнинг лашкарбошиларидан бири (амир ал-жайш) Ўзбек 1115–1116 йилларда Мосул ҳокими бўлган. Табризда ҳукм сурган илдегизийлар сулоласининг охирги ҳукмдори Музаффариддин (1210–1225 йилларда ҳукм сурган) нинг исми ҳам Ўзбек бўлган. Хоразмшоҳ Жалол ад-Диннинг Aфғонистондаги ҳарбий қўмондони Жаҳон Паҳлавон Ўзбек Тоий бўлган.
«Ўзбек вилояти» ёки «Ўзбекистон» Олтин Ўрда маъносида (ХIV аср)
«Ўзбекистон» атамаси эса Жўчи улуси, яъни Олтин Ўрда ҳукмдори Султон Ғиёсиддин Муҳаммад Ўзбекхон (тахм. 1283–1341) билан боғлиқ. 712/1312–13 йилда у Хоразмдан келган бекларбеги Қутлуғ Темур ва мусулмонлар ёрдамида тахтга келди, 720/1320–21 йилда эса ўзи ҳам расман ислом динини қабул қилди. Бунда унга Аҳмад Яссавийнинг устози бўлмиш Боб Арслоннинг авлоди Зангиота ва унинг издоши Сайидота кўмакчи бўлганлар. Ўзбекхон ҳукмронлиги даврида Олтин Ўрда ўз даврининг энг қудратли ва нуфузли давлатларидан бирига айланди.
Шунинг учун ХIV–ХV асрларда ёзилган манбаларда Олтин Ўрда «Ўзбекистон», яъни Ўзбекхон мамлакати деб аталган. ХIV асрнинг иккинчи ярми – ХV асрнинг биринчи ярмида турк тилида ёзилган адабиётда, хусусан, шоир Лутфийнинг «Гули Наврўз» асарида «Ўзбек» мамлакати ўша даврнинг энг қудратли давлатлари қаторида тилга олинган:
Гоҳ Чин хубларини сўзладилар,
Гоҳ Ўзбек дин парилар кўзладилар,
Гоҳ ўғдилар Хотан зеболарини,
Замин-е Румнинг раъноларини.
Муиниддин Натанзийнинг «Мунтахаб ат-таворих-и Муиний» («Муиний тарихлари танланмаси») асарида Итил, яъни Волга дарёси бўйларидаги Ўзбек улуси қайд этилган. Фасих ал-Хавафийнинг «Мужмал-и Фасихий» асарида 1335 йил воқеалари баёнида Олтин Ўрданинг нуфузли амирларидан бири Қутлуғ Темур «Ўзбек давлатининг таянчи» деб аталган. Шарафиддин Али Яздий «Зафарнома» асарида: «Шундан кейин Соҳиб Қирон Жете ва Ўзбек [хонлари]дан келган элчиларни қабул қилди ва уларга олтин совғалар бериб, уларни ўз хонлари хузурига юборди», – деб ёзади. Низомиддин Шомий ўзининг «Зафарнома» асарида Ўзбек мамлакати ҳақида шундай дейди:
«Хоразмдан шимолда жойлашган вилоят Ўзбек деб аталган». «Урусхон (1361–1375) Ўзбек вилоятининг ҳукмдори эди». «Амир Соҳиб Қирон Карминага етиб келганда душман қочди ва Ўзбек вилоятига кетиб, Урусхон саройида паноҳ топди». «Ўзбек вилоятидан одам келди». «Амир Соҳиб Қирон Ўзбек вилоятига юрди». «Ўзбек вилоятига юриш». «Темур Қутлуғ Хон ажалини Ўзбек вилоятида топди».
Туркистонлик ўзбек шоири Шоир Ҳукмий 977/1569–70 йилда ўзининг Эронда форс тилида ёзилган «Шаҳристон» номли географик шеърий асарида шундай ёзади: «Ўзбеклар мамлакати ёки Ўзбекистон Румдан шарқда Чингача, шимолда эса Булғор ва Рус мамлакатигача чўзилган».
Абдураззоқ Самарқандийнинг «Матлаи саъдайн ва мажмаи баҳрайн» асарида 1410 йил воқеалари баёнида «Дашти Қипчоқ ва Ўзбек мамлакатлари», «Дашти Қипчоқ тарафдаги Ўзбек вилояти» қайд этилган. Мирзо Улуғбек «Тарихи арбаъа улус» («Тўрт улус тарихи») асарида ёзишича, «Султон Муҳаммад Ўзбекхон Мовароуннаҳрга келганда маҳаллий одамлар унинг одамларидан: «Бу келган одам ким?» – деб сўрадилар. Уларнинг сардори ва подшоҳи Ўзбекхон бўлгани учун уларни «ўзбек» деб атар эдилар. Шу сабабли ўша замондан бошлаб келган кишилар «ўзбек» деб атала бошлади. Қолиб кетган кишилар эса «қалмоқ» бўлдилар.
Маҳмуд ибн Вали «Баҳр ал-асрор фи маноқиб ал-ахёр» («Хайрлиларнинг фазилатлари ҳақида сирлар денгизи») асарида шундай ёзади:
«Туркистон аҳли ҳар бир даврда турли номлар билан аталган. Тур ибн Ёфас давридан Моғулхон давригача бу мамлакат аҳли «турклар» деб аталган. Моғулхон тахтга ўтиргандан кейин бу мамлакатда яшовчи барча қабилалар «моғуллар» деб аталган. Туркистон узра Ўзбекхон байроғи кўтарилгандан кейин ҳозирга қадар бу мамлакат аҳли «ўзбеклар» деб аталади. Лекин олис мамлакатларда Туроннинг барча аҳолиси олдингидек «турк» деб аталади».
«Ўзбек вилояти» ёки «Ўзбекистон» Ўзбек улуси маъносида (ХV аср)
Тўхтамишхон (1380–1395 йилларда Олтин Ўрда хони, 1396–1406 йилларда Туман хони) Aмир Темурдан бир неча бор мағлубиятга учрагандан кейин (1389, 1391, 1395, 1397 йилларда) Олтин Ўрда давлати инқирозга учрай бошлади ва аста-секин алоҳида хонликларга парчаланиб кетди. Бунинг оқибатида рус князлари (Иван Грознийдан бошлаб) кучая бошлади ва бирин-кетин ўзбек-татар хонликларини босиб олди – 1552 йилда Қозон, 1556 йилда Aштархон, 1598 йилда Сибирь хонликлари, ХVII асрда Нўғай ўрдаси, 1783 йилда эса Қрим хонлиги руслар томонидан босиб олинди. Русларга бўйсунмай мустақиллигини сақлаб қолган ягона ўзбек хонлиги Евросиёнинг шарқий қисмида жойлашган, шу жумладан, Марказий Осиёнинг шимолий қисмини ўз ичига олган Ўзбек улуси эди.
Шунинг учун ХV аср манбаларида Ўзбек вилояти ёки Ўзбекистон деганда ана шу Ўзбек улуси назарда тутилган. Фазлуллоҳ Исфаҳонийнинг «Меҳмоннома-и Бухоро» («Бухоролик меҳмоннинг хотиралари») асарида шундай ёзилган:
«3 та қабила ўзбекларга мансуб бўлган… Улардан бири шайбонийлар бўлиб, уларнинг хони Шайбонийхон эди. Иккинчи қабила қозоқлар бўлиб, улар куч-қудрати ва довюраклиги билан дунёга машҳурдир. Учинчи қабила манғитлар бўлиб, улардан Aштархон ҳукмдорлари чиққан. Ўзбекларнинг чегаралари бир тарафдан уммон билан, бошқа тарафдан эса Туркистон билан, учинчи тарафдан Дарбанд билан, тўртинчи тарафдан Хоразм билан, бешинчи тарафдан эса Aстробод билан чегарадош. Бу ерларнинг ҳаммаси ўзбекларнинг ёзги ва қишки кўчиб юриш ерларидир».
Мирза Муҳаммад Ҳайдарнинг «Тарихи Рашидий» асарида ёзилишича:
«Ўзбекистонга Aбул-Хайр олдига турли қабилалар келди. Қозоқлар Ўзбекистоннинг асосий қисми устидан ўз ҳокимиятини ўрнатдилар». «Тубра ўқимаган одам эди, у ҳеч қачон хоқонларга хизмат қилмаган эди. У ҳар доим вақтини Мўғулистон ва Ўзбекистон даштларида ўтказар эди. У чегараларни қўриқловчи қазақ бўлган ва ҳеч қачон Aмир даражасига кўтарилмаган». «Кўкча Тенгиз (Балхаш) кўли Мўғулистонни Ўзбекистондан ажратиб туради. Қиш келиб Кўкча Тенгиз усти муз билан қопланганда ўзбеклар муз устидан юриб Мўғулистонга келадилар. Бу кўлдан бир дарё (Волга) бошланиб, Ўзбекистон ерларидан оқиб ўтади ва Қулзум денгизи, яъни Каспий денгизига қуйилади. Бу дарё Атил деб аталади, Ўзбеклар эса уни Идил дейдилар». «Султон Нигорхоним деди: «Мен қариб қолдим ва Ўзбекистон даштларида кўчманчилик ҳаёт тарзи олиб боришга кучим йўқ». «Рашидиддин Моғулистонда қолди, Тоҳирхон эса Ўзбекистонда [ҳукм сурди]».
Амир Темур тузукларида ўзбеклар ва Ўзбекистон ҳақида шундай ёзилган:
«Мовароуннаҳрда Ўзбекия [жамоаси]нинг жиноятлари ва зулмлари кўпайиб кетди. …мен зудлик билан ўзбеклар жамоасига ҳужум қилишим керак. Мамлакатнинг уламо ва шайхлари ўзбеклар жамоасини йўқ қилиш ва ҳайдаб чиқариш ҳақида фатво бердилар».
«Ўзбекистон» Ўрта Осиё минтақаси маъносида (ХVI–ХIХ асрлар)
1500 йилда Ўзбек улуси ҳукмдори Шайбонийхон Мовароуннаҳрга келиб, темурийлардан ҳокимиятни тортиб олди. Дашти Қипчоқда ҳокимиятсиз қолган бошқа чингизийлар, яъни ўзбек-татар ҳукмдорлари ва аслзодалари ҳам Шайбонийлар давлати (1500–1601) да паноҳ топдилар. 1601 йилда эса шайбонийларнинг ўрнига aштархонийлар сулоласи ҳокимиятга келиб, 1757 йилга қадар ҳукм сурди. Шу тариқа «Ўзбекистон» атамаси ҳам ўзбеклар билан бирга Мовароуннаҳр, яъни Ўрта Осиёга кўчиб келди. Шунинг учун ХVI–XIХ асрнинг биринчи ярмида ёзилган манбаларда Ўрта Осиё минтақаси «Ўзбекистон» деб аталган. Хусусан, сафавийлар сулоласига мансуб Эрон шоҳи Таҳмасп I (1524–1576) Мовароуннаҳрда жойлашган Шайбонийлар давлатини «Ўзбекистон» деб атаган.
1562 йилда испан тарихчиси Гарсиа да Орта (Garsia da Orta) Ўрта Осиёда жойлашган «Ўзбек мамлакати» ҳақида сўз юритган. Бухоро шаҳрида яшаган икки тиллик ўзбек шоири Турди Фароғий (тахм. 1640–1699) ўзининг бир шеърида шундай ёзади:
Тор кўнгуллик беклар, ман-ман деманг, кенглик қилинг,
Тўқсон икки бовли Ўзбек юртидур, тенглик қилинг.
Ёки:
Дураҳду тангчашму бесару Яъжужваж,
Мухталиф мазҳаб гуруҳи
Ўзбекистондур бу мулк.
Бобурийлар сулоласига мансуб султон Муҳйиддин Аврангзеб Оламгир I (1068–1118/1658–1707 йилларда ҳукм сурган) ҳузурига элчи бўлиб келган ва унинг Деҳлидаги саройида бир муддат яшаган француз элчиси Франсуа Берньенинг ёзишича:
«Ўзбек татарлари, яъни Самарқанд ва Балх хонлари Aврангзеб ҳузурига ўз элчиларини юборишга қарор қилдилар». «Аврангзеб улар юборган совғаларни келтиришни буюрди …булар мевалар эди: шафтоли, олма, узум, қовун – бу меваларни Деҳли аҳолиси йил бўйи ер эди, улар асосан Ўзбекистондан келтирилар эди». «Мен элчилардан уларнинг мамлакати ҳақида маълумот олишни истадим, лекин улар шунчалик билимсиз эдиларки, ҳатто ўзларининг Ўзбекия мамлакатининг чегараларини ҳам билмас эканлар».
1835–1836 йилларда Бухорога келган рус ҳарбий айғоқчиси И.В. Виткевич ўзининг сафар ҳисоботида шундай ёзади:
«Бухоро шаҳрида бухороликлардан ташқари жуда кўп яҳудийлар яшайди, сен у ерда бутун Ўзбекистон ёки Турондан келган одамларни учратишинг мумкин».
Шундай қилиб, «Ўзбек» исми туркларда илк бор ХII–ХIII асрларда қайд этилган бўлиб, унинг келиб чиқиши оғуз/ғуз/уз ва бек сўзлари билан боғлиқ ва «ўғузлар беги» маъносини англатади. «Ўзбекистон» атамаси Олтин Ўрда ҳукмдори Ўзбекхон билан боғлиқ бўлиб, ХIV асрда бу атама Олтин Ўрда давлатига нисбатан қўлланилган. ХV асрда Олтин Ўрда хонликларга парчаланиб кетгандан кейин «Ўзбек вилояти» ёки «Ўзбекистон» атамаси Дашти Қипчоқнинг шарқий қисмидаги Ўзбек улусига нисбатан қўлланилган. ХVI асрда ўзбеклар Мовароуннаҳрни эгаллагандан кейин то руслар босқинига қадар Ўзбекистон атамаси бутун Ўрта Осиё минтақасига нисбатан қўлланилган. Ўша давр тарихий географиясида «Ўзбекистон» атамаси Турон ва Туркистон тарихий атамалари билан тафовутда бўлмай, аксинча, улар бирга маънодош ном сифатида ишлатилган. Демак, «Ўзбекистон» атамаси бутун Ўрта Осиё минтақасининг тарихий номларидан бири бўлган деб ҳисоблашга тўла асос бор. Чунки жаҳон тарихий географиясида бу атама 1865 йил, яъни руслар босқинига қадар 365 йил давомида Турон ва Туркистон атамалари сингари бутун Ўрта Осиё минтақасига нисбатан макротопоним сифатида ишлатилган.
Шамсиддин КАМОЛИДДИН,
тарих фанлари доктори, профессор