loader
Foto

Темур тузуклари (12)

СИПОҲИЙЛАРНИ ЭНГ ҚУЙИ ДАРАЖАДАН ОЛИЙ МАРТАБАГАЧА КЎТАРИШ ТУЗУГИ

СИПОҲИЙЛАРНИ ЭНГ ҚУЙИ ДАРАЖАДАН ОЛИЙ МАРТАБАГАЧА КЎТАРИШ ТУЗУГИ

Қилич чопишда ўзини кўрсатган баҳодирларни, биринчи мартаба бўлса — ўнбоши, иккинчи мартаба ботирлик қилса — юзбоши, учинчи мартабасида эса мингбоши қилиб тайинласинлар. Ўнбоши қўли остидагилардан бири ботирлик қўрсатса, биринчи галда уни ўнбоши қилсинлар. Қилич чопишда ўзини ҳимоя қила туриб кўзга ташланган аскарлар бундан иcтиснодир, чунки ҳўкиз ҳам сузишганда шохини ниқтайди. Шундай экан, сипоҳийнинг аслу насабига ҳам қараш лозим. Агар мингбоши қилич зарби билан ғанимнинг бир фавж лашкарини синдирса, уни биринчи амир этиб тайинла-синлар. Биринчи амир ёв лашкари сафини бузиб, уларни тарқатиб, баҳодирлик кўрсатса, уни иккинчи амирлик даражасига кўтарсин-лар. Шунга ўхшаш, қайси амир ёв лашкари тўпини тўздириб, иш кўрсатар экан, уни ўз мартабасидан юқори кўтарсинлар. Сипоҳийлардан кимки астойдил шамшир чопгудек бўлса, маошини оширсинлар. Қайси бир сипоҳий урушдан юз ўгириб қочадиган бўлса, уни даргоҳимга киритмасинлар . Агар ночорликдан мажбур бўлиб чекинган бўлса, узрини қабул қилсинлар. Агарда ваҳима босиб, қўрқувдан шундай қилган бўлса, уйига қайтарсинлар. Қайси сигюҳий, душман қаршисида қилич чопиб, ярадор бўлган бўлса, уни такдирлаб инъом берсинлар, бордию яралангандан кейин қочган бўлса, унга таҳсин ўқиб, яраланганлигини эътиборга олсинлар. Чунки у ғанимга ҳужум қилолмай, ёв ҳамласи вақтида жароҳатлангандир, яраси унинг қочмаганлигига гувоҳдир. Шунинг учун ҳам сипоҳийлик ҳақини сақласинлар. Қайси бир сипоҳий хизматда юриб қарилик ёшига етаркан, уни улуфадан маҳрум этмаслик ва мартабасидан тўширмаслик керак. Ҳеч бир сипоҳийнинг хизмати назардан четда қолмасин, чунки улар давлат хизматида бўлиб, боқий ҳаётларини фоний дунё нақди учун аямаганликларининг ўзигагина ҳам инъомга ва моддий таъминотда бўлишга ҳақли ва лойиқдирлар. Уни инъомидан маҳрум қилиб, хизматларини кўрсатмасалар, ноинсофлик қилган бўлурлар.

Яна амр қилдимки, қайси бир амир ёки сипоҳийнинг менинг давлатим учун хизмати синггани аниқ бўлса — ғаним лашкарини синдирган, бирор мамлакатни забт этган ёки [кўзга кўрингудек] қилич чопқилашган бўлса, унинг хизматини тақдирлаб, ҳақини адо қилсинлар. Ёши улуғ, кекса сипоҳийларни ҳурматлаб, азиз тутсинлар. Улардан фойдали маслаҳатлар олсинлар, чунки улар айтадиган гаплар ўз тажрибаларида кўриб, билганларидир. Уларни салтанат корхонасининг устунлари деб билсинлар. Улардан кейин ўгилларини ўринларига ўтказсинлар.

Яна амр қилдимки, ғаним томонидан бизнинг кўлимизга ҳар қандай сипоҳий асир бўлиб тушса, уни ўлдирмасинлар. Унга ихтиёр берилсин. Агар навкарликни қабул қилса, навкар қилсин-лар; йўқ эса уни озод этсинлар. Бунга мисол, мен қайсар билан урушда кўлга тушган тўрт минг румлик аскарни озод қилдим.

Ғаним сипоҳийларидан қайси бири ўз давлатининг тузини оқлаб, бизга қарши қилич чопган, сўнгра ихтиёрий равишда ёки мажбур бўлиб, паноҳимизга келса, бундай аскарга ишониб, уни азиз тутсинлар. Чунки у ўз соҳибига вафодорлик қилиб, еган тузнамаги ҳақини сақлаган. Шунга ўхшаш, мен ҳам Шер Баҳромга нисбатан шундай қилдим. Амир Ҳусайн билан бўлган урушда у мен билан юзма-юз тўқнашиб, қилич чопқилашди, кейинроқ эса ўзи иложсизликдан менинг паноҳимга келганида, уни ҳурматладим.

Менгли-Буғо ҳам Балх урушида менга қарши лашкар тортди. Жанг бошланишидан аввал ўзим томонга оғдириш мақсадида унга хат юбордим. У эса Туғлуқ-Темурхоннинг ҳақига кўрнамаклик қилмади ва менга қарши лашкар тортиб, эрларча жанг қилди. Охир-оқибат енгилди. Кейинчалик ўз ихтиёри билан ҳузуримга тизза уриб паноҳ излаб келганда, унинг мартабасини улуғладим, илтифоту марҳаматлар кўрсатдим. Унга қилган иноятларим ҳақи ўртамиздан ўтган нохушликларни бутунлай унутди. Йиғинларда унинг қилган баҳодирликларидан сўзлаб, офарин айтар эдим. Ўзи аслида эр йигит бўлгани учун менинг давлатимда ҳам кўп баҳодирлик кўрсатиб, мени мамнун қилди. Озарбайжон урушида Қора Юсуф билан тўқнашганимда лашкарим оғир аҳволга тушиб қолганди. Шунда у майдонда ўлган Қора Юсуфнинг аскар бошлиқларидан бирининг бошини найза учига санчиб, баланд кўтарди ва лашкаримга уни Қора Юсуфнинг боши деб, уни ўлдига чиқарди. Бундан лашкарим дадилланиб, жангга ташланди ва Қора Юсуф лашкарининг қалбига хужум қилиб, Қора Юсуфни қочирди. Бу урушда Қора Юсуф устидан қозонилган ғалабани Менгли-Буғо номига ёздирдим ва унинг мартабасини оширдим.

АМИРЛАР, ВАЗИРЛАР, СИПОҲ ҲАМДА РАИЯТНИ ТАКДИРЛАБ, ИНЪОМ ВА СОВҒАЛАР БЕРИШ ТУЗУГИ

Амр қилдимки, қайси бир амир бирон мамлакатни фатҳ этса, ё ғаним лашкарини енгса, уни уч нарса билан мумтоз қилсинлар: [биринчиси] фахрли хитоб, туғ ва ноғора бёриб, уни баҳодир деб атасинлар. [Иккинчиси] уни давлат ва салтанат шериги билиб, кенгаш мажлисига киргизсинлар. [Учинчиси] унга чегара вилояти топширилсин ва ўша ерлик амирлар унга бўйсунсинлар. Агар амирлардан қайси бирови тўра (хон ўғли)ни енгса ёки бирон амирзодага шикаст етказса, ё бирор ўлкахонини мағлуб этса, уни юқоридаги йўсинда мукофотласинлар. Чунончи, Дашти Қипчоққа, Ўрусхонга қарши уруш учун юборган амирим ИкиТемур уни енгиб қайтгач, амирни мукофотлаб, тумон, туғ, алам (байроқ) ва ноғора бердим. Уни давлатимга шерик қилиб, ўзимга маслаҳатчи ва вазир қилдим. Кенгашларимга киритдим ва чегарадаги вилоятлардан бирини унга тақдим этиб, у ер амирларини унга бўйсундирдим. Шунда ҳасадчилар унинг ҳақида [турли уйдирма] гаплар тарқатиб, «Ўрусхон улусини талон-торож қилиб, мол-мулкини ўзиники қилиб олди»,— дедилар. Бу гаплари билан ундан кўнглимизни бир оз совутдилар. Бироқ мен Баҳром Чубин қиссасини эшитиб тажрибам ошганди. Воқеа бундай бўлган экан. Хоқон уч юз минг қонхўр турк аскари билан Хўрмуз ибн Нуширвон устига лашкар тортди. Хўрмуз эса Нуширвоннинг вазири, маслаҳатчиси ва сипоҳсолори бўлмиш Баҳром Чубинни 320 минг эроний аскар билан хоқонга қарши урушга йўллади. У хоқон лашкари билан тўқнашиб, уч кечаю уч кундуз жангу жадал қилди. Охири хоқонни: енгиб, бор ҳақиқатни Ҳўрмузга арз қилди, ўлжа қилиб қўлга киритган бутун мол-мулкни Ҳўрмузнинг ҳузурига жўнатди. Шу аснода ҳасадчилар ва ғийбатчилар Ҳўрмуз мажлисида унга қарши туҳмат қилиб, «Баҳром мол-мулкнинг катта улушини ўзига олиб қолди, хоқоннинг асл қимматбаҳо тошлар билан безатилган қиличи ва тожи, жавоҳирлар қадалган этигини ўзлаштириб олди», дедилар. Хўрмуз ҳам хомтамъа бўлиб, Баҳромнинг хизматларини унутди. Ғаразгўй ва ғийбатчи кишиларнинг гапларига ишониб, уни (Баҳром Чубинни) гуноҳкор ва хоин деб билибди. Унга аёллар ёпинчиғи, кишан ва занжир юборибди. Баҳромнинг бўйнига кишан солиб, оёқларига занжир боғлаб, аёллар кийимини кийдиришни буюрибди. Сўнг ҳузурига амирлар, сипоҳ бошлиқларини чақиртириб, уни саройда йиғилган барчага кўрсатибди. Саркардалар ва бошқа сипоҳийлар бу ҳолни кўриб, Ҳўрмузга таънаю дашномлар ёғдиришибди. Ундан ихлослари қайтибди. Кейинчалик сипоҳ Баҳром Чубин бошчилигида иттифоқ бўлиб, Ҳўрмуз даргоҳига бостириб келибдилар. Уни салтанатдан тушириб, Ажам мамлакати салтанатининг тахтига Хусрав Парвизни ўтказибдилар.

Мен бу воқеадан сабоқ олганим сабабли, сипоҳимнинг таънаю дашномларига қолиб кетмаслик учун Амир Ики-Темурни ҳузуримга чорладим; сарой ходимлари ва халқни тўплаб мажлис қурдим. Урусхон улусидан ўлжа қилиб олинган бутун мол-мулкни бир ерга

тўплаб, Амир Ики-Темурга ва у билан бирга қилич чопган баҳодирларга ва сипоҳийларга инъом қилдим.

Яна амир қилдимки, жангда ўзини кўрсатиб, қаршисидаги ғаним лашкарини синдирган ҳар бир амирнинг мартабасини оширсинлар. Чунончи, Тобон баҳодир Тўхтамишхон билан бўлган урушда [от солиб], ғаним байрокдорига етиб олди ва душман байроғини ерга туширди, ўзи бир неча жойидан яраланди. Ҳасадчилар ва шу қаҳрамонликка даъвогар бўлганлар, унинг бу хизматини мендан яширмоқчи бўлдилар. Лекин мен уни [инъомдан] холи қолдириш инсофдан эмас, деб билиб Тобон баҳодирга амирлик даражасини бердим. Сўнгра унга иззат-икром кўрсатиб, байроқ такдим этдим.

Яна амр қилдимки, ўнбоши, юзбоши ва мингбошилардан қай бири душман сафини бузиб, ўз қаршисидаги аскар фавжини синдирса, ўнбоши бўлса, шаҳар ҳокимлигини берсинлар. Юзбоши бўлса, уни бирон мамлакат ҳукмдори этсинлар. Бунга мисол шулки, юзбоши Барлос баҳодир Тўхтамишхон билан бўлган урушда ёв лашкари билан юзма-юз тўқнашиб, душман кўшинини синдирди. Уни Ҳисори Шодмон мамлакатига ҳоким этиб тайинла-дим. Яна буюрдимки, мингбошилардан биронтаси қаршисида турган ғаним лашкарини синдирса, уни мамлакат ҳукмдори қилсинлар. Бунга мисол, Муҳаммад Озод Катур жангидан [бир оз бурун] Бурхон ўғлон лашкарини мағлубиятга учратган сиёҳпўш жамоасини енгиб, уларни синдирди. Муҳаммад Озодни Қундуз ва Кўлоб мамлакатларига волий қилиб тайинладим.

Яна ҳукм чикардимки, амирлардан қайси бири ғаним кўлидаги бирор мамлакатни фатҳ этиб, душман тасарруфидан озод қилса, шу мамлакатни уч йилга унга инъом тариқасида берсинлар.

Ва амр қилдимки, қайси бир аскар қилич чопиб баҳодирлик кўрсатса, унга инъом тариқасида чумоқ, қимматбаҳо тошлар қадалган ўтоға, камар, турна беллик қилич ва бир от берсинлар ва ўнбошилик мартабасига кўтарсинлар. Иккинчи, учинчи бор баҳодирлик кўрсатса, юзбоши ва мингбоши мартабасига етишади.