loader
Foto

Туркларнинг Бухорога ҳоким бўлиши

«Буғрохон ат-Туркий» деб танилган Шиҳобуддавла Ҳорун ибн  Сулаймон Илиг бу йил Бухоро шаҳрига ҳоким бўлди. Қашғар ва Хитой чегарасигача Балосоғун унга тегишли эди.

Абул-Ҳасан ибн  Симжур вафот этиб ўрнига ўғли Абу Али Хуросонга ҳоким бўлгач, Амир ар-Родий Нуҳ ибн  Мансурга мактуб ёзиб отасининг бошқарувидаги жойларнинг ўзига берилишини сўраган эди. Бу таклиф қабул қилинди ва унга хилатлар юборилди. Абу Али Хуросоннинг ўзига тегишли эканига заррача шубҳа қилмас эди. Элчи Ҳирот йўлига чиққач, ўша тарафга йўналди. Ҳиротда ўша пайтда Фоиқ бор эди. Хилатларни ва ваъда қилинган нарсаларни Хуросонда Фоиққа етказди. Абу Али шундай қилиб уларнинг ўзига тузоқ қўйишганини англади, бу уларнинг қилмоқчи бўлган ёмонликларига ишора эди. Фоиқ хилатларни кийди ва Ҳиротдан Абу Алининг устига юриш қилди. Вазият унга хабар қилингач, Абу Али энг сара одамларидан иборат бир отлиқ бўлинма билан йўлга чиқди, ҳеч қандай хабар чиқармай манзилларни тезлик билан босиб ўтди ва Бушенж ва Ҳирот орасидаги бир жойда Фоиққа ҳужум қилди. Уни ва унинг одамларини тор-мор қилди ва у ердан Марварруз томон ҳаракат қилди.

Абу Али Амир Нуҳга мактуб ёзиб Хуросон волийлигининг ўзига берилиши учун қилган мурожаатини янгилади, Амир Нуҳ ҳам бу таклифни қабул қилди ва Ҳиротни Фоиққа қолдирди, бундан ташқари бутун Хуросон вилоятини ҳам унга берди. Абу Али шундай қилиб зафар қозониб Нишопурга қайтди ва Хуросонга тегишли солиқларни йиғди. Амир Нуҳ унга мактуб ёзиб қўшиннинг озиқ-овқати учун сарфлаш мақсадида йиғилган солиқнинг бир қисмидан воз кечишни сўради, Абу Али узр сўради ва буни қилмади. Лекин бу ишни рад этгани учун бошига келадиганлардан қўрқди ва Буғрохонга мактуб ёзиб уни Бухорони босиб олишга ва Сомонийларнинг бу ердаги ҳокимиятига барҳам беришга чақирди, уни бу ишга ундади. Ўрталарида тузилган келишувга кўра, бутун Мовароуннаҳрга Буғрохон, Хуросонга эса Абу Али ҳоким бўлар эди. Шундан сўнг Буғрохон бу ҳудудни эгаллаш ҳавасига тушди ва ўша ерга бир сафар уюштирди.

Фоиққа келсак, у вазият ўнглангунча ва одамлари унга қўшилгунча Марваррузда қолди ва кейин рухсатсиз Бухоро томон кетди. Шундан сўнг Амир Нуҳ ундан шубҳаланди ва устига қўшин юбориб унинг ҳаракатига тўсқинлик қилишни сўради. Бу қўшин Фоиққа етиб келгач ўрталарида жанг чиқди, охирида Фоиқ ва унинг одамлари мағлуб бўлдилар ва қайтиб Термиз томон кетдилар. Амир Нуҳ Журжон ҳокими Абул-Ҳарс Аҳмад ибн  Муҳаммад ал-Фарийғунийга мактуб ёзиб Фоиқнинг устига ҳужум қилишни буюрди. Абул-Ҳарс ҳам аскар тўплаб Фоиқнинг устига юриш қилди, лекин Фоиқ уларга оғир зарба берди, мағлуб қилиб мол-мулкларини ғанимат олди.

Қолаверса, Буғрохонга ҳам мактуб ёзиб уни Сомонийлар ерларини эгаллашга ундади. Шундан сўнг Буғрохон Бухоро томон ҳаракат қилди, босиб олиш мақсадида Сомонийлар ерларига юриш қилди ва мамлакатни аста-секин босиб ола бошлади. Амир Нуҳ унга қарши катта қўшин юборди, бош қўмондонликка эса катта қўмондонлардан бири бўлган Эне (?)ни келтирди. Буғрохон бу қўшин билан тўқнашди ва мағлуб қилди. Энени ва бошқа қўмондонлардан бир гуруҳини асир олди. Буғрохон бу қўшинни мағлуб қилгач, Сомонийлар ерларини эгаллаш умиди кучайди, Нуҳ ва унинг одамларининг эса жасорати синди. Амир Нуҳ Абу Али ибн  Симжурга мактуб ёзиб ёрдам сўради ва аскарлари билан ёнига келишини буюрди; лекин Абу Али бу таклиф ва чақириқни қабул қилмади, шундай қилиб унинг Хуросонни босиб олиш истаги янада кучайди.

Буғрохон Бухоро томон йўналди, Фоиқ йўлда унга дуч келди ва унинг хизматига кириб унинг томонига ўтди. Биргаликда Бухоро қаршисида қароргоҳ қурдилар, Амир Нуҳ эса яширинди. Шундай қилиб Буғрохон шаҳарга ҳоким бўлди ва ичкарига кирди. Бу орада Амир Нуҳ яширинча Бухорони тарк этди ва дарёдан ўтиб Омул-уш-Шаттга борди, ўша ерда яшади. Одамлари ҳам унга қўшилди ва ёнида катта бир тўда тўпланди. Улар ҳам Омул-уш-Шаттда қолдилар.

Амир Нуҳ кейин Абу Алига бирин-кетин элчилар ва мактублар юбориб ёрдам сўради ва унга итоат қилишни таклиф қилди, лекин Абу Али унинг айтганларини қилмади. Бошқа томондан Фоиқ ҳам Буғрохонга мурожаат қилиб Балх устига юриш қилиш ва шаҳарни босиб олиш учун рухсат сўради. Буғрохон унга Балх устига юриш қилишни буюрди, Фоиқ ҳам Балх устига юриш қилиб шаҳарга кирди.

Нуҳнинг Бухорога қайтиши ва Буғрохоннинг ўлими

Буғрохон Бухорога тушиб ўша ерда яшай бошлагач, бу ернинг ҳавоси саломатлигига яхши таъсир қилмади ва жиддий касалликка чалинди, шунинг учун Бухородан ажралиб турклар ерига кетди. Унинг Бухородан кетиши билан шаҳар аҳолиси у ерда қолган аскарларига қарши исён кўтардилар, уларни ўлдириб мол-мулкларини талон-торож қилдилар. Ўғуз турклари ҳам бу қирғин ва талон-торожга қўшилдилар.

Буғрохон Бухородан йўлга чиққач, ажали етди ва вафот этди. Амир Нуҳ унинг Бухородан кетганини эшитгач, ёнидаги одамлари билан Бухорога борди ва шаҳарга кирди, шундай қилиб пойтахтига ва ота-боболари юртига қайтди. Бухоро аҳолиси Амир Нуҳнинг қайтишидан жуда хурсанд бўлишди ва бир-бирларига мужда бердилар.

Буғрохон ўлгач, унинг одамлари ўз юртларига қайтиб кетдилар. Буғрохон диндор, саховатли ва адолатли ҳукмдор эди. Халққа яхши муносабатда бўлар эди, олимлар ва дин пешволарининг дўсти эди, уларга икром кўрсатар эди. Ўзи учун «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг озод қилинган қули» дейилишини истар эди. Унинг ўлимидан сўнг турклар бошига Илигхон ўтди.

Ибни Асирнинг "Ал-комил фит-тарих" китобидан

Абу Муслим таржимаси