loader
Foto

"Сўнги қалъа"нинг истило қилиниши

Қўқон осмони узра кўтарилган қора қуюн кўланкаси ўн саккизинчи йилнинг баҳоридаёқ қадим Бухоро миноралари устига етиб келди. Ўша йилнинг баҳорида кўтарилган қонли ойболта йигирманчи йилнинг ёзини охирлатиб кундага тушди. Ойболта кундага тушгунича Бухородаги ички ҳолат бўрон арафасидаги нотабиий осойишталикни эслатарди. Амир томонидан бошқарилаётган кема икки бор қалқди. Биринчи қалқиш «Ёш бухороликлар» гуруҳи томонидан 1917 йилнинг 7 апрелида амир арки ёнида уюштирилган тинч намойиш ва амирга юборилган талабномаларда акс этди. Воқеаларнинг ривожи «Колесов юриши», қуролли инқилобчиларнинг мағлубиятга учраши ва амирнинг тараққийпарвар жадидлардан ўч олиши билан якунланди. Иккинчи бор қалққанида эса қизил қўшин тўфони кемани ғарқ  этишга муваффақ бўлди.

Шу даврда Бухоро аҳолисининг асосий қисми майда деҳқон хўжалигида деҳқончилик билан шуғулланарди. 1917 йилда 669.640 минг десятиналик суғориладиган ерга эга бўлиб, унинг асосий қисмига пахта экиларди.



Когондан Амударё қирғоқларигача ястаниб ётган бесарҳад чўлларию осмонўпар тоғу яйловларидан ҳар йили 800 милён атрофида қоракўл тери олинар ва етиштирилган хом ашёсининг 88 фоизини Русияга чиқарарди. Амир фуқароларининг умумий сони эса 2 милёнга яқинлашиб қолганди.

Халқ орасида жиддий нуфузга эга бўлган «Ёш бухороликлар» гуруҳи шундайин нозик бир даврда тарих саҳнасига чиқдики, ҳаттоки амир ҳам улар билан ҳисоб-китоб қилишга мажбур бўлиб қолди. Чунки сиёсий ҳолат ва тарихий зарурият шуни тақозо қиларди. Бу гуруҳнинг жонкуярлари косибу ҳунармандлар ва ҳатто амир сарбозлари орасида ҳам топиларди. Шу сабабли бошқа жамоалардан халқ орасида таъсир доираси ва кўламининг кёнглиги билан ажралиб турсада, гояси халқнинг қуйи ва ўрта табақа вакиллари онгига сингиб улгурмаганди. Фақатгина, бир ҳовуч демократик қайфиятдаги мусулмонлар ва эндигина тетапоя бўлаётган миллатпарвар маҳаллий буржуйлар томонидан қизғин қўллаб-қувватланарди, холос.



«Ёш бухороликлар» феврал ўзгаришигада мамлакат ҳаётининг ҳамма жабҳаси тараққиётига тўсиқ бўлиб турган эскича феодал ишлаб чиқариш муносабатларини синдириш, ўрта асрчилик истибдодини йўқ қилиш, уни замонавий илғор буржуа демократик тизими билан алмаштириш тарафдори бўлиб чиқдилар ва ўзларини дастлаб жадидлар оқимининг вакиллари деб ҳисобладилар. Ўнг қанот вакилларидан А. Муҳиддинов «Биринчи намойишгача (яъни феврал инқилобигача) бўлган даврдаги бизнинг мақсадимиз конституқион монархия ўрнатиб, амир Олимхонни Файзулла Хўжаев билан алмаштиришдан иборат эди» деб ёзади. Уларга бу ишда афғон элчиси Ғулом Набихон ёрдам беражаги ва кўмак эвазига у бош вазир лавозимига кўтарилиши лозим эди.

Инқилоб арафасида Бухорои шарифда 12 та муфтий унвонига эга бўлган уламо бўлиб, уларнинг энг забардасти ҳисобланмиш Маҳмудхўжа Беҳбудий ва Мулло Икром амир ҳамда амир тизимини танқид қилиб мақола ва рисолалар битганди. Айни вақтда улар халқ орасида Бухоро жадидчилигининг отаси деган юксак номга ҳам сазовор бўлишганди. Улардайин тараққийпарвар кучларга қарши, эскилик ва бидъат тарафдори ва ўзларини «қадимийлар» деб аталадиган гуруҳга Мулло Абдураззоқ бошчилик қиларди. Ўз навбатида тараққийпарвар жадидлар ҳам маълум сабабларга кўра ўнг ва сул қанотга ажралиб кетганди. Анчайин шиддаткор ва инқилобий гуруҳ бўлмиш сўл қанотга маърифатпарвар шоир ва ёзувчи Абдурауф Фитрат ва Файзулла Хўжаев бош бўлган бўлса, бир-мунча юмшоқроқ, амир билан келишувчанлик, уни ислоҳотларга ундовчи сиёсат олиб борувчи, қон тўкилишини кечиримсиз гуноҳ деб билган ўнг жадидларга Абдувоҳид Бурхонов, Муҳиддин Мансуров ва Садриддин Айний бошчилик қилардилар.

Русиядаги феврал инқилобининг ҳароратли нафаси империянинг чекка бир ўлкаси, ярим мустамлака (феврал ўзгаришидан кейин Бухоро ўзини мустақил давлат деб эълон қилганди) Бухоро музофотига ҳам ўз таъсирини кўрсатди. Вазият тақозосига кўра Керенскийнинг Вақтли ҳукумати амирлик бошқарувида ҳам демократик ўзгаришлар киритишни таклиф этади. Бу ишларга Миллер бош-қош бўлади. «Ёш бухороликлар» ҳам «махсус кенгаш» чақириб, муваққат ҳукумат амирга давлат бошқарувига демократик ўзгариш киритиш ҳақида тазйиқ ўтказишни сўраб А. Фитрат ва Усмонхўжаевни вакил этиб юборади, Вакиллар Ўренбургдан қайтишга мажбур бўлади, чунки Миллер сирли топшириқлар олиб Бухорога етиб келади ва жадидлар билан музокара олиб боради.

Амирга бир томондан салтанат бошқарувига жадидлар жиддий ўзгартиш киритишни талаб қилса, иккинчи томондан қадимийлар, хурофотчилар билан биргаликда қонсираётган Урганжий бошчилик қилувчи гуруҳлар қатоғонни кучайтиришни талаб қиларди. Қай йўсинда бўлмасин амир жадидларга ён беришга мажбур бўлади ва 1917 йилнинг мартида ҳуррият манифестини (фармонни) эълон этади.

БУХОРО АМИРИНИНГ ФАРМОНИ

Улки исми раҳмондир.

Фуқароларимизнинг ҳамиша манфаатларини ва бахт-саодатларини кўзлаб, биз хукумат идораларимизнинг хаммасини мумкин қадар кенг равишда яхшилашга, уларнинг барча суистимолларини ва нотўғриликларини халқнинг истагига биноан сайлов асосида йўқотишга қарор қилдик. Барча яхшиланишларнинг ва фойдали ўзгаришларни барча фуқароларимизга эслатиб, биз уларни Бухоро халқи учун фойдали тараққиёт ва илм нури билан Бухорони ёритиш тўғрисида ўз зиммамизга олган қатъий қароримизни адо этишда ёрдам беришга чақирамиз.

Аввало биз қозихоналарни хамда хирож (ердан олинадиган солиқ), закот (пул, чорва моллари ва харакатдаги молу мулкдан олинадиган солиқ) ва бошқа солиқларни ундиришни бузилмас адолат асосига қурамиз, мамлакатда саноат хамда савдони, хусусан, қудратли Русия билан ривожлантиришга алоҳида эътибор берамиз. Жами амалдорлар, маъмурий хизматчилар назорат остига олиниб, уларга маош тайинланиб қўйилади ва хизмат ишларини   бажарганликлари    учун

уларнинг ҳар қандай ҳақ олишлари ман этилади. Сўнгра биз мамлакат шариат амрига мувофиқ равишда фойдали илм ва фанларни ривожлантириш ва рағбатлантириш учун ҳамма чораларни кўрамиз.

Пойтахтимизда истиқомат қилиб турган фуқароларимизнинг сиҳат-саломатликлари, бахт-саодатларини кўзлаб биз аҳолига халқ ҳукуматига лойиқ кишилардан шўро сайлаб қўйиш ҳуқуқини беришга қарор қилдик. Шу кишилар мамлакатимиз пойтахтини соғломлаштириш ва обод қилиш тараддудини кўргайлар.

Шунингдек, бундан буён давлат хазинасини таъсис этиш, келадиган даромадларни ва давлат эҳтиёжларига сарфланадиган харажатларни аниқ ҳисоблаб хонлигимизнинг сармоясини белгилаб қўйиш зарур деб ҳисоблаймиз.

Бухоро давлатининг бахт-саодатини кўзлаб қиладиган барча ишларимиздан ва берадиган фармойишларимиздан фуқароларимизнинг ҳаммаси аниқ ва ўз вақтида хабардор бўлиб туришлари лозим деб ҳисоблаб, пойтахтимиз Бухорода босмахона барпо қилишни лозим топдик. Унинг биринчи вазифаси зарурат туғила бориши билан алоҳида хабарларни ҳамманинг фойдаланиши учун ва бухороликларнинг фойдали маълумотлар олиши учун нашр қилиб туришдан иборат бўлади.

Халқимизнинг бахт-саодати учун Бухоро хонлигида ўз-ўзини бошқаришга эҳтиёж борлиги аниқланиши билан уни янада ривожлантира бориш тадорикини кўрамиз. Шу тантанали воқеани нишонлаб, бизнинг буюк ҳомиймиз Русия билан маҳкам бирлашиб халқнинг розилиги ва маъқуллаши билан турмадагиларни қамоқдан бўшатишни буюрамиз.

Жума, жумодис-сонийнинг

(1917 йилнинг 7 апрели) 1335 ҳижрий йили, 28 куни.

Бухорои шариф. Бухоро амири Сайид  Олимхоннинг катта муҳри».

Фармони олий эълон қилиниши билан амир Бухоросида одат тусига кириб қолган фармонни қутлаш маросими бўлиб ўтади. Мазкур маросимда Файзулла Хўжаев ҳам амир саройида масъул амал эгаси бўлган амакиси Латиф Хўжаев туфайли иштирок қилишга муваффақ бўлади.

Амирнинг ҳуррият манифести жамиятлар, сиёсий гуруҳларнинг ўртасида қизғин муҳокама қилинди, сиёсий тортишувларга ҳам сабаб бўлди. А. Фитрат ва Файзулла Хўжаев бошлиқ сўл гуруҳдагилар шаҳарда кўп минг кишилик намойиш ўтказиб, халққа ҳақ-ҳуқуқини танитиб, сиёсий онгини оширишни илгари сурса, Абдувоҳид Бурхонов, Рифъат Мусо Сайиджонов ва Садриддин Айний бошлиқ эски жадидлар қонли ларзаларга йўл қўймай ислоҳотни аста-секин, босқичма-босқич тарзда амалга ошириш тарафдори бўлдилар.

Ўша куни Фитрат ва Ф. Хўжаевлар бошчилигида намойиш ўтказилди. Бу тўғрида Ф. Хўжаев қуйидагиларни ёзади: «Эрталаб «Ширкати баракат» магазини олдига келганимда фаол ходимларнинг 150 га яқини келган экан. Юриш эрталаб 8—9 ларда бошланди. Амирнинг фармонида майда миллатлар, эронийлар, яҳудийлар, лезгинлар тенг ҳуқуқлилик олган бўлса ҳам намойишга қатнашдилар (улар камситилиб белига белбоғ ўрнига арқон боғлаб юришга мажбур этиларди. Ш. Д.) ...Намойиш бошланганида 1000 га яқин киши қатнашаётганди, лекин йўл-йўлакай намойишчиларга тўда-тўда одамлар қўшилаверди ва тез орада намойишчиларнинг сони 5—7 минг кишига етди. Намойишчилар кўтарган қизил байроқларга ўзбек ва яҳудий тилларида «Яшасун ҳуррият», конституция, матбуот эркинлиги ва мустақил мактаб, ҳатто «Яшасун халоскор амир» деган шиорга ҳам кўзим тушди.

...Намойишчилар чит растаси орқали Бозор кўчасидан ўтиб Говкушонга етдилар, намойишчилар сони кўпайгандан-кўпайиб бораверди ва Хиёбон томон йўл олди. Хиёбоннинг ўзида эронийларнинг вакиллари гуллар кўтариб намойишчиларни қўлладилар ва Хиёбонда катта митинг ўтказди. Сўнгра намойишчилар оқими Регистон томон йўл олди. Регистонда муллалар томонидан ташкил этилган ва жуда ҳаяжонланган 7-8 минг кишилик оломон йиғилган экан, уларга амирнинг сарбозлари ҳам хайрихоҳ бўлиб турганди. Тўқнашувнинг олдини олиш ниятида намойиш фаолларидан Абдувоҳид ҳаммани уй-уйига тарқалиши тўғрисидаги хабарни эълон қилди.

Амир сарбозлари ўша куниёқ 30 га яқин намойишчини тутиб қаттиқ жазолади. Улар орасида С. Айний, Мирза Насрулло, Мирза Соҳиббой ва бошқалар бор эди. Амир ҳибсга олинганларни Осиёнинг эски одати бўйича калтаклаш тўғрисида буйруқ беради. Мирбобо ва Айнийга 75 дарра, Мирза Насруллога эса 150 дарра урилади. Намойишчиларнинг фаоллари Когонга қочиб жон сақлайдилар.

«Ёш бухороликлар» амир билан Русия ваколатхонаси орқали музокаралар олиб боришга киришдилар.

Илк куртаги 1913 йили ташкил топган мазкур сиёсий гуруҳ 1917 йилга келиб сиёсий партия сифатида шаклланди. Абдурауф Фитрат бу партиянинг саркотиби вазифасини бажарарди. «Ёш бухороликлар» етук сиёсий партияга айланмасданоқ, пухта дастурга эга бўлмасданоқ сиёсий жанг майдонига кирганди. Шунинг учун тинч намойиш оммавий қирғин билан якунланди, жипсликка анча путур етди, дин мутаассибларининг қаршилиги туфайли халқдан анча йироқлашиб қолди. Шу боис партия саркотиби А. Фитратга 1918 йилнинг январ ойида «Ёш бухороликлар» партияси дастури лойиҳасини ишлаб чиқиш топширилади. Дастурга миллий буржуазия равнақини қарор топтирган «Ёш турклар» партиясининг дастуридаги ғоялар асос қилиб олинади. Чунки Туркия ва Туркистон тараққиётининг ҳамма жабҳалари деярлик баробар даражада эди. Марказий Қўмита топшириғига кўра Фитрат ёзган ислоҳот лойиҳасида Бухорода ҳуқуқ асосида қурилган давлатчиликни жорий этиш, ўрта асрчиликдан қолган Шарқ истибдодини оврўпача маърифатли монархия билан алмаштириш ҳамда меҳнаткашлар оммаси-нинг фаровонлиги ва маданиятлилигини ошириш негизида Бухорони иқтисодий, сиёсий ва ҳарбий жиҳатдан мустаҳкамлаш ғоялари илгари сурилади. Бу ғоялар «Ёш турклар»нинг «Иттиҳод ва тараққиёт» фирқаси дастурида акс этганди.

Иши ўнгидан келавермаган «Ёш бухороликлар»нинг сўл қанот вакиллари энди очиқчасига қизил қўшин ёрдамига ишониб қуролли ҳужумга тайёрлана бошлади.

Жадидлар ҳаракатининг иккинчи гуруҳи 1917 йилнинг апрелидаёқ «Шўройи Исломия» жамиятини тузганди. Бу гуруҳ Муҳиддин Мансуров, Абдураҳмонхўжа, Убайдуллахўжа (Файзулла Хўжаевнинг амакиси) бошчилигида ғайридинлар ёрдамига суянмаслик, айниқса, қизил қўшинни Бухоро тупроғига киритмаслик тарафдори бўлиб чиқдилар.

А. Фитрат ва Ф. Хўжаевлар «Ёш бухороликлар»га бош бўлиб, Колесов бйлан қуролли қўзғолон уюштиришга келишиб олади. «Совет ҳокимияти ичидаги сўнгги қалъа» бўлган амирликни тугатишга «Ёш бухороликлар»дан кўра Колесов кўпроқ шошиларди. Чунки Колесовнинг ўзи Асхободдан Тошкентга келаётганида йўлда «Ёш бухороликлар» делегациясини қабул қилиб, «қўзғолонга тайёргарлик кўринглар», деб буйруқ беради. Қўзғолонга раҳбарлик қилиш учун «Ёш бухороликлар» Инқилобий қўмита сайлайди, унга Ф. Хўжаев, А. Фитрат, Отахўжаев, Бурхонов, Ағдаров, Пўлатов ва Фазлиддин махсумлар аъзо бўладилар.

Милодий йил ҳисоби бўйича 1918 йилнинг 16 мартида кун ярмидан оққанда Ф. Колесов тўплар ва пулемётлар ортилган эшелон билан Янги Бухоро (Когон)га етиб келдилар. Ўша куниёқ «Ёш бухороликлар» қўлига қурол тутқазади. Ва биргалашиб амирга талабнома қўяди, унда шартларга 24 соат ичида жавоб йўллаши ва сарбозларини қуролсизлантириш талаблари қўйилган эди.

Бухоро амирига юборилган ултиматум матни қуйидагича эди.

«БУХОРО АМИРИГА.

1. Ушбу билан бирга сизга«Ёш бухороликлар»нинг талабларини юбораётирмиз ва бу талабларни ҳеч бир ўзгартирмай 24 соат ичида қабул қилишингизни сўраймиз.

2. Сизнинг ҳузурингиздаги ҳукумат тарқатиб юборилсин ва унинг ўрнига «Ёш бухороликлар»нинг Ижроия қўмитаси тайинлансин, бутун ҳокимият «Ёш бухороликлар» Ижроия қўмитасининг қўлида бўлажак. Янги ташкил қилинган ҳукумат мазкур Ижроия қўмита томонидан Сиз билан келишиб тайинланади.

3. Агар қон тўкилишини истамасангиз бу талабларни албатта қабул қиласиз. Агар қабул қилмасангиз тўкилган қон учун сиз жавобгар бўласиз. У ҳолда нимаики ҳаракат қилиш бизнинг ихтиёримизда бўлади. Сизнинг жавобингиз бизнинг талабларимизга мувофиқ бўлиши лозим. Агар Сизнинг бирор жавобингиз бизнинг талабларимизга зид бўлиб чиқса, талабларимиз қабул қилинмаган деб ҳисоблаймиз.

Туркистон Халқ Комиссарлари Советининг Раиси ,  Федор Колесов.

«Ёш бухороликлар» Ижроия Қўмитасининг Раиси Файзулла Хўжаев»

Амир тоқатсиз инқилобчиларга ултиматум жавобини йўллайди, унда шахсан амирнинг ўзи қўйилган талабларга қарши эмас ва уларнинг амалга ошишйдан хурсанд, лекин халқ бу ўзгаришларни қабул қилишга тайёр бўлмаганлиги сабабли ултиматумда кўзда тутилган ҳамма талабларни дарҳол амалга оширинглар деб қистамасликни, аста-секин, босқичма-босқич бажаришга рози эканлигини билдирди.

Тоқатсиз қуролли инқилоб-чилар Эски Бухорога ҳужум бошлашидан олдин амирдан иккинчи мактубни олади. Мактубда амир ултиматум шартлари қабул қилинганлигини билдириб, қуйидаги бир неча шартларни инқилобчилар олдига қўяди:

1. Юборилган Ултиматумнинг ҳам шартларига розиман, фақат қизил қўшин шаҳарга киритилмаслиги керак.

2. Шаҳарда «Ёш бухороликлар» намойиш ўтказмаслиги лозим.

3. Таклиф этилган талаблар ҳозирнинг ўзидаёқ амалга оширилмайди, балки имкони борича амалга оширилади.

Тошкенту Қўқон кўчаларини қизғалдоқ рангга бўяган қизил гвардиячилар амир шартларни бажармади деб ҳисоблайди ва эрта саҳардаёқ Когон — Бухоро темир йўли бўйлаб биринчи бўлинмаси, Каттатош йўли бўйлаб иккинчи бўлинмаси «қотиб қолган ўрта асрчилик истибдодидаги феодал ислом мамлакати»да инқилобий ҳокимият ўрнатиш учун ўн саккизинчи йилнинг мартида кам сонли (200 атрофидаги) «Ёш бухороликлар»га суянган ҳолда «Осиёнинг энг қора диний марказларидан» бири бўлган, «аксилинқилобчилар, оқ гвардиячилар ва жаҳон империализмининг карвонсаройи» (В. Куйбишев) бўлиб қуролли инқилобчиларнинг гашига тегаётган мустақил Бухоро устига, қурол кучи билан инқилобни ёйиш ва чуқурлаштириш мақсадида қонли ҳужум уюштирди.

Халқимиз бошига чексиз кулфатлар келтирган, милёнлар қалбини куйдирган, ўн минглар жонини олган, йўқсилларча «байналмилал бурч» деган шиор илк бора ўша машъум кунлари янгради.

Умрида елкасига кетмондан бошқа қурол тутмаган «саводсиз, алданган қора авом халқ» (М. Фрунзе) паншаха, ўроқ ва болта билан қуролланган ҳолда миллат, эътиқод ва ватан ҳимоясига отланди.

Бу қонли воқеалар ва фожеаларнинг бевосита фаол иштирокчиси Файзулла Хўжаев қуйидагиларни ёзади: «...режада мўлжалланганидек ичдан туриб қўзғолон бошлаш мумкин бўлмади. ...Қуролли қўзғолон (аслида қонли агрессия) ичдан эмас, сиртдан бошланди. Қўзғолон халқ кўзғолони тарзида эмас, балки ўрис ва Бухоро қизилгвардиячиларининг кичикроқ аралаш отрядлари томонидан Бухорога қилинган ҳужум тариқасида бошланди.

...Шундай вазиятда «Ёш бухороликлар»нинг режаларини аҳоли қўллаб-қувватлаш у ёқда турсин, балки аксинча, амир ҳукумати аҳолини «Ёш бухороликлар»га гиж-гижлашга, аҳоли орасида миллий ҳиссиётнинг ва диний мутаассибликнинг зўр тўлқинини қўзғашга, «Ёш бухороликлар» Ватанни ўрисларга сотаётган хоинлар, дини исломни таҳқирлаётган кишилар» деб кўрсатдилар» .

Биринчи тўқнашув Бухоро деворидан бир чақирим чамаси орқада, Фотҳобод олдида рўй беради. Иккала томондан ҳам ўлганлар ва ярадор бўлганлар бирин-кетин жанг майдонида қолиб кетади.

Амир қон тўкилишининг олдини олиш мақсадида битим тузиш учун қизиллар томонга вакил юборади. Амир вакиллари Усмонбек қушбеги, Ҳожи Закария ва Азимовлардан иборат эди. «Ёш бухороликлар» тарафидан А. Фитрат, Ф. Хўжаев, Фазлиддин махсум ва Колесов адютантлари билан биргаликда музокарага киришади. Музокара Ф. Колесовнинг ҳарбий вагонида ўтказилади. Вакиллар Колесовга амирнинг иккинчи фармони нусхасини беришади, унда қуйидаги фикрлар мужассамлаштирилган зди.

«Худо таоло номи билан халқимизга маълум қиламанки, миллат учун тенглик ва эркинликдан кўра улуғроқ бахт йўқ. Халқимизга ҳуқуқ ва эркинликлар берилмаса ва давлатни идора қилиш тартиби замон руҳига мувофиқ идора этилмаса, мамлакатимизда халқнинг бахтли бўлишига ва унинг осуда ҳаёт кечиришига эриша олмаслигимизни жуда яхши биламиз. Халқимизнинг шунчалик орқада қолганлигига ҳамда зулмат ва жаҳолатда турганлигига биринчи сабаб маъмурларимизнинг уюшқоқсизлиги ва халқимизнинг қулликда қолганлиги эканлигини иқрор қиламиз.

Мана шу ҳолларни эътиборга олиб ҳамда халқимизниниг ва мамлакатимизнинг турмушини яхшилаш ниятида биз бундан ўн бир ой муқаддам бир фармон чиқарган эдик, лекин баъзи бир амалдорларнинг иғвогарлиги сабабли мазкур фармон амалга оширилмай қолди. Бунинг натижасида Бухоро халқи катта жафолар тортди.

Мамлакатимизнинг бахтли бўлиши бизнинг асосий вазифамиздир, шу боисдан ушбу иккинчи фармонни чиқариб бизнинг қароримиз қатъий эканлигини бутун халққа эълон қиламиз.

Халқимизнинг бахти учун мамлакатда ўтказадиган вазифаларимиз қуйидагилардан иборат бўлади:

1. Бутун халқимизга сўз эркинлиги, ҳунар-касб билан шуғулланиш эркинлиги, жамиятлар эркинлиги бериб, таловчиликни ва зулмни тамомила бекор қиламиз.

2. Мавжуд кенгашлар ўрнида Бухоронинг ҳур фикрли кишиларидан Ижроия қўмита таъсис қиламиз, барча ислоҳотларни шу қўмитаминг программаси ва кўр-сатмаси бўйича ўтказамиз.

3. Ҳозирги ҳукумат бошида турган кишилар эркинлик душманлари бўлиб, илгаригидек, фитналар қилиш тараддудини кўраётганлиги сабабли уларни четлаштирамиз ва уларнинг ўрнига Ижроия қўмита кўрсатиб берган кишиларни тайинлаймиз.

4. Мамлакатни адолат ва шариат асосида бошқаришни ташкил этамиз.

5. Тан жазоси беришни ва ўлим жазосини мавжуд қонун-қоидалардан чиқариб ташлаймиз.

6. Ҳозирги вақтда амалда бўлган, мамлакатни хароб қилаётган «амлок» солиқ системаси бекор қилинади ва бундан буён биз Ижроия қўмита кўрсатмасига биноан маъқул бўладиган солиқни тайинлаймиз.

7. Мамлакатга савдо ишлари учун зарар келтираётган «аминона» солиқ системаси бекор қилинади. Мамлакат ишларини ислоҳот қилиш йўлидаги бизнинг бу қарорларимиз қатъий эканлигини бутун халқимиз яхши билиши лозим.

Ўн тўққизини жумодил аввал, 1336 сана ҳижрия, бамутобиқ иккинчи март,

1918 санаи милодия. Амир Сайид Олимхон муҳри».

«Ёш бухороликлар» қўшимча шартлар билан амирни яна ён беришга мажбур этади ва амир қўшинларининг тўла қуролсизлантирилишини талаб қилади. Амир бу талабларни истаган тақдирда ҳам бажаролмасди, бажаришга кучи ҳам етмасди. Чунки сарбозлар ва муллалар дарғазаб бўлиб, бутун халқни кофирларга қарши оёққа тургизмоқда эди. Шундай бўлсада, «Ёш бухороликлар» ва қизил гвардиячиларнинг Уткин ва Абдураҳмонов бошлиқ бир гуруҳ ҳарбийлари амир аскарларини қуролсизлантириш учун Бухорога кириб боради.

Қуролсизлантириш бошланиши биланоқ амир сарбозлари ўзларини ғурури топталган ҳисоблайди, чунки қайноқ қонли мусулмон ғайридин кишиси ёнидан яроғини суғуриб олишига чидаб туролмайди ва қуролсизлантириш тўс-тўполонга айланиб кетади. Буйсунмас сарбозлар қизил қўшин вакилларини банди этиб азоблаб ўлдирадилар.

Амир 35 мингга яқин қўшин йиғиб, ибтидоий қуролланган ҳолда Колесов қўшинига ҳамла қилади. Оқибатда инқилобчиларнинг Тошкент билан алоқаси узилиб қолади ва орқага чекинади.

Термиз ва Керкидан ҳарбий ёрдам ололмайди, бухороликлар юз чақиримдан ортиқ масофадаги, яъни Карманадан Қорақумгача, Фаробдан Каттақўрғонгача бўлган темир йўл изларини бузиб ташлашади. Жанг ҳаракатлари тўғрисида яна Файзулла Хўжаевдан эшитсак: «Бизда европача артиллерия бўлганлиги амир армиясига нисбатан бизнинг бирдан-бир афзаллигимиз эди, Биз мана шу афзалликлардан фойдаланиб Эски Бухорони тўпга тутишга, шу тариқа амирнинг ҳужумини тўхтатишга, шунингдек, шаҳарга ваҳима солиб оломонга таъсир ўтказишга қарор қилдик.

Тўпга тутишни бошлаб юбордик, аммо бир неча соат давом этган тўпга тутиш ҳеч қандай натижа бермади. Кейин маълум бўлишича, биз отган тўп ўқларининг бирортаси ҳам шаҳарга тушмапти. Биз учун аянчли бўлган бу ғалати фактдан муллалар дарров фойдаланиб, кофир ва даҳрийларнинг, «ёш бухороликлар»нинг тўпи «Бухорои шариф»ни вайрон қилишга Оллоҳ таоло ва Муҳаммад алайҳиссалом йўл қўймади, улар мусулмонларни ва амирни тўп ўқларидан сақлаб қолдилар, деб ташвиқот юритдилар».

Қизил қўшин беш кун давомида Тошкент томонга чекиниб борди ва Қизилтепага етганда Тошкентда Қолузаев отряди билан ёрдамга етиб келади.

Шундай қилиб, беаёв қонли тўқнашув бир зарб билан «мудроқ уйқудаги қора ўлка»да сосиалистик жамият ўрнатмоқчи бўлган қуролли инқилобчилар ва «Ёш бухороликлар» гуруҳи сўл қанотининг тўла мағлубияти билан якун топди. Бу инқилобчиларнинг Туркистондаги илк мағлубияти эди. Юқоридаги иқтибослардан кўриниб турибдики, бу қонли юришни уюштиришда ўз халқини ўзгалар қўли билан озод этмоқчи бўлган «Ёш бухороликлар»нинг сўл қанот ўнгдорлари Абдурауф Фитрат ва Файзулла Хўжаевлар алоҳида ташаббус кўрсатадилар.

Бу қонли қисмат ва қонли воқеалар тарихга «Колесов юриши» ёхуд «Колесов воқеаси» номи билан кирди.

Колесов воқеаларидан сўнг Бухоро халқи маҳаллий демократларга ҳам, оврўпалик худрсиз қуролли инқилобчиларга ҳам ишонмай қўйди. Мамлакатда эса қонли зулм авж олди. Зулмнинг тиғи биринчи навбатда тараққийпарвар зиёлиларга қаратилди, кимдаким, жадидчиликда шубҳаланса ёхуд уларга хайрихоҳ бўлса, у қайси ижтимоий табақа вакили бўлишидан. қатъи назар қирринга,  ҳар қандайин ҳур фикр — қатоғонга гирифтор этилди. Натижада уч кун ичида 5 мингга яқин киши ҳибсга олинди 500 дан ортиқ киши турмага ташланди. Регистон майдонида 63 киши Ватан хоини сифатида халқ олдида осиб ўлдирилди. Қонли тўқнашувнинг якуни эса мағлуб ғолибни ўзаро тенг бўлмаган шартномага имзо чектириши билан тугалланди.

Келинг, яхшиси, Қизилтепа шартномасининг бандлари билан танишиб чиқайлик. Битим 1918 йилнинг 25 мартида Қизилтепада имзоланади, шу сабабли тарихга «Қизилтепа битими» номи билан муҳрланди.

«Русия томонидан отряд комиссари В. Я. Шмидт, Ҳарбий Коллегия аъзоларидан Г. А. Колузаев, С. М. Степанов ва В. М. Копилов, Туркистон ўлкаси темир йўл комиссари А. Ф. Салькин, подшо салтанатининг собиқ элчиси П. П. Введенский ва Мирбадаловлар қатнашдилар.

Бухоро амирлиги номидан амирнинг бош закотчиси Мирза Салим парвоначи, Бийхўжа, Абдурауф Карвонбоши, Азиммирбобо Мирохур ва амирнинг бошқа аёнлари иштирок қилдилар.

Келишув йигинига В. Я. Шмидт раислик, А. Ф. Салькин котиблик, П. П. Введенский тилмочлик килди.

1. Бухоро амирлиги фукароларини биргаликда қуролсизлантириш, биринчи бандга қуйидаги ўзгартиришлар қўшиб қўйилди. «Чўлда жойлашган Бухоро фуқароларидаги қуролларни чорвани қўриқлаш учун қолдириш, улардаги винтовкаларнинг ярмини пилта милтиққа алмаштириш».

2. Сўнгги рўй берган воқеалар-га қадар маежуд бўлган, мунтазам армияни қолдириш. Бу банд тубандаги ўзгартиришлар билан қабул қилинди. «Армиянинг миқдори 12 минг навкар, 12 та тўманбошидан иборат бўлсин ва ҳамма мис қуроллар (эски мис замбараклар) амирлик ихтиёрида колдирилсин. Янги замбараклар, пулемётлар билан бирга Туркистон ҳукумати ихтиёрига берилсин».

3. Бухоро амирлигидан паноҳ топган ўрис аксилинқилобчи зо-битларини Шўроларга тутиб бериш.

4. Бухоро ҳукумати темир йўлларни, ҳарбий ҳаракатлар туфайли вайрон бўлган давлат муассасаларини, тинч аҳолининг кўрган зарарларини тиклаш ва Туркистон ХКС ихтиёрига 100 вагон нон (буғдой), биринчи навбатда Тошкентга 20 вагон нон юборишни зиммасига олди.

5. Амирлик ҳудудидаги темир йўл, почта, телеграф ва уларда ишлаётган оврўпалик хизматчиларнинг хавфсизлигини таъминлаш;

6. Иккала томон ҳам бандиларни   шартсиз   алмаштириш;

7. Ўрта Осиё темир йўлининг Бухоро ҳудудидан ўтган қисмида Шўро харбийларининг тўсиқсиз ҳаракатини таъминлашга кафолат бериш;

8. Амир ҳузурида Шўро комиссари бўлишлигини шартсиз тан олиш. Туркистон Халқ  Комиссарлари Советининг Раиси Фёдор Колесов. Вақтинчалик Туркистон Ташқи ишлар ХК вазифасини бажарувчи X. Э. Кримов. Ва иш бошқарувчи Цёнтренко имзо чекдилар». Ўз-ўзидан кўриниб турибдики, дўст тутинмоқчи бўлган гуруҳлар бундай битимни таклиф ҳам қилмайди, имзо ҳам чекмайдилар. Иккала томоннинг ҳам мақсади битта, вақтдан ютиш, бўлғуси ҳал қилувчи жангга пухтароқ тайёрланиш эди. Замонавий ҳарб илмидан хабардор амир (у Петербург ҳарбий кадрлар корпусини битирган ва подшо армиясининг генерал майори унвонини олган эди). 13 минг ибтидоий қуролланган сарбозлари билан 70 минг атрофидаги жангу жадал кўрган, «қаҳрамонлик» кўрсатишда Исқобелов аскарларидан ҳам қолишмайдиган, замонавий яроғли улкан армияга бас кела олмаслиги, қизил қўшиннинг зарурат туғилса марказдан яна истаганча мадад кучи олиши мумкинлигини яхши биларди. Шунинг учун бўлса керак, амир янги тўқнашувнинг олдини олиш учун Самарқанд ва Тошкентда Бухоро элчихоналарини очди, Московга 1920 йилнинг 8 июнида РСФСР ташқи ишлар халқ комиссари Г. Чечерин ҳузурига тинчлик делегақиясини юборади ва икки давлат ярим асрдан зиёд дўстона яшаётганини таъкидлаб, иқтисодий, сиёсий, зарурат туғилса, бир-бирига ҳарбий ёрдам беришга чақиради ва Москвада Бухоро давлатининг элчихонасини очишни сўраб, унга Мирза Муҳди Хўжабоевни элчи этиб тайинлаганини билдиради.

Лекин амирнинг ҳаракатлари зое кетди. Икки ярим йиллик танаффусдан сўнг қуролли инқилобчилар Туркфронт қўмондони Михаил Фрунзе буйруғига мувофиқ, ўта жиддий тайёргарликдан сўнг 29 август куни Эски Бухоро қалъасига ҳужум бошлади. «Охирги ҳужум бошланди, — деб ёзади Г. Омелюстий ўзининг «Бухоро қалъаси остида» деб комланган хотираномасида. (Мақола Бухоро ва Хоразм инқилобининг 10 йиллиги муносабати билан мақолалар тўплами сифатида чоп этилган).— Душманга озми-кўпми зарар бериши мумкин бўлган нарсаларнинг ҳаммаси жангга солинди. ...Яқин келтириб қўйилган тўплар Қарши дарвозасининг арчадан ясалган табақаларини ниҳоят ёриб ўтди. ...Кўча жанги бошланди. Устиларига ҳамма томондан ўқ ёғдириб турилган, қўл гранаталари ирғитилаётган, ҳатто томлардан, деразалардан қайноқ сув қуйилиб турган вақтда ҳам Бухоронинг инқилобий отрядлари, қизил гвардиячилар, қизил аскарлар гуруҳлари шаҳар ёнғинлари орасидан ёриб ўтиб, олға боравердилар. Қинғир-қийшиқ тор кўчалар, қалин пахса деворлар ҳар бир қадамда тўсқинлик туғдирмоқда эди. Ҳар бир уй, ҳар бир маҳалла жанг билан қўлга киритилди. Чунки дарғазаб оломон «оллоҳ-оллоҳ» деб бақириб, бизнинг тўхтовсиз отилиб турган пулемётларимиз томон келаверардилар».

Арк олди ва атрофи ловуллаб ёнмоқда эди. Инглиз жосуси майор Блейкернинг хотираномасидан эса «... броневиклар оломон тўла кўча бўйлаб қон кечарди» деган сўзларни ўқиш мумкин. Худди шунга ўхшаш жанг лавҳаларини Верешагин, Кауфман, Искобелов, Терентев китобларида ҳам учратса бўлади.

Шониёз Дониёров