Ўзбекларнинг келиб чиқиши ҳақида турли фикрлар мавжуд. Баъзи олимлар кўчманчи ўзбекларнинг келиб чиқишини Олтин Ўрда хони Ўзбекнинг (1312—13,40) номи билан боғлайдилар. Н. А. Аристовнинг фикрича, «Ўзбекхонгача ўзбек номи тарихда учрамайди, шунинг учун ҳам бу ном подшонинг номидан бошланган, дейиш мумкин». А. Ю. Якубовский «ўзбек» иборасининг пайдо бўлишини «ўзбеклар» (кўплиги- «ўзбеки йун») сўзи билан боғлайди, улар ўз номларини шу Олтин Ўрда хони Ўзбек номидан олганлар, деган фикрни билдиради. И. П. Иванов ҳам шундай нуқтаи назарни тўғри, деб билади. Чет эллик тарихчилардан М. А. Чапличка ва Хильда Хукхэм ҳам ўзбекларнинг келиб чиқишини Ўзбекхон номи билан боғлайдилар. (Султон Жалолиддин Мангуберди даврида (1220—31) Озарбойжон вилояти подшоси Отабек Ўзбек деб аталарди) Ўз пайтида бундай фикрларга В. В. Григорьев қарши чиққан эди. А. А. Семёнов ҳам бу фикрнинг асоссиз эканлигини кўрсатиб ўтган. Унинг айтишича, «ўзбек» ибораси Оқ Ўрдада лайдо бўлган ва Эрон ҳамда Ўрта Осиё тарихчилари XIV—XV асрларда Оқ Ўрдадаги турк-мўғул қабилаларининг ҳаммасини шундай аташган. Ўзбекхон эса Кўк Ўрда, яъни Олтин Ўрданинг подшоси бўлиб, кейинчалик ўзбеклар деб аталган қабилалар унга бўйсунмаганлар! Биз А. А. Семёнов ҳақ бўлса керак деб ўйлаймиз.
Ҳ. Вамбери, X. Ховорс ва М. П. Пеллионинг фикрича, Дашти Кипчоқнинг турк-мўғул қабилалари бу номни ўзларининг эркинликлари сабабли олганлар. Ҳ. Вамберида қуйидагича қизиқ маълумот мавжуд: «Ўзбек» сўзининг туб маъноси — «ўзи ўзига бек, хўжайин, мустақил». Ажабо, бу сўз қадимги мажорларда (венгрларда) ҳам мартаба, унвон сифатида учрайди ва шу маънода 1150 йилга мансуб ҳужжатларда қайд этилган».
«Ўзбек» сўзи XIII—XIV асрларда, Жувайний ва Рашидиддинларнинг асарларидан ҳам маълум эди. Бу сўз Элхон Обока (1265—1282) замонида Эронда яшаган Пури Баҳонинг (Тожиддин ибн Баҳоуддин) достонида ҳам учрайди. Ушбу асарнинг Пури Баҳонинг ўғли Зайниддин Қазвиний томонидан ёзилган давомида «ўзбеки йун», «мамлакати ўзбек» ва «улуси ўзбак» сўзларини учратамиз. Бу ерда сўз Оқ Ўрда кўчманчилари эмас, Олтин Ўрда хони Ўзбекхон ва унинг давлати ҳақидадир.
Шундан кейин, то XIV асрнинг 60-йилларигача «ўзбек» сўзи манбаъларда учрамайди. XIV асрда яшаб ижод этган араб муаллифлари — Насириддин ибн Фурат (1361 — 1404), ал-Асадий (1377—1447), ал-Айнийлар (1361 — 1452) Ўзбекхон ва ундан кейин Олтин Ўрдада ҳукмронлик қилган бошқа хонларни «шимол даштларининг подшоҳлари», «дашт султонлари», «дашт мамлакатларининг подшоҳлари» ва «қипчоқларнинг подшоҳлари» деб атаганлар. Бу ерда шуни ҳам айтиб ўтиш керакки, бошқа бир араб тарихчиси ал-Калкашоний (1418 йилда вафот этган) Тўхтамишни
«Ўзбеклар подшоҳи» дейди. Низомиддин Шомий (XIV - XV аср) ўз рисоласида Тўхтамиш ўғлоннинг Дашти Қипчоқдан Самарқандга келгани тасвирланган ўринда бундай деб ёзади: «У (Темур) Тўхтамишга Ўтрор ва Саврон вилоятларини иноят қилди ва уни ўша ерларга юборди. Бир қанча вақт ўтгандан кейин ўзбекий подшоҳ Ўрусхоннинг ўғли Қутлуғ Буғо қўшин билан келиб, Тўхтамиш ўғлон билан жанг қилди».
Маълумки, Оқ Ўрданинг хони бўлган Тўхтамиш XIV асрнинг 30-йиллари охирида Темурнинг фаол ёрдами билан Мовароуннаҳрнинг шимолий томонларини тасарруф қилиб турарди. 1390 йили Темур унга қарши қўшин сурди. Темур қўшини Сариғ ўзан деган ерга етиб келганларида «нўйонлар ва амирлар йиғилишиб, «агар биз аввал Анқо Тўра устига юриш қилиб, у газандани янчиб ташласак, сўнгра ўзбеклар диёрига («диёри ўзбек») ўтсак маъқулроқ бўларди», деб (Темурга) арз қилдилар». Темур ушбу режага рози бўлиб, Бўрибоши орқали Анқо Тўрага қарши юриш қилди. Абдураззоқ Самарқандий Темурнинг Анқо Тўрага қарши юришини батафсил баён қилади. Жумладан, асарда бундай дейилади: «Ҳижрий 792 йилнинг (мелодий 1390) ўзида Темур Мўғулистонга қараб юрди (У вақтда Мўғулистонга Кашғар ва Андижон қарар эди) ва йўлда учраган асирлар унга Анқо Тўранинг Мўғулистондан қочиб кетиб, Ўзбек саҳроларида (дар саҳрои ўзбек) яширинганлигини айтдилар. Темур аскарлари қочоқларни уч кунгача Ўзбек даштида беҳуда излаб юрдилар ва ниҳоят, тўртинчи куни қоровуллар (разведка) ёғийнинг шу ерга яқин жойда эканлиги хабарини етказишди. Ўтказилган қисқа маслаҳат кенгашдан сўнг Темур қўшинларини уч қисмга бўлиб, Анқо Тўра ва унинг қўшинини излаб топишга киришди. Жамолиддин Ҳамид ва шаҳзода Умар шайхнинг аскарлари ёвни ўраб олишга киришди. Темур бўлса ўртада қолиб, душман устига юрдилар. Умаршайх аскарлари Шербат йўлидан бориб, Қора-Хўжарни кесиб ўтдиларда, мўғулларнинг асосий чекиниш йўлларини тўсиб қўйдилар. Қиёс мавзеида Анқо Тўрани қувиб етиб, мағлубиятга учратди. (Тўра чекинди) Умаршайхнинг ўғлонлари Анқо Тўрани қувиб, Олакўлгача бордилар».
Манбаълар Анқо Тўранинг Тўхтамиш билан алоқаси тўғрисида бирон-бир хабар бермайдилар. Аммо, мўғуллар қудратли Темурга қарши курашиш ниятида Тўхтамиш билан иттифоқ бўлишга интилганлар ва 1388 йили ҳақиқатан ҳам мўғул ҳокими Қамариддин (1362—63—1388—89 йил) Тўхтамиш билан иттифоқ тузишга эришиб, Умаршайхни Жулакадаги жангда енгишга муваффақ бўлган.
Юқорида келтирилган далиллар, биринчидан, Дашти Қипчоқнинг чўл қисми Ўзбек дашти, деб аталганидан, иккинчидан эса, бу пайтга келиб, кўчманчи ўзбеклар Сирдарёнинг шимол томбнидаги ерларнинг анчагина қисмида (ҳозирги Қозоғистоннинг жанубида) ҳукмрон эканликларидан далолат берадилар. Тўхтамиш қўшинларининг аксарияти кўчманчи ўзбеклар эдилар.
Хондамир ҳам 1388—89 йиллар воқеалари ҳақида сўз юритганида Тўхтамиш қўшинларини ўзбек қўшинлари (сипоҳи ўзбак) деб атайди. 1391 йили Қундузчадаги жангда қатнашган қўшинларни ҳам Хондамир ўзбек қўшинлари дейди. Муъиниддин Натанзаний, Едигей ва Қутлуғ Темурлар бошчилигида 1399 йили Тўхтамишга қарши чиққан аскарларни ҳам ўзбеклар дейди. Едигей, унинг укаси Исобек ва Олтин Ўрданинг кўзга кўринган бошқа амирлари Шодибек, Фўлодхон, Улуғ Муҳаммад (ёки Муҳаммадхон) юқоридаги тарихнавислар томонидан Дашти Қипчоқ ва Ўзбек вилоятларининг (подшоҳи Дашти Қипчоқ ва вилояти Ўзбак) ҳокимлари деб, атаганлар. Бу масала бўйича Мирзо Улуғбекнинг (1409—1449) «Тарихи арабъ улус» («Тўрт улус тарихи») рисоласи диққатга сазовордир. Бу асардаги маълумотларни қисқача баён этсак, қуйидагича: Ўзбекхон Ўзбек улусига (дар улуси ўзбек) подшоҳ бўлди. Сўнгра, 720 ҳ. йилда (1320 мелодий) Саид отанинг саъй-ҳаракатлари билан Дашти Қипчоқ аҳолиси мусулмон динини қабул қилдилар. Исломни қабул қилганларни ўзбеклар, қабул қилмаганларни эса (қалмоқлар) деб атай бошладилар.
Келтирилган маълумотлар асосида хулоса қилиб айтиш мумкинки, «ўзбек» ибораси, Дашти Қипчоқдаги турк-мўғул аҳолисининг умумлашган номи сифатида XV асрдагина пайдо бўлди.
Аммо, ўзбеклар Дашти Қипчоқда фақат XIV аср охирлари — XV аср бошларидагина пайдо бўлганлар, деб ўйлаш хато бўлур эди. Ҳозирги ўзбеклар, қозоқлар, қорақалпоқлар ва бошқа халқларнинг аждодлари шу халқлар ҳозир яшаётган ерларда қадим замонларда ҳам яшаганлар. Лекин ўзбеклар, қозоқлар, қорақалпоқлар деб аталмаганлар. Тарихий, адабий манбаларда Дашти Қипчоқнинг шарқий қисмида қадим замонлардан бери турли турк қабилалари яшаганлари ҳақида анчагина маълумотлар мавжуд. Бу ерларни XIII асрда мўғуллар забт этган бўлса, Дашти Қипчоқнинг турк қабилалари орасида тез орада сингиб кетганлар ва ҳатто ўз миллатларини йўқотганлар. Чингизхон қўшинларининг асосий қисмини туркий қабилалар ташкил этганлигини ҳам унутмаслик зарур.
Масъуд ибн Усмон Кўҳистоний шаҳодатлик беришича, Оқ Ўрда, яъни кўчманчи ўзбеклар таркибига қуйидаги қабилалар кирган: буркут, қиёт, қўшчи, қўнғирот, ушун (усун), ўтачи, найман, жог, чимбой, қорлик, кенагас, дўрмон, қурловут, туб, манғит, нукуз, танғу, уйғур, хитой, тоймас, эчки, туман, минг ва бошқалар. Биноийнинг «Шайбонийнома» асарида, XV асрнинг 80-йилларида Шайбонийхонни қўллаб турувчи қабилалар орасида яна шодбоғли ва шунқорли қабилалари ҳам эслаб ўтилади. Маҳмуд ибн Валининг сўзларига қараганда, Абулхайрхоннинг қўшинларида уйғур, мажор ва килларнинг жанговар гуруҳлари бўлган.
Бу қабилаларнинг келиб чиқишлари турлича. Масалан, қўнғирот, нукуз ва қиётлар — мўғулга, тангулар бўлса — Тибетга тааллуқли.
Хитойлар хусусига келсак, уларнинг аждодлари — X—XI асрларда Шимоли-Шарқий Хитойда яшаб ҳукмронлик қилган кидонлардир.
Рўзбехон Исфаҳоний XVI аср бошларида ўзбеклар уч тоифа («халқ»), яъни қабилалар бирлашмасига тааллуқли дейди,— булар Шайбоний улусига қарашли барча қабилалар, қозоқлар ва ниҳоят, манғитлардир. Маълумки, Дашти Қипчоқдаги кўчманчи ўзбеклар иттифоқини ташкил этган кўп қабиладар замон ўтиши билан парчаланиб кетиб, унинг қисмлари қозоқлар, қорақалпоқлар, бошқирдлар ва бошқаларнинг таркибига кирганлар, аммо ўзларининг қабила номларини сақлаб қолганлар.»
XV асрнинг бошларида юқорида айтиб ўтилган қабилаларнинг бир қисми (ўзбеклар — «ўзбакон») Шайбонийхон атрофида бирлашиб, Ўрта Осиёда ҳозирги Ўзбекистон ҳудудида турғун бўлиб қолдилар. Шу пайтдан бошлаб «ўзбек» ибораси этник маъно касб этди ва бу ҳудуддаги туркий аҳоли «ўзбек» номини қабул қилди. Шу ерда таъкидлаб ўтишимиз қеракки, кўчманчилар, аввал қайси қабилага мансуб бўлсалар ўша номни сақлаб қолдилар ва то XX асргача аждодий-қабилавий бўлинишларни сақлаб келдилар. Аммо, ўзбек халқининг келиб чиқиши XVI асрга тўғри келади деган гап тўғри эмас. Бу ерда сўз, фақат «ўзбек» иборасининг этноним сифатида пайдо бўлган вақти ҳақида бормоқда. Маълумки, қадимдан Ўрта Осиёда туркий тилда сўзлашувчи халқлар яшаганлар, Дашти Қипчоқнинг кўчманчи ўзбеклари Мовароуннаҳрнинг ўтроқ туркий аҳолиси орасида сингиб кетиб, «охирги қўшилганлар» сифатида ўз номларини уларга берганлар...
Бўривой Аҳмедов