Туркистон мустамлакага айлантирилгач, подшо Россияси ўзининг асосий мақсади этиб энг аввало ҳалқларимизда миллий давлатчилик туйғуларини йўқ қилиш этиб белгилади. Бунда ҳамма соҳада рус миллатчилик шовинизмини қарор топтириш кўзланди. Рус амалдорларидан бири татар А.Диваеа шундай ёзган эди: - «Бу ҳалқлар жуда бой маданиятга эга, бу маданиятни ўрганиш биз учун жуда ҳам оғир. Бироқ биз бу маданиятни ўрганишга мажбурмиз, чунки бундан буён бу ҳалқларни биз бошқарамиз». (Киргизские пословици. М.1900. 2-бет).
Туркистонда барча рус амалдорлари, зиёлилари ўлкада буюк рус давлатчилик ғояларини амалга оширишга киришдилар. Туркистонда сиёсий, иқтисодий ва миллий маънавий зулм ниҳоятда кучайди.
Ўлка аҳолисининг рўйхатга олингач, эркакларни ҳарбий ҳизматга олиш масаласи юзага келди. Бироқ ўлкада маҳсус тафтиш ишлари олиб борган махфий маслаҳатчи Гирснинг берган маълумотларига асосан подшо ҳукумати туркистонликлардан армияга олиш фикридан қайтди ва уларга ҳарбий солиқлар жорий этди. Подшо маҳаллий ҳалқларнинг қўлига қурол бериб, ҳарбий ишларга ўргатиш ўзи учун ниҳоятда ҳавфли тадбир эканлигини англади. Подшо ҳукуматининг Туркистонда олиб борган мустамлакалаштириш сиёсати маҳаллий ҳалқларимизда кучли норозилик келтириб чиқарди ва русларнинг бу ерга кириб келган дастлабки кунлариданоқ мустамлакачиларга ўзининг норозилигини намоён этиб турди. XIX асрнинг 70-80 йилларида эса мустамлакачиларга қарши миллий озодлик ҳаракатлари Туркистон ўлкасининг деярли барча жойларида кучайиб кетди. Бу ҳақда махфий маслаҳатчи Гирс ҳам ўз маълумотларида тўхталиб ўтиб, «ҳалқда русларга қарши курашиш бефойда», деган тушунча пайдо бўлган, - дея таъкидлаб ўтади. Бироқ биз кейинги йилларда бўлиб бир қанча миллий озодлик ҳаракатларидан ҳалқда бундай хулоса пайдо бўлмаганлигини кўрамиз. Миллий озодлик ҳаракатларининг кучайишига яна бир сабаб, мустамлакачилар томонидан амалга оширилаётган иқтисодий зулм эди. Россия Туркистонни босиб олгач, ўзининг иқтисодий манфаатларини амалга оширишга ва ўлкани хом-ашё базасига айлантиришга киришди. Қишлоқ хўжалигидаги амалга оширилган сиёсат, ўлкада саноат ишлаб чиқаришнинг шакиллантирилиши тўлалигича рус подшоси манфаатлари учун ишлай бошлади. Маҳаллий ҳалқларнинг барча инсоний ҳуқуқлари поймол этилиб, уларга фақатгина арзон ишчи кучи бўлган қуллар каби муомала қилинди. Ер мулкларнинг йирик мулкдорлар қўлида тўпланиши, турли банкларнинг очилиши, савдо судхўрлик капиталининг кучайиши ўлкада қашшоқларнинг кўпайишига олиб келди. Айниқса, руслаштириш сиёсати орқали ўлкага кўплаб рус мужикларини кўчириб келитирилиши ҳам ҳалқларимизнинг азалий тириклик манбаи бўлган ер сувларидан маҳрум бўлишига ва ёлланма ишчиларга, мардикорларга айланиб боришига олиб келди. Судхўрликнинг ниҳоятда, кучайиб авж олиши ҳам асосан оддий дехқонларни катта-катта қарзларга бостириб, ўз ери ва эркидан маҳрум бўлишларига олиб келди. Руслар келиши билан бошланган очрачиликлар, қашшоқликлар, турли касалликларнинг кўпайиши, айниқса, руслар билан тенгма тенг ўлкада кенг тарқалган ўғрилик, талончилик, юлғичлик оддий ҳалқнинг бошига оғир савдоларни солди. Ҳалқимиз ҳар томонлама мустамлакачилик зулми остида эзилган бўлсада, бироқ ўзининг иззати, эрки, қадр-қиммати топталаётганлигига индамай қараб турмади ва рус мустамлакачиларига қарши кўплаб маротаба эрк ва истиқлол учун курашлар олиб борди. Бу курашлар 70-80 йилларда Фарғона водийсида, 90-йилларда Тошкентда ва Фарғона водийсида, ХХ асрнинг бошларига келиб Туркистон ўлкасининг деярли барча ҳудудларида муттасил давом этиб турди ва ҳалқимизнинг ўз эрки ва озодлигини қўлга киритиши учун ҳеч қачон курашларни пасайтирмаганлиги уни юқорида айтганимиздек «бефойда» деб ўйламаганлиги бу курашларнинг моҳиятини очиб беради.
Подшо Россияси томонидан амалга оширилган иқтисодий ва миллий зулм ҳалқларимизнинг миллий озодлик курашларини кучайишига олиб келди. Ҳукмрон тузумга қарши қўзғолонлар асосан қамбағал дехқонлар, косиблар, ҳунармандлар томонидан амалга оширилди. Миллий ғурурини йўқотмаган айрим юқори табақа вакиллари ҳам бу қўзғолонларда иштирок этдилар. 1878 йилда Мингтепада Етимхон бошчилигида русларга қарши қўзғолон кўтарилди. Бироқ рус мустамлакачи ҳукумати катта ҳарбий кучлар ёрдамида Етимхон бошчилигидаги қўзғолонларни бостирди. Бироқ, ўлкада рус чоризмига қарши қўзғолонлар бу билан бошланди деб бўлмайди. Бу даврда юз берган миллий озодлик ҳаракатларини маҳсус тадқиқ қилган тарихчи Х.Бобобеков қуйидаги бир қатор қўзғолонларни санаб ўтади:
1. Қозоғистон минтақасида 1783-1793 йилларда бўлиб ўтган Сирим Ботир қўзғолони.
2. 1822-23 йилларда бўлиб ўтган Жуломон Тиланчи қўзғолони.
3. 1836-1838 йилларда бўлиб ўтган Исатой Тойман қўзғолони.
4. 1837-1846 йилларда бўлиб ўтган Султон Кенасари қўзғолони.
5. 1856 йилда бўлиб ўтган Сирдарёдаги Жонхўжа Нурмуҳаммедов бошчилигидаги қўзғолон.
6. 1868 йилдаги Самарқанд мудофааси ва Бухоро шаҳри, Шаҳрисабз бекликларидаги қўзғолонлар.
7. 1870 йилда Манғишлоқ қирғизларининг қўзғолонлари.
8. 1871 йилда Сирдарё вилоятида Эшон ЭшМуҳаммад бошчилигидаги қўзғолонлар.
9. 1878 йилдаги Мингтепадаги Етимхон қўзғолони ва бошқалар.
Юқоридагилардан кўринадики, Етимхон қўзғолонига ҳам рус мустамлакачилигига қарши маҳаллий ҳалқлар томонидан кўплаб марта қўзғолонлар кўтарилган. Улар орасида Султон Содиқ бошчилигидаги, Ботирхон Тўра бошчилигидаги, Пўлатхон, Қўрбонжон додхоҳлар бошчиликларидаги миллий озодлик ҳаракатларини алоҳида кўрсатиб ўтиш лозим.
Шунингдек, Бобобеков 1887-1897 йилларда Сирдарё, Самарқанд, Фарғона вилоятларида мустамлака идораларига қарши жаъми 663 марта ҳужумлар бўлиб ўтканлиги алоҳида таъкидлаб ўтади. Етимхон қўзғолони мағлубиятга учрагач ҳам, Фарғона водийсида мустамлакачиларга қарши курашлар пасайиб қолмади. Бундан ҳаракатлар турли шароитларда бўлиб турди.
1880 йилда алоҳида барча солиқлар йиғиб олингандан сўнг Хўжанд Уездининг бошлиғи Путинцев Ўратепа ва Хўжанд аҳолисидан қўшимча солиқ йиғиб олиш тўғрисида кўрсатма беради. Бундан ғазабга тўлган ҳалқ Рахмонқулихожа ва Миркаримбойлар бошчилигида уезд маҳкамасига бориб норозиликларни билдирадилар. Қўзғолончиларга қарши куч ишлатилади ва бошликлари ҳисобга олинади.
Шундай ҳаракатлардан бири 1882 йил ноябрида Наманганда бўлиб ўтади. Қўзғолончилар тарқатилиб, раҳбарлари қамоққа олинади.
1882 йили Ўшда ва 1883 йили Чустда кўтарилган қўзғолонлар ҳам шу тариқа бостирилди.
80-йилларнинг иккинчи ярми ва 90-йилларнинг бошларида Фарғона водийсида қўзғолонлар яна авж олди. Қўзғолончилар ўзларига қарашли бўлган ва зулм ўтказган бойлар ҳамда волост бошлиқларининг уйларига ўт қўйиш ва ҳужумлар уюштиришни кучайтирдилар. Андижон уездининг Қўрғонтепа волостида Дарвешхон бошчилигида мустамлакачиларга қарши очиқдан-очиқ қуролли курашга тайёргарлик кўрила бошланди.
Ҳукумат бундан ҳабар топгач, у ерга ҳарбий кучларни юборди ва қўзғолончиларга зарба берилди. Қўзғолон раҳбарларидан бири Мўминбой дорга осилди.
1890 йилда Наманганнинг Капа волости Қумқўрғон қишлоғида ҳам маъмуриятга қарши норозилик бўлиб ўтди. Бунга ҳам қарши ҳарбийлардан фойдаланилди.
1893 йил февралида Қўқон волостининг Қашқар ва Ниёз қишлоқларида, 13 февралда Андижон яқинидаги Қўқон қишлоқда мустамлакачи маъмуриятга қарши кучли норозилик ҳаракатлари бўлиб ўтди. Айниқса, Қўқон қишлоғида ҳалқ пристав ва унинг ёрдамчиларини калтаклаб, уларни бу ердан ҳайдаб юборди. Бу қўзғолон билан Фарғона вилояти ғарбий губернатори генерал лейтенант Корольков Н.И шахсан ўзи шуғулланди ва қўзғолончиларни жазолаш учун ўз ёрдамчиси генерал-майор Мединскийни юборди. Русларнинг катта ҳарбий кучлари Қўқон қишлоқ аҳолисини қаттиқ қийноқларга солдилар ва уларнинг мол-мулкларини тортиб олдилар.
Бундай қўзғолон ва норозилик Андижон уездининг Кенгкўл волостида элликбошиларни сайлаш вақтида ҳам юз берди. 1896 йилда Наманган уездининг Оқсув-Шаҳрихон волостидаги Найманча, Кўхна мозор, Лангарбоб қишлоқларида ҳам элликбоши ва мингбошилар сайловлари вақтида шундай ҳаракатлар бўлиб ўтди. Бу қўзғолонларда ҳам ҳалқ пристав ва унинг амалдорларини дўппослаш, уларни тошбўрон қилиш билан чекланди.
1895-1896 йилларда Кенгкўл-Қорақир, Олмос, Сариқсув, Оқсув-Шаҳрихон волостларда яна бир неча марта шу каби қўзғолонлар бўлиб турди.
Фарғона водийсида тинмасдан кўтарилиб турган бундай қўзғолонлар ва миллий озодлик ҳаракатлари мустамлакачи ҳукуматни дахшатга солди. Маъмурият қўзғолонларнинг олдини олиш ва қўзғолончиларга қарши курашда шафқатсиз бўлиш билан бирга қўзғолончиларни жазога тортишда ҳам кенг ваколатларга эга эди.
1892 йилдан бошлаб рус мустамлакачи ҳукумати ҳукуматга қарши қилинган ҳар қандай жиноятни кўриш учун ҳарбий судига боришга одатланишди. Бунда «жиноятчиларни» «олий жазо» га ҳукм қилиш учун катта ҳуқуқлар берилди ва бундан асосий мақсад ҳалқни доимий қўрқув ва хавотир, дахшат остида яшашга мажбур қилиш эди.
Қўқон хонлиги тугатилиб, ўрнида Фарғона вилояти ташкил этилгач, ҳалқимизнинг ватанпарвар фарзандлари ўз эрки ва озодлигини қўлга киритиш ҳамда миллий давлатчиликларини тиклаш учун курашни бир дам ҳам пасайтирмадилар. Пўлатхон қўзғолони мағлубиятга учрагач, Фарғона водийсидаги барча ватанпарвар кучлар яна бир истиқлол учун курашчи-машҳур қирғиз аёли Қурбонжон додхоҳ қўшинлари сафига келиб қўшилдилар. Водийда яшовчи ўзбек, қирғиз, тожик ҳалқлари биргалашиб умумий душманга қарши курашни давом эттирдилар.
Қурбонжон додхоҳ Европадаги урушларда катта тажриба орттирган рус генералларидан бири Д.Скобелевга қарши курашларда уни мағлубиятга учратади.
1876 йил ёзида бўлиб ўтган жангдан сўнг, мағлубиятга учраган генерал Скобелев сулҳ сўраб, Қурбонжон додхоҳ ҳузурига майор Ионовни юборди. Бироқ, мағрур саркарда аёл майор Ионовни қабул қилмади ва мансаб поғонаси жиҳатидан ўзига тенг бўлган саркарда билангина музокара олиб боришини билдирди. Музокара олиб бориш амалга ошмагандан сўнг руслар яна жангнни давом эттиришга мажбур бўлди. Қурбонжон додхоҳнинг ўғли Абдулла ўз укалари билан биргаликда онасини қўллаб қувватлади ва улар билан биргаликда русларга қақшатқич зарбалар бера бошладилар. Улар рус мустамлакачиларни ҳар қандай келишувчилик ва битимларни ҳеч қачон ҳалол бажармасликларини ҳам таъкидлаб ўтдилар.
Узоқ ва шиддатли жанглардан сўнг 1876 йил 31 июл куни қирғизларнинг мунғиш ва адигина уруғлари русларга таслим бўлганликларини билдирдилар. Бироқ бу билан руслар истиқлолчилик ҳаракатларини Олойда бутунлай бостиришга эриша олмадилар. Руслар Олойда ҳеч қандай муваффақиятга эриша олмагач, Қурбонжон додхоҳни «Олой маликаси» ва ҳукмдори деб тан олдилар. Бу ерлар Россия мулки деб эълон қилинган бўлса ҳам, Қурбонжон додхоҳ ўзига қарашли ҳудудларда мустақил сиёсат юритиш ва бошқариш ҳуқуқини сақлаб қолди.
Фарғона водийси ва Олойда ҳалқ курашлари давом этарди. Қирғизларнинг найман уруғи Қўқон хонлари авлодидан бўлган Худойқулни хон деб эълон қилдилар ва курашни давом эттирдилар. Шоҳимардон ва Лангар қишлоқларини эгаллаб, Водил ва Чименни қўлга киритиш учун ҳаракат қилаётган Худойқулга қарши генерал Кольпаковский бошчилигидаги жазо отряди юборилди ва Худойқул мағлубиятга учради. Бу жанг Қоракия деган жойда бўлиб ўтди.
1876 йилнинг март ойида Абдуллабек ҳам курашларни кучайтирди ва русларнинг таркибидан Терак довонига кўчаётган вақтда руслар унга қарши жанг қилдилар ва Абдуллабек томонидан мағлубиятга учрадилар. Абдуллабекка қарши юборилган хоин Саримсоқхўжа ҳам мағлубиятга учратилди ва қатл этилди. Гулжага қочишга эришган Худойқул қўзғолон кўтаришга уриниб кўрди, бироқ қўлга туширилиб, қатл этилди.
Давомли курашлардан сўнг тарқоқ ҳолга келиб қолган Ватан ҳимоячилари ўз кучларини бирлаштирдилар. Абдуллабек, Умарбек, Сулаймон удайчи, Таниқул ва Валихон тўралар бошлиқ ўзбек ва қирғиз ватанпарварлари русларга қарши кураш олиб бориб, Янгиариқ дарасини эгаллаб олдилар. Шу вақтларда эса Абдукаримбек ўзини хон деб эълон қилди (1876 й май). Узоқ давом этган курашлар ватан ҳимоячилари учун жуда оғир кечди ва улар мунтазам рус армияларига қарши давомли курашлар олиб боришга ожизлик қилдилар. Шунга қарамай рус мустамлакачилигига қарши озодлик курашлари Туркистон ўлкасининг турли жойларида ўзини намоён қилиб турди.
Рус мустамлакачилигига қарши энг катта курашлардан бири XIX асрнинг 90 йиллари бошида Тошкентда бўлиб ўтди. 1892 йил баҳорида Афғонистоннинг Қобул ва Хирот шаҳарларида вабо касаллиги тарқалди. Бу касаллик баҳорнинг охирларида Самарқанд вилояти ва июннинг бошларида Тошкент шаҳрига ҳам етиб келади.
Бу касалликнинг олдини олишдан ожиз бўлган рус мустамлакачи маъмурияти касалликнинг кенг тарқалиб кетишидан ҳавфсираб, баъзи шошилинч чораларни амалга оширади, шулардан бири сифатида шаҳардаги мавжуд 12 та қабристоннинг барчаси ёпиб қўйилади. Вафот этганларни дафн қилиш учун ваъда берилган бир нечта қабристон ўрнига шаҳарлардан олисда фақатгина битта қабристон очиб берилади. Шунингдек, вабо билан оғриганлар руслар томонидан йўқ қилинади деган миш-мишлар ҳам тарқалиб кетади. Бу эса ўз навбатида ҳалқни вахимага солиб қўяди. Ҳалқ орасида ҳукуматдан норозилик кайфияти кучайиб боради.
Ҳалқнинг бундай кайфиятидан ҳавфсираб қолган маъмурият ҳалқпарвар ва ҳақиқатгўй эски шаҳар оқсоқоли Иноғомхўжа Умриёхўжаевни (1833-96) оқсоқолликдан бекор қилиб, ўрнига ёқтирмайдиган ва русларнинг садоқатли қулларидан бири Муҳаммад Ёқубни шаҳар оқсоқоли этиб тайинлайди. Ўз манфаати учун ҳеч нимадан қайтмайдиган Муҳаммад Ёқуб ўз ажали билан ёки бошқа касалликлардан вафот этганларни ҳам шаҳар чеккасидаги маҳсус қабристонга кўмишни буюради. Вафот этганларнинг қабристонга кўмилишидан ҳам пора ундириш пайига тушганлиги учун ҳалқнинг Муҳаммад Ёқубдан норозилиги ошиб кетади. Ҳалқ ўзининг қадр-қиммати топталаётганлигига чидаб турмайди ва қўзғолон кўтаради.
Бунга яна рус маъмуриятининг вабо касаллигини олдини олиш борасида етарли эътибор бермаётганлиги ҳам асосий сабаблардан бири бўлади. 1892 йилнинг 24 июнга ўтар кечаси Муҳаммад Ёқубга вафот этганларни яширинча қабристонга кўмилаётганлиги ҳақида ҳабар келади. У бу хақда шаҳар ҳокими Путинцевни ҳабардор қилади. Оқибатда эртаси куни бир қанча кишилар айбдорлар сифатида қамоққа олинади. Ҳалқ очиқдан-очиқ ўзига қарши миллий ва диний қадриятларининг, инсонийлик қадр-қимматининг поймол этилаётланлигига қарши чидаб турмади ва Азизёр, Абдул Қосимхўжа каби Тошкентнинг таниқли уламолари бошчилигидаги мингга яқин киши ҳоким қароргоҳи томон юриш қиладилар. Путинцев ва Муҳаммад Ёқуб бошчилигидаги шаҳарликларга қарши турган полициячилар ҳалқ томонидан тошбўрон қилинадилар. Ҳоким ва унинг миршабларини дўппослаш билан бирга ҳокимнинг маҳкамаси ҳам остин-устун қилинди. Тошкентликларга қарши ҳарбий қуролли кучлар қарши қўйилди ва ҳалқ солдатлар томонидан аёвсиз ўққа тутилди. Оқибатда кўплаб кишилар ўлди ва ярадор бўлди. Жазолаш вақтида 60 киши асир олинди. Ҳисобга олинганлар узоқ муддатларга қаторга ва қамоқ жазоларига 8 киши эса ўлим жазосига маҳкум этилди.
Тошкентдаги «вабо исёни» деб ном олинган миллий-озодлик ҳаракати вабо баҳонасида келиб чиқмаган эди. Бу исён мустамлакачи рус маъмурияти олиб бораётган зулм ва зўравонликка асосланган идорага қарши узоқ йиллар давомида норозиликка айланиб келаётган эди. Вабо фақатгина бир туртки бўлган эди ҳолос.
Генерал губернаторликнинг марказида бўлиб ўтган бу курашдан сўнг рус ҳукумати ниҳоятда, қаттиқ ташвишга тушиб қолди. Туркистон ўлкасида миршаблик ҳолати жорий этилди. «Давлат тартиби ва жамоат осойишталигини муҳофаза этишга доир чоралар ҳақида Низом» (1887) ва 1892 йил 18 июндан кучга киритилган «Ҳарбий ҳолатда деб эълон қилинган жойлар ҳақида Қоидалар» Туркистон ўлкасида жорий этилди. Ҳарбийлар ва полициянинг ваколатлари кенгайтирилди. Ўлкада ҳарбий ҳолат эълон қилинди. Рус мустамлакачи ҳукумати ўлка аҳолисининг доимо қўрқув ва хавотирда яшашга мажбур қилиш билан бирга, миллий маданият ва маърифатни ҳам чеклаш, маориф ва бошқаларда руслаштириш сиёсатини авж олдиришга киришди. 1895 йилдан бошлаб ўлкада рус тузем мактаблари очила бошланди. Турли сиёсатлари ва тадбирлари билан рус мустамлакачилари маҳаллий ҳалқлар устидан ҳоким эканликларини намойиш этиб турдилар.
Чоризмнинг Туркистондаги ҳалқларнинг ватанпарварлик, курашчанлик туйғуларини барбод қилишга ҳар қанча уринмасин, ўлканинг энг марказий қисмларида қўзғолон давом этиб турди. Рус мустамлакачилиги сиёсати ва ҳукмронлигига қарши навбатдаги қўзғолон 1898 йилда Андижонда бўлиб ўтди ва бу курашга Дукчи Эшон (Муҳаммад Али ҳалфа) бошчилик қилди.
Муҳаммад Али Муҳаммад Собир ўғли Марғилонга қарашли Шахидон қишлоғида дунёга келган. У ёшлигида Бухорода ва кейинчалик Андижонда Султонхонтўра Эшон ҳузурида тарбия топади. Ҳаёти давомида кишиларга эзгулик ва савоб ишларни кўп қилади. Султонхонтўра вафотидан сўнг эса унинг васияти билан Эшоннинг ўрнига пир бўлиб қолади.
1887 йилда Муҳаммад Али Эшон Макка сафарига отланади ва Афғонистон, Ҳиндистон, Эрон, Саудия Арабистони, ортга қайтишда эса Россиянинг жанубий ўлкаларида бўлиб, у ерлардаги тараққиёт ва ҳалқ турмушини ўз кўзи билан кўриб, катта таассуротлар билан Фарғонага қайтади.
Эшон чет эл сафарида ўрганиб келган айрим ишларнинг аҳоли кўз ўнгида бажаргач, ҳалқнинг унга бўлган эътиқоди ва эҳтироми янада ошиб боради. Муридлари унинг ҳовлисидаги 12 газли минорасини 34 газга кўтариб пишиқ ғишт билан янгилаб беришади ва 500 отга мўлжалланган отхона қуриб беришади. У ҳар куни етим-есирлар ва бева бечораларга овқат қилиб улашади.
Муҳаммад Алининг ҳалқ орасида обрўси ниҳоятда ошиб кетганлиги рус ҳукуматини ташвишга солиб қўяди. Шу кунларда Эшоннинг ҳовлисидаги минора қулаб тушади ва талабаларни босиб қолади, оқибатда 23 талаба ҳалок бўлади, 15 таси ярадор бўлади. Баҳона топилган рус ҳукумати Эшонни дарҳол қамоққа олади. Бироқ жабрларган ва ҳалок бўлган талабаларнинг ота-оналаридан ҳеч қандай шикоят ва даъво бўлмаганлиги сабабли маъмурият Муҳаммад Али Эшонни озод қилишга мажбур бўлади. Бу суд ва тергов жараёнлари Эшоннинг обрўсини ниҳоятда, ошириб юборади ва унинг мўридлари кўчаларда намойишлар уюуштиришади. 1895 йилда Эшоннинг ҳузурига Қурбонжон додхоҳ ташриф буюради. Бу вақтда унинг ўғли Камчинбек рус амалдорларини ўлдирганликда айбланиб, осиб ўлдирилган эди. Қурбонжон додхоҳ эса яна русларга қарши бутун қирғизларни қўзғолонга кўтариши мумкинлиги ва айниқса, унинг Дукчи Эшон билан учрашуви мустамлакачи ҳукуматни қаттиқ ташвишга солади.
1896 йили эса Кўгарт ва Кетмонтепа қирғизлари вакиллари Муҳаммад Али Эшон ҳузурига келиб, рус мужикларининг зўравонликлари устидан шикоят қилиб келишади.
1897 йил охирида бу қишлоқларнинг аҳолиси бир ерга тўпланиб, Чибил оқсоқол ва қозоқ ноиби Мулло Рахматулла бошчилигидаги русларга қарши уруш режасини ишлаб чиқишади. Бундан ҳабар топган рус маъмурияти зудлик билан етиб келади, бироқ уни маъракага йиғилганликларини айтиб, тарқалишади ва Эшонни Мингтепага кузатиб қўйишади. Бунда эълон қилинган ғазотга Муҳаммад Али Эшон раҳбар этиб сайланган эди.
Муҳаммад Али Эшон дарҳол ишга киришиб, газотга тайёргарликни бошлаб юборади ва Фарғона водийсидаги машҳур кишиларга, жумладан, Муҳаммадалибой, Сомий ва Ҳоликберди охун, Саид Ахмадхўжа, Қурбонжон додхоҳ, Муҳаммад Юсуф эшон, Яхёхон тўра хожи ва бошқаларга мактублари жўнатади.
Бироқ белгиланган вақтга, яъни 1898 йил 15 январга айтилган кишиларнинг ҳаммаси ҳам келмайди. Оқибатда дастлабки уриниш қолдирилади.
Бу орада маҳаллий ҳалқларнинг Дукчи Эшон бошчилигидаги бошланиши муқаррар бўлган қўзғолони ҳақида рус ҳукумати ҳам ҳабардор бўлади ва унинг олдини олиш мақсадида турли фитналар ва иғволарни режалаштира бошлайди.
Қўзғолончиларнинг сусайиб қолган тайёргарликлари яна тезлаша бошлайди, бироқ энди уни кўринмас бир куч бошқараётгандек туюлади. 1898 йил 17 май куни икки юздан ортиқ ғазабга тўлган оломон Эшоннинг уйига бостириб келишади ва уни оқ қиғизга ўтказиб, хон деб эълон қилишади. Бироқ, режа бўйича унинг жияни Абдулазиз хон этиб кўтарилиши лозим эди.
Қўзғолончилар шу ердан тўғри Андижонга қараб юриш бошлайдилар. Йўл-йўлакай бошқа қишлоқларнинг аҳолиси ҳам қўзғолончиларга қўшилиб боради. Қўзғолончилар Андижоннинг эски шаҳарида жойлашган 20-Туркистон линия батальони казармасига бостириб киришади. Улар 30 га яқин милтиқни ўлжа олиб, ухлаб ётган солдатларни ўлдиришади. Бироқ, кейинги хоналарда ётган казаклар уйғониб, қўзғолончиларга қарши отишмаларни бошлаб юборадилар. Бир неча дақиқа давом этган отишмалардан сўнг қўзғолончилар чекинадилар. Кўплаб қўзғолончилар ўлдирилади ва ярадор қилинади. Казаклардан 23 киши ўлдирилади. Қўзғолондан ҳабар топган подшо Николай II Туркистон генерал губернатори бирон Вревскийни лавозимидан четлаштириб, ўрнига вақтинча Сирдарё ҳарбий губернатори Н.И.Корольковни тайинлайди.
Королков жазо экспедиияси ташкил этиб, қўзғолон бўлган ҳудудларда кўплаб қирғинлар ва жазоларни амалга оширдилар. Минтерада уч соат давомида тўплардан ўқ узиб, уни ер билан яксон қилдилар. Аҳолини кўчириб юбордилар. Кўплаб аҳоли эса бунгача тоғларга қочиб кетишга улгурган эди. Андижонда ҳам кўплаб одамлар қамоққа олиндилар.
Қочиб кетган Муҳаммад Али Эшон Арслонбоб яқинидаги тошкўприк деган жойда миллатфуруш қўқонқишлоқлик Қодирқул ва Ёқуб қўрбошилар томонидан ушлаб олиниб, рус маъмуриятига топширилди. Шунга қарамай қўзғолонлар давом этди ва куз фаслигача чўзилди.
Қўзғолон натижасида ҳибсга олинганлар кўпчиликни ташкил этган ва рус ҳукумати томонидан шафқатсиз жазоланган. Қамоққа олинган 400 дан ортиқроқ тутқунлар умумий ҳисобда 4621 йилга қамоқ қаторга ишларига ҳукм қилинганлар.
Муҳаммад Али Эшон бошчилигидаги қўзғолон раҳбарлари эса 1898 йил 25 июнда Янги шаҳар Тупроққўрғон олдида дорга осиб ўлдирилди. Шу тариқа 1898 йил май ойида Андижон ҳалқи томонидан рус мустамлака сиёсати ва ҳукмронлигига қарши Муҳаммад Али Эшон бошчилигида юз берган қўзғолон мағлубиятга учради.
ХХ аср бошларига келиб Россия империяси сиёсий ва иқтисодий жиҳатдан инқироз ёқасига келиб қолди. Мамлакатнинг ҳамма бурчакларида ҳукуматга қарши чиқишлар, ғалаёнлар, иш ташлашлар ва қўзғолонлар авж олди. 1901 йил ҳосилсизлик туфайли юзага келган очарчилик ва иқтисодий танглик, 1904-1905 йиллардаги рус–япон урушидаги мағлубият умумий аҳволни янада оғирлаштириб юборди. Вазиятдан қутулиш учун ҳукумат солиқларни ошириб юборди. Оқибатда қишлоқлардаги дехқонлар хонавайрон бўлдилар. Россияда юз бераётган бу иқтисодий ва сиёсий бўхронларнинг тўлқини Туркистонга ҳам етиб келди. Туркистон дехқонлари ҳам мустамлакачи ҳукуматга қарши кўплаб ғалаёнлар кўтардилар.
1905 йил қиш ойларида Фарғона вилояти, Самарқанд ва Андижон ҳамда Сирдарё вилоятларида дехқонларнинг ғалаёнлари авж олди. Наманган уездининг Янгиқўрғон, Сарисув, Боғиш волостларида сайловлар вақтида кўтарилган ғалаёнлар туфайли сайловлар ҳам амалга оширилмади. Бундай ғалаёнлар Чотқол волостида, Тепақўрғон, Қирчин, Қорасув, Олтин қайрағоч, Оқ йўл ва бошқа қишлоқларда ҳам бўлиб ўтди.
1905 йил Наманган уездига қарашли Саричсув волостининг Афлотун қишлоғида бир ярим мингдан ортиқ қирғизлар тўпланиб, элликбоши ва сайлов ўтказувчи амалдорларни дўппослашди.
1905 йил баҳорига келиб Фарғона вилоятида дехқонлар ҳаракатлари, ғалаёнлари, амалдорларни дўппослаш, сайловларнинг адолатсизлигига қарши норозилик ва ҳокимиятга талаблар билан чиқишлар кўпайди.
Юзага келган бундай вазият рус мустамлакачи маъмуриятини қаттиқ ташвишга солди ва улар Туркистонда аҳволнинг ниҳоятда, жиддий тус олганлигини эътироф этиб, ўлкада «кучайтирилган муҳофаза» ҳолатининг муддатини узайтиришни мақсадга мувофиқ деб топдилар. Бироқ кескинлашиб бораётган зиддиятли вазиятни бартараф этишга ожизлик қилдилар. Туркистон ўлкасининг турли жойларида дехқонлар ғалаёнлари озодлик ҳаракатлари давом этиб турди.
ХХ аср дастлабки ўн йиллигида Туркистонда содир бўлган энг йирик дехқонлар ҳаракатлари Намоз Пиримқулов бошчилигидаги ҳаракат эди. Ҳалқ томонидан «Намоз ботир» деб улуғланган бу инсон мустамлакачилар томонидан «Намоз ўғри» сифатида аталиб, унга қарши жиноий ишлар қўзғадилар, унинг қилаётган ишларини «ўғрилик ва талончилик» деб атаб, сохта маълумотлар ҳар доим вақтли матбуотда ҳалққа нотўғри етказиб бера бошладилар.
Намоз Пиримқулов 1904-1907 йилларда Самарқанд вилоятининг тоғ ва қишлоқларида мустамлакачилар ва уларнинг иттифоқларига айланган маҳаллий бойлар ва савдогарларга қарши кураш олиб борди.
Намоз ҳалққа зарари тегаётган, ҳалқни зўравонлик ва судхўрлик билан талаётган юқори табақа вакилларини аёвсиз жазолаб, улардан тортиб олинган молларни бева бечораларга ва камбағалларга бўлиб бера бошлади.
Шундай ҳаракатлардан бири 1905 йил 10 майда Каттақўрғон бозорида амалга оширилди. Намоз ва унинг одамлари бозорни ўраб олиб, бозордан қайтаётган бойлар ва савдогарларни талаб, ўлжа олинган молларни шу ернинг ўзидаёқ камбағалларга улашиб берадилар.
Оғалик қишлоғи оқсоқоли Амин Назар Муҳаммад, Арабхон қишлоғи мингбошиси Хидирбоев, яна бир мингбоши Лутфулла Хўжаевлар мустамлакачиларга содиқ ҳизматкор бўлганликлари учун Намоз ва унинг одамлари томонидан ўлдирилдилар ва қўрғонларга ўт қўйиб, мол-мулки ҳалққа улашиб берилди.
1905 йил ёз ва куз ойларида Жомда ва бошқа жойларда катта савдо карвонлари қўлга олинади. Бироқ шу вақтда Хўжаариқ волости бошқарувчиси Лутфулла Хўжаевнинг хоинлиги туфайли Намоз ва унинг 50 кишидан иборат шериклари капитан Полов қўшинлари томонидан ҳибсга олинади. Намоз қамоқдан ер остидан лахм кавлаб қочиб кетишга муваффақ бўлади. Шу воқеадан сўнг Намозчиларга қарши жазо отрядлари ишларини шахсан Туркистон генерал губернатори Н.И.Гродеков назорат қила бошлайди. Намоз йигитлари орасига жосуслар юборила бошланди. Шундай жосус ва хоинлардан бири Ширин Муҳаммадов исмли кимса эди.
Мустамлака маъмурияти Намоз ва унинг йигитларини тутиш ишларини кенгайтириб боради ва бир қатор ҳарбий бўлинмаларни шу ишга жалб қилади. Бу операцияга раҳбар этиб Самарқанд ҳарбий губернатори ёрдамчиси полковникнинг Сусанино тайинлайди. Амир Абдулахадхон ҳам намозни тутиш операциясига жалб этилади. Бу ишларни 1907 йил 28 майда бошлашни назарда тутиб, Бухоро черагасида 12 пост, Самарқанд ва Каттақўрғон ҳудудларида 10 та кузатув постлари қуйилади. Амир ҳам ўз сарбозларини шу ишга жалб этади. Оқибатда, бўлиб ўтган тенгсиз жанглардан сўнг Намоз ва унинг йигитлари катта талофатларга учрайдилар.
Бироқ шу вақт намозчилар орасида фитна қўзғалиб, Намоз Пиримқулов ўлдирилади.
Намознинг ўлими билан ўлкадаги дехқонлар ғалаёнлари тўхтаб қолмади ва рус ҳукуматини дахшатга солиб вақти-вақти билан кўтарилиб турди.
Рус мустамлака ҳукуматининг зўравонлик сиёсатига қарши бўлиб ўтган энг катта норозилик ҳаракатлари қуролли курашларидан бири тарихда «Жиззах қўзғолони» деб ном олган 1916 йилги миллий-озодлик курашлари эди.
Россия империяси биринчи жаҳон урушига киргач, тез орада унинг ҳарбий ва иқтисодий салохияти Европа давлатларига нисбатан анча қолоқ ва заиф эканлиги аён бўлиб қолди. Фронтдаги етишмовчиликлар, ўқ-дори ва озиқ-овқат маҳсулотларининг етарли эмаслиги, фронт ортидаги ишларнинг сусайиб кетганлиги Россия империяси ҳукуматини Туркистонга нисбатан мустамлакачилик зулмини янада оширишга олиб келди.
Ҳарбийликка олиниши таъқиқланган Туркистонликларни «фротн ортида армия эхтиёжларини қондириш» мақсадида мардикорлик ишларига олишга қарор қилинди.
Шошма-шошарлик ва аниқ ўйлаб чиқилмаган режани амалга ошириш мақсадида подшо Николай II 1916 йил 25 июнда «фронт орқасидаги ҳизматлар учун Туркистон, Сибирь ва Кавказда CAPut!’ ёшдан 43 ёшгача бўлган эркакдарни сафарбар қилиш» тўғрисидаги фармонга имзо чекди. Фармонга кўра, Сирдарё вилоятидан 87 минг, Самарқанд вилоятидан 38 минг, Фарғона вилоятидан 50 минг мардикор юбориш белгиланди ва бу вазифаларни зудлик билан амалга ошириш Туркистон генерал губернатори зиммасига юклатилди. Вилоятларда дарҳол фармонни ижро этишга киришилди. Фарғона вилояти ҳарбий губернатори А.Гиппиус Фарғона вилоятидаги шароитни ҳисобга олиб, бу фармонни бирданига бажариш нотўғри эканлиги ҳақида ҳокимиятни огоҳлантиради. Бироқ у фармонни ижро этишни атайлаб бузганликда айблаб ишдан олиб ташлашди ва унинг ўрнига шовинист ҳарбийларидан бири полковник П.Иванов тайинланади. Мардикорликка олишга қарши ўлканинг турли ҳудудларида қўзғолонлар бошланиб кетади.
Норозилик ҳаракатлари дастлаб аҳоли зич жойлашган марказларидан бири Хўжандда бошланади. 1916 йилнинг 4 июль куни 6000 дан ортиқ эркаклар ва аёллар маъмуриятга қарши очиқдан-очиқ мардикорликка фарзандларимизни бермаймиз, деб қўзғолон кўтардилар. Қўзғолон ҳарбийлар томонидан бостирилди ва намойишчилар ўққа тутилди.
Худди шундай ҳаракат Самарқанд вилоятининг Ургут туманида 5 июл куни бўлиб ўтди. Мардикорлар рўйхати йўқ қилинди, маҳкама ҳизматчилари калтакланди.
Самарқанд вилоятининг Сиёб, Хўжа Аҳрор, Ангор ва бошқа волостлари ва қишлоқларида ҳам шундай чиқишлар содир бўлди.
7 июль куни Дахбед қишлоғида хоин Саидмурод Қобилов тузган рўйхатда фақат камбағалларнинг болалари ёзилгани учун ҳалқ Усмон Абдурасулов бошчилигидаги маҳкама ҳизматчиларини калтакладилар. Бунда Усмон Абдурасулов яраланди ва қўзғолон катта куч билан бостирилди. Очил Бобожонов, Раҳимберди Икромов, Махмудхўжа Мирзахўжаевлар бошчилигида мардикорликка олиш ишларига қарши бўлган ва фақатгина камбағалларнинг болалари рўйхатга киритилганидан норози бўлган Тошкент аҳолиси ҳам 11 июлда маъмуриятга қарши норозилик намойиши ва қўзғолон бошлади. Қўзғолонда аёллар ҳам фаол иштирок этди. Қўзғолончилар полициячилар томонидан ўққа тутилди ва бир қанча қўзғолончилар оғир ярадор бўлдилар. /азабланган ҳалқ полициячилар ва казакларга қарши чинакам уруш бошлаб юбордилар. Оқибатда, чор аскарлари полиция бошқармаси ичига кириб яшириниб олишга мажбур бўлди. Қўзғолон кечгача давом этди ва генерал Галкин ҳамда подполковник Савицкийлар бошчилигидаги жазо отрядлари томонидан бостирилди.
Бутун ўлкада чоризм сиёсатига қарши қўзғолонлар кучайиб борди. 9 июль куни Андижонда, Тошкент шаҳри атрофидаги бир қатор қишлоқларда 10 июль куни эски Марғилонда, Шаҳрихон ва бошқа жойларда дехқонлар ва ҳунармандлар, косиблар ва бошқаларнинг чиқишлари умумҳалқ қўзғолони ва курашига айланиб кетди.
Жиззахдаги норозилик ҳаракатлари эса том маънодаги озодлик урушига айланиб кетди. Жиззаҳликлар душманга қарши ғазовот эълон қилдилар. Қўзғолонга Назирхўжа эшон ва Абдураҳмон жевачи бошчилик қилдилар. Қўзғолон 13 июлда шаҳар оқсоқолининг ўлдирилиши билан бошланди. Ҳалқ мингбоши маҳкамасига бостириб кирганда, жазо учун етиб келган полковник фукин отрядлари қўзғолончиларни ўққа тута бошлади. Бироқ қўзғолончилар чор аскарларига зарба бериб, Фукин ва унинг ёрдамчиларини ўлдиришга муваффақ бўлдилар.
Ёрдамга етиб келган полковник Афанасьевнинг жазо отряди ҳам Янги Жиззах станциясида туриб қолишга мажбур этилди. Атрофдаги қишлоқлардан келаётган ҳалқ қўзғолончилар сафини кенгайтирди. Қўзғолончилар темир йўл станциялари, улардаги нефть заҳарлари, алоқа симларини вайрон қилдилар ва йўқ қилдилар. Афанасьев қўшинлари ўз марраларидан чекина бошладилар.
14 июлда қўзғолон Боғдон, Фориш, Синтоб бекликларига ҳам тарқалди.
Боғдондаги қўзғолонга раҳбарлик қилган Абдураҳмон жевачи Жиззаҳликлар билан қўшилишга қарор қилди. Бироқ бу пайтда Жиззахга Тошкентдан 2,5 минг кишилк жазо отрядлари туп ва бошқа қуроллар билан биргаликда келаётган эди. Назирхўжа эшон бошчилигидаги жиззаҳликлар жазо отрядлари томонидан аёвсиз ўққа тутилди ва улардан омон қолган 600 кишилик гуруҳ Абдураҳмон жевачи кушинлари сафларига қўшилди.
Абдураҳмон девачи 20-21 июль кунлари Афанасьев қўшинларига зарба бериб, уни чекинишга мажбур қилди ва мағлубиятга учратаётган вақтда полковник Иванов отрядлари ёрдамга етиб келди ва қўзғолончиларга зарба берди. Қўзғолончилар мағлубиятга учратилгач, қўзғолон бўлиб ўтган барча шаҳар ва қишлоқларда аёвсмз жазо ишлари, хунрезлик амалга оширилди. Абдураҳмон жевачи ва у билан бир сафда туриб курашган 12 киши осиб ўлдирилди. Қўзғолон бостирилган бўлса ҳам, чор ҳарбийларидан каттагина қисми Жиззахда ўлим топди. Қўзғолон давомида рус ҳарбийларидан 260 га яқин, рус аҳолисидан эса 4000 га яқин киши ўлдирилди ва бедарак йўқолди. Бу хақда 1916 йил 13 декабрда IV давлат думасида сўзга чиққан ноиб А.Ф.Керенский «уруш фронтларига янги бир фронт туркистон фронти қўшилди» деб таъкидлаган эди.
Рус маъмурияти, қўзғолонларни бостириб, ўз мақсадларига қисман эришган бўлсада, бу билан ҳалқнинг озодликка бўлган интилишини йўқ қила олмади.
Низомий номидаги Тошкент Давлат Педагогика Университети «Ватан тарихи» кафедраси