ёхуд Улуғбекнинг ўғли Абдуллатиф томонидан шаҳид бўлмагани хусусидаги ҳақиқатлар
Мирзо Улуғбекнинг "Зижи жадиди Кўрагоний" асарининг тўртинчи қисми астрология билан ниҳояланган. Собиқ иттифоқ даврида астрология, метафизика, антология, коинот фалсафаси, генетика ва 1960 йилларгача кибернетика фанлари инкор қилинган. Яқин тарихнинг бундай нохолислиги оқибатида ота-боболаримиз қолдирган жуда кўп илмий мерос йўқолиб кетди. Борлари ҳам бир ёқлама талқин қилинди. Хусусан, Мирзо Улуғбек илмий мероси, сиёсий фаолияти, барпо этган расадхонаси тақдирига бир ёқлама қаралиб, уларга ёлғон гувоҳликлар келтирилди.
Нохолис мафкура тарафдорлари Мирзо Улуғбек дин уламолари фитнаси, хусусан, Ҳожа Аҳрор томонидан уюштирилган диний фанатизм оқибатида ўлдирилган, деб турли асоссиз уйдирмаларни тўқиб чиқарганлар. Адабиётшунос олим, академик Ботурхон Валихўжаев Ҳожа Аҳрор Вали ўзининг диний-сиёсий фаолиятини Мирзо Улуғбекнинг ўлимидан кейин бошлаганлигини алоҳида таъкидлайди...
Шубҳасиз, ўша даврда темурийлар билан мўғул хонлари ўртасида келишмовчиликлар бўлиб туриши табиий ҳол эди. Алишер Навоий мўғул хонларининг ярасига туз сепиб, Туронзамин хон, ҳоқонлар юрти эмас, балки шаҳаншоҳлик замини эканлигини, қадимдан Эрон ва Туронда шаҳаншоҳ, Ҳиндистонда рожа, Хитойда фағфур, Рум ерларида қайсар, Мўғулистонда хон, ҳоқон ҳукмронлик қилиб келганлигини айтади.
Ўша пайтлар шоҳ ёки шаҳаншоҳ бўлиш учун унинг отаси пайғамбар-саййид авлодларидан бўлиши шарт эди. Ғоявий, мафкуравий давлатчилик, давлатдорлик масалаларида ҳам Турон шаҳаншоҳлик замини билан Мўғулистон ҳоқонлик юртида катта фарқ бор эди. Мўғул қабилалари қадимдан хитойликлар билан муомалада бўлиб келганлиги боис улар Хитойнинг "йн-ян" фалсафий ғоясига таянишган. Бу ғоя қадимги Эроннинг "парсуа" – форслар қабилалари ёйган ғоялардан ақидавий томондан фарқ қилса ҳам фалсафий жиҳатдан бир-бирини тўлдирарди.
Темур ва темурийлар, хусусан, Мирзо Улуғбек давлатдорлик ишларида Туроннинг шаҳаншоҳлик, падаршоҳлик ғоялари устун турарди. Бу эса ўз навбатида модаршоҳлик, материалистик ғояларга асосланган мўғул хонларига маъқул келмасди.
Шунинг учун ҳам Улуғбек ўғли Абдуллатиф томонидан эмас, балки Мўғлуқхоннинг фитнаси, ёрлиғи, фатвоси билан Аббос томонидан ўлдирилган, деган хулосага келамиз.
Олимлар В.Бартольд, Е.Давидович, Б.Аҳмедовларнинг изланишларида Улуғбекнинг кейинги ҳаётига оид бирон-бир муҳим далил, ҳужжат келтирилмаган. Фақат П. Булгаковнинг самарқандлик олим Абу Ҳафс Умарнинг "Матлаъ ан-нужум ва мажаъ ал-улум" асарининг 1364 йилдаги қўлёзмаси бир варағига кўзи тушиб қолади. Араб тилидаги бу ёзувда асар матнига, санасига мос тушмаган ҳолда "Абдуллатиф Улуғбекни 1449 йил 17 октябрда қўлга олган, ўша йили 25 октябрда ўлдирилган" дейилади. Шундай экан, Улуғбекнинг қандай қилиб "8 кун ичида Самарқандга, кейин Шоҳруҳияга чекингани, кичик ўғли Абдулазиз билан Сирдарё бўйида ов қилгани, кейин яна Самарқандга қайтиб Абдуллатифга мағлуб бўлганини тан олгани ва ҳаж йўлида Абдуллатифнинг "хоҳиши" билан шаҳид бўлган"и кишида шубҳа уйғотади.
Тарихчи Мирхонднинг "Равзат ус-сафо" асарида айтилишича, бу қотиллик 853 йил шаъбон ойининг бошида, яъни милодий 1449 йилнинг 19 сентябрида юз берган. Улуғбекнинг ўлдирилиши билан боғлиқ саналарнинг бу икки хиллиги ҳам шубҳамизнинг ўринлилигини кўрсатади.
Мирзо Улуғбекнинг Аббос томонидан ўлдирилгани ҳақида "Бобурнома"да қуйидагича баён этилган:
Улуғбек баҳри улуму хирад,
Ки дунёву динро азу буд пушт,
Зи Аббос шаҳди шаҳодат чашид,
Шудаш ҳарфи тарих "Аббос кушт".
Яъни, "илоҳий ва дунёвий илмлар денгизига шўнғиган Улуғбек Аббос туфайли шаҳид бўлди. Абжад ёзувида битилган "Аббос кушт"дан у ўлдирилган сана келиб чиқади". Аммо манбада Абдуллатиф ҳақида ҳеч нарса дейилмаган.
Ёки яна бир "Бобо Ҳусайн кушт" деб тугаган бошқа манбада Абдуллатифнинг ўлими ҳақида айтилади. Ушбу абжадли шеърда ҳам Улуғбек ва унинг одамлари хусусида ҳеч қандай маълумот келтирилмаган:
Абдуллатиф Хисрави Жамшид фар ки буд,
Дар силки бандагонаш Фариддуну, Зардуҳушт,
Бобо Ҳусайн кушт шаби жумъааш батир,
Тарихаш ин навис ки "Бобо Ҳусайн кушт"
Маъноси: Абдуллатиф қадимги Хисрав ва Жамшид подшоларидай, Фариддину Зардушт каби салоҳиятли бандалардан эди. Жума оқшоми уни Бобо Ҳусайн ўқ узиб ўлдирди. Тарихни бундай ёз уни "Бобо Ҳусайн шаҳид этди".
Ўз замонида халқ орасида Абдуллатифга нисбатан ҳурмат билан шеърий мисралар битилган:
Бобонг зулмни замон юзидан ювиб ўтди,
Одил отанг адолат отини қувиб ўтди,
Муборак эгнинггаким Салтанат тўни битди,
Ҳарна қодирсен кўрсат, эй навбат куни етди.
Шундай қилиб, Мирзо Улуғбек, Абдуллатиф, Абдуллазиз, қозикалон Шамсиддин Муҳаммад Мискинлар мўғул хонлари фитнасининг қурбонлари бўлишди. Улуғбек ва Абдуллатифни ўлдирган Аббос ва Бобо Ҳусайнлар мўғул хонлари, Мўғлуқхоннинг одамлари эди.
Улуғбек бунёд эттирган расадхона тақдирига ҳам собиқ иттифоқ мафкураси тарафдорлари нохолис ёндашадилар. Шўро даврининг баъзи манбаларида расадхона гуё диний уламонинг фитнаси билан буздирилган дейилса, бошқа манбаларда расадхона ўз-ўзидан қаровсиз қолдирилганлиги туфайли бузилган дейилади.
Расадхонанинг Ҳожа Аҳрор бошчилигидаги диний уламо фитнаси билан буздирилмаганлиги, у Улуғбекнинг ўлимидан кейин ҳам бир неча йиллар ишлаб турганлиги, кейинчалик қаровсиз қолдирилгани учун эмас, балки махсус буздирилганлиги бугун тарихий манбалардан маълум бўлаяпти.
Шайбонийхонлар ҳокимият тепасига келганидан сўнг темурийларни Туронзамин сарҳадларидан қувиб чиқарадилар. Манбаларда XVI асрга келиб, Шаҳрисабздаги Оқсарой ва Мирзо Улуғбек расадхонаси шайбонийлардан бўлган Абдуллахон II томонидан буздирилгани айтилади.
Расадхона ўз-ўзидан қаровсиз қолиб асрлар давомида нураб, бузилиб кетган, деб совет тарихчилари фикрига қўшиладиган бўлсак, Абдураззоқ Самарқандийнинг расадхона ҳақида берган қуйидаги маълумотларини инкор этишимизга тўғри келади: "Самарқанднинг шимолида, шарқ томонга мойилроқ ерда мос бир жойни тайин қилди ҳамда шуҳратли ҳакимларнинг ихтиёри бўйича у ишни бошлашга мувофиқ бир толе муқаррар қилинди. Расадхонанинг биноси давлат асосидек пойдевор, пойдевори эса салтанат (асосидек) устувор қилиб мустаҳкамланди. Иморатни тиклаш ва устини кўтариш (оятдаги) "албатта ўша (қиёмат) куни тоғлар сайр қилади" дейилган кунгача барқарор (турувчи) тоғлар сингари йиқилишу нурашлардан омон тарзда бажарилди".
Модомики, расадхона қиёматгача нурамайдиган, бузилмайдиган қилиб қурилган экан, демак расадхона махсус буздирилган. Акс ҳолда, ҳеч бўлмаганда бу муҳташам бино қоя-тошлар каби кўриниб туриши керак эди. Хўш, бу бино диний уламонинг фатвоси билан буздирилмаган бўлса, ким уни буздиришга журъат қила олади? Ахир бу ерда шаҳаншоҳ мақомига яқин амир Улуғбек юлдузлар илми билан шуғулланган. Ваҳоланки, ўша даврда хон фармон бермас ва хоҳиш билдирмас экан, ҳеч ким бундай ҳашаматли бинони буздиришга журъат қилолмасди. Демак, бу бузғунчилик ғояси Мўғул хонлиги, Туронзамин шаҳаншоҳлигига бориб тақалади.
Шуни холисона айтиш керакки, ер юзида ҳеч қандай ғоя йўқ, у ягона бўлмаса. Бир-бирини инкор қиладиган ғоялар ҳам бир-бирисиз яшай олмайди. Фақатгина айрим салтанат чайқовчиси бўлган манфаатпараст сиёсатчиларгина бир ғояни иккинчисига душман қилиб қўяди. Аслида ғоя ягона.
Икромиддин СИРОЖИДДИНОВ, Улуғбек расадхонаси илмий ходими