loader

Ҳибс қоғози ёхуд Сталин ва Шолоховнинг «улфатчилиги» хусусида

Бир қатор вақтли нашрларда Михаил Шолоховни қатағон қилиш билан боғлиқ воқеалар тафсилоти турлича талқин қилинади. «Литературний Киргизстан» журнали таҳририяти Шолохов билан кўп бора учрашган, суҳбатлашган ёзувчи ва адабиётшунос Михаил Шкериндан мазкур воқеалар ҳақида асл ҳақиқатни ҳикоя қилиб беришни сўради.

 

«Мен Михаил Шкериннинг хотира очеркларида ёзилган барча воқеаларни Михаил Шолоховдан эшитганлигига тўлиқ кафилман. Бу Михаил Шолоховнинг ўз ҳикоялари вариантларидан бирига ўхшаб кетади. Шундай экан, бу вариантни, албатта, ёритиш керак». Михаил Александрович Шолоховнинг ўз вақтидаги собиқ котиби Фёдор Шахмагоновнинг фикри ана шундай.

Ўттиз еттинчи йилнинг кузагида кечқурун Вешенский станциясидаги Шолоховлар уйида ярим ҳарбий кийинган бир киши пайдо бўлди. У ўттиз ёшлар чамаси, ўрта бўйли, елкалари кенг, алп қоматли эди. Салом-аликдан сўнг у Ростов области партия комитетидан хизмат сафарига келганлиги ҳақидаги гувоҳномасини кўрсатди. ТарҚибот ва ташвиқот бўлими инструктори Вешенскийга «махсус топшириқ билан» келган эди.

— Михаил Александрович, дабдурустдан келганим учун кечиринг, — деди у узр оҳангда. — Колхозчилар уйида жой йўқ экан. Сизларникида тунашга рухсат берсангиз.

Бу биринчи тасодиф эмас. Ўша пайтда Вешенскийда меҳмонхона йўқ эди, бу ерга иш билан ташриф буюрган обком ходимлари Шолоховникига жой сўраб кўп келишган. У обком пленуми аъзоси, шу туфайли ҳеч бир илтимосни рад этмасди. Оиласи катта — ўзи билан беш киши яшар, аммо уйи тўрт хонали, шу туфайли бир кечалик бошпана учун қийналмаса ҳам бўлади.

Бироқ бу яғриндор баҳодир иккинчи ва ҳатто, учинчи оқшом ҳам шу ерда тунади. Шолохов колхозчилар уйига сим қоқиб, бўш жой бор-йўқлигини сўради. Жавоб уни ўйлантириб қўйди. Маълум бўлишича, жой бор экан. «Уч кун бурун аҳвол қандай эди?» Уч кун бурун ҳам бўш жой борлиги маълум бўлди.

Мана сизга ҳангома!

Текшириб кўришга аҳд қилди. Эртаси тонгда кузовида қайиғи бор юк машинаси уйига келишини сўради. Хотини Мария Петровнага деди: «Тонгда балиқ овига кетаман, хўрак тайёрла». Шу оқшом ёмон ухлади, тонг отмасданоқ турди. Соч-соқолини олди, ювинди. Ошхонага чиқса, у ерда инструктор ўтирибди — кийинган, тайёр.

— Ҳа, оч наҳордан сизга йўл бўлсин? — сўради Михаил Александрович.

— Сиз-чи, сиз қаёққа? — саволга-савол билан жавоб берди у.

Ишнинг чуви чиқди.

— Балиқ овига бораяпман, — жавоб қилди Шолохов. — Ҳозир қайиқ ортган юк машинаси келади. Сизга йўл бўлсин эрта тонгданоқ?

— Мен ҳам сиз билан, — меҳмон бу гапни одатдагидек илтимос қилиб эмас, қатъий ва жиддий оҳангда айтди.

— Жин урсин, тушунтиринг-чи ўзи, нима гап?! — Михаил Александровичнинг бирдан жаҳли чиқиб кетди.

— Йўл-йўлакай тушунтираман, — ваъда берди обком ходими нохуш қиёфада.

Йўлга тушишди. Шолохов ҳайдовчи билан бақамти кабинада, унинг йўлдоши — қайиқ билан ёнма-ён кузовда. Станицадан икки километр юрилгач, кабина тақиллади. Машина тўхтади. Обком ходими кузовдан сакраб тушди. Шолохов кабинадан чиқди. Йўл ёқалаб кетишди. Шунда вилоят партия комитетидан хизмат сафарига келганлиги ҳақида гувоҳномаси бор киши гапира бошлади:

— Мен НКВД ходимиман. Мана, менинг гувоҳномам. Мана буниси эса, ёзувчи Шолоховни ҳибсга олиш ордери. Ўқиб кўринг.

Ҳаммаси ойдинлашди. Михаил Александрович ҳар иккала ҳужжат билан танишди. Кечаги шубҳа-гумонлари тасдиқланди.

— Нимаям қилардик, — деди у, — буйруқни бажаринг.

НКВД ходими бир қўлида — қизил китобча, бир қўлида — ҳаворанг варақа билан бир дақиқа жимиб қолди. Нигоҳи қаергадир юқорига қадалган. Шалвираган бир алпозда китобчани кители чўнтагига солди. Ордерга бир кўз югуртириб, уни тўрт қатлади, майдалаб йиртиб, сочиб юборди. БўҚиқ оҳангда деди:

— Ўзингизни қутқаринг Михаил Александрович. Сизга бошқа имконият бўлмайди.

Шолохов ҳаяжонда эди.

— Қаёққа ҳам борардим? Мамлакатнинг хоҳлаган бурчагидан топиб олишади.

— Фақат Москвага, Сталиннинг ҳузурига. Фақат тезроқ.

— Сизнинг аҳволингиз нима кечади?

— Қадимги рус маталларида айтилганидек: «Худо йўллаган ёққа». Хизмат сафарим муддати эртага тугайди. Эртадан сўнг мени излай бошлашади. Нима бўлса, бўлар. Шолохов мамлакатда ягона, менга ўхшаганлар эса жуда кўп, — у қўлини чўзди. — Хайр Михаил Александрович. Эсон-омон етиб олинг.

Бир-бирининг қўлини сиқиб ажралишди, НКВД ходими тупроқ йўл бўйлаб чўлга кетди, Шолохов юк машинаси олдига қайтиб келди ва «Аэродромга ҳайда», — деб буюрди шофёрга.

Вешенскийдан Миллеровогача бир юз олтмиш километр, агар тўғри чиқса — юз километрдан ортиқ эмас. Почта самолёти — елканли «ўрдакча» чамаси бир соатлар учади. Аммо йўловчи олмайди. Фақат почта ва енгил посилкаларни ташийди. Шундай тасодифлар бўлганки, шошилинч иш чиққан пайтларда Шолохов аэродром бошлиқларидан илтимос қилар, уни — «кичик габаритли» пассажирни почта қутилари ўрнига олишарди. Бу сафар ҳам илтимосни рад этишмади.

Унинг ёнида пули бор эди. Кечаги шубҳа-гумонлардан боши қотган ва ташвишга тушган адиб балиқ овига тайёрлана туриб «ҳар эҳтимолга қарши» уйдаги бор жамҚармани ёнига солиб олганди. Кета туриб юк машинаси шофёрига тайинлади:

— Мария Ивановнага мени Москвага кетганмиш, деб айт. Шошилинч иш чиқиб қолди.

Ўша пайтда Миллероводан Москвага авиация қатнамасди. У эрта тонгдан кечга довур поездда борди. Вокзалдан такси билан «Москва» меҳмонхонасига жўнади. Староконюшеннийдаги ўзининг квартирасига боришга юраги дов бермади. Ҳибсга олиш ҳақидаги ордерга Ежов имзо чеккан, ҳойнаҳой, квартира ҳам назорат остига олинган бўлиши керак.

Меҳмонхона директори яхши таниш эди, шу туфайли ундан илтимос қилди:

— Меҳмонхона маъмурасига айт, ҳозирча ҳужжатларимни расмийлаштирмай турсин. Йўқса, ҳар галгидек мухлислар бостириб келишади. Менинг дунё-дунё шошилинч ишларим бор, бошқа нарсага чалғимаслигим керак.

Директор уни тушунган каби кулди ва деди:

— Шолохов Москвадалигини бирор кимса билмайди, бемалол ишлайверинг, — деб ишонтирди.

Эрталаб Поскребишевга сим қоқиб, унинг келганлиги ҳақида Сталинга хабар беришини илтимос қилди. У рози бўлди ва сўради:

— Сен Староконюшеннийдамисан ёки «Москва» меҳмонхонасида?

Шолохов бу саволни кутган эди, шу боис тутилмасдан жавоб қайтарди:

— Мен бир ошнамникидаман, Староконюшеннийга бормадим, ўзиям чанг-тўзонга тўлиб кетгандир-ов?

Поскребишев кулди:

— Мухлислардан қочиб юрибсанми? Майли, майли қочавер, келганлигинг ҳақида, албатта, айтаман. Эртага қўнғироқ қил.

Жудаям хушмуомала. Демак, ордер ҳақида ҳеч нарса билмайди, йўқса суҳбат бошқача кечарди.

Михаил Александрович хонадан чиқмади. Тушлик ва кечки овқатни телефон орқали буюрди. Келтиришди. Вақтни ўтказиш мақсадида ён дафтарчасига у-бу нарсаларни қайд қилмоққа уриниб кўрди, аммо миясига ҳеч нарса келмади.

Ежовнинг ордердаги имзосини такрор-такрор эслади. Умуман, ишона олмасди: шундай самимий, илтифотли одам Николай Иванович «Очилган қўриқ» ҳақида қандай тўлқинланиб гапирган эди ва бирданига — ҳибсга олиш ҳақида ордер! Шолохов унинг Лубянкадаги уйида бўлган, Иван Макарьевни ҳимоя қилганди. Ҳе йўқ-бе йўқ, унга ёпишдилар ва қамоққа олдилар. Фуқаролар уруши қатнашчиси, ажойиб партия ходими, Ёзувчилар уюшмаси бошқаруви котибларидан бири, қарабсизки, турмада! Ежов Шолоховни тинглаб бўлгач, «Майли, текшириб кўрамиз» деди-ю, гапни театрга буриб юборди. Шолохов ўтиниб сўрай бошлади:

— Ўртоқ нарком, илтимос, буйруқ беринг, Макарьевни озод қилсинлар.

Ежов самимий кулги билан уни тўхтатиб қўйди:

— Бу қанақа такаллуф бўлди, Михаил Александрович. «Ўртоқ нарком!» эмиш. Мен қандай муомала қилаётган бўлсам, сиз ҳам исм-фамилиямни атаб мурожаат қилинг. Макарьевнинг ишини бўлса кўриб чиқамиз, ваҳима қилаверманг.

«Мана, ҳал қилишди! Макарьевни-ку қўйиб юборишмади, энди эса менинг номимга ҳам ордер!» У эшик ва дераза оралиғида у ёқдан бу ёққа бориб келар, ёзувчилар билан бўлган учрашув лаҳзаларини титраб-қақшаб эсларди. Эҳтимол, бирор нарсани мавридсиз айтиб юборгандирман? Йўқ-йўқ, ҳеч нарса бўлган эмас!

Кечаси билан қийналиб чиққан Шолохов эрталаб Поскребишевга яна қўнғироқ қилди. У хушмуомала оҳангда жавоб қайтарди:

— Айтдим. Ўртоқ Сталин «кутиб турсин» деди, хафа бўлаверма, қабул қилади. Эртага боғлан.

Эртасига кечаги воқеа яна такрорланди. Беш кунки, қаторасига шу аҳвол. Қўлида ордер билан эшикни тақиллатиб остонада пайдо бўладиган одамни кутишга асаблари бардош беролмай, тинка-мадори қуриган Шолохов кечқурун меҳмонхона ресторанига сим қоқиб, бир шиша коньяк олиб келишларини илтимос қилди. Келтиришди.

Бу оқшом жудаям, жудаям узун кечди.

Тонг отар чоғи навбатчини чақириб, яна бир шиша ароқ топиб келтиришини сўради. Ресторан соат ўн бирда очилади, буфет эса — тўққизда. Аммо навбатчи топиб келтирди. Бу ердагилар бундай тасодифларга кўникиб, мослашиб кетишган.

Энди узундан-узоқ кун бошланди.

Калласида минг бир ўй. Уни нима кутаяпти? Бруно Ясенский, Борис Пильняк ва бошқа яна кўпларни олиб кетишганини эшитган. Энди унга ҳам навбат келиб турибди. Аммо Сталин-чи! Наҳотки ёрдам бермаса? Ахир у билан ҳар хил қабуллар чоғи неча бор учрашган! Шохоловнинг олдига ўзи келиб қўл бериб сўрашган, яхши гаплар айтган. Наҳотки ёрдам бермаса?

Икки йил бурунги сўнгги учрашув ёдига тушди. Ростов области партия комитети бюроси уруғлик ва озиқ-овқат ссудалари билан Сталиннинг ҳузурига боришни илтимос қилди. Дон тайёрлаш режасини бажариш учун колхоз омборидаги барча ғаллани топширишган. Экиш мавсуми яқинлашяпти, уруғлик эса йўқ. Ҳатто, ейишга ҳам.

Обкомда тайёрланган папка ва биринчи секретарнинг Сталин номига ёзган хати билан Москвага келди ва Поскребишевга қўнғироқ қилди, у «хўжайин»га хабар берди. Михаил Александрович қабул қилинди. Сталин ёзувчини очиқ чеҳра билан қарши олди, аммо қандай мақсадда келганлигини билгач, турқи ўзгарди.

— Ўзингизга номақбул ишга қўл урибсиз, ёзувчи Шолохов, — деди у қатъий. Хатни ўқиб кўрди, папкадаги ҳужжатларни бирма-бир варақлади. — Режадан сўнг колхозда на уруғлик, на озиқ-овқат қолди, деб ёзишибди. Колхозчиларда эса ҳали товуқ бор!

— Ахир ўртоқ Сталин, экишга ҳеч вақо йўқ! — журъатсиз эътироз билдирди Шолохов. — Колхоз омборлари бўм-бўш.

Сталин папкани ўзи томон тортди, обкомнинг хатига резолюция ёзди, числосини қўйди.

— Фақат ёзувчи Шолоховга ҳурматим туфайли. Огоҳлантириб қўяман: бундан кейин ўзга ишларга аралашманг. Сизга соғлиқ ва ижодий кайфият тилайман! — Сталин столнинг у томонидан қўлини чўзди. Юзлари тошқотган эди.

Хўш, ёрдам берадими, йўқми? Соатига қаради. Кўз олдини туман қоплаган, рақамлар сакрарди. Наҳотки кечқурунги саккиз бўлса? Поскребишев ҳозир ўз ўрнида бўлиши керак. Қўлини телефонга чўзди ва бирдан тортиб олди. Мумкин эмас. Мастман. Айнан шу пайтда телефон қаттиқ ва узундан-узоқ жиринглаб қолди. Меҳмонхона директори бўлиши керак. Шолоховнинг бу ердалигини ундан бошқа ҳеч ким билмайди. Трубкани кўтарди: «Эшитаман».

— Нега қўнғироқ қилмай қўйдинг? — Салом-аликсиз сўроққа тутди Поскребишев. — Ўртоқ Сталин кутяпти. Сенга машина кетган.

— Ҳозирми? — қўрқиброқ сўради Шолохов. — Машина қаёққа жўнатилган?

— Қаёққа бўларди, сенга, «Москва» меҳмонхонасига.

— Менинг бу ердалигимни қандай билдинг?

Поскребишев кулди:

— Хизматчилик, азизим, хизматчилик. — Ва бирдан бошқа оҳангда деди: — машина айтилган вақтда ҳузурингга боради. Кутаман.

— Александр Николаевич, — ялинишга тушди Шолохов, — мен ҳозир боролмайман. Шу кунларда ниҳоятда асабийлашдим ва тунда ичдим. Ахир, охирги марта қачон ичганлигимни ҳам эслай олмайман. Ҳозир эса асаблар... Ҳазилми ахир, олтинчи кун!

— Ўртоқ Сталин кутяпти, — қатъий такрорлади Поскребишев ва трубкани қўйиб қўйди.

Нима қилиш керак? Бормасинми? Унда ордер нима бўлади. Мумкин эмас, бормаслик мумкин эмас! Бу аҳволда бориб ҳам бўлмайди. Сталиннинг олдига маст ҳолда бориш — ақлдан озишдай гап! Эшик тақиллаши бу телбанамо ўйларга барҳам берди.

Беш минутдан кейин уни ҳаяжонланган Поскребишев қарши олди. Койиниб, тирсагидан ушлади-да, уни ваннали хонага судради. Шолоховнинг бошини тизиллаб оқаётган муздай сувга тиқди. Икки-уч минут шу аҳволда ушлаб турди. Сўнгра унинг қўлига тароқ тутқазиб:

— Сочларингни тара, ана ойна, — деди.

У таранди, гимнастёркасини, мўйловни тўғрилади ва деди: — Тайёрман!

Поскребишев уни Сталин кабинети эшиги томон итараркан: «Омад ёр бўлсин» деб қўйди.

Остонадан ўтибоқ Михаил Александрович донг қотиб тўхтаб қолди. Сталиннинг ёзув столига кўндаланг қўйилган узун стол атрофида Сиёсий бюро аъзолари ўтиришарди.

— Ўтиринг, ўртоқ Шолохов. Бу кўп давом этади. Шолохов ўтирди. Сталин Сиёсий бюро аъзоларига тушунтирди: — Ёзувчи Шолоховни ҳибсга олиш ҳақида ордер берилган. Айблов хулосасини эшитамиз. Қани ўқинг, ўртоқ Ежов.

Дастлабки сўзлароқ Шолоховни таажжубга солди. У контрреволюцион ҳаракатлари учун айбланарди. Ҳатто фактлар ҳам эътироз қилиб бўлмайдигандек эди гўё. Шу число, шу ой, шу йил, фалон соат, фалон минутда Шолоховнинг Вешенский станицасидаги уйига фалон колхоз раиси — исми, фамилияси, отасининг исми — келди. Уйида шунча вақт бўлди. Бир кундан сўнг номи зикр этилган колхозда икки ғарам пичан ёниб кетди, моллар қишда емишсиз қолди. Шу число, шу ой, шу йил, фалон соат, фалон минутда, Шолоховнинг уйига шунга ўхшаш МТП директори — исми, фамилияси, отасининг исми, — қадам ранжида қилди, шунча муддат уйда бўлди, икки кундан кейин ушбу МТП хизмат кўрсатадиган колхоз далаларида учта комбайн ва олтита трактор ишдан чиқди. Қолганлари ҳам ана шундай руҳда эди.

Михаил Александрович тинглади, эслаб кўрди. Дарҳақиқат, номи тилга олинган одамлар ҳар қайсиси ўз илтимоси билан уникида бўлишган. Кимдир райкомдан, ўзини ҳимоя қилишни сўраган, кимдир прокурорнинг Қайриқонуний ишларидан шикоят қилган. МТП директорини ҳам эслайди. У трактор ва комбайнлар учун эҳтиёт қисмлар олишда ёрдамлашишни илтимос қилган.

Коллективлаштириш ҳақидаги машҳур роман автори ҳузурига нафақат яқин-атрофдаги колхоз ва МТПлардан — мамлакатнинг барча бурчакларидан одамлар келишарди. Маҳаллий раҳбарлардан адолат кутишдан умидсизланганлар болаларча ишонч билан Шолоховга мурожаат қилишарди. — У ёрдам беради, бизни тинглайди, керакли жойга ва зарур кишига қўнғироқ қилади. Ва муродимиз ҳосил бўлади, деб ўйлашарди.

Шолохов келувчиларга ўзининг ҳокимият эмаслигини тушунтирар, аммо ҳар доим ёрдам беришга уринарди — баъзан бунинг уддасидан чиқарди ҳам. Бесим телеграф муваффақиятлари уни бу ерда ҳам, у ёқда ҳам машҳур қилиб юборди, натижада илтимос қилувчилар тўдаси кўпая бошлади.

Мана оқибат: «контрреволюция!» Қани энди колхоз раисига пичан Қарамларини ёқиш, МТП директорига эса комбайн ва тракторларни ишдан чиқариш ҳақида шипшитиб қўймаганлигингни исботлаб ҳам кўрчи?!

Шолохов ана шулар ҳақида ўйлар, Ежов эса ўқишда давом этарди. Машҳур адабиётчиларнинг ҳам фамилиялари тилга олиндики, улар Шолоховнинг Сиёсий бюро аъзолари ҳақида, ҳатто ўртоқ Сталин тўғрисида ҳам беандиша сўзлар айтганлигини ўз қулоқлари билан эшитишган эмиш. Тағин ҳаммаси тўла-тўкис: қаерда, қачон, қандай шароитда, кимларнинг гувоҳлигида.

Узун стол атрофида ўтирганлар қимир этишмайди. Ҳаммасининг нигоҳи ерда.

Ва ниҳоят, маъруза тугади. Ежов қора папкасини ёпди, ўтирди ва графиндан сув қуйиб ичди. Сталин бироз паузадан кейин сўради:

— Сиёсий бюро аъзоларининг фикри қандай?

Ҳамма жим. Сталин бир дақича кутди, ўрнидан туриб эшик томон юрди. Келяпти-ю, Шолоховга тикилади. Шолохов ўрнидан қўзғалди, ҳарбийчасига қотиб турди. Сталин унинг кўзларига тикилганича тобора яқинлашмоқда. Шолохов ҳам кўзларини олиб қочмади. Ёнма-ён бўлишгач, Сталин бир лаҳза тўхтади ва яна юрди. Шолохов ўгирилиб унга қаради. Эшикка етишга сал қолганда Сталин орқага қайтди. Юмшоқ гиламда унинг қадам товушлари эшитилмас, фақат формали кийим-боши шитирларди.

У ўз столи ёнига қайтиб келди ва яна сўради:

— Қани, Сиёсий бюро аъзоларининг фикри қандай?

Тағин чурқ этган овоз бўлмади.

Сталин трубкага тамаки тиқа бошлади. Тамакини жойлаштириб бўлгач, чекди ва учинчи бор сўради. Яна сукунат. Сталин узундан-узоқ сукунатни кутиб турди ва қатъий оҳангда деди:

— Саводсизларча ёзилган ҳужжат! Бу ярамас иншони ахлатга чиқариб ташланг ўртоқ Ежов.

Ва бирданига кучли товушлар тўлқини пайдо бўлди:

— Тўппа-тўғри.

— Росаям тўқишибди.

— Мамлакатнинг энг яхши ёзувчиси бўлса-ю — яна ҳибсгами?

1942 йил 21 майда «Правда»нинг ҳарбий мухбири Шолохов Туғилган кунини нишонлаш мақсадида фронтдан Москвага келди. Таклиф қилинган бир гуруҳ офицерлар ҳам у билан бирга эдилар. «Националь» меҳмонхонасига тўпланишди.

Одамлар эрталаб ўқ ёмғири остида окопларда эди. Кечқурун ҳазил-мутойиба билан серҳашам дастурхон атрофида ўтиришарди. Шолохов худди окоплардагидек «норкомчасига» юз граммлик кружкаларга эмас, товланаётган биллур рюмкада ароқ қуйди.

— Дўстлар, — паст овозда бошлади Шолохов, — мен бу бир кунлик отпускани сизлар учун тасодиф туфайлигина олишга эришдим.

Эшикнинг қаттиқ тақиллаши унинг нутқини бўлди ва рухсат кутиб турмасдан хонага навбатчи администратор кирди:

— Сизни телефонга чақиришаяпти, Михаил Александрович. Мудофаа халқ комитетидан.

Шундай дақиқаларда шу керакмиди! Шолохов навбатчини койиб берди: кимки уни сўрайдиган бўлса, эртага қўнғироқ қилсин. Фақат ҳарбий линиядан ташқари.

— Сўранг, ким. Телефон номерини ёзиб қўйинг, ўзим сим қоқаман.

Администратор кетди. Михаил Александрович нутқини давом эттирди. Туғилган кун-қуролдош дўстларнинг маданий шароитда учрашувлари учун энг яхши баҳона. У ана шундай қутловдан хурсанд.

Администратор хонага тақиллатмасдан чопиб кирди ва бидирлаб кетди:

— Телефонда ўртоқ Сталин!

Тўғри, Шолохов Сталинга қўнғироқ қилган, фақат Поскребишев орқали. Аммо Сталиннинг Шолоховга сим қоқиши — ҳеч қачон бўлган эмас. Бу мутлақо ишониб бўлмайдиган ҳол.

Зина бўйлаб навбатчи хонасига югуриб тушди. Трубкани олди-ю, ҳарбийчасига ахборот берди:

— Салом, полковник Шолохов. Маршал Сталин гапираяпти. Нима бу, азизим, шодиёнангизга мени таклиф қилмадингизми? Лейтенант ва капитанларни чақирасиз. Олий бош қўмондонни назар-писанд қилмайсиз-а? Яхши эмас, ўртоқ полковник, яхши эмас.

— Шундай, ўртоқ Бош қўмондон — Шолохов Сталиннинг ҳазиллашаётганлигини тушунди, — полковник Шолоховнинг чақиришга ҳадди...

— Сиз мени таклиф қилмасангиз, унда мен сизни таклиф қиламан. Туғилган кунингизни менинг дала ҳовлимда нишонлаймиз. Машина жўнатилган.

— Мен хурсандман, жудаям бахтиёрман, — ҳаяжонланганча ғулдуради Шолохов, — фақат қандай бўларкан... Дастурхон атрофида меҳмонларим бор...

Сталин жарангсиз, бўҚиқ кулди.

— Менга тўнкаринг. Олий қўмондон таклиф қилаяпти, десангиз, хафа бўлишмайди, деб ўйлайман.

Шолохов хонага — меҳмонлар ҳузурига қайтганда шофёр ўша ерда эди. Йигирма минутлардан кейин машина шаҳар ташқарисига чиқди. Қалин девор, дарвоза, унинг устида хира лампочка. Атроф — ўрмон, жонзот йўқ. Дарвоза очилиб, машина кирди, хиёбон бўйлаб анча юргач, икки қаватли уй подъезди олдида тўхтади. Шолоховни даҳлиздан озғин кекса аёл қарши олди.

— Ечиниб бу ёққа ўтинг, — деди у боши билан ёпиқ эшикка имо қилиб.

Шолохов Бош қўмондон қароргоҳида уни ҳарбий кишилар қарши олишини кутганди. Ахир соқчилар ҳам бўлиши керакку. Бу ерда эса шу озҚин кампирдан бошқа — дарвозада ҳам, подъездда ҳам, даҳлизда ҳам ҳеч ким йўқ. Наҳотки, унинг феъл-атвори шунчалик оддий?

Катта ойна қаршисида кители ёқасини тўғрилади, мўйловини силаб, эшик томон юрди. Эшик оғир бўлишига қарамасдан бешовқин ва оҳиста очилди. Катта хонадаги икки кишига мўлжалланган доира стол атрофида, олдида очиқ китоб билан Сталин ўтирарди. У уй кийимида — оддий очиқ жигарранг барқут костюмда эди.

Шолохов учун бу кутилмаган воқеа эди, шу боис у туш кўраяпманми, деб ўйларди. Сталинни ҳарбий эмас, граждан кийимида, тағин барқут камзулда кўришни ақлга сиҚдириб бўлмасди.

Михаил Александрович бешовқин кирди, аммо Сталин эшитди. Китобни бир ёнига суриб, ўрнидан турди, уни қарши олди. Чеҳраси очиқ, кулгига мойил эди. Қўл ушлашиб кўришди, қучоқлашишди, сўнгра уни стол олдига олиб келиб, деди:

— Ўйлайманки, икковимиз, зерикиб қолмаймиз. Яхшилаб ўтириб олинг.

Дастурхонда лимонли сомга (балиқ тури) тилимчалари, юпқа қилиб кесилиб пишлоқ қўшиб димланган колбаса, ҳозиргина келтирилган помидор, бодринг, кўк пиёз, шивит, яна қанақадир кўкат. Сталин сўради:

— Нима ичамиз?

Шолохов шу оҳангда жавоб қайтарди.

— Ароқ, ўртоқ Сталин.

— Қўйинг-е, Михаил Александрович! Биз сиз билан бу каттакон давлатда Туғилган кунда ароқ ичадиган охирги одамлар эмасмиз. — У ўрнидан туриб девор ёнидаги буфетга борди. — Менга грузинлар бир шиша кўҳна коньякдан жўнатишибди. У похолдан тўқилган идишдаги олтинранг шишани олди.

Қайтиб келиб, рюмкаларга коньяк қуйди ва тағин гапирди:

— Мен сизни нима учун таклиф қилдим, биласизми! Сизни табриклаб қадаҳ кўтаргим келди. Уруш кетяпти. Оғир. Жудаям оғир. Ғалабадан кейин бу ҳақда ким яхшилаб ёзади. Худди «Тинчоқар Дон» каби муносиб асар! — у кўзи билан очиқ китобга ишора қилди. — Мана, қайтадан ўқиб чиқяпман. Жасур кишилар тасвирланган. Мелехов ҳам, Подтелков ҳам, бошқа кўплаб қизиллар ва оқлар ҳам бор. Суворов ва Кутузов сингарилар эса йўқ. Уруш эса, ўртоқ адиб, айнан ана шундай буюк саркардалар билангина ғалаба қозонади. Бугунги Туғилган кунингизда сизга узоқ йиллар мустаҳкам соғлик ва худди «Тинчоқар Дон» сингари ёрқин, ҳаққоний воқеаларни акс эттирган кенг қамровли янги талантли асарлар яратишингизни тилайман. Унда қаҳрамон солдатлар ҳам, генерал саркардалар ҳам, ҳозирги даҳшатли уруш қатнашчилари ҳам ўз инъикосини топсин.

Шу сўзлардан сўнг Сталин рюмкани кўтарди. Шолохов ҳам. Тўқиштирдилар. Ичишди. Сўнгра Шолохов:

— Раҳмат самимий сўзлар учун, — деди. — Юксак ишонч учун ҳам. Ўйлаб кўраман. Ҳали билмайман, қувватим етадими, йўқми.

— Етади, — ишонтирди Сталин. — Ҳозирги рус адабиётида Михаил Шолохов — энг буюк сиймо.

— Ишонтиришга журъат қилолмайман, — Шолохов бундай «авансли» юксак мақтовдан хижолат тортди. — Ҳозирча бир нарсани ваъда қилишим мумкин: ўйлаб кўраман, кенг қамровли роман учун урушдаги турфа хил одамларни кузатиб бораман, қатъий сюжет топишга уринаман.

Сталин гапни илиб кетди:

— Сизни айнан ана шундай фикрга илҳомлантирмоқчи эдим. Уруш буюк саркардалар ғалабаси билан якунланади, забардаст бадиий асарларни эса буюк адиблар ёзишади. Шулар ва бошқалар учун ҳам ичамиз!

Дастурхон бошида ярим оқшомгача ўтиришди.

Машина эшик олдида кутиб турарди. Сталин кузатишга чиқди. Қаттиқ қўл сиқишишлар билан хайрлашдилар.

Поклонний горадан «Националь» меҳмонхонаси сари борар экан, Шолохов кутилмаган учрашувни ҳаяжон ва безовталик билан эслади. Дастурхон бошидаги биринчи дақиқалариданоқ у Олий бош қўмондоннинг мақсадини тушунди: ёзувчи эркин шароитида, қарийб ўзаро тенг суҳбат жараёнида унга рўпара ўтириб тикилсин, бу уруш ва унинг саркардалари ҳақида «кенг қамровли» романни қандай ёзиш кераклигини тушуниб олсин.

Яна эслади: уруш темаси ҳақидаги суҳбат якунлангач, у ёппасига коллективлаштиришда ва қулоқ қилиш билан боғлиқ хатолар хусусида гапиргиси келди. Шолохов «Очилган қўриқ»нинг иккинчи китобини ёзишни урушдан олдин бошлаган эди, бироқ боши берк кўчага кириб қолди. Қулоқ қилинган деҳқончилик билимдони Титок Бородиннинг фожиавий тақдирини ўрганиш уни ўйлантириб қўйди. Оиласидан шунча узоқда унинг аҳволи қандай кечдийкин? Аммо Сталин билан бу ҳақда суҳбатлашишга журъат қилолмади. Жойи эмасдай туюлди... Афсус, бўлмади. Шофёр билан хайрлашар экан, сўради:

— Соқчиларсиз у қандай ўтирибди-а?

Шофёр кулди:

— Сезмадингиз шекилли? О, бу жуда катта санъат?

1951 йил ёзида Шолохов Ефим Пермитин билан бизни Вешенскийга — каклик овига таклиф қилди. Унинг янги уйида бир ҳафта яшадик. Кундуз каклик овладик, кечаси тугалланмас адабий суҳбатлар қилардик. Ўша пайтларда у ўзининг Сталин билан бўлган учрашуви ҳақида ҳикоя қилганди. Бир куни ундан сўрадим..

— Уруш ҳақидаги «кенг қамровли» роман нима бўлаяпти?

У қўлларини кўкрагига қўйганча узоқ вақт индамади. Биз Пермитин билан унинг «Хоҳлайсизларми, бир бобини ўқиб бераман» дейишини кутгандик. У оғир ва оҳиста тарзда бутунлай бошқача гапирди:

— Ўйлаб ўйимга етган эмасман. Буюк саркарда образи чиқмаяпти. Поскребишев қўнғироқ қилиб роман учун Генштабнинг архивидан ҳеч қандай ҳужжат керак эмасми, деб сўраганди. Ўтган ҳафта оғзи сўрғичланган катта бир қоп қоғоз жўнатишганди. Ҳали тартибга келтирганим йўқ. Гап ҳужжатларда ҳам эмас... Ўзимга сезиляптики, негадир ёпишмаяпти.

Оқшом Пермитин мени уйғотди — биз у билан бир хонада ётардик, секин шивирлади:

— Биласизми, у ҳозир қандай хавф остида? Уруш тугаганига олти ой бўлаяптики, ваъда қилган романидан ҳали дарак йўқ. Буюк саркарда унга ўзини ҳар тамонлама кўрсатди: уни турмадан қутқариб қолгандай бўлди, Туғилган кунини ўз дачасида нишонлади, Шолохов унинг рухсати билан мени қамоқдан чиқариб олди. Буюк саркарданинг фикрича, буларнинг барчаси учун у товон тўлаши керак. Михаил эса тўламаяпти.

Бошқа бир куни Шолоховнинг ўзи узилиб қолган суҳбатга қайтди. Гўё у яхши ухлаёлмаган, фақат шулар ҳақида ўйлаганга ўхшарди.

— Ваъда қилинган ва ёзилмайдиган роман менинг учун худди катта йўлдаги ёпиқ шлагбаумга ўхшаб туюлади. Мени «Очилган қўриқ»нинг иккинчи китоби устидаги иш безовта қиляпти, аммо уни давом эттиролмаяпман. Титок Бородин оиласининг тақдирини фақат Сталиннинг рухсати билангина ёзиш мумкин. Унинг олдига бу илтимос билан бориш учун қўлингда уруш ҳақидаги роман бўлиши керак. Ҳеч қандай чора йўқ.

Келгуси сафар мени Вешенскийда — Шолоховникида эллик тўртинчи йил бўлдим. Уникида бир ҳафта яшадим. Хопреда балиқ тутдик. Бир куни эрта тонгда у хонамга кириб, оёғимни силкилаяпти:

— Қанча ухлаш мумкин! Тур, гап бор.

Рус деҳқончилиги темаси уни жуда тўлқинлантириб юборарди.

— Мен нима учун Вешенскийга боғланиб қолдим? Бу ерда деҳқонлар билан бақамти яшайсан. Бизнинг барча кулфатларимиз деҳқончиликни тушунмаслигимиздан. Ленин буни яхши тушунганди, биз эса қадрига етмаймиз. Коллективлаштириш яхши ва зарур иш. Аммо нега энди «ёппасига» экан? Нега тўс-тўпонли равишда? Қулоқ қилиш нима учун? Деҳқончилик — буюк синоат. Уддабурон деҳқон ўз қишлоҚи канорасидаги ҳар қарич ердан қандай фойдаланишни, қаерга нима экишни яхши билади. Чорвачиликда ҳам шундай. Деҳқонга ёрдам бериш керак эди, биз эса Титок Бородин сингари энг қобилиятли, уддабурон, идрокли деҳқонлардан ерни тортиб олдик, оиласи билан, худо билади, қаерларгадир қувғин қилдик. Ва оқибат, нонсиз, гўштсиз ва сутсиз қолавердик.

Мен уни ҳайрат ва безовта бўлиб тингладим. У гапдан тўхтагач, сўрадим:

— Наҳотки, сен буларнинг ҳаммаси ҳақида «Очилган қўриқ»нинг иккинчи китобида ҳикоя қилсанг?

У ғамгин жилмайди ва чуқур хўрсиниб гапира кетди:

— Шундай қилиш керак. Меҳнаткаш Титок Бородинни оиласи билан ўз она-ерига қайтармоқ лозим. Худди у сингари деҳқончилигимиз ва чорвачилигимизнинг бошқа талантли усталарини ҳам қайтариш керак. Беш-олти йилдан сўнг, нафақат ўз мамлакатини, бутун Европани озиқ-овқат билан кўмиб ташлаган бўлишарди. Аммо, фурсатни бой бердик! Ҳозир ундай кишилар йўқ. Ҳатто ишонч ҳам йўқ. Мабодо ёзган тақдирда ҳам чиқаришмайди.

Унинг юзларида қандайдир аччиқ қисмат зоҳир эди. Узоқ ўйланиб қолди, мен кутдим.

— Яқинда «Правда» таҳририятининг илтимоси билан қўриққа бордик. Неча юз йиллардан кейин бу ерда биринчи бор ер ҳайдашмоқда. Ҳосил ниҳоятда мўл. Биз эса «ура» деймиз хор бўлиб. Ҳосилни эса нобуд қиламиз. Тешик юк машинасидан дала йўли бўйлаб кета-кетгунча ғалла тўкилган. Ғалла далада, ўрим-йиғим пайтида, Миср эҳромлари каби хирмон қилиб уюлганда ёмғир остида қолмоқда, намиқмоқда, чиримоқда, улардан бурқираб буғ кўтарилмоқда. Ана шу аҳволда неча минг тонна ғалла нобуд бўлганлигини ҳеч ким билмайди. Даҳшат, даҳшат!

Буларнинг барчасини мен очеркимда айтдим. «Правда» бош муҳаррири Поспелов титроққа тушиб қолди. Шунда мен Марказий Комитет секретари Суслов ҳузурига кирдим. У ўқиб, қатъиян ман қилди. Мана сизга асл моҳият: очилган қўриқдаги нуқсонлар ҳақидаги очеркни ёритиш мумкин бўлмаяпти-ю, коллективлаштириш давридаги Марказий Комитетнинг хатолари ҳақида роман ёзишга йўл бўлсин!

Орадан уч йил ўтгач, Шолоховнинг Москвадаги квартирасида бу суҳбат яна қайтадан такрорланди. Эллик еттинчи йилнинг сентябрида Михаил Александрович Хрушчёвнинг таклифи бўйича Ялтадан ўримга томон кетиладиган йўлнинг олтинчи километрида жойлашган дачада бўлди. У Москвага умидвор руҳда қайтиб келди. Уни бундай руҳда кўриб, биз Пермитин билан қувондик. Самарали учрашув бўлибди. Шолохов шундай деб ҳисоблади.

— Коллективлаштириш ва қулоқлаштириш ҳақида ҳам гап бўлдими? — сўрадим мен.

— Бўлди. — Михаил Александровичнинг қовоҚи осилди. — Хрушчёв қулоқлаштириш билан ёппасига коллективлаштириш даврида қовун туширишганини тўғри деб топди, аммо бу темага қайтишни арзимайди, демоқда. Унинг фикрича, колхозчилар ўзини оқлаяпти, қулоқлаштириш билан боғлиқ воқеаларни эса энди тузатиб бўлмайди. У даврдаги деҳқонлар эндиликда йўқ.

Пермитин гапга аралашди:

— Цензура ҳақида ҳам гап бўлдими?

— Бўлди, бўлганда қандоқ, — Шолохов жонланди. — Хрушчёв замонавий асарлари учун ёзувчилар энди таъқиб остига олинмайди, деб ишонтирди. Албатта, биринчи планда ижобий қаҳрамон туради, аммо камчиликлар ҳақида ҳам сукут сақлаш керак эмас. У айниқса, бюрократизмни фош этишга чақирди.

Шолохов Хрушчёв дачасида саккиз кун бўлган эди.

Бир куни эрта тонгда — хира-шира ёруҚликда улар иккови денгиз бўйига чиқишади. Жим кетишмоқда, тўлқиннинг шовқини ҳам эшитилади. Бирданига Хрушчёв:

— Хоҳлайсизми, мен сизга эртак айтиб бераман, — деб қолди. Шолохов унга ҳайрат билан тикилди. — Ҳа, ҳа, эртак — сичқонлар мушукни қандай дафн қилишгани ҳақида. Мана бу тошга ўтириб олайлик.

Ўтиришди.

— Ҳайратланаяпсизми? — сўради Хрушчёв. Ва тушунтирди.

— Сталин қандай ўлганлиги ва биз Марказий Комитет Президиуми аъзолари унинг ҳузурида қандай титроққа тушганлигимиз ҳақида. Кечқурун у соғлом ва қувноқ эди, ўз дачасига яхши кайфиятда жўнаб кетди. У ҳар доимгидек ўзи одатланган вақтда ётади, эрталаб эса хобхонадан чиқмайди. У ўта пухта одам эди. Унинг дачасида бўлган ходимлар безовталанишарди. Бир соат, икки соат ўтди. Эшик ортида тиқ этган товуш йўқ. Эшик эса ичкаридан пўлат зулфак билан ёпилган эди, негаки Сталин ўз ҳаётини ҳеч қандай қулфга ишонмасди. Эшикни очишнинг иложи йўқ эди. Тақиллатишга эса ҳеч ким журъат қиломасди. Қўрқишардики, гўё уни уйқусизлик қийнаган, тонг отиш олдидан кўзи илинган бўлиши мумкин?

Соқчилар бошлиғи Маленковга қўнғироқ қилди. У Марказий Комитет Президиуми аъзоларини зудлик билан чақирди. Хрушчёв таъкидлаганидек, барча аъёнлар, Сталиннинг дачасига йўл олишади. Улар навбат билан оёқ учида эшик олдига келишар, тирқишга қулоғини тутишарди. На товуш, на шитирлаш эшитилади. Ухлаяптими ёки унга бирор нарса бўлдими? Буни қандай аниқлаш керак? Тақиллатиш лозим эди, аммо ҳеч кимнинг ҳадди сиғмасди.

Нима қилиш керак? Президиум аъзолари мунтазам шивирлаб маслаҳатлашар, аммо бирор қарорга келишолмасди. Шу зайлда ўн саккиз соат ўтди.

Ниҳоят, хобхонада нимадир оғир гурсиллади. Сталин дивандан йиқилиб тушди, деб ўйлашди. Шу онда бир овоздан эшикни очишга келишилди. Дурадгор ва слесарь асбоб-ускуналари билан аллақачон шу ерда эдилар. Очишди. Сталин кўзлари юмуқ, осмонга қараганча диван ёнида гиламда ноқулай аҳволда ётарди. Унинг оғир нафас олаётганлиги эшитилиб турарди.

Унинг олдига биринчи бўлиб врач келди. Текшириб кўрди, у ёқ-бу ёҚини пайпаслади, томир уришини санади ва деди:

— Жуда оғир тасодиф. — Ва қўли билан: тамом, умид йўқ, дегандай қилди.

Шунда Берия гиламда ётган кишининг қошига одимлади. Барча тўпланганларга кўз югуртириб чиқди ва тантанавор овозда эълон қилди:

— Ҳукмдор йиқилди! Ўлди!

Бу қичқириқдан Сталин уйғонгандек бўлди, чап кўзини очди, Берияга бир лаҳза қараб турди, сўнгра ўзини ўраб турганларга бирма-бир нигоҳ ташлади ва яна унинг кўзи Берияга қадалди. Ҳамма кўрдики унинг нигоҳи табиий ва бамаъни эди. Энди нима бўлади? Даҳшат! Ахир Бериянинг у ҳақда айтган ярамас сўзларига ҳеч ким қарши бормади-ку!

Берия Сталиннинг олдига чўкка тушиб, ҳўнграб йиғлаб юборди.

— Ҳурматли ўртоқ Сталин, аҳмоқман, кечиринг, шафқат қилинг.

Молотов унинг ёқасидан ушлаб, четга суриб қўйди. Сталин кўзини юмди, гарчанд ҳануз нафас олаётган бўлса-да, унда бошқа тириклик аломати кўзга ташланмади.

— Хрушчёв менга мана шундай эртак айтиб берганди, — деб гапни тугатди Шолохов. — Мушук ва сичқонлар ўйини...

Шолоховни ҳибсга олиш ҳақидаги ордерни йиртиб ташлаган НКВД ходими ҳақида икки оғиз сўз. У бир неча сутка Дон яқинидаги чўлда яшириниб юрди, аммо излаб топишди, қамашди ва қаттиқ қийнашди.

Эллик саккиз ёки эллик тўққизинчи йилда Шолоховнинг Москвадаги квартирасида бир гуруҳ ёзувчилар қандайдир муносабат билан яна тўпланишдик. Ўтиришда Ефим Пермитин, Леонид Соболев, Фёдор Шахмагонов, адабий нашрлар давлат комитети директори Григорий Владикин ва менга нотаниш, ўрта ёшдаги яна бир киши бор эди.

Мен кечроқ келдим, Михаил Александрович мени нотаниш киши олдига олиб келиб, деди:

— Эслайсанми, мен сенга ёзувчи Шолоховни ҳибсга олиш ҳақидаги ордерни йиртиб ташлаган НКВД ходими ҳақида гапиргандим. Ўша одам шу. Таниш. Ҳозир министрлик парткоми секретари, менинг дилкаш дўстим Иван Семёнович Погорелов.

Танишдик, Михаил Александрович, ўз дўстига ишора қилиб:

— У ажойиб қўшиқчи, — деди. — Қўшиқ айтамизми, а? — Ва паст овозда «Ўрдаклар учишмоқда» номли севимли казакча қўшиғини бошлади.

Оғирлигини чап оёғига ташлаб, Погорелов ўрнидан турди, Шолоховни қучоқлаб, худди шу оҳангда жўр бўлди:

— Ўрдаклар учмоқда икки ғоз билан...

Мана ҳаёт қандай. Ҳатто оғир кулфат ҳам қўшиқ билан тугайди.

Рус тилидан Эсиргап БОЛИЕВ таржимаси