loader
Foto

Девор: Хитой тарихига бир назар

Қадим замонларда икки цивилизация бор эди — Миср ва Хитой.

Бири Африканинг чеккасида жойлашган, иккинчиси Осиёнинг... Ҳар иккисиям хатини белгилар билан ёзди, ҳар иккисиям тўғонлар яратди, лекин негадир, бири саҳрога айланди, иккинчиси яшнаб тураверди... Чунки бири мурдаларга эҳромлар тиклаган эди, иккинчиси миллат ҳимояси учун девор...

Ниҳоят, ҳар иккиси ҳам ўз ниятига етди — биридан эҳром ва мумиёланган жасадлар қолди, биридан авлод.

...Қадим вақтларда икки ўлка бор эди — Юнонистон ва Хитой.

Бири ўз фикрини, билимини ифодалаш ва қолдириш учун ҳарф яратди, иккинчиси эса белги. Ҳарфда товуш ифодаланарди, белгида сўз. Товуш ўз ҳолича ҳеч нарса эмасди, сўз эса — тушунча. Товушлар, оҳанглар ўзгариб борди, у билан бирга халқ ўзлигини йўқотди... Миллат ўз аждодларини таржима орқали ўқишга мажбур бўлди. Белги эса сўзни ифодалайверди, тушунча ўзгармади. Авлодлар бир-бирини яхши англади... Биринчисидан ҳарф қолди, ўзи йўқолди, иккинчисининг белгисиям, ўзиям қолди.



...Ўтган замонларда икки империя бор эди — Рим ва Хитой.

Бири бошқаларни талаш ҳисобига кун кўрди, иккинчиси ўз миллатининг аянчли қўл меҳнатига таянди... Бири ўта қиммат баҳода ипак харид қилди, иккинчиси аянчли меҳнат эвасига ипак яратди... Бирининг фуқароси ҳайбаракаллачи, томошага ўч эди, иккинчисиники эзилган, қора меҳнатдан бош кўтармасди. Бирининг динида худо кўп эди, камига бошқаларнинг ҳам илоҳларини ўзлаштирди. Иккинчисининг динида худо йўқ эди. Бошқаларнинг худоларига ҳам тоқат қилолмади. Ҳар иккисида ҳам давлат бошқарувида хизмат қилиш учун киши бадавлат бўлиши лозим эди. Бирида — аҳолининг овозини сотиб олиш, иккинчисида лавозимга ўтишда белгиланган имтиҳонларни топшира оладиган даражада билимга эга бўлиш учун.

Ниҳоят, ҳар иккиси ҳам ўзи сазовор бўлган манзилга етди — бирининг тарихнинг сўнгсиз бағрида номи қолди, иккинчисининг эса, ўзи.



...Яқин ўтмишда икки давлат бор эди — (собиқ) СССР ва Хитой.

Ҳар иккиси ҳам не-не қирғинбаротлардан сўнг тикланди. Ҳар иккисининг ҳам ғояси бир эди. Ҳар иккисиям «эси борида этагини ёпмоқчи» бўлди. Бири улгурди, бири эса йўқ.



...Қадимда икки элат бор эди — хунлар ва хитойлар.

Иккаласи қўшни эди. Бири кўчманчи эди, иккинчиси ўтроқ. Бири кўчиб-кўчиб, дунё миллатларининг шаклланишига туртки бериб, ўзи тарих саҳнасидан йўқолиб кетди. Иккинчиси ўша жойида ҳали ҳам ўтирибди.



...Қадимда икки халқ бор эди — бири турк, бири хитой.

Иккаласи ёнма-ён яшарди. Бири табиатдан ибрат олди, иккинчиси уни ўзига мослаштирди. Бири иккинчиси устидан юзлаб йиллар ҳукмронлик қилди. Ҳар иккиси ҳам ўз удумини, ўз уруғини дунёга ёймоқчи бўлди. Бироқ, бирининг девори бор эди, иккинчисиники йўқ. Бири ўз деворидан ўтолмади, иккинчисининг ўзиям, тилиям дунёга тарқалди, кўп халқларга ҳукмронлик қилди. Иккинчиси эса тилини ёймасаям, ўзи ўзидан кўпайди, тили ҳам обрў топди.



...Ўтган замонларда икки улус бор эди — бири мўғул, бири хитой.

Иккаласи неча йиллар қўшни бўлиб, уришиб, талашиб яшади. Биринчиси тартибни, ўзи яратган янги қонунларни улуғлади, иккинчиси авлодлар белгилаб кетган ахлоққа риоя қилди. Бирининг қонунини ҳукмдор яратди, иккинчисиникини донишманд. Бири иккинчисининг устидан ҳукмронлик қилди... Янги қонунлар эскирди, секин-аста барҳам топди. Ота-боболарнинг ахлоқи эса эскирмади. Бири довул каби елиб-югуриб, дунё тарихида улкан ўзгаришлар ясаб, тиниб кетди. Иккинчиси ўз йўриғида шошмай, шошилмай, бугунга қадар етиб келди.



Тарих мана шундай кечган эди...



Бу Хитой ва унинг ҳамкорлари, рақиблари, қўшнилари тарихи эди...

Минглаб йиллар давомида Хитойнинг ёнида не-не миллатлар, элатлар, давлатлар шаклланди, кучга тўлди ва дунёга ёйилди, оламга эгалик қилди. Хитойликлар эса ҳеч нарса бўлмагандай, жойидан жилмади. Бу халқ минглаб йиллар бурун ота-боболари бошлаган йўлни ҳануз тарк этгани йўқ.

Асрлар қаъридан буён бир жойда яшаб, шунча қирғинбаротдан омон қолиб, қанча ғоялар таъсирида ҳам ўзгармаган, юзини йўқотмаган миллатга нима куч бағишлади экан? Сабаби не бўлди бунинг?

Миллатга шунча вақт давомида қаддини тутиб туриш учун нимадандир қувват олиши керак-ку? Ахир халқ ўзлигини таниши ва сақлаб қолиши учун даврлар синовидан ўтишга мажбур. Очлик, қийинчилик, қирғин — синов; тўкинлик, бойлик, тўқчилик ундан-да оғир синов... Ўзга элат қўл остида яшаш, тутқунликда ўзликни сақлаш — оғир. Ҳурликда, тўкин сочинликда қадриятларга содиқ қолиш яна-да оғир...

Ҳар қандай шароитда ҳам ўзликни сақлаш — миллат олдидаги мушкулот! Хитойликлар бунга қандай эришди, қандай дош берди экан?

Бунинг энг асосий омили девор бўлса керак!

Девор аслида нима? У фақат ёмон қўшнидан ҳимоями? Хитойликлар бу оламшумул ишга қўл урганда нимани хаёл қилди экан? Неча-неча авлодни пойида бой берган, юзлаб авлоднинг қони ва кўз ёши устига қурилган девор охир оқибатда шунча заҳматни оқладими? Миллатни кўзланган мақсадга етказдими?

Миллатни минглаб километрга чўзилган, ўнлаб асрлар давомида қурилиши лозим лойиҳага қўл уришга нима мажбур қилди?

Саволлар кўп. Аслида уларнинг жавоби қизиқ эмасдай... Чунки бизга бегона миллат ўтмишининг нима қизиғи бор?

Болалигимизда «хитойликлар кўчманчи қўшниларидан ҳимояланиш учун девор тиклаган», деб ўқитишган. Билсам, ҳалигача уларнинг фикру ўйини билмас, тушунмас эканмиз. Улар бу улкан қурилишга мол-мулк ҳимояси учун қўл урмаган. Ўзлари ва дунё ўртасида чегара бунёд қилган. Бошланишидаёқ улар бошқа миллатларга аралашиб кетмасликни ўйлаган. Шу ғояга миллат ривожланиб, гуллаб-яшнаган даврларда ҳам, таназзулга учраб, ўзгалар қўл остида қолганда ҳам содиқ қолган. Девор уларни ҳеч қачон босқинчилардан ҳимояламаган. Девор ташқарисида қанча қирғин ўтган бўлса, ичкарисида ҳам шундан кам бўлмаган, ҳатто ўн чандон ортиқ.

Деворнинг салбий жиҳати ҳам шу — ташқарига чиқолмаган халқ бир-бирини қираётган эди. Ўзга элатлар заҳрини душман улусларга сочган, булар кўпроқ бир-биридан ўч олди.

Девор қурилиши босқинчилар ўлдириши мумкин бўлганидан кўпроқ аҳолини «ютиб» юборди. Демак, бу қурбонлар сонини камайтириш, тинч ва осуда ҳаёт мақсадида қурилган эмас.

Унинг каромати бошқа – миллатни улоқиб кетишдан чегаралади. қайси маънодадир бирлаштирди. Бироқ, бирлашиш ҳар доим ижобий бўлавермайди. У кўплаб қирғинларга сабаб бўлди.

Ичан қалъадаги тугалланмай қолган Калта минорни, айтишларича, бир хон қурилишини бошлаб, охирига етказмай, вафот этган, кейингиси эса ўша хоннинг ишини давом эттиргиси келмаган ва минора шу — чала ҳолича ғолиб кетган.

Хитойликлар эса ўз деворини юзлаб йиллар давомида тиклаган. Бу даврда нафақат императорлар, балки, сулолаларнинг ҳам нечаси алмашди. Улар ўз бошлаган ишларини охирига етказди. Демак, девор қурилиши императорлар, сулолаларнинг инон-ихтиёрига боғлиқ бўлмаган...

Албатта, у ҳаётий зарурат эди, дейишади. Бироқ турмуш шароити инсоният тарихида ҳеч бир миллатни юзлаб йиллар давомида бир иншоотга банд бўлишга мажбур қилмаган. Қайтанга миллат-элатнинг ўзи ўша ҳаёт талабларига мослашиб қўя қолган. Шуниси осон ва ишончли. Гап ҳаётий заруратда эмас, гап миллатнинг мақсадида.

Улар девор эмас, рамз тиклаган. Элатларни бирлаштириб, унга ўзининг кимлигини уқтириб турувчи рамз. Бу девор нафақат Хитой шимолида, нафақат иқлим чегарасида, нафақат кўчманчи ва ўтроқ аҳоли ўртасида, балки миллат кўнглида тикланган эди.

Албатта, бу девор элатни ўша чегарадан чиқишига тўсқинлик қилди, бироқ бир вақтда ташқаридан келаётган ғояларга ҳам ғов бўлди. Ҳақиқий девор кўчманчиларга, миллат кўнглидаги унинг акси эса ғояларга қарши турди ва минглаб йиллар таъсирига дош берди.

У ғояни келажак авлодларга етказиш воситаси эди. Ўқиш ва уқиш лозим эди. Минглаб йиллардан буён ўзлигини йўқотмай келаётган экан, демак, хитойликлар буни тушунган.

Агар Буюк Хитой девори миллатнинг иродаси, ақл-заковати ва миллат чеккан жафоларнинг ёдгорлиги бўлса, унда Ичан қалъадаги Калтаминор бизнинг ўзибўларчилигимизга қўйилган ҳайкал бўладими? Миллат, кимнинг раҳбарлиги остида бўлишидан қатъий назар, ўзи бошлаган ишни якунига етказиши лозим, ахир!

Хитойликлар ҳозир ҳам девор таъсирида яшайди. Ташқаридан келаётган ҳар қандай сўзни ўз тилларига таржима қилиб олади. Биз тилимиз синиб, бегона оҳангларга мослашишга ҳаракат қилаётган бир вақтда, улар бошқаларнинг сўзлашув оҳангига мослашишни ўйламайди. Қонун-қоидага мос келадими, йўқми, фарқсиз, ўзларига мослаштиради.

Мамлакат шимолидаги даштлар жаҳоннинг кўплаб миллатларига бешик бўлди. Анчагина халқлар шу ерда шаклланиб, жаҳонга ёйилди. Бироқ, улар билан ёнма-ён яшаган хитойликлар ўз ўтирган жойидан силжимади.

Чунки оддий бир нарсага муносабат ҳам миллат бирлигини таъминлайди. Ахир айтишади-ку, яҳудийлар шанбани қанча улуғлаган бўлса, шанба уларнинг бирлигини сақлаб қолишда шунча хизмат қилган. Девор ва иероглиф хитойликлар учун шундай вазифани ўтади.

Йўқ, бу хитойликларни улуғлаш эмас. Шунчаки, неча замонлардан буён, бошдан не кунларни ўтказиб, куйиб, ёниб яшаётганлар тарихига бир назар солиш, холос. Ахир, миллат бир натижага эришиш учун кўп кўргуликни ўз бошидан ўтказиши шарт эмас. Буни бошқалар тажрибасидан ўрганиш мумкин.

Нима бўлишидан қатъий назар, ҳар кимнинг ўз девори бўлсин экан.



...Дунёга даъвогарлик қилаётган икки империя қолди — АҚШ ва Хитой.

Исмоил ШОМУРОДОВ