loader
Foto

Кўнгил даъвати

Бугун шонли тарихимизга назар ташлар эканмиз, ғариб ва паришон кунлар орасида кўнглимизни тоғдек кўтарадиган замонлар аксини ҳам кўрамиз. Дунё аҳлига муаллим бўлган, бугунги замонавий илм-фаннинг таъмал тошини қўйган, соф инсоний маданият таълимотини яратган улуғларимиз, юртнинг шаъну шавкатини юксалтирган жаҳонгирлар, фотиҳлар кўз ўнгимизда бир-бир намоён бўлади. Тарих қатидаги бу нурли кунлардан кўнглимизга ғурур ва ифтихор ҳислари кўчади.

Аслида қўлга киритилган бу ютуқ ва муваффақиятларнинг бир сири бор эди. Бу — аждодларимиз ғоясининг манбаи имон эди. Улар ўзига боғланганларни ботқоқликдан тортиб чиқарадиган халоскор риштани, инсон ақли ўйлаб топган ҳар қандай ...изм-пизимлардан устун бир ҳаёт низомини тўғри топган эдилар. Бу низомнинг ҳар бир жумласида инсон ҳақлари, ватан ва миллат манфаати муҳофаза қилинганди. Бу ғоя ўчирмоқчи бўлиб пуфлаганинг сайин яна-да ловуллаб ёнадиган бир олов эди. Унда миллий ва диний, руҳий ва жисмоний, моддий ва маънавий ҳаёт изчиллик билан қамраб олинганди. Мана шу дастуриламал миллатимизни тараққиёт пиллапояларидан дунё саҳнасига олиб чикди. Бугун ҳамма жойда — Осиёда, Африкада, Европа ва Америкада ана шу тараққиётнинг нишоналарини кўришимиз мумкин. Ахир бугун Ибн Сино деса ким танимайди? Ал-Хоразмий бўлмаганда инсоният яна қанча вақт санокдан адашиб юришини бугун ҳеч ким билмайди Замахшарий бўлмаганда араблар ўзларининг грамматикасини ўзлаштиролмасликларини бот-бот тан оладилар. Аммо бир аламли жойи бор: гарчи бугунги тараққиёт дарахтининг илдизлари бизнинг заминда бўлса-да, бошқа ўлкаларда мева берди. Бунга ҳеч ким айбдор эмас, ҳаммасига ўзимиз айбдормиз. Асрлар ўтиши билан асл маслакдан узоқлашиш бошланди. Кишилар бир-бирларининг ҳақларига риоя қилмай қўйдилар. Маънавий хасталик бошланди. Жоҳиллар жасур бўла бошлади. Бу эса душманларимиз учун айни муддао эди. Улар бизни ўзимиздан ҳам яхши билишарди. Куч-қудратимиз ва маънавиятимизнинг асл манбаи уларга жуда яхши маълум эди. Шунинг учун ҳам улар даставвал эътиқодимизга ҳужум қилишди. Имонимизни заифлаштириб, бизни руҳан чўктиришга бошлади. Улар бизнинг дин ва имон атрофидаги жипслигимизни парчалашни, қудратимизни заифлаштиришни, азму шижоатимизни синдиришни, асл мақсадимиздан оғдиришни, йўлдан озиб, бекорчи нарсалар билан овунишимизни хоҳладилар. Уларнинг хоҳишлари амалга ошди. Имон заифлашди. Оммавий лоҳаслик ва лоқайдлик бошланди.

Тарихни варақлаймиз... "XIX аср ўрталарида бошланган рус истилоси пайтида нафақат аҳолиси қаршилик кўрсатган шаҳар ва қишлоқлар, балки масжид ва мадрасалар ҳам тўпга тутилди. Чор ҳокимиятидан кейин тарих саҳнасига чиқиб, ер юзининг олтидан бир қисмини идора қилган большевиклар эса шу ваҳшийликни ўзларига хос изчиллик билан давом эттириб, меъморий ҳамда диний-маърифий обидаларни вайронага айлантирдилар".

"1873 йилнинг 29 май куни босқинчиларнинг ҳарбий юришлар ва қирғинбаротлар оловида тобланган кўпсонли қўшинлари хонлик пойтахти Хива қалъасига бостириб кирди, муқаддас жойларни оёқ ости қилди, асосий зарба диний ва миллий қадриятларга қаратилди".

Ўшанда Хива қалъасига 40 дан ортиқ замбаракдан масжид-мадрасаларга, мақбара ва минораларга қарата тўп отилган. Шаҳарнинг айни кунларда ҳам кишининг ақлини шошириб қўядиган даражадаги салобатли Жума масжиди тўпга тутилаётган пайтда масжид минорасида азон овози янграётган экан. Бу — кўнгилга тажовуз эди. Зеро, асл қудрат кўнгилдадир.

Нима бўлганда ҳам бизнинг миллий маслакларимиз, орзуларимиз парчаланиб кетди. Душманлар ичимиздаги ғофиллардан унумли фойдаландилар. Уларга бири-биридан хатарли имтиёзлар беришди. Замонлар келди, бу "имтиёзли"лар миллатимиз эътиқодини бутунлай йўқотиш йўлида кўп қаҳрамонликлар кўрсатишди. "Худони кўрсат, отаман!", деб осмонга ўқ узган бадбахтлар ҳам шулар эди. "Камсомол камсомолга ҳалол", деб никоҳсиз оилалар барпо қилганлар, отасига жаноза ўқиганни сазойи қилганлар ҳам шулар эди.

Отам ҳикоя қилади: "Буғдой ўрими авжига чиққан кунлар эди. Моҳи Рамазон бошланиб қолди. Саратон иссиғи ёндираман дейди. Айни кун тиккага келган пайтда узокдан раиснинг машинаси кўринди. Комбайннинг соясида гурунглашиб ўтирган йигирма чоғлик ўримчилар бирдан хушёр тортдик. Машина рўпарамизга келиб тўхтаб, раис билан яна икки нафар шляпали нусха тушди. Келганлар билан бир-бир қўл бериб куришдик.

— Ким рўза тутган? — деди шляпалардан бири қовоғини солиб.

Раиснинг ишораси билан "ҳеч ким" деб бош ирғадик биз ўримчилар. Шунда шляпанинг иккинчиси сояда турган кўзачани олди-да, .ёнида турган шофёрга узатди.

— Қани, бошла!

Шофёр ҳаммага бир-бир сув ичира бошлади. Ичимизда тўрт-беш нафар рўзадорлар бор эди. Азбаройи қўрққанидан улар ҳам ичиб юборишди.

— Энди раисга бер! — деди шляпалардан бири.

— Раис бува, узр энди, биласиз, бу партия топшириғи!

Раиснинг ранги қув учди. Раис асли илм-маърифатли кишиларнинг зурриёди эди. Биз яхши билардик, у киши ҳеч қачон рўзани тарк қилмасди. Раиснинг қўллари титраб шофёри узатган кўзачани олди. Унинг кўзларидаги ғилт-ғилт ёшни ҳаммамиз кўриб турардик. Раис кўзачадан бир қултум сув ичди-да, индамай машинага кириб ўтирди".

Не ажабки, бу "шляпалар" ҳам ўзимизники эди. Улар ўз ичимиздан мафкуравий, эътиқодий ва маданий курашлар учун танлаб олинган қуллар эди. Аммо тарих гувоҳ: эзгуликни енгиб бўлмайди! Ўша раиснинг кўз ёшлари беҳуда кетмади. Бир аср аввал Хивадаги Жума масжидида, оловлар халқасидан чиқиб кўкка ўрлаган нидо Яратган зотга етиб борди. Муҳташам тарих зарварақларида яна нурафшон кунларимиз кўрина бошлади.

Ҳа, озодлик тасодифлар маҳсули эмас. Негаки, мўйсафид тарих саҳифасининг қайси қаторида озодлик ҳақида ёзилган бўлса, албатта унинг давомида курашлар ва қурбонлар ҳақида ҳам ёзилган. Ҳуррият ҳеч кимга, ҳеч қачон, ҳеч қаерда совға қилинган эмас.

Истиқлолга эришгач, биз яна эртанги кунимиз равнақини тикланажак тарих тимсолида кўрдик. Не тонгки, бу йўлдаги саъй-ҳаракатларимиз бугун ўз самарасини беряпти. Дунё машҳурларидан бири: "Агар ғафлатда ётган халқни уйғотмоқчи бўлсанг, даставвал унинг тарихини уйғотгин", деган эди. Бутун тарих уйғонди. Унинг чанг босган саҳифаларида боболаримиз шижоати ҳам қўшилиб уйғонди. Ана шу шижоат бугун бизнинг қалбларимизга-да, билакларимизга-да кўчяпти.

Бироқ бир ҳақиқатни унутмаслигимиз керак: ҳали уруш тугагани йўқ. Бўйсундириш шоуси ҳамон давом этмоқда. Бу "катта ўйин"нинг услублари ўзгарган, холос.

Бу шундай услубки, эндиликда бировнинг ватанига қурол кўтариб бориш шарт эмас. Чингизхондек лак-лак черик тўплаш ҳам шарт эмас. Эндиги босқинчилик шинамгина хоналарда ўтириб амалга оширилмоқда. Бутун бошли миллатларни йўқ қилиш, динидан, тарихидан, маданиятидан ажратиш, беҳуда ва бекорчи нарсалар учун миллиардлаб кредитлар ажратиш ва провардида иқтисодий қарам қилиш сингари маккор ўйинлар авжига чиқмокда.

Бу шундай услубки, улар бири-биридан жозибали шиорларни ўртага ташлайдилар. Гарчи ўзлари амал қилмасалар-да инсон ҳуқуқлари ва демократия ҳақида оғиз йиртадилар. Улар авратларини бор бўйига очиб юришни демократия, эркак билан эркакнинг никохдан ўтишини инсон ҳуқуқлари дейдилар. Ана шундай чиркин қутқу билан ўзларига маҳлиё қилмоқчи бўлишади.

Буларнинг ҳаммаси том маънода инсон қалбига тажовуздир. Инсон қалбини бўйсундириш унинг ватанини бўйсундиришдир. Ўз тарихидан, динидан, маданиятидан ажралган инсондан-да хатарлироқ қурол бўлмайди. Бугунги "ўйин"ларнинг энг ташвишли жойи ҳам шунда.

Дарвоқе, биз ҳар доим мустақиллик ҳақида гапирар эканмиз, даставвал унинг яшаш тарзимизга берган имкониятлари хусусида айтамиз. Ваҳоланки, мустақиллик манфаат эмас, мустақиллик - масъулият. Озодлик яшаш учун эҳтиёжгина эмас, балки яшашнинг ўзидир. Озодликка фақат мустақил фикр ва ақлгина эҳтиёжманд бўлади. Ҳурлик заминдаги ҳамма тушунчалардан юксакда туради. Дунёдаги муқаддасликларнинг энг аввали ҳам озодликдир. Ҳеч ўйлаб кўрганмисиз, дунёда нимаики муқаддас бўлса, у ҳимояга муҳтож. Модомики, шу муқаддасликдан баҳраманд бўлишни истар эканмиз, уни ҳар ким ўз сўзи ва амали билан ҳимоя қилишга мажбурдир.

Алишер Назар