loader

Қаршидан бошланган зафарлар

Ҳозирги замон ўқувчиси тарихий шахслар ва воқеалар ҳақида чин ҳақиқатни билишга катта эҳтиёж сезади. Истиқлол шарофати билан Амир Темур ҳаёти ва фаолиятига оид нуфузли тарихий манбалар чоп этилган. Натижада ўқувчининг чин ҳақиқатни билишга бўлган эҳтиёжини қондириш имкониятлари кенгайди.

Биз қуйида шу имкониятлардан фойдаланиб, Амир Темурнинг Қаршидан бошланган улкан зафарларини илмий бадиа шаклида кўрсатишга интилдик.



Темурбек йигирма беш ёшида мўғул истилосидан халос бўлишга қаратилган халқ озодлик ҳаракатига етакчилик қилган ва Чиғатайхон авлодидан бўлган Илёсхўжахон билан унинг золим амири Бекичикни 1363-1364 йилларда Вахш дарёси бўйида ва Кеш вилоятида мағлуб этиб, катта нуфузга эришган эди. Ўши қирқларга борган маккор Амир Ҳусайн қайноғалик ҳуқуқидан фойдаланиб, Темурбекнинг ёнига иттифоқдош бўлиб суқулиб киради. Кейинчалик Темурбек унинг ғаразли мақсадларни кўзлаганини сеза бошлайди. «Амир Ҳусайн менинг ғалаба ва ютуқларимни кўролмайди, ҳасад ичини кемиради, ҳамма вақт мени мағлуб этиш пайида бўлиб, фириб бериб келарди», деб ёзади «Темур тузуклари»да.

1365 йилда Тошкент билан Чиноз оралиғида мўғуллар билан бўлган «лой жанги»да Амир Ҳусайн Темурбекка хиёнат қилиб, унинг қўшинига катта талофат келтиради. Ўзи эса ҳарбий кучларини сақлаб қолиб катта устунликка эришади ва Туроннинг бош ҳукмдори даражасига кўтарила бошлайди. (Бу ишда унга чингизий хонларнинг қариндоши Амир Мусо ёрдам беради. Амир Ҳусайн мўғул хони Тармашириннинг қизига уйланган эди. Бу қизнинг онаси Ўрдухотин Ҳусайнбекка ўз ҳукмини ўтказадиган қайноналардан эди. Шу хотиннинг маслаҳати билан дарвешнамо мўғул шаҳзодаси Қобулшоҳга хонлик лавозими берилган эди. Унинг ҳукми билан Самарқанд шаҳри Темурбек ихтиёридан олиниб, Амир Ҳусайн тасарруфига ўтказилади.

Атрофини мустамлакачи чингизийлар ўраб олган Амир Ҳусайн хийлаю найранг ишлатиб, Амир Темурга қарашли бўлган Қарши қалъасига ўзининг мўғул қариндоши Амир Мусони ҳоким қилиб қўяди, унинг ихтиёрига етти минг қўшин беради.

Амир Ҳусайн ва унинг вазиру амирлари худди мўғул истилочилари каби халқни талаб бойлик орттирар эдилар. Амир Ҳусайн Чингизхон жорий этган шафқатсиз ёсоқ қонунларига асосланиб, арзимаган гуноҳлар учун ҳам одамларни қатл эттирар эди. Солиқлар орасида божу хирождан ташқари амалдорларга алоҳида тўланадиган «шилон», «қўналға», «саворий», «моли жиҳот» каби шариатда йўқ, фақат чингизийлар жорий этган оғир солиқлар ҳам Ҳусайнбек амалдорлари томонидан шафқатсизлик билан ундириларди.

Амир Ҳусайн худди мўғул хонларига ўхшаб фақат ҳарбий кучга таяниб, зўравонлик ва талончилик сиёсатини олиб борган сари аҳоли орасида унга қарши норозилик кучайиб борар эди.

Бутун халқ золим чингизийлар истилосидан қандай қутулган бўлса, золимликда улардан қолишмаётган Амир Ҳусайн одамларидан ҳам шундай халос бўлишни истарди. Темурбек халқ орасида адолатли раҳбар бўлиб танилгани сари Амир Ҳусайндан ихлоси қайтган ва Темурбек байроғи остига йиғилиб келаётган кучлар тобора кўпайиб бормоқда эди.

Темурбек ҳар қанча сабр-бардошли бўлса ҳам, энди Чингизийлар истибдодини давом эттираётган Амир Ҳусайнга қарши ҳаёт-мамот курашига чиқмай туролмайди.

Унинг қўл остидаги мингдан ортиқ садоқатли беку навкарлар Темурбекнинг Амир Ҳусайнни бартараф қилиш ҳақидаги қарорини маъқуллайдилар. Темурбек яқин беклари билан қилган махфий машваратда энг аввал ўзи иморатини қурдирган Қарши қалъасини Амир Ҳусайндан тортиб олиш режасини тузади. Баъзи амирлар эрта тонгда қалъага хужум қилиш ва юзма-юз жанг билан уни эгаллашни таклиф қиладилар.

Бироқ Темурбек бу таклифни қабул қилмайди. Чунки Қарши қалъасида беш минг, унинг атрофида етти минг қўриқчи аскарлар бор эди.

Тонг отганда бўладиган юзма-юз олишувда ҳар икки томондан кўп талофат бўлиши ва бундай жанг фуқаролик урушини келтириб чиқариши мумкин эди.

Ҳолбуки, Амир Ҳусайн сўнгги йилларда ҳийлаю найранг билан ўз томонига оғдириб олган беку навкарларнинг кўпчилиги бир эл, бир юртнинг фарзандлари эдилар. Уларнинг орасида бир вақтлар халқ озодлик ҳаракатига қўшилиб, Темурбек қўл остида жанг қилган йигитлар кўп эди. Келажакда агар Темурбек ва унинг содиқ навкарлари адолат учун курашда ғолиб келсалар Амир Ҳусайн томонига гумроҳлик қилиб ўтиб кетган беку навкарларнинг кўпчилиги Темурбек байроғи остига қайтиб келишлари мумкин эди.

«Лой жанги»да жуда кўп одамини йўқотиб аччиқ тажриба орттирган Темурбек ҳозир унга садоқат сақлаб хизмат қилаётган сипоҳийлардан ҳеч бирини ортиқча хавф-хатарга дучор қилишни истамайди. Бутун масъулиятни ўзига олиб, оз куч ва пухта ўйланган режа билан Қарши қалъасини тунда, ёвлар ғафлат уйқусида ётганда тўсатдан бориб эгаллашнинг ажойиб бир тадбирини ўйлаб топади.

Бу пайтда Темурбек ўттиз ёшли паҳлавон йигит эди. Айни кучга тўлган, жуда кўп тарихий воқеаларни бошдан кечириб, катта тажриба орттирган саркарда эди. У ўз қўшинлари орасидан жанг кўрган довюрак ва эпчил баҳодирлардан 243 кишини танлаб олади-да, Қарши қалъасини ичидан ва ташидан қўриқлаб ётган ўн минг кишилик ёв лашкарига кечаси тўсатдан ҳужум уюштиради.

Сон жиҳатидан эллик баробар кўп лашкарга қарши қоронғу тунда ҳаёт-мамот жангига отланиш четдан қараганда ўта қалтис бир таваккалчилик бўлиб кўриниши мумкин. Аммо Темурбек учун бу бир таваккалчилик эмас, балки барча имкониятлари олдиндан пухта ўрганилган, лойиҳаси заргарона аниқлик билан тайёрланган мардона ҳарбий тадбир эди. Қарши қалъасининг ҳокими Амир Мусо тўрт тарафга ўз айғоқчиларини юбориб, Темурбекнинг қаерда юрганига, қанча одами борлигига, нима қилаётганига кўз-қулоқ бўлиб турар эди. Чунки ҳозир Қарши қалъасига Темурбекдан бошқа ҳеч ким хавф сололмас эди. Амир Мусонинг хўжайини Ҳусайнбек ҳам «фақат Темурдан эҳтиёт бўл!», деб унга қайта-қайта тайинлаган эди.

Буни яхши биладиган Темурбек, энг аввало, Амир Мусонинг хавотирини босадиган, уни хотиржам ва бепарво қиладиган илк тадбирни амалга оширади. Бу илк тадбир ҳақида «Темур тузуклари»да шундай дейилади:

«Қарши қалъасидаги бекларнинг хотирини жам қилиш учун бу ердан кўчиб, Хуросон томонга қараб йўлга тушдим. Аму дарёсидан кечиб ўтганимда Хуросон томондан Қаршига келаётган карвонга дуч келдим. Карвон бошчиси менга совғалар тақдим этди. Мен ундан Хуросон амирларининг ҳол-аҳволини суриштирдим, Хуросон вилоятига кетаётганимни изҳор этиб, кетишларига рухсат бердим.

Фақат карвонга айғоқчи қўшиб юбордим. Ва у хабар келтиргунича дарё соҳилига жойлашиб, кутдим. Айғоқчи олиб келган хабарга кўра, карвондагилар Амир Мусога шундай дейдилар: «Темурни Амударёнинг нариги ёқасида кўрдик, Хуросон тарафга кетаётган экан». Бу гап Амир Мусо ва Амир Ҳусайннинг лашкарига етгач, ҳаммаси хурсанд бўлиб ўйин-кулгу, айшу ишратга бериладилар».

Бу парчада «айғоқчи» деб аталган одам бугунги тилда «хуфя» ёки «разведкачи» деб айтилади. Темурбек ёв томонидан олинадиган ахборотга қанчалик катта аҳамият бергани бу ерда жуда аниқ кўзга ташланади. У режалаштирган қалтис тадбир аниқ маълумотлар ва имкониятларни ҳисобга олиб тузилган ва ҳар томонлама пухта ўйлаб амалга оширилган ҳарбий кашфиёт эканини воқеаларнинг кейинги ривожида ҳам кўрамиз.

Қарши қалъасини Темурбек ўзи қурдиргани учун унинг қаерида нима борлигини яхши биларди. У қўшинлари орасидан жанг кўрган баҳодир йигитларни танлаб олгач, Амударёдан уларни олиб ўтади, Қаршига етмасдан Ширкент (Бешкент яқинидаги қишлоқ) деган жойда тўхтайди. Ва бир кеча-кундуз атрофни кузатиб, ҳужумга тайёргарлик кўради. Бу тайёргарликнинг бир қисми — йўғон арқонларни бир-бирига боғлаб, баланд қалъа деворига чиқадиган кўлаки нарвонлар ясашдан иборат эди. Бу нарвоннинг зиналари ҳам пишиқ арқондан қилинади. Улар ёғоч нарвонларга нисбатан енгил. Уларни қалъа деворидаги кунгира-шинакларга отиб илинтириш осон. Улар ёғоч нарвонга ўхшаб қўпол эмас ва тақ-туқ овоз чиқармайди. Ўйланган тадбир амалга ошиши учун буларнинг ҳаммаси жуда муҳим эди!

Темурбек шу қадар эҳтиёткорлик ва аниқ ҳисоб-китоб билан амалга оширмоқчи бўлган ҳарбий тадбирда ўз одамларини кутилмаган хавф-хатардан асраб-авайлашга жуда катта эътибор беради. Бунинг аниқ далил ва исботларини «Темур тузуклари»да учратамиз:

«Қарши қалъасидан бир фарсанг (тахминан олти чақирим) масофага келиб тушдим... Шу пайт Амир Жоку тизза уриб, «Бир гуруҳ баҳодирлар орқада қолдилар, улар келгунча тўхтаб туриш зарур», деб ўтинди. Шунда хотирамга бир фикр келди. Баҳордирларим етиб келгунча қалъани ўзим кўздан кечирмоқчи бўлдим. Қирқ киши ҳамроҳлигида Қарши қалъаси томон йўл олдим. Қалъа қораси кўринган жойда баҳодирларимни тўхтатиб қўйдим ва уйимизда туғилиб ўсган Мубашшир билан Абдулло исмли йигитларни бирга олиб, ўзим кетдим. Сув билан тўлдирилган хандақ бўйига етдим. Қарасам, хандақ сув билан лиммо-лим экан. Теварак-атрофга назар солиб, хандақ тепасидан қалъага сув олиб борадиган тарновга кўзим тушди. Отимни Мубашширга қолдириб, ўша тарнов орқали сув кечиб, хандақ устидан ўтдим ва қалъа деворига яқинлашдим. Дарвоза олдига бориб, эшик қоқдим. Дарвозабонлар ухлаётган экан, ичкаридан садо чиқмади. Қалъа деворини кўздан кечириб, нарвон қўйиб, арқон зиналар билан чиқса бўладиган жойни топдим. Сўнг орқага қайтдим ва отланиб баҳодирларим олдига бордим».

Темурбек қай даражада довюрак ва мард йигит бўлганлиги мана шу лавҳада бўртиб кўринади. Унинг мардлиги — бутун масъулиятни ўзига олиб, барча хавф-хатарга аввало ўзи юзма-юз бўлганида кўзга ташланади. Агар қўрғон дарвозахонаси ичида қўриқчилар уйғоқ бўлганда Темурбек эшик тақиллатган заҳоти ёпирилиб чиқишлари ва уни тутиб олишлари ёки ўқ ёғдириб тирик қўймасликлари мумкин эди. Дарвоза қаршисидаги сув тўлдирилган чоҳдан ўтиб қутулиб кетишнинг эса имкони йўқ эди. Темурбек шуни била туриб дарвозани тақиллатиб кўради. Ички бир овоз унга «ҳеч ким йўқ, қўрқма!» дегандай далда беради. Чиндан ҳам қалъа ичидагилар кайф-сафодан кейин қаттиқ уйқуга кетган бўладилар. Дарвозагача бориб, вазиятни шахсан ўзи аниқлаган Темурбек энди қатъият билан қалъага ҳужум уюштиради. 200 йигит Темурбек синаб кўрган тарнов орқали сув тўлдирилган чоҳдан ўтади ва қалъа девори бўйлаб секин илгари юради.

Саркарда белгилаб қўйган жойда арқондан тўқилган нарвонларнинг учини юқорига отиб, қалъа кунгираларига илинтирадилар.

Эр йигитлардан қирқ киши ана шу нарвонлар билан қалъа девори устига чиқадилар. Бу ишлар ҳаммаси овоз чиқармасдан ими-жимида қилинади. Қалъа девори устидан юриб бориб, Темурбек тақиллатиб кўрган Ғузор дарвозахонасига юқоридан тушадилар.

Дарвозахонада ухлаб ётган қўриқчилар энди уйғониб кетади ва шовқин кўтариб, қурол ишлатмоқчи бўлади. Шунда Темурбекнинг қирқ йигити уларни уриб йиқитиб, қўл-оёқларини боғлайдилар.

Темурбек қолган 160 йигити билан дарвоза ташқарисида унинг очилишини кутиб туради. Дарвозага отнинг калласидай қулф осилган бўлади. Калит топилмайди. Йигитлар қулфни болта билан уриб синдириб туширадилар. Дарвоза орқасига тош ва кесакларни уйиб, очилмайдиган қилиб қўйган эканлар. Энди бир эмас, икки-уч болта билан дарвозани бузиб, қулатиб йўл очадилар. Дарвоза ташқарисида чоҳдан ўтиладиган кўприк бор экан. Арқон билан кўтариб қўйилган кўприкни чоҳ устига туширадилар. Шундан сўнг Темурбек бошлиқ барча баҳодирлар кўприкдан ва қулатилган дарвозадан ўтиб қалъага кирадилар. Темурбек беш-ўн жойда ўткир овозли бурғи ва карнай чалдиради. Қалъада маст уйқуда ётган Амир Мусо ва минглаб навкарлар чўчиб уйғонадилар. Улар Темурбекнинг момоқалдироқдай гулдураган овозини эшитадилар. Темурбек катта қўшин билан келганини айтиб, беҳуда қон тўкилмаслиги учун қаршилик кўрсатмасдан таслим бўлишни талаб қилади. Қалъадагиларни ваҳима босади. Уларнинг назарида Темурбек осмондан тушгандай туюлади. Қоронғуда ўзларининг қўрқиб қочаётган одамлари ҳам Темурбекнинг қувиб келаётган баҳодирларидек кўринади.

Қалъа бошлиғи Амир Мусо Самарқанд ва Бухоро томонга қараган дарвозалар ланг очиқ турганини, ваҳимага тушган навкарлар ўша дарвозалардан қочиб чиқиб кетаётганини кўради. Уларни қамчи ҳам, қилич ҳам орқага қайтара олмайди. Шундан кейин Амир Мусонинг ўзи ҳам уйида қолган ҳомиладор хотини Орзу Маликни ва 14 яшар ўсмир ўғли Муҳаммадни ҳимоясиз қолдириб, қалъанинг Самарқанд дарвозасидан чиқиб қочади. Қалъада саросима бўлиб, қайси дарвозадан қочиб қутулишни билмай изғиб юрган ёв навкарлари кўп эди.

Овози баланд жарчилар уларга Темурбек номидан мурожаат қилиб, таслим бўлганларнинг жони омон қолишини маълум қилади: «Биз бир эл, бир юрт одамларимиз, ораларингда Амир Ҳусайннинг ёлғон ваъдаларига ишониб алданган навкарлар кўп, бир вақтлар Темурбек хизматида бўлганлар ўз хатоларига чин дилдан иқрор бўлиб тавба қилсалар, улар адолат учун курашаётганлар сафига яна қабул қилингайлар!». Темурбекнинг ўзи ҳам от устида туриб, қалъа ичида саросима бўлиб қочаётганларни таслим бўлишга ва адолат йўлига қайтишга даъват этади.

Темурбекнинг сўзи билан иши бир эканини, унинг мардлиги ва тантилигини амалда кўп марта кўрган кўплаб йигитлар қуролларини ташлаб таслим бўладилар ва Темурбек қаршисида тиз чўкиб, агар тирик қолсалар умрбод унга содиқ қолишларини айтадилар. Шу тарзда Темурбекнинг баҳодир йигитлари сафига яна юзлаб янги навкарлар қўшилади. Тонг отиб кун ёришгандан кейин Амир Мусонинг қалъадан кочиб чиққан минглаб навкарлари юзбоши ва мингбоши амирлар тазъйиқи остида бир жойга тўпланадилар. Улар ақл-ҳушларини сал йиғиб олганларидан кейин тунда қалъага бостириб кирган Темурбек аскарлари сон жиҳатидан унча кўп эмаслигини фаҳмлайдилар. Ҳолбуки, қалъа ташқарисида турган етти минг аскар ҳали жангга кирган эмас эди. Фақат Дуррака Баҳодир деган амир ўзининг беш юздан ортиқ навкарлари билан Ғузор дарвозасидан оқ байроқ билан келиб, Темурбек томонга ихтиёрий равишда ўтиб кетган эди.

Бундай ҳодисалар такрорланишидан қўрққан Амир Мусо Малик Баҳодир деган энг яқин амири билан бор қўшинини тўплаб, қалъа атрофини ўраб олади. Улар сув тўлдирилган чоҳдан ўтишнинг иложини тополмай, анча наридан ўқ отиб кўрадилар. Аммо ўқлари қалъада ҳимояда турганларга етиб келмас эди.

Амир Мусонинг лашкари кўп бўлгани учун қалъага икки кун давомида қайта-қайта ҳужум қилиб кўради. Бу ҳужумларни қайтаришда Темурбек шахсан ўзи ҳам қўлда қилич билан жанг қилади. Шунга оид бир лавҳани Ш.Яздий «Зафарномаси»дан келтириш мумкин:

«Душман томони юз кишиким черик орқасида черик сақлагани туриб эрдилар, икки қўшин бўлиб, бири ўзини Элчи Буғо Баҳодирга урди ва бири ҳазрат соҳибқирон сари чопдилар. Ҳазрат соҳибқирон қилич тортиб, алар сари чопиб, ел кибиким, хашакни сургай, уларни ўшандоқ суриб, бир-бир мағлуб этди. Ўзгаларким, ул ҳамлани кўрдилар, алар дағи турмай қочдилар».

Ўрни келганда шуни айтиш ўринлики, дунё миқёсида шуҳрат қозонган улуғ саркардалардан фақат Александр Македонский Темурбек каби 30 ёшларида ўз қўшинининг олдинги сафида душманлари билан бевосита қилич чопиб жанг қилган экан. Унинг ўз жангчиларига кўрсатган шу қаҳрамонона ибрати ва бошқа фазилатлари учун хамсанавислар уни кўп улуғлаганлар. Хусусан, ҳазрат Алишер Навоий ўзининг «Садди Искандарий» достонида Искандарни подшо ва саркардаларнинг энг ботири деб эъзозлаганлар. Темурбек ҳозир ўша даражада жанг қиларди. Темурбек жангга кирганда унинг овозини, ҳатто номини эшитган душманларини ваҳима босарди.

Чунки ундаги афсонавий шижоат ва ғолибликнинг асл манбаи илоҳий қудратдан деб ишонадиганлар кўп эди. Ш.Яздий ҳам бу ҳақда ишонч билан ёзади:

«Инояти илоҳийни кўрингки, бир кишигаким, ани иноятидин хосе қилса, анга андоқ журъат берурким, икки юз қирқ уч киши билан ўн икки минг кишини урушиб босқай (енггай) ва икки кунда аларнинг шаҳар ва қалъасини олғай... Ва бу сўз ёлғон эрмас, анинг учунким, ул маъракада бўлғон кишилардин эшитиб ва кўрганлардин таҳқиқ қилиб битдук. Душманларнинг азимат ва шавкатлари бартараф бўлиб, ҳар бири бир сори қочдилар... Ҳазрат соҳибқирон ул қиш саодат ва иқбол билан Қаршида турди ва лутфу эҳсон била андаги улуғ, кичик, фақир, мискин раиятларга шафқат кўзи билан боқиб, зироатқа ва иморатқа саъйи қилди».

Чиндан ҳам Темурбекнинг Қаршини золим Ҳусайнбек асоратидан озод қилишдаги тенгсиз жасорати ва пухта ўйлаб амалга оширган тадбири бу қадар муваффақиятли чиққани илоҳий бир иноятдек туюлади. Қарши қалъасида қўлга тушган асирлар орасида Амир Мусонинг Муҳаммад исмли ўсмир ўғли ҳам бўлади. Баъзи амирлар уни банди қилиб гаровда сақлашни маслаҳат берадилар. Аммо Темурбек бундай ишни ўзига муносиб кўрмайди. Ўсмир Муҳаммадни қочириб юборишни буюради. «Токи у отасига барча кўрганларини айтиб берсин, Амир Мусо Темурбекка бас келолмаслигини шундан ҳам сезсин». Бу тадбир ҳам, албатта, ўз натижасини беради. Амир Мусо Темурбекдан енгилиб, ҳомийси Амир Ҳусайн ҳузурига қочиб кетади.

Яздийнинг гувоҳлик берганидек, Темурбек Қарши шаҳрида қишлаган ойларида мискин ва фақирларга эҳсонлар қилади, вайрон бўлган иморатларни қайта тиклатади, баҳор яқинлашганда экин экиш учун уруғлиги бўлмаган деҳқонларга уруғлик улашади. Бу ҳақда «Темур тузуклари»да шундай дейилади: «Менинг даргоҳимга илтижо қилиб, паноҳ истаб келган турку тожик, арабу ажам тоифаларидан бўлган... деҳқонлар ва раиятдан қайси бирининг деҳқончилик қилишга қурби етмай қолган бўлса буюрдимким, унга экин-тикин учун зарур уруғ ва асбоб тайёрлаб берилсин. Агар фуқародан кимнинг уй иморати бузилиб, тузатишга қурби етмаса, керакли ускуналар билан ёрдам кўрсатилсин».

Бу ҳаммаси Темурбекнинг чинакам халқпарвар йўлбошчи бўлганини кўрсатади ва эл-юрт орасида унинг тарафдорлари сонини кўпайтиради. Қаршидан кейин Бухоро Темурбек ихтиёрига ўтади. У ерга Темурбек ўзининг ишонган амирларидан Маҳмудшоҳ ва Али Ясавурийни ҳоким ва қалъа беги қилиб тайинлайди.

Қаршидан бошланган зафарлар йиллар давомида бутун Туронни қамраб олди. Тошкент ва Самарқанд ҳам Амир Ҳусайндан юз ўгириб, Темурбек ихтиёрига ўтди. Термиз, Қундуз вилоятларининг беку амирлари ҳам ўз навкарлари билан Амир Темур лашкарлари сафига келиб қўшилдилар. Эл-юрт назаридан қолган Амир Ҳусайн ўз хиёнатларининг қурбони бўлиб ҳаётдан кўз юмади.

1370 йилги истиқлол кунларида Туроннинг барча вилоятларидан Самарқандга йиғилиб, улкан қурултой ўтказган эл-юрт акобирлари, энг нуфузли халқ вакиллари 36 ёшли йигит Амир Темурни қаҳрамон ва соҳибқирон деб улуғладилар, унинг бошига олтин тож кийдирдилар, белига тилла камар боғлаб, мустақил Турон ҳукмдори сифатида тахтга чиқардилар.

Биз Амир Темур етакчилигида эришилган истиқлолнинг нақадар улуғ қадрият бўлганини орадан асрлар ўтгандан кейин Ўзбекистон мустақиллиги йилларида астойдил ҳис қилдик. 1996 йил мамлакатимизда «Амир Темур йили» деб эълон қилинган кунларда улуғвор Темурийлар тарихи давлат музейининг очилиш маросимида юртбошимиз Ислом Каримов айтган қуйидаги сўзлар бизнинг Соҳибқирон бобомизга аталган эзгу туйғуларимизни ифода этди:

— Мўғул истибдоди авжига чиққан йилларда Мовароуннаҳрдай гуллаб-яшнаган пойдор юрт ўзининг тарихий номини ҳам йўқотиб, мустамлака ўлкасига — Чиғатой улусига айланиб қолган эди... Чексиз адолатсизликлардан Темурбекнинг қанчалар изтироб чекканини бизнинг авлодимиз — сиз билан биз — айниқса чуқур ҳис қиламиз. Чунки орадан олти аср ўтиб, худди шундай кўргуликлар бизнинг ҳам бошимизга тушган эди.

Шавкатли аждодимизнинг ўлмас хизматлари шундаки, у мураккаб тарихий шароитда халқнинг бошини қовуштира билди. Истилочиларга қақшатқич зарбалар бериб, Туркистон заминида илк бор истиқлол байроғини баланд кўтарди. Пароканда эллар, элатларни бирлаштириб, марказлашган қудратли давлат тузди... Зурриётларига қарата «истиқлол билан мулку миллат, лашкар ва раъиятни бошқарингиз!» деб васият қилди.

Бу ўлмас васият бугунги Ўзбекистон истиқлоли даврида халқимиз ва раҳбариятимиз томонидан изчил амалга оширилмоқда. Биз бу тарихий ҳодисага нафақат гувоҳмиз, балки мамлакатимизда амалга оширилаётган улкан хайрли ишларга заррача бўлса ҳам ҳисса қўшиш иштиёқи билан меҳнат қилмоқдамиз.