loader

Улуғбек расадхонасини ким буздирган?

Яқинда ўзбек тилида эшиттирадиган чет эл радиоларидан бирида самарқандлик бир олим ҳалигача Улуғбек расадхонаси бузилиб кетган сана аниқланмаган, деб куюниб гапирди. Демак, у «ЎзАС»нинг 1996 йил 5 апрел сонида «Улуғбек расадхонасининг биз билмаган тарихи» сарлавҳаси остида эълон қилинган мақола мазмунидан бехабар экан. Ҳа, расадхона қачон бузилгани кўпдан олимларимиз учун жумбоқ бўлиб келди, лекин Мутрибий Самарқандийнинг «Нусхайи зебоий Жаҳонгир» тазкираси қўлёзмасининг Англияда сақланувчи нусхаси микрофилми профессор Ашраф Аҳмедов томонидан юртимизга олиб келингач ва олим Исмоил Бекжонов томонидан ўрганилиб, Эронда форс тилида чоп этилгач, шу манба асосида Улуғбек расадхонаси сўнгги тақдирига ҳам аниқлик киритилди. Бу ҳақда И.Бекжоновнинг биз эслатган илмий хабари эълон қилинди.

Қуйида шу манбанинг Улуғбек расадхонасига оид қисмининг тўла таржимаси ҳамда таржимоннинг изоҳи эътиборингизга ҳавола этилмоқда.

Мутрибий «Нусхайи зебоий Жаҳонгир» тазкирасини Жаҳонгир бин Акбар бин Ҳумоюн бин Бобур подшоҳга бағишлагани учун унда темурийлар авлодлари ва улар томонидан қилинган хайрли ишлар, уларнинг адабиёт-маданият тарихида қолдирган ёдгорликлари ҳақидаги маълумотларни акс эттиради. Масалан, Гўри Мир, Улуғбек расадхонаси, Самарқанддаги Улуғбек мадрасаси ва Муқаттаъ масжиди, Самарқанд шаҳрида Улуғбек қурдирган Байни тоқайн — рўбару тоқ(дарвоза)лар(уларни Абдулмўъминхон 1598 йили буздириб ташлаган), Гўри Мир ёнидаги Бобур мирзо ҳовузи ёки Шоҳизинда меъморий мажмуасидаги темурийлар хилхонаси ёдгорликлари, Шодмулкхоним кўприги ҳамда Акбар подшо, унинг ўғли Жаҳонгир подшоҳнинг Гўри Мирни таъмирлаш борасидаги ташаббуслари ана шулар жумласидандир. Мутрибий хабарига қараганда, самарқандлик Ҳожи Дўст Муҳаммад Равғангар 977 ҳижрий (1570) йили Акбар подшоҳ ҳузурида бўлганида унга Улуғбек расадхонаси ҳақида ҳам сўзлаб берган. «Абдулланома» муаллифининг ёзишича, Амир Қулбобо Кўкалтош Абдуллахон буйруғига биноан 986 йил рамазон (1578 йил ноябр) ойидан мазкур китобнинг Биринчи мақоласи тугалланаётган 995(1586-1587) йилгача Самарқандда «буюк амир (Темур) ва унинг авлодларидан қолган ҳамда бузилиш ва вайроналикка юз қўйган иморатларни тузатишга тиришқоқлик кўрсатмоқда» экан1 . Ҳофиз Таниш Бухорий бу пайтда Улуғбек расадхонасининг бузилгани ҳақида бирон сўз айтмайди, аксинча, бундай иморатлар таъмирланаётганини таъкидлайди. Демак, бу даврларда ҳали расадхона сақланиб турган экан. Бизни қизиқтирган мавзу — расадхонанинг қачон бутунлай бузиб ташлангани хабарини эса, «Нусхайи зебоий Жаҳонгир»даги ушбу парча маълумотлари ҳикоя қилади:

«Шуҳратий Миёнколий. Мулло Боқий Гўримирий2 нисбаси билан танилган. Беқайдлик хислатидан холи эмас эди. Шунинг учун ҳам ўзига Шуҳратий деб тахаллус қўйган эди. Ҳамиша лаванд (бузуқи) ва хабиса(ярамас хулқли)лар билан ўтириб-турарди. Самарқанднинг хожа Холдор деган машҳур бир ўспиринига кўнгил берганди. Баҳор кунларининг бирида шу дўсти билан маст ҳолда Самарқанднинг Байни тоқайни ёнидан ўтиб бораётганида кўрдим. Қарасам, дўсти итининг бўйинбоғини ўз бўйнига боғлаб олибди, орқасидан эса хожа Холдор уни шикорчи итдай олдига солиб, гўё овга кетаётгандек бораётир. Шуҳратий маст ҳолатида ушбу байтни айтмоқда эди. Назм:



Саги ту аз ҳама дар олами вафо беҳтар,

Агар саги ту набошим саг зи мо беҳтар.



(Мазмуни: Вафо оламида итингдир барчадин авлороқ, Итинг бўлмасак агар, ит бўлсин биздан аълороқ.)

Шуҳратий ўта довюрак ва қўрқмас одам эди. Бир оқшомги ўтиришда хожа Холдор унга:

— Шуҳратий, шаҳид Султон Улуғбек мирзо расадхонаси ичида жуда қўрқинчли бир жой бор, деб эшитаман. Баъзи довюрак одамлар ўша ергача кириб, белги қўйиб чиққанмиш. Сен ҳам мана шу пичоғимни белги сифатида қўйиб чиқа оласанми? — дебди.

Шуҳратий бу сўзни қабул қилиб, дўстининг пичоғини олиб, ярим тунда шаҳар қалъаси деворидан ошиб тушибди ва расадхона ичига кириб, белги қўйиб чиқибди. Бу манзил ичида Шуҳратийнинг жинларни кўргани воқеасини бир бошдан сўзлаб ўтирсак, анча вақтимизни олади. Лекин шунда жин таъсиридан унинг бир кўзи айбли бўлиб қолган эди.

Фақат угина эмас, балки жуда кўп кишилар бундай довюракликка тиришиб, жонларини зоеъ қилдилар. Шулардан бири Фарҳод хабиса бўлиб, у ҳам бир ўтиришда рақиби билан шарт бойлашиб, қўлида қозиқ, расадхонанинг шипига фалак табақалари, иқлимлар сурати чизилган хонасига кирибди ва қозиқни деворга қоқаётиб, билмасдан, тўнининг этагини ҳам қозиққа қўшиб деворга маҳкамлабди. Табиийки, ўрнидан тураётганда кимдир этагидан ушлаб тортаётгандек бўлган, у эса зим-зиё қоронғулик ва ярим тунда, кундузи одамлардан эшитиб юрганим жинлар бўлса керак, деб ўйлаган чоғи, шу заҳотиёқ ўтакаси ёрилиб, жойидаёқ жон берган.

Бунга ўхшаш воқеалар кўп бўлган. Шунинг учун ҳам Ҳожибий Отолиқ Дўрмон ул ўхшаши йўқ латиф иморатни бузиб ташлаб, ғишт ва бошқа қурилиш анжомларини Шодмулк Оқо кўпригини таъмирлашга ишлаттирди. Бу (Шодмулк) Оқо Амир Ҳожи Сайфиддиннинг заифаларидан бири бўлган. Соҳибқирон (Амир Темур) ҳаёти айёмида Мироншоҳ мирзонинг ўғли Султон Халил унга ошиқ бўлиб қолиб, ҳар хил йўлларни ишга солиб, хотинни қўлга киритибди ва ўз ҳарамига келтирибди. Соҳибқирон бу воқеадан хабар топгач, ул аёлни ўлдирмакка буюрибдилар. Соҳибқироннинг жалила завжаси Маҳдиулё Сароймулкхоним, «Бу аёл Султон Халилдан ҳомила, юки енгиллашгач ўлдиришга амр этсалар, ихтиёрлари», дея арзларига етказибди. Соҳибқирон кўнибдилар. Кўп ўтмай эса, Самарқанд салтанати Султон Халилга муқаррар бўлибди ва бу аёл мулкка соҳиби ихтиёр чиқиб, тўрт йил давомида бу ўлка унинг ҳукми остида бўлибди, мазкур кўприкни ўша вақтда Кўҳак суви (дарёси) устига қурдирган экан. Кўприк кўп йиллар мобайнида одамларга хизмат қилган. Аммо Султон Саъидхон салтанати3 замонида ўтиш жойи бўлган тоқининг ўртасидан анча жойи ўпирилиб тушгани ва ҳар икки томонидан бир қарич миқдорда сақланиб қолгани сабабли ҳатто пиёдалар ҳам у ердан минг бир қўрқув билан ўтардилар.

Аммо таажжубга лойиқ бир воқеа содир бўлган эди: Султон Саъидхоннинг тўпчибошиси ва биз номини юқорида тилга олган Мир Тулак4 ўша ўтар тор жойдан отда ўтган ва бир тўн билан мукофотланган эди.

Ҳожибий Отолиқ Дўрмон (мазкур расадхона ғиштларидан) бу бузилган тоқ ёнига яна бир тоқ қурдирди. Лекин бироз вақтлардан сўнг сув тошқини рўй бериб, уни таг-туги билан қўпориб ташлади. Шодмулк Оқо тоқи эса бугунги бир минг ўттиз олтинчи (1036/1627-1628) йилгача ўз охирги ҳолича сақланиб турибди.

Мулло Шуҳратий охирида тавба қилиб, аҳли аёллик бўлиб ва Миёнколда деҳқончилик ишлари билан шуғулланиб юрарди. Тўққиз юз етмиш иккинчи (972/1565) йили тарқалган ва кўпчиликнинг ёстиғини қуритган вабо қирғинида хотини иккаласи бир кунда ўлиб кетдилар5 ...»

Ҳожибий Отолиқ Дўрмон ким ўзи? «Абдулланома» муаллифи унинг Дўстой Ҳожи бин Жонвафобий Дўрмоннинг ўғли экани, Абдуллахоннинг Самарқанд, Тошкентни Кўчкинчихон ва Севинчхожахон авлодларидан тортиб олиш ва бошқа қанча урушларда жонбозлик кўрсатганини ёзади. «Мусаххир ил-билод» ва бошқа тарихга оид асарлардан биламизки, амир Жонвафобий Дўрмон Шайбонийхоннинг яқин кишиларидан бўлиб, Шайбонийхон уни 1500 йили Самарқанд, 1507 йил май ойида Ҳирот доруғаси қилиб тайинлайди. Жонвафобий Дўрмон 1510 йил декабрида Марв қамали жангида Шайбонийхон билан бирга сафавийлар томонидан ўлдирилади. Ҳасанхожа Нисорий маълумотига қараганда, унинг ўғли, яъни Ҳожибий Отолиқнинг отаси Шужоиддин Дўстмуҳаммад Дўрмон ҳам шайбоний хон ва султонлари олдида катта эътиборга эга бўлган, икки марта ҳажга борган, аммо мансабга унчалик хуши бўлмаган, шеърлар ёзган. Иккинчи марта 973 ҳижрий (1565) йил ҳажга кетганида «Музаккири аҳбоб»ни ёзаётган Нисорий унинг эсон-омон қайтиб келишини тилайди. Мутрибий «Тазкират уш-шуаро»да Ҳожибий Отолиқ Дўрмонга махсус тўхталиб, шундай ёзади(мазмуни):

«Ҳожибий Отолиқ Дўрмон ўз шеърларида «Ҳожи» тахаллусини қўллайди, аммо асл номи Малик Муҳаммадбий, болалигида отаси билан ҳажга бориб келгани сабабли «Ҳожибий» лақаби билан танилган. Шоирлар ва фозилларга, умуман, барча халойиққа кўп яхшиликлар кўрсатарди. Кўп йиллар жаннатмонанд Самарқанд мулки ҳукуматига мансуб турди. Шаҳид Абдулмўъмин замонида Ҳирот ҳукуматини бошқарди. Ўша ерда қизилбошлар билан бўлган жангда шаҳидлик шарбатини татиди. Камина баъзида Самарқандда ҳузурларига бориб турар, манави сингари мувашшаҳ ғазал ва қасидаларни ўткариб, қўлларидан от, чакмон, пул ва салла каби инъомлар олардим».

«Тазкират уш-шуаро»да Ҳожибий Отолиқнинг беш байтлик иккита ғазали ҳавола этилган.

«Нусхайи зебоий Жаҳонгир»нинг бошида Мутрибий Ҳожибий Отолиқ ҳақида қуйидагиларни ҳам ёзиб ўтган:

«Самарқанд аҳолиси... ҳайит ва Наврўз байрамлари... шу майдон (Гўри Мир ёнида) йиғилар эканлар ва бу одат... Ибодулло султон салтанати6 давригача расм бўлди, Ҳожибий Отолиқнинг Самарқандда ҳокимлиги замонида эса унинг ҳукмига биноан... бу ерда йиғилиш тўхтатиб қўйилди. Сабаби шунда эдики, бу ерга келган оломон одоб деган нарсани унутиб, бўшаниш учун ушбу нурга тўла даҳма устига чиқишни одат қилиб олган, бу ёмон қилиқ мазкур амирни ғазаблантириб, шундай буйруқ чиқарганлар».

«Абдулланома» маълумотига қараганда, Ҳожибий Отолиқ Дўрмон Абдуллахоннинг 1572 йил ёзи ва 1578 йил кузидаги Самарқандга, 1579 йил баҳоридаги Тошкентга юришида қатнашади, у бу урушга Балхдан чақирилиб, Тошкент қамалида Балх ва унинг атрофларидан келган Абдуллахонга қарашли лашкарга қўмондонлик қилади. Ўша 1579 йил мартида Абдуллахон Тошкент ҳокимлигига акаси Дўстум (Абдулқуддус) султонни ўтқазганда, шу вилоятнинг молиявий ва ҳарбий ишларини бошқариш учун Ҳожибийни Дўстум султонга отолиқ қилиб тайинлайди. Аммо шундан икки ой сўнг — то 1580 йил бошигача Тошкент яна Бобохон бин Наврўз Аҳмадхон қўлига ўтади. Бу ерга ўша йили тағин Дўстум султон қайтиб келганида эса, Ҳожибий Отолиқнинг ҳам Тошкентга келган-келмагани бизга қоронғи. «Мусаххир ил-билод» асарида Самарқанд ҳокими Ибодулло султон ўлими рўй берган 1585 йил сентябрида Ҳожибий Отолиқнинг Самарқанд ҳукуматида девонбеги вазифасини бажараётгани айтилади. Ҳожибий Отолиқнинг Самарқандда шу вилоят ҳокимлигига тайинланиши, афтидан, 1585 йил охирида рўй берган.

«Нусхайи зебойи Жаҳонгир» маълумотларига мурожаат қилиб, амир Ҳожибий Отолиқ ҳаёти сўнгига яна бир бор назар ташлаймиз:

«Дўст Вафобий Отолиқ Дўрмоннинг чиройли зикри. Амир ул-умаро Ҳожибий Отолиқнинг етук ўғли. Отасининг улуғворлиги Абдуллахон замони(1561 — 1598 йиллар — И.Б.)да қуёшдек равшан эди. Йигирма беш йил Самарқанд ҳокимлиги мансабига мансуб туриб7 , адолат билан иш юргизди. Фозилларга тарбиятлар кўргазгувчи ва заифларни ҳимоят қилгувчи бўлиб Самарқанд унинг ҳукумати айёмида Мовароуннаҳр шаҳарларининг рашкини келтирадиган жойга айланганди. Абдулмўъминхон замонида(1598 йил — И.Б.) Балх вилояти ҳокимлиги мансабига ҳам мансуб турди. Сўнг шу хон замонида Дор ус-салтана Ҳирот ҳукуматини бошқариш даражасигача кўтарилди. Абдулмўъминхон ўлдирилгач (1598 йил август ойи боши — И.Б.), Шоҳ Аббоснинг шу шаҳарни истило қилиш пайтидаги жангда ўша вилоятда Динмуҳаммадхон бин Жонихон(аштархоний) билан бирга шаҳид бўлган8 ... Ўғли ушбу 1035 (1627 — И.Б.) йили... Бадахшон вилоятининг Қундуз туманида ҳукумат мансабида ўтирибди».

Демак, Ҳожибий Отолиқ Улуғбек расадхонасини 1588 — 1598 йиллар орасида, аниқроғи, 1590 — 1592 йиллари буздирган.

Самарқанд шаҳри ободончилиги учун шунча ишлар қилган ва шоиру олимларга ҳомий бўлган, ўзи ҳам гўзал ғазаллар ёзиб, номи ва отаси номи тазкираларга тушган амир Ҳожибий Отолиқ омий одамларнинг ножўя қилиқларига жаҳл қилмасдан расадхонани буздирмай сақлаши мумкинмиди?

Тўғри, Ҳасанхонжа Нисорий ёзганидек, Улуғбек мирзо ва унинг устозу шогирдлари вафотидан сўнг «ҳеч ким расад боғламоққа муваффақ бўлмаган» ва Мутрибий гувоҳлик беришича, ҳақиқатан ҳам расадхона хароба бир жойга айланиб қолиб, ундан фойдалана олмаганлар. Бундай қараганда, Ҳожибий Отолиқ масаланинг айнан шу томонларини ўйлаб иш кўргандек. Яна савол туғилади: ахир, барибир, ўша 1588 — 1592 йилларгача, яъни 150 йил мобайнида расадхона бузилмай турган-ку! Бу давр оралиғида Самарқандда темурийлардан ташқари ҳар хил — гоҳ оқил, гоҳ инжиқтабиат шайбонийлар ҳам ҳокимлик қилган-ку? Аммо улар ҳам расадхонани буздирмаганлар. Бу ҳақда бош хон Абдуллахоннинг ҳам буйруғи бўлмаганини юқорида кўрдик, бор бўлса, Ҳофиз Таниш Бухорий ва Мутрибий бирор баҳона билан ёзган бўлардилар. Демак, Ҳожибий Отолиқнинг бу ишини ҳеч ҳам оқлаб бўлмайди. Ахир, кўприк таъмири шу ғиштларга қараб қолганмиди? Нима, Улуғбек мирзонинг аччиқ қисматига ўхшаб, бу ҳам бир тақдирнинг илм-фан, маданият аҳлига берган оғир зарбаси ва қаттиқ синовими? Ўки Беруний бобомиз минг йил олдин бутун бир рисолани бағишлаган Бомиён тоғидаги Будда ҳайкалининг жоҳиллар томонидан яксон этилиши каби башариятни огоҳлантиришими? Билмадим, аммо, ҳар ҳолда, расадхона сақланиб қолганда, ушбу мустақил замонамизда бизга яна бир бор ифтихор ва илҳом туйғусини бағишлаши шубҳасиз эди.



_______________

1. Ҳофиз Таниш ал-Бухорий. «Абдулланома». Тошкент, «Шарқ», 1999, 316-бет. (Бу асарнинг биринчи таҳрири 1584 йил баҳорида илгари ёзилган қоралама асосида бошланиб, 1583 йил воқеаларини ўз ичига олган шаклда ўша йил охирида тугалланган, иккинчи таҳрири 1586-87 йил, учинчи, яъни охиргиси 1589 йили тугалланган.)

2. Гўри Мир (Гўри амир) мақбараси хизматчи-ходимлари ёки шу маҳаллада яшовчиларга бериладиган нисба.

3. Бу шайбонийнинг бобоси Кўчкинчихоннинг онаси Робия Султонбегим Улуғбек мирзонинг қизи бўлган. Султон Саъид султон 1551, 1557 — 1572 йиллари Самарқандда хонлик қилган.

4. Мир Тулакнинг 1568 йили ўзи тўпга солган ўқдан ҳалок бўлиши воқеаси тазкиранинг «Акбар подшоҳ» бобида келган. Бу санада ҳам расадхона бус-бутун сақланиб турганига Мутрибийнинг ўзи гувоҳлик беради.

5. Мутрибий бу ерда санани янглиш кўрсатмоқда, чунки у «Нусхайи зебойи Жаҳонгир»нинг мавлоно Кўдакий Ромитанийга бағишланган қисмида Шуҳратийни 1013 (1604) йили самарқандда кўрганини ёзади, «Тазкират уш-шуаро» маълумотларидан эса, айнан шу учрашувнинг 1604 йилдан бир неча йил олдин рўй бергани англашилади. Қолаверса, 1565 йили Мутрибий 9 яшар бола бўлган, Шуҳратийни мазкур дўсти билан кўргани воқеаси эса ундан ҳам олдинроқ рўй бергани ҳамда у Шуҳратий билан боғлиқ ҳодисаларни катта ёшдаги одам нигоҳи билан ҳикоя қилади.

6. Ибодулло султон Самарқандда 1578 йил ноябридан то ўзининг яқин амирларидан бири томонидан ўлдирилган 1585 йил август — сентябригача ҳокимлик қилган.

7. Ҳожибий Отолиқнинг Самарқандда 25 йил ҳокимлик қилгани ҳақиқатга сира тўғри келмайди, балки Мутрибий унинг Балх, Тошкент ва Ҳирот ҳукуматидаги фаолиятларини ҳам назарда тутаётгандир.

8. Абдулмўъминхон ўлдирилгач, унга қариндош, аммо аштархонийлар хонадонига мансуб султон Динмуҳаммад 1598 йил август-сентябрида ўзи турган Зобулистондан Ҳирот сари отланади, яқиндагина Ҳирот ҳокимлигига тайинланган Ҳожибий Отолиқ Дўрмон унга дарвозани очиб беради, Динмуҳаммад Ҳиротда хонлик эълон қилиб, унга бобоси Ўрмуҳаммадхонни ўтқазади(Бухорода бош хонлик тахтига охирги шайбоний Пирмуҳаммадхон ўтирган эди). 1599 йил июнида Шоҳ Аббос Ҳиротни олиш учун юриш бошлаб, ўша йилнинг 28 июлида Ҳиротдан тўрт фарсаҳ узоқликда жойлашган Пули солор мавзеига келиб тушади ва 29 июл куни Динмуҳаммадхон қўшини билан жангга киришади, шу урушда Динмуҳаммадхоннинг ўзи ва 4000 кишиси ҳалок бўлади, улар орасида Ҳожибий Отолиқ Дўрмон ҳам бор эди.

Исмоил Бекжон