Ню-Ёрк, Ист-Хюстон кўчаси, 48-уй. Бу манзилда ғалати, кўзлари аллақандай нур сочувчи одамови олим яшарди. Унинг граф Дракуланинг қариндоши ва қуёш нурига чиқа олмайдиган вампир эканлиги ҳақида миш-мишлар юрар, унинг ер шарини бўлакларга бўлиб ташлашга қодир қурол яратгани ҳақида гапиришарди. Бу шахс Никола Тесла эди. Аслида, Тесланинг Дракулага ҳеч қандай алоқаси йўқ, Қуёшданқочиши эса рост эди, чунки у тез-тез электромагнит майдони таъсирига тушиб қолар, мияси ўта сезгир қобилиятга эга бўларди. Ёруғлик унинг кўзларини оғритар, шитирлаган товуш ҳам қулоғига худди момақалдироқдек эшитиларди. Қоронғида эса унинг кўзлари жуда яхши кўрарди.
Доимийлик яхши, ўзгарувчанлик зўр
Бўлажак ихтирочи 1856 йилнинг 9 июлида Сербиядаги Смилян шаҳарчасида туғилди. Ёшлигидаёқ Тесла ғайриоддий кўринишда эди: бўйи баланд, озғин, ёноқлари туртиб чиққан, кўзлари одамни тешиб юборгудек боқувчи чақноқ эди. У бошқалар кўра олмайдиган нурларни кўриш қобилиятига эга эди. Электр уни ёшлик давридан бошлаб қизиқтириб қўйди. Осмондаги чақмоқдан тортиб, мушукни силаганда пайдо бўладиган учқунларгача.
Руҳоний отаси унинг ҳам руҳоний бўлишини истарди. Аммо Никола аввал Австриянинг Гратс шаҳридаги техника мактабига, сўнгра Прага университетига ўқишга кирди. Иккинчи курсдалигида унинг хаёлини ўзгарувчан ток индуктсион генераторини яратиш фикри банд этди. Тесла профессор Яков Пешлга бу фикрини айтганида, профессор уни телбага чиқарди. Аммо бу хулоса ихтирочини янада руҳлантирди ва 1882 йилда у индуктсион генераторни ихтиро қилди. 1884 йилда Тесла Америкага йўл олди. У ихтирочи Томас Эдисонга парижлик танишидан мактуб олиб борди. Мактубда шундай сўзлар ёзилганди: «Мен дунёда икки буюк одамни танийман. Бири сиз, иккинчиси мана шу йигит».
Никола Ню-Ёркка саргузаштлар билан етиб келганди. Аввалига уни тунаб кетишди. Тесла Америкага оч, юксиз, чўнтагида тўрт тсент пул билан келди. Аммо бу ер улкан имкониятлар мамлакати эканлигини дарҳол англади: Бродвейда электромоторни тузатишга уринаётган кишиларга ёрдам бериб, 20 доллар ишлади. Эдисон ёш электротехникни ўз компаниясига ишга олди, бироқ икки ихтирочи орасида шу заҳоти ихтилоф юзага келди. Улар муаммонинг ечимига турлича ёндашардилар.
Eдисон ва Тесланинг ажралишларига уларнинг электрнинг келиб чиқишига оид қарашлари турли экани сабаб бўлди. Эдисон умум эътироф этилган «зарядланган зарраларнинг ҳаракати»га ишонса, Тесла бошқача фикрда эди. Унинг фикрича, бутун олам қандайдир кўринмас модда билан ўралган, бу модда ёруғлик тезлигидан бир неча баробар тез бўлган силкинишни вужудга келтирарди. «Коинотнинг ҳар бир миллиметри чексиз, туганмас энергияга тўла» деб фикр юритарди Тесла. Томас Эдисон Теслани танқид қилавергач, ихтирочи унга гаров боғлашни таклиф этди. Эдисон бу таклифга рози бўлди. Гаровга кўра, Тесла ўз услуби ёрдамида Эдисоннинг заводларидан бирини электрлаштириши керак эди. Эдисон агар ютқазса, 50 минг доллар беришини айтди. Унинг фикрича, Тесланинг режаси амалга ошириб бўлмайдиган иш эди. Тесла йигирма тўрт хил ускуна тайёрлади ва қисқа вақт ичида режасини амалга оширди. Унинг услуби бўйича электрлаштириш иқтисодий тежамкорлик жиҳатиданғоятда юқори эди. Эдисон буни кўриб, ҳуши бошидан учди, аммо пулни беришдан бош тортди. Шундан сўнг улар бутунлай юзкўрмас бўлиб кетишди.
Eдисон билан хайрлашгандан сўнг Теслани «Вестингауз Электрик» компаниясининг хўжайини, гидравлик паровоз тормози ихтирочиси Жорж Вестингауз ўзига ёллади. Бу миллионер Теслани 1888 йилги Америка муҳандис‑електриклар институтидаги маърузада кўрганди. У Тесланинг 40та патентининг ҳар бирини 25 минг доллардан сотиб олди ва ўзини эсамаслаҳатчи сифатида ишга олди. Тесла компанияда ишлаш жараёнидакўп фазали электр машина, асинхрон электродвигател ва кўп фазали ўзгарувчан ток орқали электроенергия узатиш тизимига патент олди.
1893 йилда Чикагода ташкил этилган Бутунжаҳон кўргазмасида ташриф буюрувчилар озғингина олимнинг икки миллион вольт кучланишга эга токни қандай қилиб ўзи орқали ўтказаётганини даҳшат билан кузатишганди. Назарий жиҳатдан олиб қараганда, олимнинг кули ҳам қолмаслиги керак эди. Аммо у жилмайиб турар, қўлларида эса электролампалар ёниб турарди.
Телба ихтирочи
1895 йили Вестингауз дунёда энг улкан Ниагара ГЭСини ишга туширди. Бу ерда ҳам Тесланинг қудратли генераторлари ишлаб турарди. Ўшанда ихтирочи масофадан бошқариладиган механизмлар устида иш олиб бораётганди. У Медисон-Сквер-Гардендамасофадан туриб қайиқчаларни бошқарди. Одамлар буни афсунгарликка йўйишди. Тесланинг тажрибахонасида бўлганлар унинг ҳавода энергиядан пайдо бўлган шарсимон нурни қандай қилиб қўлида ўйнатгани ва чамадонига солиб қўйганини даҳшат билан хотирлашарди. 1898 йилда Тесла тажрибахона жойлашган бинонинг томига кичкина ускуна ўрнатди. Бир оздан сўнг бутун бино силкина бошлади. Одамлар қўрққанидан кўчага отилиб чиқишди. Тесланинг уйига тез орада политсия ва журналистлар етиб келишди. Аммо у ускунасини ўчирган ва йўқ қилишга улгурган эди. Кейинроқ у журналистларга «Бруклин кўпригини бир соатда бузиб ташлашим мумкин эди», деган эди. У ҳаттоки мос келадиган вибратор бўлса, ер шарини ҳам бўлакларга бўлиб юбориш мумкинлигини айтган.
Колорадо Спрингсда Тесланинг тажриба ўтказиши учун учига улкан мис шар ўрнатилган минора барпо этилди. Бу ерда олим узунлиги 4 метрга етадиган чақмоқпайдо қилди. Атрофга учқунлар сачради. Отларни ҳам тақалари орқали ток урди. Одамларни қўрқувга солган бу тажриба ҳам бежизга ўтказилмаган эди. Минорадан 30 километр узоқликда шу пайтда бир вақтнинг ўзида 200та электр лампочкаси ёниб турарди. Электр токи симсиз, ер орқали узатилганди.
Охир-оқибат, Колорадо Спрингсдаги тажрибалар маҳаллий электростантсиядаги генераторни ишдан чиқарди. Ню-Ёркка қайтишга тўғри келди. 1900 йили Тесла банкир Жон Пирпонт Морганнинг топшириғига биноан Бутунжаҳон симсиз электростантсиясини қуришга киришди.
Лонг-Айленд оролида тепасига улкан мис «ликоп» - узатгич ўрнатилган 57 метрли минора қурилди. Миноранинг асоси 36 метр чуқурликда эди. 1905 йилда илк синов амалга оширилди. «Тесла минглаб километр узоқликдаги осмонни ёритди» деб ёзганди газеталар. Симсиз энергия узатувчи иккинчи минорани Тесла Ниагара шаршарасига қурмоқчи эди. Аммо бу лойиҳа жуда катта маблағ талаб қиларди. Шу тарзда лойиҳа амалга ошмай қолди.
Тесла 1893 йилда – Маркониданбир неча йил олдинроқ биринчи тўлқин узатувчи радиоқурилмани ихтиро қилган бўлса-да, у Морганга алоқа эмас, энергияни симсиз узатишга кўпроқ қизиқишини айтганди.
Аммо Морган бунинг даромад келтирмаслигини ўйлаб, унга рўйхушбермади. Биринчи жаҳон уруши бошлангач эса, Америка ҳукумати миноранинг душманлар томонидан фойдаланилиши мумкинлигидан хавотирланиб, уни портлатиб юборишга қарор қилди. Шу тарзда Тесланинг дунёни симсиз боғлаш ҳақидаги орзуси саробга айланди.
Шундан сўнг Тесла патентларининг бир қисмини 15 миллион долларга сотди. Пулига эса Ню-Ёркда ўз тажрибахонасини қурди. У яна ихтиролар устида ишлади, патент кетидан патент олди.
Унинг тажрибалари афсонага айланган. Ҳаттоки, 1908 йилги Тунгус метеорити ҳодисасини ҳам у билан боғлашади. Айнан ўша ҳодиса юз берган пайтда Тесла улкан миқдордаги энергияни ҳаво орқали узатиш бўйича тажриба ўтказаётган бўлган. Тунгус портлашидан бир неча ой илгари у машҳур сайёҳ Роберт Пирининг Шимолий қутбдаги экспедитсияси йўлини масофадан туриб ёритиб беришини эълон қилганди. АҚШ Конгресси кутубхонасида унинг Сибирдаги кимсасиз жойларнинг харитасини сўраганлигини тасдиқловчи мактуби сақланиши Тунгус метеоритига унинг алоқаси борлиги ҳақидаги тахминларни пайдо қилган.
1926 йилда у Валдопф-Астопия ва Ҳю-Ёпкдаги тажрибахонасига радиомачта ўрнатди. Олим радиомачта орқалиномаълум сигналларни қабул қиларди. Бу сигналларнинг ўзга сайёрадан келганини тахмин қилишади.
1931 йилда Никола Тесла оммага сирли автомобилни намойиш этди. У қимматбаҳо лимузиннинг двигателини олиб ташлади ва электромотор ўрнатди. Сўнг капот ичига кичкинагина қутича ўрнатди ва моторга улади. «Энди энергия бор» деган Тесла автомобилга ўтирди ва юргизди. Автомобилнинг тезлиги соатига 150 километрга етди. Машинани бир ҳафта синашди. Қутичадаги ток манбаи эса тугай демасди. «Ток қаердан келяпти» деган саволга у «Борлиқдан» деб жавоб берарди. Йиғилганлар унинг афсунгар эканликларини айтишгач, Тесла жаҳл билан қутичани чиқариб олди ва тажрибахонасига олиб кетди. Бу қутининг қандай ясалгани ва нима ҳисобига ишлагани ҳозиргача сирлигича қолмоқда.
Тесла ўлимидан бир оз олдин 400 километр масофадан туриб 10 мингта самолётни йўқ қилишга қодир «ажал нури»ни ихтиро қилганлигини эълон қилди. Американинг ДАРПА агентлиги 1958 йилда унинг лойиҳаси асосида «ажал нури»ни яратиш устида иш бошлаган. Аммо 1982 йилда тажрибаларнинг муваффақиятсизлиги ва йирик маблағ сарфланганлиги сабабли лойиҳа тўхтатилган.
Тесла очган эшиклар
Иккинчи жаҳон уруши бошланишидан аввал у АҚШ ҳарбий-денгиз вазирлигининг махфий лойиҳалари устида иш бошлади. Бу лойиҳалар душманни йўқ қилиш учун масофадан туриб энергиядан фойдаланиш, вақтни бошқариш каби лойиҳалар эди. «Филадельфия тажрибаси» деб ном олган машҳур воқеа унинг иштирокида бошланган.
Никола Тесла бу тажрибада инсонлар қурбон бўлиши мумкинлигини олдиндан билган ва ускунани қайтадан тайёрлаш кераклигини талаб қилганди. Аммо уруш шароитида бунга вақт ҳам, маблағ ҳам етмасди. Тесланинг ўлимидан ўн ой ўтгандан сўнг Америка ҳарбий флоти кемаларни радарга кўринмайдиган қилиш борасида тажриба ўтказди. Бунинг учун «Элдриж» эсминецига Никола Тесланинг генератори ёрдамида радарга таъсир ўтказадиган «электромагнит пуфак» ўрнатишди. Тажриба пайтида мутлақо кутилмаган ҳодиса юз берди. Кема нафақат радарга, балки инсон кўзига ҳам кўринмайдиган бўлиб қолди. Бунинг устига, кема турган жойидан юзлаб километр узоқликда пайдо бўлиб, сўнг яна Филадельфиядаги базага қайтди. Кема Филадельфиядан Норфолкка «бориб-келгунча» унинг ичидаги одамлар бутунлай телбага айланишди. Уларнидаволашга узоқ вақт уринишди, аммо фойдаси бўлмади. Шундан сўнг бу лойиҳа бекор қилинди.
Тесла 1943 йилнинг 7 январида қашшоқликда вафот этди. Унинг бор маблағи турли лойиҳаларни амалга ошириш учун сарфланган эди. Тесланинг ўлими ҳақида хабар тарқалиши биланоқ, ФҚБ махсус бўлими у вафот этган меҳмонхона хонасини тинтув қилди. Никола Теслага тегишли бўлган барча ёзув ва чизмалар олиб кетилди.
Унинг жасади куйдирилди ва кули солинган қути Ню-Ёркдаги Фернклифф қабристонига қўйилди.
Никола Тесланинг аксарият қўлёзмалари ҳалигача топилмаган. Айримлар бу қўлёзмаларни унинг ўзи ёндириб юборган деб тахмин қилишади. Чунки замонасидан ўтиб кетган олимнинг ихтироларига инсоният ҳали тайёр эмасди...
Дилшодбек Асқаров тайёрлади