Ўрта Осиёда араблар босқинига қадар ҳам қадимги ёзувлар бўлган. Улар асосан археологик изланишлар давомида турли йилларда топилган маҳаллий аҳолининг хоразмий, боҳтарий, суғдий, қадимги туркий ва “номаълум ёзув” деб аталмиш ноёб ёзма ёдгорликларидир. Улар Парфия давлатининг пойтахти Эски Нисадан топилган подшо архиви, Тупроқ қаладан топилган қадимги Хоразм подшоларининг архиви, Муғ қала қасридан топилган суғд хужжатлари, Бақтрия ҳудудларидан топилган диний, аҳлоқий-фалсафий мазмундаги ибодатхона жужжатларидир. Улардан ташқари қадимги самарқандликларга тегишли Дўнхуандан топилган оилавий хатлар, Афрасиёбдан топилган савдо қарз тилхати ва элчилик номалари, тангаларга ёзилган ёзувлар, “номаълум ёзув” сифатида бизгача етиб келган қадимги туркий ёзувлардир. Улар тошга, сополга, чармга, ёғочга, металга, қоғозга ва бошқа буюмларга битилган текстлар, шахсий мактублар, хўжалик, ҳуқуқий ва дипломатик хужжатлар, диний, ахлоқий-фалсафий текстларнинг парчалари ҳамда кўплаб нумизматика материаллари, яъни танга ёзувлари бўлиб, улар қисқа ва жуда кам бўлишидан қатьий назар, Ўрта Осиё халқлари, жумладан ўзбек халқи тарихи ва маданиятини ўрганиш учун қимматли маълумотлар беради.
Хўш бу ёзув намуналари Ўрта Осиёда қачон пайдо бўлган, умуман инсоният қачон ёзувни кашф этиб, цивилизациялар тарихини бошлаб берди? Тарихдан маълумки, ёзув кишилик жамияти ҳаётида 5 минг йиллик тарихга эга. Ёзув дастлаб суратли ёзув сифатида Мисрда пайдо бўлди, яъни граматик ва семантик аниқлагич белгилари (детерминативлар)дан иборат иероглифлар яратилди. Сўнг қадимги Шумерда сўз ва бўғин ифода этувчи миххат ёзув тизими шаклланди. Милоддан аввалги II минг йиллик ўрталарида Ўрта ер денгизининг шарқий соҳилларида таркиб топган давлатларда савдо ривожланади. Савдо-сотиқ ишларида ёзувга бўлган талаб ошади. Айниқса, Ўрта ер денгизи Шарқида, Шом (Сурия) ўлкаларида милодий эрадан аввалги XIII-XII асрларгача қўлланиб келинган бўғинлаб ёзишга мўлжалланган миххат ёзувлар тажрибасидан фойдаланиб, финикиялилар жаҳон аҳамиятига молик ёзувни ихтиро қиладилар. Бу ёзув тарихда биринчи бўлиб, инсон нутқи айрим товуш бирликларидан иборат эканлигини, шу товушлар бирикмасидан сўзлар ҳосил бўлишини тушуниб етадилар. Улар ҳар бир нутқ товушини алоҳида, лекин доим бир шаклда чизиладиган ҳарф-белги орқали ифодаланишини ҳаётга олиб киришади. Шундай қилиб, финикияликлар алифбони ишлаб чиқишди. Аммо улар алифбосида унли белгилар учун махсус ҳарфлар йўқ эди. Бу анъана қадимги Шарқ мамлакатларида кенг тарқалган, арабларда эса бу ҳозиргача бор.
Ана шу ёзувдан тахминан милоддан аввалги 1000 йиллар атрофида оромий ёзуви ажраб чиқиб, ўзининг илк босқичида (милоддан аввалги X-VII асрлар) финикия ёзуви чизма шакллари оромий тили доирасида катта синовдан ўтади. Бу ёзув намуналари тошларга битилган аҳамоний подшоларининг (мил. авв.VI-IV асрлар) китобалари бўлиб, бу битиклар оромий ёзувига катта нуфуз беради. Бу нуфуз аҳамонийлар давлати доирасида маҳкама тили ва ёзуви сифатида кўзга ташланади, яъни оромий ёзувининг халқаро нуфузи Бехустун қоятош битикларининг машхур “70 банди”да ўз аксини топган. Ушбу тош китобада Доро I, унга тобе мамлакатларга оромий ёзувида буйруғини тарқатган. Бу буйруқ оромий ёзуви ҳақида бўлиб, унда “битикни бошқа қилиб орийча туздим, бунақаси илгари бўлмаган эди. Кейин эса бу ёзувни (барча) юртларга тарқатдим. Уни халқлар қабул қилди”, дейди. Оромий ёзувида ҳам унли товушлар йўқ. Ундош товушларни ёза оладиган ибодатхона ходимлари сўзлардаги унлиларни ҳаёлан тиклаб ўқийдилар. Бундай ўқиш ёзув тарихида квазиалфавит дейилиб, оромий квазиалфавитидан парфия, хоразмий, боҳтарий, суғдий ёзувлари пайдо бўлади. Демак, уларда ҳам унли товушлар йўқ. Оромий ёзуви ва унга асосланган бошқа ёзувлар алфавити 22 та ҳарф-белги асосида қурилган.
Фақат Панжикент сарой ҳаробасидан топилган сопол тахтачада, яъни алифбода 23 та ҳарф-белги кўрсатилган.
Қадимги юнонлар Финикия ёзувига асосланиб, улардан фарқ қиладиган ўз алифбосини ишлаб чиқишган. Юнон алифбоси 25 ҳарфдан иборат. Юнон алифбосини Финикия алифбосидан муҳим фарқи шундаки, юнон ёзувида унли ҳарфлар ҳам бор. Юнон ёзуви асосида римликларнинг лотин алифбоси ишлаб чиқилди ва у кейинчалик дунё халқлари лотин алифбоси асосида ўз ёзувларини ишлаб чиқадилар. Оромий ёзуви эса Шарқнинг узоқ ўлкаларигача кириб бориб, эроний, туркий ва мўғулий тилли халқларнинг ёзувига асос бўлган. Суғд ёзуви асосида қадимги турк ёзуви пайдо бўлган. Ундан уйғур, мўғул ва манжур ёзувлари ўсиб чиққан. Уйғур ёзуви доирасида квазиалфавит хусусияти йўқатилиб, сўз тузилишида унлиларни ифодалаш бошланди. Бу тажрибадан мўғул ва манжур ёзувлари фойдаланиб, ўз ёзувларига унли товушларни киритишган.
Ўрта Осиёнинг қадимги халқлари оромий алифбоси асосида ўз ёзувларини кашф этгач, маҳаллий аҳолининг маъновий-аҳлоқий қарашлари, хўжалик ва ҳуқуқий хужжатлари, оилавий ёзишмалар, савдо-сотиқ ва танга пулларидаги ёзувлар шу ёзувларда олиб борилган. Афсуски, уларнинг аксарияти турли сабабларга кўра бизгача етиб келмаган. Буюк Абу Райхон Беруний ўзининг “Ўтмиш халқлардан қолган ёдгорликлар“ асарида таъкидлаганидек, у ёзувларда битилган асарлар динийми ёки дунёвий араблар истилоси даврида йўқ қилинган. Уларнинг борлиги ҳақидаги маълумотлар эса археологик қозишмалар вақтида аҳён ва аҳёнда учраб турадиган топилмаларга асосланган. Улар куйидаги ёзувлардир:
Қадимгм Хоразм ёзуви. Шимолий Хоразмда “Катта Ойбуйир қалъа” ёдгорлигидан хум қорнига ёзилган оромий ёзуви нусхаси топилган. Бу Ўрта Осиёдаги оромий ёзувининг энг қадимги намунаси бўлиб, ушбу хум милоддан аввалги V асрга оид. Унга нима ёзилганлиги номаълум, чунки у ўқилмаган. Маҳаллий аҳоли оромий алфавитидан фойдаланиб, қадимги Хоразм тилига мослаб кашф этган хоразмий ёзувининг намунаси милоддан аввалги IV асрнинг охири – III аср бошларига оид ёдгорлик Қўй қирилган қалъаан топилган, у атиги битта сўздан, яъни сопол парчасига ёзилган “ASPABAREK” сўзидан иборат бўлиб, у отлик аскар, сипоҳий деган маънони беради. Хронологик жиҳатдан навбатдаги хоразмий ёзуви милодий I-VIII асрлар оралиғида зарб этилган қадимги Хоразм тангаларида учрайди. Тангаларда Вазамар, Артамах, Санобар деган қадимги Хоразм подшоларининг номлари ёзилган. Учунчи гурух ёзувлар Тупроқ қальадаги қадимги Хоразм подшоларининг архивидан топилган. Улар терига, ёғочга ва ғишт тахтакачларга ёзилган 114 парча хўжалик хужжатлари, яъни теварак-атроф қишлоқлардан келтирилган қишлоқ хўжалик маҳсулотларининг миқдорий руйхати, кирим-чиқим бухгалтерия ҳисоби ва бошқалар бўлиб, улар милодий III-IV асрларга тегишли эди. Қадимги Хоразм ёзувининг тўртинчи гурухи VI-VIII асрларга оид бўлиб, булар кумуш қадахчалардан иборат. Уларнинг сиртига уста ва эгасининг номи битилган. Бешинчи гурух ёзувлар Тўққаладан топилган оссуарийлар сиртига ёзилган. Тўққала ёзувлари бутун бир кутбхона. Ниҳоят олтинчи гурух ёзувлар Миздахкан ёдгорликлар мажмуасидаги Говур қалъадан топилган.
Парфия ёзуви. Парфия давлатининг пойтахт шаҳри Михрдаткирт қаладан (Эски Нисо) сополакка ёзилган 2700 дан кўпроқ сопол парчалари топилган. Ушбу ёзув парчалари асосан хўжалик хужжатлари бўлиб, уларда кўпроқ вино ҳақида, вино келтирилган қишлоқ номлари, вино миқдори ва бошқалар ёзилган. Парфия ёзуви оромий ёзуви асосида подшо Митридат I даврида (милоддан аввалги II аср ўрталарида) ишлаб чиқилган, у 22 та ҳарфлардан иборат. Бу ёзув милоддан аввалги II-III асрларда мамлакат бўйлаб кенг тарқалган бўлиб, шу даврда Михрдаткирт шаҳрида давлат архиви ташкил топган. Парфияда ўз тилида ёзилган ёзувдан ташқари, юнон тили ва ёзуви ҳам муомилада бўлган. Парфияда мутахасислар таъкидлашича, 2800га яқин оромий тилида ёзилган ёзув парчалари топилган.
Боҳтарий ёзуви. Милоддан аввалги IV аср охиригача қадимги Бақтрия ҳудудларида оромий ёзуви ишлатиб келинган. Кейин Бақтрияда махкама тили ва ёзуви юнонча бўлган. Тахминан, милоддан аввалги III-II асрлар чегарасида оромий ёзуви асосида боҳтарий ёзуви ишлаб чиқилади, деган илмий фаразлар мавжуд. Чунки Ойхонимда милоддан аввалги II аср биринчи ярмига тегишли боҳтар ёзуви топилган. Қадимги Бақтрияда ўша асрларда бир вактни ўзида бохтар ва юнон тили ва ёзуви, брахма ва кхорашта ёзувлари ҳам муомилада бўлганлиги ҳақида ёзма ва нумизматика материаллари топилган.
Нумизматика материаллари орасида Юнон-Бақтрия подшолари расми ҳамда юнон ёзуви битилган кўплаб тангалар топилган. Дастлабки кушон подшолари Евкратид ва Гелиокл тангаларига тақлид қилиб танга зарб қила бошлайдилар. Бу тангаларнинг олд томонида номаълум шоҳнинг боши, орқа томонида юнонлар худоси Зевснинг хайкали тасвирланган. Муҳими шундаки, бу тангаларнинг асосий қисми Сурхондарё ёдгорликларида топилган. Материаллар таҳлилига кўра, бу тангалар Далварзинтепада зарб қилинган. Тахмин қилинишича, бу тангалар Гуйшуан ҳокимлари томонидан зарб эттирилган. Дастлаб бу тангаларнинг орқа томонида юнон худоси Зевс тасвирланса, текширишлар шуни кўрсатдики, вакт ўтиши билан танганинг орқа томонига энди Зевс ўрнига отнинг сурати зарб қилинабошлади. Тангага жойлаштирилган от сурати янги давлат пайдо бўлганлигидан далолат беради. Бундай тангалар ҳозиргача асосан Сурхондарё ёдгорликларидан топилмоқда. Демак, дастлабки кушон давлати шимолий Бақтрияда ташкил топган, унинг пойтахти эса айнан Далварзинтепа бўлган. Тангаларда отнинг тасвирини пайдо бўлиши билан унинг олд томонидаги номаълум шоҳ сурати ўрнида аниқ шоҳ тасвири пайдо бўлади. Унинг юз қиёфаси Ҳолчаёнда топилган хайкалларга ўхшаб кетади.Танганинг орқа томонида энди отнинг ўзи эмас, отлик, от минган киши тасвири туширилган. Бу ерда юнон ҳарфлари билан битилган тўртта сўз ҳам бор. Биринчи сўз-ҳукмдор, иккинчи сўз-Герай, учинчи сўз-ҳалигача ўқилмаган, тўртинчи сўз-кушон деб ўқилади. Шундай қилиб, гуйшуан-кушон уруғидан бўлган биринчи ҳукмдорнинг номи маълум бўлди. Афсуски, ҳозиргача Герайнинг ҳукмдорлик вақти аниқланмаган. Тахмин қилинишича, у мил. авв. I асрнинг II-ярмида ҳукмронлик қилган. Хитой манбаларида Кудзуло Кадфиснинг подшолиги юечжи қабилалари Бақтрияга келиб, юз йилларча вақт ўтгач, Гуйшуан 5та юечжи кабилаларини бирлаштириб, Гуйшуан подшолигини ташкил этганлиги ҳақида хабар берилади. Демак, Герай Кудзулагача Гуйшуанга ҳокимлик қилган. Кудзула Кадфис эса унинг ўғли ёки набираси бўлиб чиқади.
Шундай қилиб, кушонлар давлат тепасига келгач, боҳтар тили ва ёзувига катта йўл очилади. Канишка даврида боҳтарий тилига давлат мақоми берилиб, боҳтар тили ва ёзуви барча соҳаларга кириб боради ва юнон тили ва ёзувини сиқиб чиқаради. Будда дини ибодатхоналари пештахталарида боҳтар тили ва ёзувида Канишка ва унинг ворисларининг фармонлари ўз аксини топади. Масалан, сулолавий ибодатхоналар ҳисобланган Сурх-катал ва Рабатак ибодатхона пештахталаридаги ёзувлар бунга мисол бўла олади. Хатто, Канишка Рабатак ибодатхонаси деворларида аждодлари ва ўзини суратини ишлатган ва уларнинг номлари келтирилган. Аждодлар руйхатида (Кудзуло Кадфис, Вима Такто, Вима Кадфис) унинг бобоси сифатида Вима Такто исми келтирилади. Рабатак сулолавий ибодатхонада Канишканинг бобоси Вима Такто номини биринчи бор келтирилиши тарих фани учун сенсация эди. Унгача кушон тангаларининг орасида исмсиз шоҳ Сотер Мегас номи билан тангалар мавжудлигини биламиз. Аммо, у тангалар Вима Тактога тегишлими ёки Вима Кадфисгами? Бу муаммо эди. Бизнингча, номсиз шоҳ тангалари Вима Тактога тегишли бўлса керак. Чунки, Вима Кадфис номида зарб этилган тангалар бор. Шундай ҳам бўлсин, у ҳолда нима учун Вима Такто ўз исми билан танга зарб эттирмай, исмсиз шоҳ номи билан пул чиқартирган. Бу масала ҳам ҳозирча муаммо бўлиб қолади. Рабатак ёзувининг яна бир муҳим жиҳати борки, у ҳам бўлса, Кушон подшоси Канишка ўзи ва сулолавий аждодларининг келиб чиқишини орийлардан эканлигини таъкидлаб ўтади. Бу маълумот ўзбек халқи этногенези учун жуда муҳим фактдир.
Милоддан аввалги III-II асрларда оромий ёзуви асосида шаклланган суғд ёзуви ўлкамиз маданияти тарихида муҳим рўл ўйнади. Бу ёзув ижтимоий ва маданий ҳаётнинг барча соҳаларида кенг қўлланган. Суғд тили ва ёзуви Суғдиёна ҳудудларидан ташқари Фарғона водийсида, Тошкент воҳасида ва Еттисувда кенг ёйилган. Суғд ёзуви орқали бизгача эрамиз бошларидан то XI аср биринчи чорагига қадар ёзилган кўплаб ноёб ёзма ёдгорликлар етиб келган. Улар орасида кўплаб нумизматика материаллари (танга ёзувлари), металл, сопол, ёғоч, чарм, қоғоз ва бошқа буюмларга битилган текстлар, шахсий мактублар, хўжалик ва молия ҳисобати ҳамда ҳуқуқий ва дипломатик хужжатлар, никоҳ гувоҳномалари, айғоқчилик мактублари, диний, аҳлоқий-фалсафий текстларнинг парчалари бор.
Суғд ёзуви 22 та ҳарф-белгидан иборат. У бир неча босқични ўз бошидан кечирган. Унинг илк босқичи юнон-бақтрия тангаларига тақлид қилиб чиқарилган суғд тангаларида учрайди. Шунингдек, суғд ёзувининг намуналари Афрасиёбдан топилган милодий эранинг I-III асрларга тегишли сопол парчаларида ва терракота хайкалчаларда учрайди. Милодий II асрда Суғдда кумуш тангалар зарб этилабошлайди ва у жаҳон бозорига чиқади. Бу тангалар то милодий V-VI асрларда Кеш пойтахти бўлган суғд конфедератив давлати ташкил топгунга қадар давом этади. Сўнг VII аср ўрталаридан Суғд конфедерациясининг пойтахти Самарқандга кўчгандан кейин суғд ёзувининг ташқи шакли янада такомиллашиб, унинг ички тил товуш мазмуни аниқ ифодалаш томон ўсади ва муайян орфографик нормалар вужудга келади.
Суғдда кумуш тангалар зарб этилиб, жаҳон бозорига чиқгач, суғд савдогарларининг иши юришиб, суғд савдо карвонлари Шарқда узоқ ўлкаларга кириб боради. Жанубий-шарқий Ўролорти ўлкаларида, Енисей ҳавзалари районларида, Жанубий Сибир ва Ангара дарёси ҳавзаларида, шимолий Хитой ва Монголияда суғд савдо факториялари (савдо карвон саройлари) ва қишлоқлари пайдо бўлади. Суғд савдогарлари узоқ ўлкаларга ҳам кириб борганлар. Улар қаерга кириб борса, ўша жойга суғд ёзуви ҳам кириб борган. Фикримизнинг далили сифатида 1889 йилда Мўғулистонда топилган суғд ёзувини кўрсатиш мумкин. Мўғулистондаги суғд ёзуви ёдгорлиги – XI асрда хукмронлик қилган уйғур ҳокони шарафига қабр устидаги плитага ёзилган ёзув эди.
Қадимда йирик халқаро савдо пунктларидан бири шимолий – ғарбий Хитой шаҳри Дунхуанда бўлиб, айнан мана шу шаҳарда 3 минг самарқандлик савдо аҳли жойлашган самарқанд квартали ташкил топган. Дунхуан савдо факторияси савдогарлари она ватани-она шаҳри Самарқанд билан узвий алоқада бўлиб, Самарқандга карвонлар орқали хатлар юбариб туришган. Ана шундай хатлардан 9 таси эгасига етиб бормай, Дунхуан почта-башнясида қолиб кетган. У хатлар милодий 313-317 йилларда ёзилган бўлиб, уларни ўтган асрнинг бошларида инглиз археологлари топиб ўрганганлар. Суғд тилида ёзилган бу хатлар тарихда “Қадимги суғд мактублари” номи билан машҳурдир.
Ана шундай ёдгорликларнинг катта гуруҳи 1933 йилда Ҳайрабод қишлоги яқинида Муғ қалъа қасри ҳаробаларидан топилган суғд хужжатларидир. Муғ қала суғд архиви деб юритилган бу ёзма хужжатлар мажмуаси VIII асрнинг дастлабки ўн йиллигига оид (712-722) 89 та хужжат бўлиб, улардан 74 таси суғд тилида (шундан 29 таси терига, 22 таси қоғозга, 23 таси ёғочга) ёзилган эди. Қолганлари араб тилида ёзилган эди. Давлат хужжатларини Суғд подшосига тобе Панч (Панжикент) ҳокимлиги саройидан Муғ қалъа қасрига бориб қолишининг боиси шундаки, араблар босқини даврида Панжикент ҳокими Деваштич араб истилочиларига қарши суғд-чоч-фарғана-турк ҳарбий иттифоқини тузиш мақсадида, у ўлка ва мамлакат бошлиқлари билан дипломатик ёзишмалар олиб боради. Самарқанд ихшиди (подшоси) Тархуннинг қатғиятсизлигидан норози бўлиб, бир вақтни ўзида ўзини Самарқанд тахти давогари деб эълон қилади ва арабларга қаршилик кўрсатишни бошлаб юбаради. Аммо, араблар кучли келиб, Деваштич қўшинлари бир неча зарбалардан сўнг тоғ томон чекинадилар ва тоғдаги Муғ қалъага оила ва барча яқинлари билан жойлашиб оладилар. Деваштич Муғ қалъага чекинганда сарой архивини ҳам бирга олиб кетган бўлган.
Араб қўшинлари мудофаачиларни у ерда ҳам тинч қўймади. 722 йилда икки орада қаттиқ жанглар бўлган, қалъа эса вайрон қилинган. Араб кўмонданлиги Деваштични Хуросондаги халифалик ноиби хукмига юбаради. Деваштич Хуросон ноиби қўйган шартларни қабул қилгач, уни Суғдга гўё қайтариб юбаради. Аммо, хуфия буйруқ асосида Рабинжон (Каттақўрғон шаҳри яқинидаги илк ўрта асрлар шаҳар харобаси)зардуштийлар қабристонида оёқ-қўлларини ёғочга михлаш йўли билан қатл қиладилар.
Муғ қаласида қолиб кетган суғд архиви роса 1210 йил ўтгач, 1932-33 йилларда топилди. Мутахасис олимлар муғ қалъа хужжатларини ўрганиб бирнеча туркумларга ажратганлар. Ана шу тадқиқотларга кўра, А-14 хужжат Суғд элчиси Фатуфарннинг Чочдан жўнатган мактуби бўлса, В-8 ер харид қилиш ҳақидаги суғдча хужжат, В-4 тегирмон ижараси ҳақидаги хужжат, nov.3-суғдча никох гувохномаси, nov.4-куёвнинг келин томон олдидаги мажбуриятлари, А-9 –қўшни ҳокимликлардаги аҳвол тўғрисида Деваштичга унинг айғоқчиси ёзган мактуб ва бошқалар.
Суғд тили ва ёзуви ҳақидаги яна бир хужжат Афрасиёбдан, Самарқанд ихшиди Вархуман саройи деворидан топилган. Вархуман 651 йилда ҳокимият тепасига келиши шарафига шоҳона сарой қурдирган. Сарой қалин пахсадан қурилган монументал (11х 11 м.) бино бўлиб, унинг деворлари ранг-баранг деворий суратлар билан безатилган эди. Сарой деворининг бир томонида Чоғаниён мамлакатидан Самарқандга ташриф буюрган элчилик карвони чизилган бўлса, саройнинг иккинчи деворида Узоқ Шарқдан (эхтимол Хитойдандир) денгиз сувида елканли улкан кемада сузиб келаётган элчилар тасвирланган. Учинчи девор ўртасида эшик бўлиб, унинг ўнг томонида мукаддас Варукаша денгизида болаларини сузаётганлигини тиззасидан сувга кириб, тамоша қилаётган гўзал аёллар, сузиб юрган балиқ ва тошбоқалар тасвирланса, эшикнинг чоп томонида эркакларни от устида човғин ўйини ўйнаётганликлари тасвирланган.
Яна бир деворда 3 ярусда суратлар, суратларнинг юқори яруси тўлиқ сақланмаган. Унинг иккинчи ярусида подшо Вархуман тахти равонда ўз аёнлари, унга тобе ишхидликларнинг ҳокимлари билан (улар 11 ҳокимлик бошлиқлари бўлса керак, чунки тахти равон яқинида 11 та байроқ хилпиллаб турибди) элчи меҳмонларни кутмоқда. Саройнинг биринчи қаватидан иккинчи қаватга, қўлларида қиммат баҳо совғалари билан пиллапоядан юқорига кўтарилаётган элчилар тасвири туширилган. Биринчи ярусда (қаватда) қабулга навбат кутаётганлар қаторида, бир чеккада, узун халат қийган мусаввир сурати ҳам бор. Унинг халати этагига 11 қаторли суғдча хат битилган. Хатда Самарқандга келган элчилар ҳақида маълумотлар бор. Элчиларни Чоғаниён ва Чочдан келгани аниқ. Чунки хатда улар ёзилган. Хатнинг бузилган, уқаланиб кетган жойларида яна нималардир ёзилган. Хатда Самарқанд Смараканса талаффусида берилибди. Шундай талаффусдаги Самарқанд номи Дунхуан мактубларида ва Муғ қала хужжатларида ҳам бор. Демак, суғдийлар ўз тилларида Самарқандни “Смараканса” деб атаган эканлар.
XX асрнинг 70 йилларида милодий IV асрга тегишли ёғочга битилган суғдча хужжат Афрасиёбдан топилган. Суғдшунос М.Исҳаковнинг хабар беришича, бу хат Самарқандлик бир савдогарни ўз ҳамкасбига қарзга берган пулига тилхат экан. Хат мазмуни ва қарз шартларининг таҳлилига кўра, қарз олувчи қарз берувчига сутхўрлик шартлари қўймай, қайтариш муддати келганда, қарзга олган пул қиммати баробарида қарзни қайтариш қайд қилинган. Бунинг учун қарз берувчи қарз олувчи билан бозорга бориб, берилаётган пулга қанча сўйишга тайёр наввос келишини аниқлаганлар. Қайтариш вақтида ҳам худди шундай қилиниб, қарз қайтарилган. Ушбу тилхат ана шу ҳақда бўлган
Суғд ёзуви кўп соҳаларга кириб борган. Масалан, Пахлавон Рустам тўғрисидаги халқ достонида “Калила ва Димна” тўғрисидаги иккита парча суғдча баён қилинган, VIII-IX асрларга доир диний мазмундаги бир неча будда, христиан, манихей матнлари, будда илоҳияти, будда адабиёти асарларини ўз ичига олган бир гурух хужжатлар суғд тили ва суғд ёзувида битилган. Хуллос, юқорида қайд қилинган ёзув намуналарида, гарчи уларнинг деярли барчаси айрим суғд ёзуви парчаларидан иборат бўлишига қарамай, Ўрта Осиё халқлари, жумладан ўзбек халқи қадимги тарихи ва маданияти ҳақида қимматли ва ноёб маълумотлар беради. Шунингдек, уларни илмий таҳлили асосида ўзбек этногенези ва этник тарихини ўрганиш учун ҳам тегишли маълумотлар олиш мумкин.
Қадимда суғдий, боҳтарий ва хоразмий ёзувлари қаторида оромий алифбоси асосида туркий ёзув ҳам кашф этилган. Ҳозирги вақтда Осиё ва Европанинг турли минтақаларида бу ёзувга доир топилган ёзма ёдгорликларнинг сони 300 га яқинлашиб қолди Дастлаб улар Енисей ва ўрхун дарёлари ҳавзаларидан топилиб, белгиларнинг ўзига хос рунийсимон шаклига кўра, “ўрхун-енисей руний ёзуви» деб атала бошлади. 38 та ҳарфдан иборат бу ёзув Жанубий Сибир, Марказий Осиёнинг туркий забон қабилалари ва элатлари ўртасида кенг тарқалган. Руний ёзувларининг каттагина қисми қояларга, қабр тошларига, тошдан ясалган одам хайкалларига ўйиб ёзилган. Бир қисм хатлар эса металлдан ишланган идишларда - сопол, танга, қоғоз ва ёғочда учрайди.
Қадимги туркий ёзуви асосан будда тарихий биографик лавҳалардан иборат бўлиб, турк, уйғур, қирғиз аслзодалари, ҳокон уруғидан чиққан машхур кишиларнинг хизматлари ва уларнинг қаҳрамонлик хатти- ҳаракатларини махташга бағишланган. Қадимги туркий ёзувининг энг йирик ёдгорлиги “Ирк битиги” (Фолбинлик китобчаси) бўлиб, у қарийиб 100 саҳифадан иборат. Билга ҳоқон, Қултегин шарафига битилган ёдгорликлар, Ўнгин ёзуви, Тунюқуқ, Мўйин чура ва Қули чура шарафига битилган ёдгорликлар уларнинг энг машхурларидирлар. Сибир ва Шимолий Мўғулистондан ташқари руний ёзуви ёдгорликлари Шарқий Европада, Шарқий Туркистон ва Олойда, Ўрта Осиё ва шимолий-шарқий Қора денгиз ҳавзалорида ҳам учрайди. Бу ёзувнинг пайдо бўлиши милоддан аввалги I-минг йилликка тўғри келади, деган фаразлар бор
Мутахасислар таҳлилига кўра, илк ўрта асрларда фақат туркий нутқ Дон ва Кубан ҳавзалари аҳолисини, Сирдарё ва Толос, Юқори ва Ўрта Енисейнинг бошланиш қисмларидаги аҳолини бирлаштириб турган.
“Номаълум ёзув”. Бу ёзувга тегишли дастлабки маълумот 1954 йилда француз археологи А.Марик томонидан бир идиш парчасидаги ёзувдан бошланди. Бу биринчи “номаълум ёзув” намунаси эди. 1966 йилда Г.А.Пугаченкова Ҳолчаёндан “номалум ёзув” лавҳасини топади. Бу ёзув ҳам ўқилмай номаълумлигича қолди. 1967 йилда Дашти Навур (Афғонистон) да қояга ёзилган шундай ёзув намунаси топилади. У эрамизнинг I асрига тегишли бўлиб, у уч тилда, яъни кхарошта, юнонча графика асосидаги бақтрияча ва номаълум тилда ёзилган эди.
Машхур тилшунос олим Ж.Фюсман бу хат ўнг томондан чап томонга қараб ёзилишини, Сурх-Котал ва Ҳолчаён ёзувлари билан бир эканлигини исботлайди. 1972 йилда археолог К. Акишев машхур «Иссиқ» қўрғонидан кумуш косага ёзилган, милоддан аввалги IV-III асрга тегишли ёзувни топади, тилшунослар эса уни “номаълум ёзув” сирасига қўшадилар. Уни ўқишда мутахасислар орасида ҳар хиллик бўлсада, аммо “Иссиқ” қўрғони милоддан аввалги III асрдан кам эмаслиги масаласида мутахасислар орасида иккиланиш йўқ. Яна “иссиқ” ёзуви “номаълум ёзуви” тарқалган тарихий-маданий минтақалар географиясига аниқлик киритди. Бу ёзув намуналари жанубий Ўзбекистоннинг Хотинрабод, Қоратепа, Фаёзтепа, Тўққизтепа, Кампиртепа каби ёдгорликларидан, Шимолий Афгонистоннинг Ойхонум ёдгорлигидан ҳам топилган. “Иссиқ” ёзуви (“номаълум ёзув”) ёдгорликларини академик Э.В.Ртвеладзе Юечжи қабилалари билан боғлайди. В.А.Ливщиц эса уни сакларга тегишли дейди. Шу билан бирга, «иссиқ» ёзувини кушон империяси ёзув тизимининг расмий шаклларидан бири деган хулосага келади. Кейинги йилларда тадқиқотчилар бу ёзувни энг қадимги туркий ёзув бўлиши керак, деган фаразларни ўртага ташламоқдалар. Масалан А. С. Омонжулов “Иссиқ” ёзуви туркий ёзув эканлигига шубха қилмайди. Биз ҳам шу фикрдамиз. Э.В. Ртвеладзе “номаълум ёзув” тилини аниқлаш муайян этносни ёзув атрибутикасига узил-кесил тузатишлар киритади. Ҳар ҳолда “номаълум ёзув”ни тарқалиш географияси ҳам уни юечжи қабилаларига мансублигига шубха уйғотмайди дейди. Дарҳақиқат, бу ёзув Ўрта Осиёнинг жанубий-шарқий қисми ва Афғонистоннинг шимолий ғарбида шаклланган кўринади. Ёзув ёдгорликларининг тарқалиш минтақаси “Иссиқ” қўрғони райони ва Еттисувдан жанубда то Ҳиндиқушгача ва шарқда шимолий Афғонистондан ғарбда то Шарқий Туркманистонгача ёйилган. Фаолият доираси милоддан аввалги III асрдан то милодий VIII асргача бўлган даврни ўз ичига олади.