loader

Ҳожи Муин. Табиий ишлар (1924)

Бизнинг юртимиз, элимиз ва ҳатто расмий идораларимизда ғайри табиий қилиқлар, ишлар қанча кўб бўлса, табиий ишлар ҳам ўшанча кўбдир.

Булардан ғайритабиийларини ёзмай ўтсақ, албатта, «Машраб» қўрқди, ёки мудоҳана йўлини тутди деб ҳаққимизда «ҳусни зан» қилғувчилар чиқиб қолиши табиий бўлғонидек, ёзғонимиз тақдирда бошимизнинг қаламдек кесилиши ҳам табиийдир. Шунинг учун бу дафъа ёлғиз табиий ишлардан бир нечтасини кўрсатиб ўтиш маслаҳат кўруладир.

Биз ҳамма вақт ҳар ерда ҳукумат идораларини ерлилашдириш - тубжойлашдириш учун кучимиз борича ҳайқирамиз, қичқирамиз. Бу йўдда бор довшимизни битириб ўзимиз чарчаб қолғонда, чала хат-саводлиқ бир мўлтоқни оламиз-да, зўр билан уни бир идорага тиқиб юборамиз. Қулоч-қулоч қарорлар ёзиб бўлғондан сўнг «қани пул!» деганда жонимиз чиқадир... Мана, тубжойлашдириш тўғрисидағи ишимиз шу ҳодда экан, иншооллоҳ қиёмат яқинлашқонда, тўртинчи осмондан ҳазрати Исо тушиб, бу муҳим вазифамизни бажариб бериши табиийдир.

Улуғ вазифаларимиздан бири хурофот билан курашиш эди. Худога шукрки, бу ишимиз ҳам ўзининг табиий йўлиға тушиб бораётибдир. Чунончи, биз эшонлардан қанча узоқлашсак ва уларни қабиҳ алфоз билан сўксак, улар бизга шунча яқинлашадирлар ва ҳатто гўшт-пўстимизга кириб борадир. Биз уларни қанча эзсак, улар ишчи-деҳқонларимизни шунча эзадирлар. Биз бу ҳолларни кўриб, «кўзим кўрмасин, гўштимни бўри есин», деймизда ўзимизни билмасликка сола берамиз. Бу ишимиз ҳам шу тусда экан, ёқамизни ҳали бери хурофот чангалидан қутқара олмаслиғимиз табиийдур.

Бизнинг ҳаёт-мамот масалаларимиздан биртаси, шубҳасиз, олиқ-солиқ ишидир. Бу иш ҳам «мо фавқа ат-табиий» йўлиға тушиб кетаётибдир. Раста-бозорлардаги солиқларимиз жуда тартибликдир. Бу ерда пашшанинг ҳам «ғинг» зтишини кўра олмайсиз. Яъни ҳамма рози, ишлар ўз жойида. Энг ичидаги олиш-бериш бозори жуда чақ-чақ. Биров бир дақиқада бой, бошқаси бир соатда гадой бўлмоқдадир. Солиқ ишлари ҳам шу йўл билан кета берса, дўконларнинг оғзи очилиб қолиши ва шунинг билан ҳамма бойчаларимизнинг ишчи-деҳқон синфига кириб кетиши табиийдур.

Сўзимизнинг адоғида шаҳримиздаги қизиқ бир манзарани ҳам кўрсатиб ўтайлик: Самарқандда Зарафшон деган бир дарё бор. Бунинг устига бир эмас, иккита кўприги ҳам

бор. Ишнинг қизиғи шундаким, бизнинг нодон халқимиз шаҳарга бориш-келиши учун шундай кўприклардан ўтмай, сувда бир шўнғиб эртаси Бухородан чиқадирлар... Бу қатнашлар ҳам шундай давом этаберса, қишғача барча ишчи-деҳқонларимизнинг Бухороға ўтиб кетишлари табиийдир.

Ботурбек

«Машраб», 1924 йил, 4-сон