loader

Ҳожи Муин. Вақтсиз мубоҳаса (Тил бирлаштириш тўғрисида) (1924)

Бир-икки ойдан бери «Зарафшон» газетасида тил бирлаштириш тўғрисида мубоҳаса бўлиб турадур. Бу эски масалани янгидан қўзғатувчи ўртоқ Носирали бўлди. Бу зот барча турклар учун умумий адабий тилнинг тарафдори бўлса-да, ўзи бу ҳақда тублик бир чора ва йўл кўрсата олмайдур. Бу масалага қарши бўлғон ўртоқ Бектош эса, кўб шеваларга бўлиниб кетган турк тилини бирлаштириш мумкин эмаслигини исбот этмакчи бўлиб, бир оз далиллар ҳам келтирадур.

Менимча, бу масала қанча муҳим бўлса, ўшанча қийиндир. Қуруқ тилак ёки бир неча мақола билан бу оғир ва мушқул масалани ҳал этиб бўлмайдур. Бу иш мумкин бўлгон тақдирда ҳам, буни вужудга чиқариш учун кўб куч ва қўб замонлар керакдур. Ҳолбуки, унча куч ва у қадар фурсат ҳали бизда йўқдур. Ҳозирда бизнинг олдимизда тил бир-лаштириш масаласидан неча қатла муҳимрак масалалар кўбдирким, унинг биринчиси маориф ва халқни оқартиш масаласидур.

Мана, бошлаб шу муҳим масалани ҳал этиш ва бор кучимизни шу йўлда сарф қилиш керак эди. Албатта, бу ишга ҳам тил масаласи зўр рўллар ўйнайдур. Модомики, бир халқ ичида маориф тарқатиш халқнинг ўз она тили билан бўладур, биз ҳам халқимизни оқартиш учун ўзбек тилига аҳамият берсак лозимдур. Яъни ўзбекча тилни ўзбеклар англарлиқ бир ҳолға қўйишимиз керакдир. Бу иш эса табиий тил бирлашдиришга хилоф бир ҳол бўлиб қоладир. Шунинг учун умумтурклар учун муштарак адабий бир тил вужудга чиқармоқ масаласини қўзғатиш биз учун ҳануз вақтсиз, ҳам фойдасиз бир ишдур.

Чунки дунёдаги 70 миллиюн турк учун муштарак адабий бир тилни вужудга чиқариш, менимча, турк шеваларидан бирини асос тутуб ўрта бир ҳолға қўйиш билан мумкин бўладурким, бу эса авом тили бўлмай, ёлғуз хавос тили бўлиб қолур. Чунки ўрта туркча шевасида ёзғон бир китобни бир оз илмлик зиёли синф ўқуб англай олса-да, лекин хат-саводлик авом синфи тегишлик даражада ўқуя олмайдур. Шунинг учун тил бирлашдириш мақсади яна ҳосил бўлмай қоладур.

Марҳум Исмоилбек ўзининг «Таржумон» газетаси билан тил бирлашдириш тўғрисида 25 йил фикр тарқатди. Бу муддатда Русия мусулмонлари орасида ўзига тарафдорлар ҳам топди. Лекин тажриба натижасида бу ишнинг мумкин бўлмаслиқ даражада қийинлиғи кўруна бошлади. Тотористондаги баъзи «тавҳиди лисон»чилар ўзлари маъқул кўрган ўрта туркча шевасини қўйуб содда тоторча ёзишға мажбур бўлдилар. Тўғриси, уларни муҳитнинг ўзи халқтилига ёзишға мажбур этди.

Туркистонда «тавҳиди лисон»чиларнинг биринчиси, маним билганимча, марҳум Беҳбудий эди. Беҳбудий афанди мактаб учун бир неча рисоласини (тил бирлашдиришга хидмат қилсун деб) ўртароқ шевада ёзишға тиришди. Бу мақсадни асарларининг муқаддимасида ҳам ёзиб ўтди. «Самарқанд» газетасида ҳам шу мақсадни таъқиб этди. Ҳатто «Ойна» мажмуасининг биринчи йилида ҳам боёғи фикридан қайтмади. Бу тўғрида Беҳбудий афанди билан баьзаи мубоҳаса қилишар эдик. Мумкин қадар халқ тушунарлик даражада содда ўзбекча ёзишнинг кераклигини айтар эдик. Лекин ул ҳеч қабул қилмас эди.

Беҳбудий афанди айтар эди: «Ҳар нарсанинг тараққий қилишидек тилнинг ҳам юксалиши лозимдур. Ўзбек тилининг юксалиши туркча (усмонлича)га яқинлашиши билан бўладур. Биз ўзбекчани шу йўл билан юқори кўтарсак, турклар ҳам ўз тилларидан мумкин қадар форсча ва арабча сўзларни чиқарсалар, шунинг билан ўрта бир шева майдонға чиқиб тил бирлашиш вужудга чиқар».

Беҳбудий афанди умрининг охириғача шу фикридан қайтмагандек кўрунган бўлса ҳам, лекин ўзи бора-бора соддароқ ўзбекча ёза бошлади. Бу эса «Ойна» мажалласининг иккинчи жилдида ёзғон мақолаларидан билинадур.

Мен бу сўзлар билан тил бирлашдиришга қарши эканлигимни билдирмакчи эмасман. Мен ҳам шу ишнинг вужудга чиқишини истайман. Лекин бўлиши ғоят кўб шароитға мувофиқ бўлғон бундай бир ишнинг орқасиндан овора бўлиб юришни ҳозирча вақтсиз деб биламан. Менга қолса тил бирлашдиришдан кўра ҳозирда ўз тилимиз бўлғон ўзбекчани халқимизга қулайроқ тушунтира олурлиқ даражада соддалашдириш лозимдир. Ўзбекча сарф-наҳв ва назариёти адабиялар тузиш, тугал луғат китоблари ёзиб, босдириш зарурдур.

Тоторларнинг тил ва адабиёт мутахассисларидан ўртоқ Заки Валидий «Бизнинг йўл» журналида тил ҳақида яхшиғина бир мақола ёзғон. Валидий ўртоқ мақоласининг бир ўрнида тил бирлашдириш тўғрисида бир неча сатр ёзиб ўтган. Мавзуимизға мувофиқ бўлғони учун унинг сўзларини бунда кўчиришни фойдалиқ билдик:

«Ҳозирги кунда турк-тотор халқларидек маданиятда яёв бўлғон халқтарнинг олдида, тилларини бирлаштиришдан кўбрак тилни халққа яқинлашдириш, уни кенг ўлчовда маориф қуроли этиб тутиш турадур. Халқ ўқумишлик, ҳам маданиятлик бўлса, унга ўзига махсус адабий тил вужудга кетириш учун соннинг унча кўб бўлиши керак эмас. 5-6 миллиюнлик голландиёлилар тилларининг немисчага жуда яқин бўлишиға қарамасдан, уни ўзларига махсус адабий тил ҳолида сақлаб келадилар. Ўшандоқ лотиш, грузин, арман каби халқларнинг ҳам ўзларига махсус бойғина адабиётлари бор.

Халқларнинг енгил англашишлари, ҳам маданиятда кенг олиш-бериш қилишда, албатта, тилларнинг яқинлиғи жуда муҳим омил бўлур. Лекин бунинг учун тилларнинг бутунлай бирлашишлари лозим эмас. Яқинлиқлари кифоя этадур. Ҳозирги Ёврупо тилларининг, айниқса уларнинг бир оиладан бўлғонларининг (масалан гермон, румон ҳам исловиён тилларининг) бирини билгач, иккинчисини билиш жуда енгилдир.

Эҳтимол, бир вақт бир-бирига яқин турғон тиллар бутунлай бирлашарлар. Эҳтимол, бутун дунёдағи тилларнинг бирлашиши учун бошлаб шундай яқин бўлғон тилларнинг бирлашишлари керақдир. Лекин ҳали бу букуннинг масаласи эмас, буни биз техниканинг юриш, аралашиш асбобининг хаёлларға келмаган равишда тараққий этиши ва шунинг орқасида ҳозирги ижтимоий муносабатларнинг тор-мор бўлиши натижасида кўрамиз».

Валидий ўртоқнинг «Турк-тотор тилларининг ёзилиши» сарлавҳалик бу муҳим мақоласининг бошлари журналнинг ўтган сонларида босилғон эканким, маалтаассуф, уларни кўролмадим. Тил ва адабиёт билан машғул бўлғон зотларға ўшал мақолаларни топиб ўқишларини тавсия этаман.

«Зарафшон» газетаси, 1924 йил, 7 февраль