loader

Абдулҳамид Чўлпон. Икки йўқотиш (1920)

Сўнгги йиллар, ўзбек ёшлиғи, тараққийпарварлиғининг бир мунча чолишқон, пок кўнгиллик йигитларини — ер таги оламига судраб олиб кетди. Ҳаммасини бир-бир санаб эсдан ўткармак шу чоқда мумкин бўлмағонлиги учун, юзакигина бир ўй юргизиш билан ҳам Аъламуф, Исмоилзода, Султонуф, Собир Ғафур ва бошқалардан чизилғон бир қатор теграли садаф доналарини кўрмак мумкин бўладур. Маҳмудхўжа отамиз билан Муфтизода Абдираҳмон ва Аъзамжонлар садаф доналарининг имоми бўлуб кетдилар. Айниқса, Маҳмудхўжа отамиз билан бир қаторда турғон Мирзо Фозил (ўшлиқ), тарихимизга қайтиб кетган ҳар бир чоғимизда ўзини сездириб қўядир.

Вақти билан чорнинг темир қўллиқ жондори билан курашиш даврида, шу бир ҳовуч ботурлар, не самимий, не берилган йигитлар эдилар. Ўлганларнинг ўрнига юзлар, минглар билан ўринбосарлар етишиб, кўнглимизга умид ёғдулари ёғдирғон тунларда-да кетганларнинг хотиралари кўб аччиғ ва заҳарлик таъсир этмакдадир.

Хўқанддан келган ўшандоқ йигитларнинг бири ёна икки йўлдошнинг орамиздан йўқолғонлиғини хабар берди. Яқин орада Хўқанд ва умуман Фарғона ёшларининг катта оталари, боболари ҳукмида бўлғон домла йўлдош Мавлавий билан ишлик ёшлардан ва тараққийпарпар шоирлардан Иброҳим (Даврон) вафот этганлар.

Домла йўлдош Мавлавий — Туркистон ва умуман ислом уламоларининг ҳақиқатга қарши кўр бўлишларидан таъсирлангани ҳолда ўзининг табиати асари ўлароқ бошқа ёшлар каби улар билан курашишликдан ожиз бўлғонлиғидан бир чеккага узлат қилиб, чиқиб кетган олимлардан эди. Ҳўқанддаги «Усули жадида» ҳаракатига бошдан-оёқ оралашқон бу муҳтарам зот, ҳур фикрли ва ринд қаландар бир киши эди. Ўзи сўнг чоқларига қадар дарс айтишини ташламағон бўлса-да, бошқа кўб мударрислар каби шу восита билан Қорун хазинасини тўпламоқ каби йўлға ҳам кетмаган эди. Бурундан бери йўқсул ва қашшоқларча яшаб келди, ўлганида ҳам мерос номига бир нарса ҳам қолдирмағон. Ҳатто, ўзи оғриқ экан... оғриқдан тузалиш чораларини ҳам кўрмаган ва истамаган.

Юртимизнинг илмсизлиқ орқасида кетиб борғон йўлининг охири қандоғ қўрқинч эканини ортиқ чуқур тушунар эди. 13—14-йилларда зиёратига кирганимда шу масаладан кўплаб гаплашиб ўлтуриб «мен бу кетишимиздан кўб қўрқаман», деган эди. Ўшал вақтдағи аҳвол ва шароитни яхшилаб билган кишилар бу сўзнинг даҳшатини кўб чуқур тушунар эдилар. 63 ёшинда вафот этгаи бу зот, араб адабиётининг улуғ олимларидан эди, шу адабиёт баҳслари устида «Шўро» муҳаррири Ризо қози билан муҳорабаси бор эди. Туркча (ўзбекча) ва форсча шеърлар ҳам айтар шеърда (Жовид) отини қўллар эди.

Марҳум Хўқанд ёшлари тарафидан шаънига лойиқ бир суратда дафн этилган ва асарларини текширмак учун ёш уламолар томонидан 3 кишилик бир ҳайъат юзага чиқарилғон.

Иброҳим Даврон — (Аъзамхон Иброҳим ўғли) 48 ёшида вафот этган. Бу йигит Хўқанд ёшлари орасида нашриёт ишлари билан танилғон бир киши бўлуб инқилобгача Ҳўқандда янги китоблар ва газеталарни тарқатар ва ёзғучилик билан шуғулланар эди. Унинг «Миллий жумбоқлар» ва «Ашъори нисвон» отлиқ босилган икки асари бордур. Аввалгиси бизнинг миллий тобишмоқларимизни тўплағон бир асар бўлуб, иккинчиси ўзбеклардан етишган баъзи бир шоираларнинг шеърлар мажмуаси эди. Улуғ аҳамиятга эга бўлғон сўнгги асари, таассуфга қарши майдонда кўрулмайдир. Ҳолбуки, Арбобий томонидан текширилатурғон бир нарса эди.

Марҳум расмга ҳам ҳаваслик бўлуб, ўз асарлари учун расмлар ишлаган ва 1914 йилда Туркияда ҳам саёҳат этгандир.

«Садойи Туркистон» газетасининг доимий ёзувчиларидан бўлуб, унда шеълар ёзғучи эди. (1914). Буда кўп йўқсуллиқ билан ўлган.

Унинг бир жуфт шеъри эсимда қолғонким, ўқумағонлиқға қарши ясалғон бу исён — (ўз вақтида) кўб катта исён эди (ўзича).

«Жоҳил падарим, жоҳил модар эса мутлоқ Ҳайрон қолурам куфр айлайман орасинда».