loader

Абдулҳамид Чўлпон. Марҳум Тавфиқ Фикрат (1920)

Усмонли адабиётини оз-моз ўқуганлар, унинг билан бир даража ошно бўлганлардан қайси бириси бу исмни билмайди, қайси бириси муни танимайди.

Усмонлиларнинг «адабиёти жадида» (янги адабиёт)чиларининг пир ва устози бўлган Тавфиқ Фикратбек бутун янги насл туркларнинг юракларина гўзал, нафис ва латиф шеър букетлари қадамишдир. Унинг кенг хаёли равон (тез) ва енгил ифодаси кимни, қайси бир шеър ва адабиёт муҳибини тасхир этмас? Хусусан унинг «Рубоби шикаста» (синиқ дутор)си, ундаги баланд ва латиф йўллар нақадар жозибали ва завқли нарсалардир!

Тавфиқ Фикрат «Рубоби шикаста»си ила қанча танилган бўлса, унинг ила қанча нафосат суювчиларни ўзига мафтун этган бўлса, «Тарихи қадим»и, у даҳшатли фарёди ила одамларнинг қалбинда буюк-буюк ўзгаришлар вужудга келтирмишдир. «Тарихи қадим» «Рубоби шикаста»дай эмасдир: «Рубоби шикаста» дунё кўрмишдир, матбаъда темирлар орасинда қисилмиш, қоғоз бетларинда неча минг нусха босилмишдир. Локин, «Тарихи қадим» маҳфийдир, қўлдан қўлга кўчирилуб, ёзилуб юргизиладурган нарсадир. У тарихнинг жиноятлари каби сирлидир, ҳар кимга «мана мен!» деб кўруна бермас. Уни босдириш мумкин бўлмади. У олий фикрлар бечора Шарқнинг кўҳна, чирик миясига сиғмади; забун, эзилган шарқлининг кенг қалбинда жой топа олмади; бир вақтлар. Умар Ҳайёмнинг энг аччиғ ва даҳшатли фикрларига майдон берган Шарқ муҳити, асорат ва қуллик остинда шу қадар эзилмишдирки, буни, бу қийматли асарни ўзига сиғдира олмади... Эҳтимол, энди Шарқнинг четлар султонидан қутулуб ҳақиқий инқилобга яқинлашуб келаётган вақтларида буюк шоирнинг улуғ фиклари дунё юзи(ни) кўрса...

Тавфиқ Фикратбек ўзининг бу буюк руҳи ила, у:

Дин шаҳид истар, осмон курбон, Яна қон, ҳар тарафда қон, қон, қон!

(«Тарихи қадим»)

деган, қонга, зулмга, жиноятга қарши кўпурган жони ила — бу жиноят уяси бўлган «эски дунё»да зўрға-зўрға тоқат қилуб чидаб турди. Охирда, у неча милиўн гуноҳсиз жонларни ютуб, кўб мамлакатларни вайрон қилуб келган «маданият уруши» (Оврупо муҳорабаси)дан сўнг чидай олмади; одамлар у ваҳший «ҳайвон»лар ичиндан чиқди. Истанбулнинг бир чекасида, бир жаъра гўшада 1—2 йил ёлғиз бошига дарвешлардай умр ўтказди. Охирда Оврупо «ўлум машинаси»нинг энг тезлаган ваҳшат оташининг энг қизиғон бир вақтида кетди тинч, роҳат дунёга кетди.

Бу «ваҳшатобод»ни тарк этди.

Энди унинг қабри бутун усмонли ёшларнинг зиёратгоҳидир. Дунёнинг ваҳшатига ўч, лекин ўзи каби дарвешлардан бири, файласуф дўқтур Ризо Тавфиқ унинг қабрини зиёратига боруб қабри устинда айтадир: (босилмаган асарлардан).

ФИКРАТНИНГ ҚАБРИНДА

Дейдиларки, эссиз қолан тирбангда Ваҳший гуллар очмиш, кўрмая келдим; У боғ жаннатинг ҳокина банда, Ҳасрат-ла юзимни сурмая келдим! Дейдиларки, сенга амал боғлаян Қабрингда диз чўкуб бир дам оғлаён Бир мурод ўлурмиш, банда бир замон Оғлаюб мурода эрмая келдим! Шу ҳижрон йилининг сўнг баҳоринда Чолалар титраган чаманзоринда Кун буғмазди банда мозорингда, Мотам чечаклари дермая келдим! Сени онгдим бутун ғам чеканлар-ла Ишқ ҳақ ўғринда ёш дўканлар-ла Сориғинча вайрон шу деганлар-ла Тошингга бир чаланг урмая келдим! Ёдинг ўлум каби бир сир мубҳам Нашъа шу долли бу ҳис исм. Руҳимда на фусун айладинг илҳом Бу кун сенга кўнгул вермая келдим!

Шундай қилиб, улуғ бир шоир дунёдан кетди. Уни билганлар йиғлаб қолдилар, билмаганлар — яна илгаридай.

Дунёнинг ваҳшатлари бўлса яна ҳамон давом этмакда, мазлумлар инқилобигина ниҳоят бермаса бошқа мажот кўрилмайдир.

Роҳат, масъуд ёт қабрингда эй улуғ пир!..



________________

Марҳум Тавфиқ Фикрат. — «Иштирокиюн» газетасининг 1920 йил 10 январь сонида босилган.

Тавфиқ Фикрат (1867—1915) — турк шоири, журналист. Асарлари 1894 йилдан чоп этила бошлаган. Ўша вақтда адабнй марказ вазифасини ўтаган «Сарвати фунун» («Билимлар хазинаси») журнали унинг муҳаррирлигида чиқиб турган. 1908 йил инқилоби Тавфиқ Фикратнинг идеалига мос келмаган, журналистикадан йироқлашган.

«Рубоби шикаста» — шоирнинг 1899 йилда нашр қилинган шеърий тўплами.

«Тарихи қадим» — шоирнинг фалсафий-ижтимоий қарашларини ифодаловчи достони.

Тасҳир — сеҳрламоқ, бўйсундирмоқ.

«Маданият уруши» — биз Биринчи жаҳон уруши деб атайдиган уруш Туркистонда чиққан газеталарда «Европа муҳорабаси» деб юритилган. Чўлпон «маданият уруши» дея урушни қўзғаган «маданиятлилар»га аччиқ киноя қилади.

«Ўлим машинасининг энг тезлаган» вақти — Биринчи жаҳон уруши авж палласига кирган вақт, образли ифода. Тавфиқ Фикрат уруш айни қизиган 1915 йилда вафот этган.