Буюк Горькийни кўриш ва сўзларини эшитиш шарафига эришганларданман. 1935 йилнинг март ойида эди шекилли (агар янглишмасам), СССР совет Ёзузчилари союзининг пленумида Горькийнинг сўнгги сўзи бўлди. Ўзи қариған сари руҳи ва инқилобий ғайрати орта борган бу улуғ чол, кучли олқишлар остида минбарга чиқди. Олқишлар ниҳоят тўхтади-да, секин ва паст овоз ҳамда Нижгород лаҳжасининг баъзи бир таъсирлари билан, сўзға бошлади. Овозида қарилиқ таъсирлари ўзини кўрсатарди, яъни орқа қаторлардан товушини эшитиш қийинроқ эди. Бу кекса овоз билан айтилган сўзларда ажойиб бир ёш жонлилик бор эди. Бу жонлилик ҳатто жуда кичкина, оддий кўзга майда каби кўринатурғон нарсаларда ҳам кўринарди. Чунончи, у инқилоб душманларининг қишлоқлардағи бир иғвосидан гапирди. Улар тракторга қарши ташвиқот қиларкан, трактор овозидан қўрқиб баъзи бир қушларнинг қочиб кетганларини, ҳолбуки, уларнинг қишлоқ хўжалигида зарарли ҳашорот билан курашувчи фойдали қушлар бўлганини айтар эканлар. Улуғ устоз, совет ёзувчиларини душманнинг кураш тактикасидаги шундай кичкина жиҳатларига ҳам кўз юммасликка чақирди. Бу, нотиқнинг турмушни қандай яхши билганини кўрсатиб турар ва бизларни ҳам шунга ўргатиб турарди.
Мен Горькийнинг энг зўр ва тўнғич асарларидан «Она»ни таржима қилиш шарафига ҳам эришганларданман. Таржиманинг сифати тўғрисида бошқалар гапирар. Мен ўзим фақат шуни айтаман: наср тилини тарашлашни мен бошлаб Горькийдан ўргандим. У, менимча ўзи ишлатадиган тилни жуда яхши кўради, уни ҳар қандай камчиликдан озода ҳолда кўрмак истайди. «Она»нинг тили мана шундай бир тил. «Она» мен учун катта бир мактаб бўлди. Ўзимнинг «Кеча ва кундуз» номли романимда мен ҳам бу буюк услубчининг унумли таъсирини доим сезиб турдим.
Совет ёзувчилари унинг инқилобий руҳини, пролетарча мардлигини, жаҳоншумул гражданлигини, сўнгра классик тили ва услубини, ҳатто таржима орқали бўлса ҳам доим ўзларида сезажаклар.
____________
Катта мактаб эгаси. — Мақола «Қизил Ўзбекистон» газетасининг М. Горький вафотига бағишланган 1936 йил 20 июнь сонида эълон қилинган.
Нижгород лаҳжаси — Горький туғилган Нижний Новгород ҳудудида яшовчиларга хос шева хусусиятлари, айниқса, «о» га урғу берилиши назарда тутилмоқда.
«Она»ни таржима қилиш шарафига ҳам эришганларданман...» — Горькийнинг «Она» романи Чўлпон таржимасида 1936 йилда Ўзбекистон Давлат нашриёти томонидан нашр қилинган.